26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Илдизларни бирлаштирган анжуман

Буюк соҳибқирон, йирик давлат ва жамоат арбоби, моҳир саркарда Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги қўшни Ўзбекистонда кенг нишонланиб, илмий ва маърифий тадбирларда ўз ифодасини топди. Инсоният тарихида ўчмас из қолдирган маънавият, маърифатни улуғлаб, эл-юрт манфаати, унинг равнақ топишида тарихий ўчмас ўринга эга ҳамда унинг келажаги учун улкан хизмат қилган бобокалонимизнинг сийратларига Тошкент, Шаҳрисабз ва Самарқандда ўтказилган халқаро илмий-маърифий анжуманларда назар солишга муваффақ бўлдик.
Буюк давлат ва жамоат арбоби Соҳибқирон Амир Темур ўзлигимизни англаш, миллий анъаналаримиз ва қадриятларимизга содиқ қолишдек улуғвор ишларда халқимизга улкан маънавий куч бағишлаб келаётган буюк сиймолардан бири. Бугунги кунда Амир Темур ва Темурийларнинг миллий давлатчилик, илм-фан, маданият, бунёдкорлик ва бошқа соҳалардаги буюк меросини ўрганишга бўлган интилиш жаҳон бўйлаб ўсиб бормоқда.
8-9 апрель кунлари буюк Соҳибқирон таваллуди муносабати билан ўтказилган анжуманларда халқаро Амир Темур жамғармасининг Қозоғистондаги бўлими раиси, ҚР ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов раҳбарлигида бир гуруҳ вакиллар ҳам фаол иштирок этди.
Қозоғистонликлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси хореография академиясининг устоз ва талабалари билан учрашувда иштирок этишди. Унда икки давлат ўртасидаги дўстлик муносабатларини ривожлантириш, қардош давлатлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш кун тартибидаги муҳим масалалардан бири эканлиги ҳамда иқтисодий, маънавий, маданий алоқаларни янада ривожлантириш, дўстлик ришталарини чамбарчас боғлашга алоҳида урғу берилди. Учрашув поёнида академия ректори Шуҳрат Тўхтасимовга ҚР ўзбеклари “Дўстлик ”ҳамжамиятининг “Дўстлик” медали тақдим этилди.
ЎзР Қуролли кучлар академиясида ҳам Соҳибқирон таваллудига бағишланган анжуманда иштирокчилар ҳам онлайн ҳам оффлайн тартибда қатнашишди.
 И. Ҳошимжонов академия тингловчилари ҳамда турли давлатлар вакилларининг ҳузурида “Соҳибқироннинг Россия ва Ўрта Осиё халқлари тақдиридаги фаолияти” мавзуида маъруза қилди. ҚРда хизмат кўрсатган маданият ходими Абубакир Хонхўжаев ижросидаги Соҳибқироннинг монологи тингловчиларни жунбушга келтирди. Академия ректори Бобур Шоёқубов учрашув сўнггида олийгоҳ тадбирида иштирок этаётган қозоғистонлик вакилларга миннатдорчилик изҳор қилиб, тарихимизда ўз ўрнига эга жаҳонгир ва жаҳон тан олган саркарданинг ҳаёт йўли ёшларнинг камол топишида, уларда ватанпарварлик руҳининг шаклланишида муҳим омиллардан бири эканлигига алоҳида тўхталди. Мамлакатга малакали ҳарбийларни тайёрлаётган илм маскани раҳбари Б. Шоёқубов ҚРда хизмат кўрсатган маданият ходими А. Хонхўжаевга эсдалик совғаларини топширди.
***
Эрта тонгдан Амир Темурнинг мағрур ва ғолибона сиймоси акс этган ёдгорлик пойида давлат ва жамоат арбоблари, зиёлилар, илм-фан дарғалари, ёзувчи ва шоирлар, ҳарбийлар, ёшлар юксак эҳтиром билан жам бўлишди. Ҳарбий оркестрнинг янги бағишлови бобокалонимизнинг сиймосига ҳурмат рамзи сифатида туҳфа қилинди.
Сўзга чиққан олимлар, ёзувчилар, зиёли ёшлар буюк давлат арбобининг серқирра ҳаёт йўли ва бетакрор ҳарбий санъати, шу жумладан, инсоний фазилатлари хусусидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашишди. Тантанали маросимда улуғ аждодимизнинг шахси ва фаолиятига халқаро майдонда қизиқиш тобора ортиб бораётганига маърузачилар алоҳида эътибор қаратишди. Тантанада тарихимизнинг бетакрор ва муҳташам саҳифаларида ўзининг улуғлиги, буюк инсоний фазилатлари, давлат бошқарувидаги донолиги ҳамда беназирлиги билан из қолдирган бобокалонимизнинг шахсиятидаги бетакрор қирралар тилга олинди, ҳақиқатлар эътироф қилинди.
Анжуманда иштирок этаётган ҳамюртимиз, Шимкентдаги Ҳамза номли мактабини тамомлаган, айни дамда, Тошкент Давлат Шарқшунослик университетининг профессори, фан ривожига ҳисса қўшаётган олимларни етиштириб чиқараётган Адҳамбек Олимбеков билан мулоқотда илм дарғасининг Соҳибқироннинг дунёда тутган ўрни борасида суҳбатлашдик.
 – Дунёда Амир Темур ҳақида ёзилган асарларнинг сони тахминан 6 мингдан ошди. Энди эътибор қилинг, нима учун Амир Темур шахсига қизиқиш мавжуд? Нима учун ёзиляпти? Масалан, Ғарб адабиётининг энг буюк намояндалари ҳам Амир Темур тўғрисида ёзганлар. Гётенинг “Ғарбу Шарқ девони”ни олайлик. Машҳур Америка адиби ва шоири Эдгар Аллан По 1827 йилда чиққан илк китобини “Буюк Темур ва бошқа шеърлар” деб номлаган. Марсель Брион, таниқли фаранг адабиётшунос, романнависнинг “Менким Соҳибқирон Жаҳонгир Темур” деб номланган асари оламга таниқли – бундай ижодий ишларни ўнлаб эмас, юзлаб келтиришимиз мумкин. Ҳаммасининг замирида Амир Темур шахсига нисбатан ҳурмат мужассамлигига амин бўламиз.
Тарихда ўчмас из қолдирган буюк саркарда инсоният тарихига нафақат буюк давлат асосчиси, иккинчи Исломий Уйғониш – Ренессанс даврининг асосчиси сифатида ҳам ўрни ўзгачалиги олимларнинг маърузаларида эътироф этилди. Илм-фан, таълим, замонавий технологияларга асосланган билимни ривожлантириш тамойили Ўзбекистонда 3-Уйғониш даврини бошлаб бергани Ш. Мирзиёев раҳбарлигидаги турли соҳаларда ўтказилаётган туб ислоҳотларда ўз аксини топаётгани ҳам ҳақиқат. Марказий Осиё минтақасида ҳаёт кечираётган қардошлар борки, темурийларнинг қолдирган бой илмий, маънавий меросидан илҳомланиб, ундан баҳраманд ҳолда, камолга етиши аниқ. Келажак авлоднинг ватанпарварлик руҳида тарбияланишида, улуғ саркарданинг ҳарбий стратегияси эртамиз эгалари учун дастуриламал вазифасини ўтаётгани ҳам шубҳасиз.
– Журналимизда “Теран томирлар”, “Қардош халқлар адабиёти” деган рукнимиз бор, – дейди биз билан суҳбатда “Шарқ юлдузи”, “Звезда Востока” журналларининг муҳаррири Сирожиддин Рауф. – Қўшни давлатлардаги, қардош халқлар ижодига ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Журналимизнинг 90 йиллик байрамлари давом этяпти. Унинг саҳифаларида қозоғистонлик дўстларимиз ижодидан намуналар, мақолаларини бериб боряпмиз. Масалан, Улуғбек Есдавлатнинг таржималарини беряпмиз. Унинг Амир Темур тўғрисидаги драмасини Фахриёр таржимасида тайёрлаяпмиз. Бугунги анжуманни олайлик, бобокалонимиз туркий халқларнинг фахру ифтихори. Бир вақтлар Турон империясига асос солган, ҳозирги 28 давлат ҳудудида ҳукмронлик ўрнатганлар. Унинг сиймосида юксак шахсият бор. У нафақат саркарда, у киши буюк давлат арбоби, адабиёт, санъат, маданият ривожига катта ҳисса қўшган шахс. Тарихимизни ҳаққоний ёзишга алоҳида эътибор берганлар. Шарофиддин Али Яздий асаридаги бўрттиришларни кўриб, ўзлари ҳаётлигида буни эълон қилмаганлар. Илм-фан, бунёдкорликни ривожлантириш баробарида, адабиёт ихлосманди бўлганлар. Амир Темур ҳақида асарлар яратиляпти. Биз бу асарларни ёшларимизга бадиий талқин билан етказишимиз жоиз. Муҳаммад Алининг Амир Темурга бағишланган тўрт жилдли асари эълон қилинди. Даставвал, буюк халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов “Соҳибқирон” драмаси билан бошлаб берган эди. Мазкур асар нафақат Ўзбекистонда, балки Қозоғистондаги театрлар саҳналарида ҳам намойиш этилди. Бугунги кунда Нурали Қобул ўзининг ўндан зиёд романларини Амир Темурга бағишлади. Жуда кўп олимларимиз илмий асарлар, шеърий асарлар яратишяпти. Бунинг бир жиҳати борки, ўз тарихимизни ўзимиз яратишимиз керак. Ўтган аср – 1996 йилда мазкур ҳайкал ўрнатилган бўлса, мана шундан буён Соҳибқирон хотирасига бағишланган анжуман анъанавий тарзда ўтказилади. Қозоғистонлик меҳмонлар орасида буюк Соҳибқирон ролини қойил мақом ижро этган қадрли меҳмонимизга раҳмат, у ҳақида алоҳида кўрсатув уюштирсак, нур устига нур бўларкан. Бу – буюк аждодларимизга бўлган эҳтиромни англатади.
Бу ёш авлодни она ватанига муҳаббат, улуғ аждодларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилиши шубҳасиз.
– Бугунги тадбир ҳақиқатан ҳам тарихга муҳрланадиган онлардан биридир, – дейди биз билан суҳбатда Чирчиқ шаҳар қозоқ маданият марказининг раиси Жақсилиқ Жўриқбаев, – Соҳибқирон бутун Мовароуннаҳр маърифати, маданияти, ҳарбий санъати ва бошқа кўп соҳалар ривожига улкан ҳисса қўшган беназир инсонлар. Унинг хотираси қалбларда фахр туйғусини уйғотиши керак. У нафақат ўзбек, балки бутун туркнинг бош бўғини ҳисобланадилар. Ва туркий халқлар авлодларининг кимлиги билан доим фахрланиб юришлари даркордир.
– “Жанубий Қозоғистон” газетаси журналистининг бугунги тадбирда иштирок этаётганидан мамнунман,– дейди навбатдаги суҳбатдошимиз таниқли журналист, олима Ҳулкар Ҳамроева, – Қозоғистондаги ягона давлат газетасининг 30 йиллик тўйи борасида радиоэшиттириш ҳам тайёрлаганмиз. Қозоғистонлик ўзбек ижодкорлари ҳақида туркум эшиттиришлар тайёрлаш анъанага айланган. Ўзбек адабий тилимизнинг софлигини сақлаб қолишда туркистонлик миллатдошларимизнинг роли катта, деб ҳисоблайман. Мамлакатимизда, туркистонлик олимларнинг фаолиятида ҳам ўзгача шуур, ўзгача нур борлигини кўриш мумкин. Тўғрисини айтганда, Ўзбекистондаги энг зўр ва кучли олимларнинг аксари Туркистон минтақасидан. Масалан, Иристой Қўчқортоев, Ирисали Тошалиев, Бахтиёр Исабеков каби домлаларимиз ўзбек тилшунослигида услубиятнинг гўзал намуналарини яратган инсонлардан. Қозоғистонлик ўзбекларда қадим илдизларимиз сақланган, шу боис уларнинг она тилига бўлган муносабати ҳам мени жудаям қувонтиради. Анортой ака Йўлдошевни жуда қадрлайман. Ҳозир, мана ёшларимизни турли тилларни ўрганишяпти, турли тилларда ижод қилишяпти. Тилни ўрганиш мумкин, бироқ унинг руҳиятини ҳис этиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ҳис этиш учун эса тилнинг қадимий илдизларини билиши керак ва улар билан ўзини туташган ҳолда англамоқ жоиз. Шундагина тилнинг ички жозибасини ўз асарларида намоён этиб беришлари мумкин. Тилнинг гўзаллигини мақтаймиз, ташбеҳларини мақтаймиз, тасвирий воситаларини мақтаймиз, лекин уларнинг биронтасини ҳам қадимий илдизларидан айро ҳолда тадқиқ қилиб бўлмайди. Тилшунослик фанига улкан ҳисса қўшган туркистонлик олимларимизда тилни ҳис қилиш идрокини ҳис этаман. Миртемир домла ҳақида гапиргим келади. Унинг “Она тилим” деган шеъри она тили ҳақида ёзилган шеърларнинг энг мукаммали, гултожи деб биламан. Миртемир домла шеърларини қадим илдизлари билан бирга, соф туркий сўзлар билан, соф туркий муҳаббат билан намоён қилганлар.
Халқаро Амир Темур жамғармасининг Қозоғистон бўлими раиси Икромжон Ҳошимжонов:
 – Соҳибқирон Амир Темурнинг 686 йиллигига бағишланган барча тадбирларда иштирок этяпмиз. Унинг келажак авлодга қолдирган маҳобатли меъморчилик санъати намуналари кўзимизни қамаштиради, ўша даврнинг ноёб бунёдкорлик санъатидан далолат беради. Уларнинг ичидаги гултожи қадимий Ясси, Ҳозирги Туркистон шаҳридаги А. Яссавий мақбараси қад кўтариб турибди. Бугунги кунда мазкур мақбара юртимизга ташриф буюраётган бутун дунё жамоатчилиги, сайёҳларнинг эътиборини ўзига жамлагани бежиз эмас.
Моҳир саркарда ҳамда соҳибқирон шахсиятига бағишланган илмий, маърифий тадбирдан сўнг турли давлат ва жамоат арбоблари, ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан эҳтиром рамзи сифатида буюк саркарда ҳайкали пойига гулдасталар қўйилди. Сўнг темурийлар тарихи давлат музейида санага бағишланган тадбирлар давом этди, шу жумладан, “Тасвирий санъатда – Темурийлар ренессанси” деб номланган кўргазмаси ўтди.

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2022-04-16, 04:46 469
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.