26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Тўқаев ислоҳотлари: Қозоғистонда янги сиёсий маданиятнинг шаклланиши

Қозоғистон йил бошида оммавий норозиликлар ва тартибсизликларга дуч келди. Мамлакат жиддий муаммолар чангалида қолган бир паллада Давлат раҳбари туб ислоҳотларни бошлади. Қуйида Президентнинг бу йилги муҳим ислоҳотларига тўхталамиз.

Январь воқеалари, Ҳукумат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янгиланиши

Йил суюлтирилган газ нархини пасайтириш митинглари билан бошланди, намойишлар ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий талаблар билан давом этди. Натижада ҳукумат истеъфо берди ва янги ҳукумат газнинг аввалги нархини қолдирди.
Бироқ Президент бундан бузғунчи кучлар томонидан барқарорликни бузиш ва тартибсизлик яратиш мақсадида фойдаланилганини айтиб, ЖХШТ тинчликпарвар кучларини чақиришга қарор қилди.
– Мустақиллик тарихида илк бор ўта оғир ва хавфли даврга дуч келдик. Биз бирлиги мустаҳкам давлат сифатида бундай қийинчиликларни енгиб ўтдик. Энди биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаслигимиз керак. Шу боис мамлакатимиз бошига тушган мусибат сабабларини таҳлил қилиш ва унинг оқибатларига аниқ баҳо бериш жуда муҳимдир, – деди Президент 11 январда ўтган Парламент Мажлиси кенгашида.
Президент жамият бирлиги тизимли равишда таҳдидга учрагани, жумладан норозилик намойишларига усталик билан тайёрланганини таъкидлади.
– Бу даврда аҳолининг газ нархининг ошишига қарши норозилиги қурол сифатида фойдаланилди. Аввалига қатор вилоятларда, хусусан, Жанаўзенда митинглар ўтди. Кейин эса босқинчи ва талончилар қўшилишди. Кўп ўтмай, қуролли террорчилар, жумладан, хорижий жангарилар иштирокида кескинлик юзага келди. Шундан сўнг уларнинг асосий мақсади – давлат бошқаруви институтларини йўқ қилиш, конституциявий тузумни ағдариш ва пировардида ҳокимиятни қўлга олиш эканлиги равшанлашди. Агар ҳамма нарсани ўз номи билан атайдиган бўлсак, мамлакатимизга қарши террор уруши очилди, – деди Қ. Тўқаев.
Президент Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини қайта қуриш бўйича кўрсатмалар берди.
– Миллий хавфсизликни таъминлашнинг бутун тизимини тубдан қайта қуриш юзасидан белгиланган стратегик вазифани алоҳида таъкидламоқчиман. Қуролли кучларимиз, ҳуқуқ-тартибот идоралари, миллий хавфсизлик идоралари ва хорижий разведка хизматлари фаолиятини қайта қуришимиз керак. Уларнинг барчаси ҳар қандай миқёсдаги таҳдидга қарши фуқароларимизнинг, конституциявий тузум ва суверенитетнинг энг самарали ҳимоясини таъминлашда ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши керак. Бу давлатимизнинг туб манфаатларига жавоб беради, – деди Қозоғистон Президенти.

Президент Хавфсизлик Кенгашининг раиси бўлди

Январь ойидаги тартибсизликлар пайтида Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон халқига Мурожаат билан чиқди. У Президент сифатида фуқаролар хавфсизлиги ва тинчлигини ҳимоя қилиш бурчи ва Хавфсизлик Кенгаши раиси сифатида қатъий ҳаракат қилишига тўғри келганини айтди.
29 январь куни «Хабар» телеканалига берган мусоҳабасида Қ. Тўқаев Хавфсизлик Кенгаши раислиги ҳақида маъруза қилди:
– Тўнғич Президент (Н. Назарбаев – таҳр.) билан ҳеч қандай савдолашиш, шахсий устуворлик масаласи муҳокама қилингани йўқ. Ягона масала – Хавфсизлик Кенгаши раиси мақоми масаласини зудлик билан ҳал қилиш зарур эди. “Мен ушбу оғир дамларда халққа мурожаат қиламан ва бугундан эътиборан Хавфсизлик кенгаши раиси вазифасини зиммамга олганимни очиқ эълон қиламан”, дедим. Бу масала дарҳол ҳал қилинди, – деди Президент.

«Янги Қозоғистон» концепцияси эълон қилинди

11 январда ўтган Мажлис йиғилишида Президент Янги Қозоғистонни барпо этиш ғоясини эълон қилди.
– Оғир кунлар ортда қолди. Айни дамда юрт тақдири учун бирлаша олган барча инсонларга чин дилдан миннатдорчилик билдираман. Бу тажрибадан барчамиз сабоқ олишимиз керак. Энг муҳими, фаровонлик, тинчлик ва барқарорликни сақлашимиз керак. Энди Қозоғистонда ривожланишнинг янги босқичи бошланади. Бу ҳақиқий янгиланиш даври бўлади. Келинг, эгамен юртимизни биргаликда ривожлантирайлик. Мустақиллик халқимиз учун энг азиздир! Янги Қозоғистонни биргаликда барпо этайлик! – деди Президент.
Қ. Тўқаев 8 февраль куни Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида «Янги Қозоғистон» сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб берди.

«Қозоғистон халқига» жамғармаси ташкил этилди

Президент 11 январдаги нутқида «Қозоғистон халқига» жамоат ижтимоий жамғармаси ташкил этилиши ва қандай тоифадаги ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.
– Қозоғистон Конституцияга кўра, ижтимоий давлатдир. Давлат бу борада кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда. Ижтимоий харажатлар республика бюджетининг 50 фоиздан ортиғини ташкил этади. Лекин бу етарли эмас. Мамлакатимизнинг молиявий таянчи бўлган миллий жамғармамиз бор. Бугун мен Қозоғистон халқига жамоат ижтимоий жамғармасини тузишни топшираман. Бу соғликни сақлаш, таълим ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасидаги долзарб масалаларни ҳал этишга хизмат қилади, – деди Давлат раҳбари.
Апрель ойида «Қозоғистон халқига» жамоат жамғармасига 126 млрд. тенге тушди. Жамғарма январь ойидаги ғалаёнда ҳалок бўлган полициячилар, аскарлар ва 13 нафар тинч аҳолининг оилаларига нақд тўловлар юборди. Бундан ташқари, «Қозоғистон халқига» жамғармаси ногирон ва касалликка чалинган болаларга ёрдам кўрсатади.

Утилизация йиғими 50 фоизга камайди

Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев Парламентдаги йиғилишда коммунал тўловларни қайта кўриб чиқишни топширди.
– Бу ишни амалга ошираётган «ӨКМ операторы» компанияси фаолияти тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликда кўплаб саволлар туғдирмоқда. Ҳатто бу хусусий ширкатга қарши жамоатчилик ҳаракати ҳам бўлган. Ҳукуматга утилизация тўловини «ӨКМ операторы» томонидан йиғишни тақиқлашни топшираман. Бу ишни хориждагидек давлат ташкилоти амалга ошириши керак. Йиғимларнинг ўзига келсак, уларнинг қийматларини қайта кўриб чиқиш керак, – деди президент.

Nur Otan партиясининг номи AMANAT деб ўзгартирилди

– Сиёсий ташкилот номини “AMANAT” деб ўзгартириш таклиф қилинмоқда. Сир эмаски, мен ҳам бу масала бўйича муҳокамада иштирок этганман. AMANAT – юртимиз, миллатимиз учун алоҳида маънога эга бўлган муқаддас тушунчадир. Бизнинг эгаменлигимиз, юртимиз ва бирлигимиз, бепоён заминимиз аждодларимиздан қолган омонатдир. Биз ана шу бебаҳо қадриятларни асраб-авайлашимиз ва келажакка етказишимиз керак. Бу давлатчилик анъаналарининг давоми, авлодлар ворисдошлигидир. Халқимиз ҳеч қачон омонатга хиёнат, ишончни суиистеъмол қилмаган. Партия ана шу тамойилга амал қилади, – деди Давлат раҳбари 1 март куни ўтган партия съездида.
Бундан ташқари, съездда “ADAL” сиёсий партияси AMANAT партиясига қўшилди.

Президент партия раиси лавозимини тарк этди

– Мен партия раислигидан воз кечишиб, ташкилотни тарк этишимни айтгандим. Бу қарорни амалга ошириш вақти келди. Бугундан эътиборан мен «AMANAT» партияси раислигидан воз кечишга ва партиядан кетишга қарор қилдим. Бу қадам рамзий маънога эга. Шу муносабат билан барчангизга Президент сайловида билдирган ишончингиз ва қўллаб-қувватлаганингиз учун миннатдорчилик билдираман. Шунингдек, ҳал қилувчи паллада партия раҳбариятини ишониб топширганингиз учун миннатдорчилик билдираман, – деди Президент партия съездида.

Президентнинг яқин қариндошлари лавозим эгаллай олмайди

Қозоғистонда Президентнинг яқин қариндошларининг сиёсий мансаб ва квазидавлат компанияларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаши қонуний равишда тақиқланади.
– Давлат раҳбари барча фуқароларга тенг имкониятлар берилишининг сўзсиз кафолати бўлиши керак. Шу боис Президентнинг яқин қариндошлари сиёсий давлат хизматчиси бўлиши ва квазидавлат шўъбасида раҳбарлик лавозимларини эгаллаши қонун билан тақиқланади. Менимча, бундай қоидани Конституцияга киритиш ортиқча бўлмайди, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев март ойидаги халққа йўллаган Мактубида.
Шу билан бирга, Президент мамлакатда Парламентнинг ролини сезиларли даражада ошириш, Президент ваколатларини босқичма-босқич қисқартиришни таклиф қилди.
– Иккинчи масала – ҳокимият вакиллик органини қайта ташкил этиш. Президент ваколатларини босқичма-босқич қисқартириб, Парламентнинг ролини сезиларли даражада оширишимиз керак. Шундай қилиб, биз давлатимизнинг институционал муносабатини мустаҳкамлаймиз. Дарҳақиқат, мамлакатимизда ҳокимиятнинг вакиллик тармоғи кучли бўлиши керак. Халқ мандатини қўлга киритган депутатлар зиммасига юксак масъулият юкланади. Улар мамлакатимиз равнақида фаол иштирок этишлари керак, – деди Қозоғистон Президенти.

Қозоғистонда парламентнинг нуфузи ортиб бормоқда

– Қозоғистон тараққиётининг сиёсий йўналишини ўзгартириш учун барча қадамлар қўйилиши керак. Мен суперпрезидентлик бошқарув шаклидан кучли парламентга эга президентлик республикасига бутунлай ўтиш ҳақида фикр юритяпман. Бундай тизим ҳокимият институтларининг мақбул мувозанатини таъминлайди ва мамлакатнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади. Бизнинг олдимизда парламент ролини кучайтириш вазифаси турибди. Бу «Халқ овозини тинглайдиган давлат» концепциясини муваффақиятли амалга оширишга замин яратади. Келажакда қандай давлат бўлишимизни аниқ биламиз. Биз янги Қозоғистонни фуқаролик жамиятига эга самарали давлатга айлантирамиз. Бу борада биз «Кучли Президент – ​​нуфузли парламент – ​​ҳисобдор ҳукумат» тамойилига амал қиламиз, – деди Президент Мактубида.
Бундан ташқари, Қ. Тўқаевнинг таъкидлашича, Сенатнинг президентлик квотаси қисқартирилиши керак.
– Биринчидан, Сенатни шакллантириш тартиби ва унинг қатор вазифаларини қайта кўриб чиқиш зарур. Президент Сенатдаги квотани назорат воситаси сифатида эмас, балки парламентдаги озчилик гуруҳларнинг овози ва фикрларини ҳисобга олиш дастаги сифатида кўриб чиқиши керак. Шу муносабат билан мен Сенатдаги Президент квотасини 15 депутатдан 10 нафарга камайтиришга қарор қилдим. Улардан беш нафари Қозоғистон халқи Ассамблеяси томонидан сайланмайди, балки номзоди кўрсатилади, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Партияларни рўйхатга олиш осонроқ бўлади

– Партияларни рўйхатга олиш тартиби анча осонлашади. Рўйхатга олиш чегарасини 4 баравар – 20 минг кишидан 5 минг кишига камайтириш таклиф этилмоқда. Ҳудудлардаги вакиллар сони 600 нафардан 200 нафарга қисқартирилади. Партия ташкил этиш бўйича фуқаролар ташаббускор гуруҳларининг энг кам сони учдан бирга, яъни 1000 нафардан 700 нафаргача қисқартирилади, – деди Президент.
Унинг фикрича, бу кучли сиёсий партиялар пайдо бўлишига имкон берувчи қадамдир.

Янги вилоятлар ташкил этилди

Президент ўз Мактубида Қарағанди вилояти ҳудудида Улитау вилояти, Шарқий Қозоғистон вилояти ҳудудида Абай вилояти ва Алмати вилоятида Жетису вилоятлари ташкил этилишини эълон қилди.
Бундан ташқари, Қ. Тўқаев Қапшағай шаҳрига Динмуҳамед Қўнаевнинг номини беришни таклиф қилди.

Конституциянинг учдан бир қисми ўзгартирилади, референдум ўтказилади

29 апрель куни Қозоғистон халқи Ассамблеясининг ХХХІ сессиясида Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича республика референдуми ўтказишни таклиф қилди.
– Ўзгартиришлар тарихий аҳамиятга эга. Биз давлатчилигимиз тараққиётининг янги босқичига қадам қўймоқдамиз. Бу ислоҳотлар амалга оширилгач, Конституцияга киритилган ўзгартиришлар лойиҳаси Парламент томонидан кўриб чиқилади, деб ўйлагандим. Бу амалдаги қонунчиликда белгиланган тартиблардан биридир. Бироқ, кутилаётган кенг кўламли ва муҳим ўзгаришлар мамлакат келажагига сезиларли таъсир ўтказади. Шунинг учун мен Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича республика референдумини ўтказишни таклиф қиламан, – деди Давлат раҳбари.
5 июнь куни ўтадиган республика референдумида Конституциянинг 33 моддасига ўзгартириш киритиш масаласи кўтарилади.
Референдумда иштирок этаётан вилоят фуқароларининг камида учдан икки қисми ёқлаб овоз берса, қарор қабул қилинади. Яъни, мамлакатнинг 17та вилоятидан 11тасида аҳоли ёқлаб овоз берган бўлса, Конституцияга ўзгартиришлар киритилади.

Қозоғистон ахборот агентликлари маълумотлари асосида, 2022-05-19, 04:39 524
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.