26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Миллий мусиқага эътибор зарур

Шукурки, камина миллий мусиқа санъатимизнинг бебаҳо хазинасидан баҳраманд бўлиб вояга етган авлод вакилиман. Шўролар замонида ёшлар, хусусан, болаларнинг эстетик тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кун билан таққосласак, ушбу масалада ўша даврнинг ижобий томонлари яққол бўй кўрсатади. Биргина мисол, бугунги кунда республикамиздаги умумтаълим мактабларининг ўқув дастурида миллий мусиқамизнинг бой ва ранг-баранг хазинасини ўрганишга ажратилган соатлар жуда оз.

Тўғри, санъат соҳасини танловчилар мусиқа мактабларида таълим олишлари мумкин. Лекин ушбу мактабларда миллий мусиқа асбобларини ўрганишга шароит яратилганми, бу масалага нечоғлик аҳамият қаратилмоқда?

Яна ўтган даврга қайтамиз. Биз таниқли созанда ва бастакор, Ўзбекистон халқ артисти Шавкат Мирзаевнинг рубобда, Ўзбекистон халқ ҳофизи Неъматжон Қулабдуллаевнинг дуторда ижро этган ўзбек миллий тароналарини эшитиб, завқ-шавқ олганмиз, машҳур доирачи Қаҳрамон Дадаевнинг зарбларидан руҳланганмиз. Ҳозирчи? Улар каби атоқли ва машҳур созандаю хонандалар борми? 

...Набираларимнинг мусиқага ҳавас-иштиёқини пайқаб, улардаги қизиқиш сўнмасин дея, “Болалар олами” дўконидан қўлбола барабан, синтезатор, ҳатто сурнай ҳам олиб бердим. Қонида бор-да, ўрганишга астойдил ҳаракат қилишяпти. Ҳозирча асбобларни имкони келганча ўзлаштириб, чалишмоқда... Мени эса бошқа масала ўйлантирди. Мактаб ёшига етса, уларни шаҳримиздаги мусиқа мактабига берсам, дея ният қилдим. Аммо... Мусиқа мактабларида рубоб, доира, ғижжак, чанг, дутор каби миллий мусиқа асбоблари ўргатиляптими?

Суриштирдим. Сайрам даҳасидаги 4-сонли мусиқа мактабида рубоб, ғижжак, доира ихтисосликлари бор экан. Бу – қувонарли ҳол, албатта. Аммо соҳанинг ўзига хос муаммолари ҳам етарли.

Манкентлик созанда ва бастакор Тошали Нурматов бу ҳақда шундай дейди:

– Тошкент маданият институтида таҳсил олганман. “Ғунча” дастасида ҳам фаолият юритганман. Кейинги йилларда миллий мусиқа асбобларига қизиқиш сўнди. Бунга турли сабаблар бор. Айрим чаламуллалар мусиқани ҳаромга чиқаришди. Бу – нотўғри тушунча. Камина таниқли уламо Фозил Қорининг мусиқа ҳақида, чунончи, унинг инсон ҳаёти учун муҳимлиги ҳақида айтган фикрларини эшитганман...

Оқсувкент қишлоғидаги 1-сонли мусиқа мактаби ўқитувчиси Обид Исоновнинг айтишича, миллий чолғу асбобларини мукаммал ўрганмоқчи бўлган шахс олий ўқув юртида таҳсил олиши керак. 

– Мусиқа мактабида бошланғич билимни эгаллаган ўсмир ёки қиз Қозоғистондаги олий таълим даргоҳларида ўзбек миллий чолғу асбоблари мутахассисларини тайёрлаш режаланмагани боис, рубоб, ғижжак ёки бошқа ихтисосликни мукаммал эгаллаш имкониятидан бебаҳра. Ўқийман, деб ният билдирганлар фақат Ўзбекистонга боришга мажбур, – дейди у. 

Обид Исонов ўзининг иқтидорли шогирди, рубоб бўйича мусиқа мактабининг жорий йилги битирувчиси, оқсувкентлик Муҳриддин Зайниддиновнинг Тошкент шаҳридаги мусиқа коллежига қабул қилинганини мамнуният билан маълум қилди.  

Ҳа, сир эмаски, элимиздаги мавжуд мусиқа мактабларида ғижжак, най, чанг, дутор каби чолғуларни ўргатадиган малакали кадрлар йўқ. Чунки, кейинги йилларда мусиқа асбобларини ўзлаштирган касбий санъаткорлар етиштирилмаяпти. Борлари ҳам чолғу-асбобларни мустақил ўзлаштирганлар, яъни уларда нота саводхонлиги йўқ. 

Вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай ҳолатни кузатиш мумкин.

Назаримда, ушбу масалага нафақат республика ва вилоят, балки шаҳар ва қишлоқ ўзбек этномаданият бирлашмаларининг раҳбарлари ҳам жиддий эътибор қаратишлари зарур. Мухтасар қилиб айтганда, миллий маданиятимизни, санъатимизни мусиқа билан тасаввур қиламиз ва ривожлантирамиз.

З. МЎМИНЖОНОВ, 2022-08-09, 20:23 994
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.