26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Тўйларимиз, таъзияларимиз қандай ўтмоқда?

Икки йиллик карантиндан омон-эсон чиққач, элимиздаги тўйлар, тантаналар авжига чиқмоқда. Ота-боболаримиз “Топганларингиз тўйларга буюрсин”, деб дуо қилишган. Албатта, ҳар бир ота-онанинг орзуси ўғилми, қизми, вояга етгандан сўнг ўғлига имкон қадар тарбияли оиладан ҳаёли, иболи қиз излашади. Қиз вояга етган хонадонга совчилар келиши табиий ҳол. Уни вояга етказган оила ҳам ўзларига ёққан совчиларга розилик беришади. Икки қуда келишиб, тўй вақти белгиланади. Карантин пайтида пинҳона ўтказилган тўйлар ажойиб, ихчамгина, оз сонли меҳмонлар билан кўнгилдагидек ўтганди. Бугунги кунда эса 500-600 нафардан зиёд меҳмонлар иштирокида ўтмоқда, ҳаддан ташқари дабдаба, исрофгарчилик авжида. Яратгувчи буюк зот “Исроф қилгувчилар биздан эмас”, деган.

Тўй таклифномасида соат 20.00да деб кўрсатилади, бироқ 21.00да бошланади, бу – Қорабулоқ қишлоғида. Манкент, Сайрам, Шимкентда эса тўйга 20.00га таклиф этишади, бошланиши эса 21.30-22.00да.

Азизларим, одамийликнинг биринчи фазилати таклиф этилган жойга вақтида боришдир. Кимдир айрим сабаблар билан боролмаса, тўй соҳибидан узр сўраши жоиз.

Тўйларда мусиқа овози ҳаддан ташқари баланд. Кўп кузатаман, айрим ёши улуғ меҳмонлар таом тарқатилгач, оз вақт ўтиб, туриб кетишади.

Менинг фикримча, тўй соҳиби, мусиқачилар етакчисини қатъий огоҳлантирса, “Мусиқа овозини баландлатсанглар, хизмат ҳақларингни 50 фоизини бераман” қабилида, балки ўшанда тартиб бўлар.

Тўй вақти ҳам чегараланиши даркор. Бунга маҳаллий раҳбарлар, жамоатчилик эътибор қаратса, нур устига нур бўларди.

Ўзбекистоннинг барча шаҳар ва қишлоқларида тўй ўз вақтида бошланади. Икки-уч соат давом этади. Лекин менинг шунча йиллик хизматим давомида кузатганим– амаким Саидмурод Тўйхонов шу йил 26 июль куни соат 13.00га тўйга таклиф қилди. 13.03да тўй бошланди. 27 июль куни Сайрам туманининг Арис қишлоғидаги янги очилган тўйхонада ўтадиган Муҳиддин Тўйчиевнинг тўйига 20.30га таклиф этилдим, 20.35 да тўй оқшоми бошланди. Бу масалада икки қуданинг аниқ қарорга келиб, бир ёқадан бош чиқариб, интилишлари ижобий натижа беради, азизлар...

... Таъзияда вафот этган инсоннинг ҳаётлик давридаги яхши фазилатлари ҳақида жаноза ўқилишидан беш-олти дақиқа аввал айтилса, оила аъзоларига бироз бўлса-да, таскин берилади. Таъзияда дарвоза олдида фақат майит эгаларигина туриши керак. Математика фанининг қироли, домла-устозим Сайрамбой Саидов “Майит чиққан хонадонга дуога келдингми, дуо қилсанг кифоя, қайта Қуръон тиловат қилиш шарт эмас, имкон борича келган одамлардан бири дуо қилса, бунинг савоби улуғ”, дерди.

Кўп жойларда кузатамиз, домла у ёқ, бу ёққа қарамай, бошини қуйи солиб, Қуръон тиловат қила бошлайди, келганларга назар ташлаб, улар ишора қилгачгина домла тиловат қилса бўлади.

Биз ёшлигимизда марҳум Исломқул Юсупов вафот этган инсонларнинг босиб ўтган йўллари, хайрли ишлари хусусида гапирар эди. Яқинда мен учун энг азиз инсонларим, акажоним, ва сирдошим қадрдон дўстим Давроншиқ, “Юртимиз жамоли” кўрсатуви бош муҳаррири, ажойиб журналист Зебохон синглим, журналист Юсуфжон укамни йўқотдим...

 Давроншиқ дўстимнинг таъзиясига эрталаб соат 6:30га таклиф қилинган худойи ошида домла соат 6:20дан 7:00гача маъруза қилди. Ёнимда ўтирган Тошкент шаҳридан ташриф буюрган уч-тўрт меҳмон менга танбеҳ берди. “Сизларда интизом йўқ экан домла. Биринчидан, таом тортилгач, маъруза тўхтатилади. Иккинчидан, соат 7:00 бўляптики, бир-икки бўлса-да, меҳмонлар кириб келяпти”, деб. Камина фурсатдан фойдаланиб, Даврон дўстим оиласига, худди шу тарзда Юсуфжон укам хонадонига таъзия изҳор этдим.

 Азиз юртдошлар, ўзига бек дўстларим, ўзбекзабон рўзномамиз бўлган “Жанубий Қозоғистон” газетасига обуна бўлсангиз, биринчидан, маънавий тафаккурингиз юксалади, муомала маданиятини ўрганасиз, биз билган, билмаган янгиликлардан воқиф бўламиз.

Ислом – инсонпарвар диндир. Халқимизга кўп енгилликлар яратиб қўйган. Барчамиз мусулмонмиз, дея кўкрак урамизу, лекин Аллоҳнинг буйруғини бажармаймиз. Уч кун таъзия, еттиси дегани ҳам исломда йўқ. Ота-боболаримиз фотиҳага келишни тўхтатиш мақсадида, оши – еттисини ўйлаб чиқаришган.

Ўзбекистонда пайшанбалик, қирқи, йили каби худойи- эҳсонлар йўқ. Ҳар бир ўғил-қиз ота-оналари ҳаётлигида иззат-ҳурматларини жойига қўйса, нур устига нур бўларди. Қайси фарзанд ота-она дуосини олса, унинг икки дунёси обод, фаолияти баракали бўлади. 

Қадрли муштарий, сизларнинг фикрларингизни кутиб қоламиз.  

Ҳамроқул ДАВРОНБЕКОВ, Сайрам туманининг фахрий фуқароси, “Халқ ҳурмати”медали соҳиби, 2022-08-13, 04:02 460
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.