26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Тилимизни нима кутяпти?

Таҳририятимизда ўзбек тили ва адабиёти фанининг ривожи, долзарб муаммоларига бағишланган давра суҳбати ўтди. Унда ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларининг масалалари, шу жумладан, янги мутахассисларни тайёрлаш, фан ўқитувчилари малакасини ошириш, аттестация масалалари билан боғлиқ камчиликлар, умуман соҳа мутахассислари олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

“Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетасининг бош муҳаррири Алишер Сотволдиев, М. Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон университетининг катта ўқитувчиси, филология фанлари бўйича (PhD) фалсафа доктори Ёрмуҳаммад Мадалиев, “Өрлеу” малака ошириш миллий маркази Туркистон вилояти ва Шимкент шаҳри бўйича “Касбий ривожланиш институти” филиалининг катта ўқитувчиси, халқаро даражадаги тренер Маҳфуза Мусаева, Жумабек Ташенов номли университетнинг Халқаро ҳамкорлик департаменти директори, педагогика фанлари бўйича (PhD) фалсафа доктори Шаҳло Норалиева, М. Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон университетининг катта ўқитувчиси, туркийшунослик фанлари бўйича (PhD) фалсафа доктори Ҳамидулла Тожиевлар иштирок этиб, кўтарилган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди. 

Алишер Сотволдиев:

– “Жанубий Қозоғистон” газетаси жамиятимиздаги долзарб мавзуларни ёритибгина қолмасдан, балки уларни ижобий ҳал қилишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Хусусан, муаммоли мавзуни газетхон эътиборига ҳавола этиш билан чекланиб қолмай, балки ижтимоий тармоқларда ҳам оммалашиб, қизғин муҳокама қилинишининг тарафдори. Биз музокараларнинг онлайн мулоқот шаклини жорий этмоқдамиз. Нима учун дастлабки суҳбатимиз мавзуси – ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларига бағишланди? Бугунги кунда ўзбек тилини зўр қизиқиш билан ўрганиш, олий таълим масканларида фаолият юритаётган ўзбек тили ва адабиёти факультетларида таҳсил олиш, давлат томонидан ажратилаётган грантлар соҳиби бўлишга интилиш йўқолмоқда. Шаҳримиздаги учта университетда (ЖҚДПУ, М. Ауезов номидаги ва Ж. Ташенов номидаги) атиги 80 нафар талаба бу йўналишда таҳсил олмоқда. Улар ҳам асосан мактаб битирувчилари эмас, балки иккинчи маълумот олаётган мутахассислар. Бу жараён ўз навбатида, минтақада ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари сонининг кескин қисқариши ва кадрлар танқислигига олиб келмоқда. Муаммо сабаблари ўрганилганда, миллатдошларимиз орасида ўзбек тилининг келажаги йўқ, ўзбек тилшуноси дипломли бўлгач, иш топа олмайди, деган фикр шакллангани маълум бўлди. Бинобарин, ўзбек тилида ўқитилаётган мактабларда эса ўзбек тилидан дарс бераётган ўқитувчилар 2 ставкада ишлашга мажбур. Маълумки, тил – миллатнинг маънавий мулки ҳисобланади. Агар у йўқолса, миллат ҳам йўқолади. Ўзбек тилида болаларимизни ўқитаётган мактабларимиз мавжуд, демак, тилимиз тирик, унга талаб ҳам, эҳтиёж ҳам бор. Қолаверса, ҳар йили ўнлаб хусусий мактаблар очиляпти, уларга ҳам тилшунос ўқитувчилар керак. Агар бу муаммони бугун ҳал этмасак, эртага кеч бўлади. Шунинг учун тил соҳасида фаолият юритаётган етакчи вакилларимиз билан ушбу муҳим масалани муҳокама қилиш учун учрашдик.

Мактаб дарсликлари ва ўқитувчилар малакасига масъул тажрибали мутахассис Маҳфуза Мусаева курслар масаласига тўхталди.

Маълумки, Давлатимиз раҳбари ўтган йилги Мактубида таълим тизимимиз ўқувчиларга янги билимларни бера оладиган шижоатли ва малакали ўқитувчиларга муҳтожлигини таъкидлади. Ҳозирги тезкор замонимизда муаллимнинг фаол бўлиши ва ўқувчиларидан олдинда бориши осон эмас. Шу боис Президент ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш даврийлигини қайта кўриб чиқиш ва уни ҳозиргидек беш йилда бир марта эмас, балки ҳар уч йилда бир марта ўтказиш борасида кўрсатма берди. Бунинг учун малака ошириш тизимини тўлиқ янгилаш керак, деди.

Энди 2023 йилдан бошлаб ҳар уч йилда ўқитувчилар малакаси оширилади. 

М. Мусаеванинг айтишича, “Өрлеу” минтақадаги эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда, малака ошириш курсларини янгилаган. Жумладан, 2та курс бепул ўқитилади. Лекин айрим ўқитувчилар 10 йилда бир марта ҳам малака оширишмаган. Бу ерда таҳсил олаётган ёшлар эса кам. Ваҳоланки, бугунги кунда ўқитувчидан нафақат фан мутахассиси, балки услубиятчи, тадқиқотчи, тарбиячи ва етакчи бўлиш вазифаси ҳам талаб этилмоқда. Айнан ана шу ваколатлар унинг касбий маҳоратини белгилайди. 

Давра суҳбатида меҳмонлар мутахассис тайёрлаш масаласида мактаб ва олий таълим маскани ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўқлигини, бу борада туманлардаги таълим ва бандлик бошқармалари ҳам бош қотирмасликларини куюниб гапиришди. Мактаб директорлари, этномаданият бирлашмалари мутасаддилари ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларини тайёрлайдиган факультетлар учун ёшларни тайёрлашга жиддий эътибор қаратмаётганлигини айтишди. Давлат ўз тарафидан алоҳида факультетлар очиб, бепул грантлар орқали ёрдам қўлини чўзмоқда. Лекин бу масалага мутасаддилар бефарқлигини алоҳида қайд этишди. 

Шаҳло Норалиева:

– Кадрлар тақчиллиги муаммоси бўйича қўшимча қилмоқчиманки, бу долзарб муаммо Сайрам тумани ва Туркистон, Кентов шаҳарларида мавжуд. Сайрам туманидаги “Қорабулоқ”, 24-сонли Мақажанов номли, М. Қошғарий номидаги мактабларда тилшунослар 2 ставкадан дарс беришга мажбур. 2019 йилда илк бор ушбу муаммони ҳал этишга киришган бўлсак, биринчи ташлаган қадамимизга нисбатан ҳозирги ишларимизда натижа бор. Жамоатчиликни уйғота олдик. Статистик маълумотларимиз бор. Жумладан, Жанубий Қозоғистон давлат педагогика университетида талабалар таҳсил олмоқда. Бугунги кунда янги факультетга ҳужжат топшираётганлар бор, бу ҳам натижа. Мақсадимиз – йил сайин эллик, юз нафар мутахассис тайёрлаш эмас, вақт ўтиб, улар ҳам кераксиз, эҳтиёжсиз кадрга айланиб қолиши мумкин. Аниқ заруратга қараб, статистик маълумотларга асосланиб мутахассис тайёрлашимиз керак. Қайси мактабга кадр етишмаса, шу жойга муносиб ходим тайёрлаб беришимиз даркор. Биз талабаларга диплом бергач, у иш билан таъминладими, йўқми, шуни ҳам таҳлил қилиб борамиз.      

Мулоқот чоғида фан ўқитувчиларини аттестациядан ўтказиш масаласи ҳам кўтарилди. Жумладан, тест саволлари ўзбек тилида ишланмаганлиги ҳам айтилди. Мутасадди вазирликдаги амалдорларга бу борада мурожаат қилинганида, мутахассис йўқ, деган жавоб берилибди. Шаҳло Норалиевага бу масалада тадқиқот юритиб, мутахассислар рўйхатини тузиш таклиф қилинди. 

Ё. Мадалиев магистратура масаласида фикр юритиб, келаси йили М. Ауезов номидаги ЖҚУда магистратура очилишини маълум қилди. Бинобарин, магистр даражаси улкан имкониятлар беради. Қолаверса, магистр университетларда дарс бериши мумкин. Шу боис ёшларни магистратурада ўқишга рағбатлантириш масаласи ҳам муҳим. 

Соҳанинг ривожи бевосита таълим-тарбия масалаларига, чора-тадбирлар, режалар ижросига боғлиқ. Сир эмаски, биз тилимиздан талаб даражасида фойдаланмаяпмиз. Шу боис, соҳада кўплаб муаммолар мавжуд, улар келажакда янада ортиши аниқ. Тилимизни янада ривожлантириш, ўқитувчиларнинг илмий-педагогик салоҳияти, тажрибасини ошириш, у ёқда турсин, уни “оддий халқ” тили ҳолатида сақлаб қолишимиз ҳам қийин бўлиб қолди. Агар кўтарилган муаммоларга ҳозирдан жиддий эътибор қаратиб, саъй-ҳаракат қилмасак, соҳада ўзгаришларни кутишнинг ҳожати йўқ ва яқин келажакда тилимиздан айрилиб қолиш эҳтимоли мавжуд.

Ш. Норалиева: Энг асосийси, бизда тилимизни сақлаб қолиш учун Ҳукумат томонидан барча шарт-шароитлар яратилган. Ўзбек тили йўқолиб кетади, дегани – бу асоссиз гап. Мактабларимиз фаолият юритяпти, дарсликлар муаллифи ҳам ўзимиз. Дарвоқе, дарсликларимизга Ўзбекистонда юксак баҳо берилди. Илмий ишларим ана шу услубиётга боғлиқ эди, у ҳам юксак баҳоланди. Энди шундай бўлгач, ҳар қандай баҳонани рўкач қилиш ёки йўқ нарсани ўртага ташлаб, олдиндан башорат қилиш нотўғри. Тил сақланиши масаласи билан ҳамма шуғулланиши керак. Масалан, биз ўз тарафимиздан, олий таълим вакилидан ташқари, яна “Дўстлик” ҳамжамияти раисининг таълим бўйича ўринбосари сифатида ҳам кенг қамровли ишларни олиб боряпмиз. Магистратурада ўқиётган 34 нафар ўқитувчи, яъни ўзбек тили ва адабиёти бўйича олий таълимни Тошкентда онлайн тарзда олаётган устозларимизни айтмоқдаман. Икки мамлакат ўртасида олиб борилаётган ҳамкорлик ва музокараларнинг натижаси бу. Ҳеч ким бу ишга тўсқинлик қилмади. Демак, ҳар қандай иш кўпроқ ўзимизга боғлиқ экан. Кўпроқ шу йўналишда меҳнат қилишимиз керак. Олий ўқув юрти, ўрта таълим, ота-оналар, кенг жамоатчилик, ўзбек газетаси, оммавий ахборот воситалари вакиллари, миллий марказлар ҳамма бирдек ҳисса қўшишса, бу муаммо ҳал бўлади. Ўз она тили ва маданиятини ҳурмат қилган одамдан энг кучли ватанпарвар чиқади. Масалан, фаолиятимизни Ўзбекистонда кузатиб турган касбдошлар, Сизда ватанпарварлик руҳи жуда буюк, бунинг сабаби нимада?, деб сўрашади. “Бизда тарбия шундай деймиз, биз тилимизни ҳурмат қиламиз, худди шундай муносабат билан давлат тили ва рус тилини ҳам ўрганмоқдамиз. Инглиз тилини ҳам мукаммал ўрганмоқдамиз. Лекин буларнинг ҳаммаси аввало, ўз она тилимизга бўлган муҳаббат орқали амалга ошмоқда. Шунинг учун Ҳукумат бизга шундай имконият яратиб беряптими, ундан имкон қадар унумли фойдаланайлик, азизлар!”.

Н. МАВЛОНОВА, 2022-09-01, 03:16 433
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.