26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
ТУРКИСТОН – МАЪНАВИЙ-ТАРИХИЙ ПОЙТАХТГА АЙЛАНАДИ

Давлат раҳбари драма театрида Туркистон вилояти жамоатчилиги билан учрашув ўтказди

Қасим-Жўмарт Тўқаев ўз маърузасида иш сафаридан кўзланган асосий мақсад минтақадаги вазият билан яқиндан танишиш, маҳаллий аҳоли билан долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш эканини айтиб, Туркистон юртимизнинг олтин таянчи эканини таъкидлади.

– Туркистон барчамизнинг фахримиз, икки дунё эшиги, туркийлар бешиги, бутун дунёга машҳур табаррук маскандир. Бу муқаддас шаҳар тарихимизда алоҳида ўрин тутади. Туркистондаги Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси маънавиятимизнинг мустаҳкам қалқонидир. Шу боис, Туркистонга, умуман, бу минтақага алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Бу, энг аввало, Ҳукуматимизнинг асосий вазифасидир, – деди Президент.

Давлат раҳбари бу ерда номи қозоқ халқининг солномасига зарҳал ҳарфлар билан битилган кўплаб шахслар дафн этилганига эътибор қаратиб, ўтган йил шаҳар туркий оламнинг маънавий пойтахти мақомига сазовор бўлганини таъкидлади. Президентнинг фикрича, бу эътироф Туркистонни барча туркий халқлар юксак қадрлашини англатади.

– Муқаддас шаҳарни маънавий-тарихий пойтахт десак, тўғри бўлади. Шу боис, Туркистон шаҳрига юксак мақом бериш масаласида Ҳукумат тез орада тегишли қарор қабул қилишига ишонаман. Муқаддас шаҳар қадимдан эл-юрт бешиги, қозоқ халқининг шарафи ва шони бўлиб келган. Туркистон бу эзгу вазифани ҳозир ҳам шараф билан адо этмоқда. Шунинг учун мен аждодларим йўлидан бориб, Миллий қурултойнинг навбатдаги мажлисини Туркистонда ўтказишни таклиф қилдим. У ерда мамлакат келажаги билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама қиламиз, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Давлат раҳбари Туркистон шаҳрида кейинги йилларда амалга оширилган ижобий ўзгаришларни таъкидлади. Маърузада келтирилган маълумотларга кўра, Туркистонга жалб қилинган сармоя ҳажми 8 баравар ошган. 77 минг одам янги бинолардан бошпана олди. Шу билан бирга, шаҳар атрофи кўкаламзорлаштирилди, экологик ҳолати яхшиланди. Аҳолини ичимли сув, табиий газ билан таъминлаш муаммоси ҳал қилинди. 2019 йилдан буён вилоятга 2 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюрди. Сўнгги уч йилда вилоятда ишлаб чиқарилган саноат ва етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 1,5 баравар ошди. Вилоятда 64 мингга яқин доимий иш ўрни очилди.

Давлат раҳбари мамлакатимизда амалга оширилаётган “Меҳнат” дастури аҳоли зич жойлашган жануб аҳолисини ишчи кучи танқис минтақаларга кўчириш лойиҳаси эканини таъкидлади.

– Бир қанча фуқароларимиз шимолга кўчиб бориб, у ерда янги ҳаёт бошлади. Жорий йилда “Серпін” дастури доирасида ёшларга 3 минг 700га яқин грант ажратилди. Уларнинг 800дан зиёди туркистонликларга берилди. Сиз мамлакат пойдеворини қуриб, мустаҳкамлашдек муҳим ишга катта ҳисса қўшмоқдасиз. Бинобарин, ёшларнинг меҳнатга иштиёқини оширишимиз керак. Биз қураётган янги жамиятда меҳнаткаш инсон биринчи ўринда туриши кераклигини ёшларимизга тушунтириш зарур. Чунки ватанпарварлик, энг аввало, ишбилармонлик, меҳнатсеварлик демакдир. Қуруқ сўздан наф йўқ. Фуқароларимиз аввало, оиласи, фарзандлари ҳақида қайғуриши керак. Улар ўз меҳнати ва куч-ғайрати билан ҳаёт кечиришлари даркор. Мактубимда ана шу долзарб мавзуга бежиз тўхталмадим. Халқимизда “Меҳнатнинг таги роҳат” деган нақл бор. Буюк Абай Қозоқ жамияти онгига “Баркамол инсон” тушунчасини киритди. Комил инсон – мазмунли ҳаёти, теран дунёқараш, кенг фикр доираси, меҳнатсеварлиги билан ажралиб турадиган шахсдир. Зеро, барча муваффақиятлар манбаи ҳалол меҳнат, ишбилармонлик ва масъулиятдир. Ҳар ким ўз соҳасининг касбий мутахассиси бўлиб, тинмай меҳнат қилса, ўта олмайдиган тўсиқ қолмайди. Буни ҳар бир йигит-қиз аниқ тушуниши керак, – деди Қозоғистон Президенти.

Қасим-Жўмарт Тўқаев мамлакатимизнинг халқаро вазият бўйича муносабатларига тўхталди.

– Давлатимиз ва тараққиётимизни асраб-авайлашимиз учун эл бирлиги ҳаводек зарур. Бирлик эса – тинчлик, осойишталик, барқарорлик гаровидир. Шу муносабат билан мен ҳозирги халқаро вазиятга қисқача тўхталмоқчиман. Маълумки, дунёда вазият жуда кескин. Қўшни давлатлардаги низолар жаҳондаги сиёсий вазиятга таъсир ўтказмоқда. Қўшни давлатлардан кўплаб одамлар бошпана излаб чегарамизни кесиб ўтмоқдалар. Бундай мураккаб вазиятда Қозоғистон халқаро ташкилотларда, биринчи навбатда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотида овоз беришда бетараф муносабатда бўлади. Бу бизнинг миллий манфаатларимизга мос келади. Биз учун энг муҳими, давлатимиз яхлитлиги, элимизнинг фаровонлиги. Шунинг учун биз эҳтиёткорлик билан сабр-тоқат, ақл-идрокимизни намоён этишимиз зарур. Бизни фитначилар бошқармаслиги керак. Халқимизнинг кучи огоҳлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликда. Агар биз бу қадриятларга содиқ бўлмасак, мамлакатимиз улкан хавф остида қолади. Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги сақланиши керак. Бу асосий тамойил. Мен бу ҳақда халқаро майдонларда ҳам ҳамиша очиқ айтиб келганман. Яқинда БМТнинг энг юқори минбарида қилган маърузамда буни яна бир бор таъкидладим. Буларнинг барчаси бежиз эмас. Атрофимизда кенг кўламли уруш кетмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, аввало, мамлакатимиз хавфсизлигини ўйлашимиз керак. Муддаомиз – чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, ташқи ҳужумлардан сақланиш. Бу – мамлакатимиз учун, мен учун жуда муҳим вазифа ва бош мақсад, – деди Давлат раҳбари.

Президент қўшни давлатдан келаётган фуқаролар муаммосига алоҳида тўхталди.

– Қозоқ мақолида “Қўшни билан тотувнинг кўнгли тўқ” дейилган. Энг муҳими, қўшни давлатлар билан тотувликни сақлаб қолишимиз керак. Биз бундан қеч нарса йўқотмаймиз. Сўнгги кунларда мамлакатимизга Россиядан кўплаб одамлар келаяпти. Уларнинг аксарияти мавжуд вазият туфайли ўз юртидан кетишга мажбур. Биз уларга ғамхўрлик кўрсатишимиз ва хавфсизлигини таъминлашимиз керак. Бу сиёсий ва инсонпарварлик масаласи. Мен Ҳукуматга зарур чоралар кўришни топширдим. Умуман, бундай оғир шароитда биз, энг аввало, инсонийлик, сабр-тоқат, ташкилотчилик фазилатларимизни намоён этишимиз керак. Бизда инқироз йўқ, саросима йўқ. Ҳукумат ўз ишини қилиши керак. Чет элликларга ёрдам кўрсатилади, аммо имтиёзлар берилмайди. Барча ишлар қонун ва мажбуриятлар асосида амалга оширилади. Биз Россия томони билан музокаралар олиб борамиз ва бу муаммони мамлакатимиз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, ҳал қиламиз. Яна такрор айтаман, мана шундай оғир дамларда бизга, аввало, хотиржамлик, ҳамжиҳатлик керак. Юртимизнинг тинчлигини сақлай олсакгина, барқарор ривожлана оламиз. Биз барча масалаларни жиддий муҳокама қилишимиз ва уларни оқилона ҳал этишимиз керак. Буни муқаддас Туркистон заминида туриб айтяпман. Бинобарин, бу ерда илгари айтилган даъват ва чақириқларнинг барчаси ижобат бўлган. Асрлар давомида қон-қонимизга сингиб кетган бу анъана ҳозир ҳам сақланиб қолган. Муқаддас Каъбатуллоҳда ва бугун муборак Туркистоннинг мукаррам пойида аждодларимиз хотирасига Қуръон сураларини бағишлаб, Аллоҳдан фақат бир нарсани сўрадим – юрт фаровонлиги ва халқимиз бирлигини, – деди Президент.

Қасим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон халқига Мактубида белгиланган вазифаларнинг ижросига ҳам тўхталди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, сиёсий ислоҳотлар доирасида мамлакатимизнинг барча фуқаролари турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган қатор ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар ҳам амалга оширилади.

– Яна бир ўта муҳим ислоҳот – Президентнинг бир муддатга сайланиши. Минтақамизнинг қайси бир давлатига қараманг, бундай ўзгаришлар умуман бўлмаган. Шундай экан, бу ислоҳотни демократия сари дадил қадам, деб биламан. Муайян хавф-хатарга қарамай, бундай қарор халқимизнинг порлоқ келажаги учун зарурлигига қатъий ишонаман. Ислоҳот нима учун амалга оширилмоқда, деган савол туғилиши мумкин. Гап шундаки, президентлик лавозимини бир одам йиллар давомида эгалламаслиги керак.

Оламда бўлсин, элимизда бўлсин, бир киши кўп йиллар олий мансабни эгаллаб турса, бундай ҳолат мамлакатга ҳам, Давлат раҳбарига ҳам обрў-эътибор келтирмайди. Биз келажакка қатъий ишонч билан қарашимиз, ҳалол ва иқтидорли сиёсатчиларга йўл очишимиз керак. Умуман олганда, одамлар сиёсий тизимни ўзгартириш борасидаги режаларимизнинг моҳиятини тушуниб етди. Бу ишларни давом эттириш учун янги Конституцияга мувофиқ ишонч мандати зарур. Шу боис, навбатдан ташқари президент сайловлари жорий йилнинг 20 ноябрига белгиланди. Биз бу умумхалқ тадбирни қонун доирасида, адолатли ва ошкора ўтказамиз. Туркистонликларнинг ўз танловини амалга ошириб, сайловда фаол иштирок этишига ишонаман, – деди Қ. Тўқаев.

Йиғилиш якунида Президент бир гуруҳ меҳнат фахрийларини давлат мукофотлари билан тақдирлади.

Жумладан, “Сув захиралари-маркетинг” МЧБ директори Анарбек Ўрман I даражали “Барыс” ордени, меҳнат фахрийси Жарилқасин Азиретбергенули III даражали “Барыс” ордени билан, меҳнат фахрийси Қўйшибай Арипбай ва Маданият ва спорт вазирлиги “Қазреставрация” РДК Туркистон филиали меъмори Нурғали Имажанов “Парасат” ордени билан тақдирланди. Шунингдек, умумтаълим мактаби ўқитувчиси Пернебай Аринов “Шапағат” медали, вилоят “Южный Казахстан” газетаси бош муҳаррири Марина Лимаренко “Ерен еңбегі ушін” медали билан тақдирланди.

2022-09-29, 00:56 406
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.