26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Дўстлик – эътиқод кўзгуси

Шимкент шаҳридаги Қозоғистон халқи Ассамблеяси биносида Қозоғистон ва Ўзбекистон Республикалари ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг 30 йиллигига бағишланган “Марказий Осиёда халқаро муносабатларни ривожлантиришда Қозоғистон халқи Ассамблеясининг роли” мавзуида халқаро анжуман ўтди.

Мазкур сиёсий-тарихий анжуманда Қозоғистон халқи Ассамблеяси раисининг ўринбосари М. Азилханов, Қозоғистон Республикаси ўзбек этномаданият бирлашмалари раислари ҳамда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан ташриф буюрган меҳмонлар иштирок этди.

Анжуманни Қозоғистон ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов очди ва икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг самарали натижаларига тўхталди. 

Тадбирда Қозоғистон Республикаси Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазири Дархан Қидиралининг анжуман иштирокчиларига табриги ўқиб эшиттирилди. «Бепоён заминимизда тақдир тақозоси билан бирлашган барча элатларнинг мустаҳкам бирлигини сақлаш, яхлит халқпарвар жамият пойдеворини мустаҳкамлаш барчанинг бурчи. Сизлардан қардош мамлакатларимиз ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган янги ғояларни кутамиз», дейилади табрик матнида. 

Дастлабки сўз Қозоғистон халқи Ассамблеяси раисининг ўринбосари, ҚР Девони ҚХА котибияти мудири Марат Азилхановга берилди.

– Қозоғистон ҳамиша халқнинг бирдамлиги, жамиятдаги тинчлик ва барқарорликни барчасидан устун қўйиб келади. Марказий Осиё халқларининг ҳамжиҳатлиги ва ишончли муносабатлари бизнинг энг муҳим қадриятларимиз бўлиб, бугунги кунда у янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Халқаро сиёсий масалаларда ҳам Қозоғистон ва Ўзбекистон бир-бирини қўллаб-қувватламоқда. Мамлакатларимиз БМТ, ЕХҲТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби қатор нуфузли тузилмалар билан самарали ҳамкорлик қилмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда Қозоғистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ҳамда ўзаро интилишлари туфайли азалий дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида улкан натижаларга эришилди. Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон ва Ўзбекистон тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш борасида ҳамкорликнинг устувор йўналишига эга.

Ушбу халқаро анжуманнинг Шимкент шаҳрида ўтаётгани бежиз эмас. Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатлари ўртасидаги алоқалар бугунги кунда барча соҳада изчил ривожланиб бормоқда. Айниқса, Шимкент шаҳрида иқтисодий ва гуманитар алоқалар мустаҳкамланиб, таълим, маданият, маънавият соҳасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Учинчи мегаполис – Шимкент шаҳри аҳолисининг 17 фоизини ўзбеклар ташкил қилади. Улар она тилида таълим олади, газета ва журналлар чоп этилади, ўзбек драма театрига эга. Бизни умумий тарих бирлаштиради. Ўзбекистон Қозоғистоннинг ишончли дўсти, стратегик ҳамкоридир, – деди М. Азилханов.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси қошидаги миллатлараро муносабатлар хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг ўринбосари Азамат Тошев сўзга чиқди. 

– Ўзбекистоннинг очиқ, дўстона ва прагматик ташқи сиёсати натижасида кейинги йилларда қўшни, яқин ва олис мамлакатлар билан мутлақо янги, соғлом сиёсий-иқтисодий ва маданий алоқалар йўлга қўйилган. Ўзбекистонда Абдураҳмон Жомий, Махтумқули Фироғий, Абай, Чингиз Айтматов каби қўшни давлатларнинг кўплаб таниқли шахслари, адабиёт намояндаларининг номи абадийлаштирилиб, уларга чуқур ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиши қардош халқларнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, анъана ҳамда урф-одатларини ҳар томонлама уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда. Ўзбекистонда миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳити мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган маҳаллий зиёлилар ва хорижликларнинг меҳнатини муносиб тақдирлаш мақсадида “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони таъсис этилган. Миллатлараро муносабатлар соҳасидаги ривожлантириш “халқ дипломатияси” орқали икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Қўмитанинг турдош ташкилотлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. Мамлакатимизда 3,5 миллионга яқин қозоқ миллатига мансуб ҳамюртларимиз истиқомат қилади, 376та қозоқ мактаби мавжуд. Улар яшаётган маҳаллалар “Обод маҳалла” дастурига киритилиб, кўркам қиёфа касб этмоқда. Қозоғистонда бошқа миллатлар қатори ўзбек халқига нисбатан чуқур ҳурмат ва эътибор учун ташаккур билдирамиз, – деди Азамат Тошев. 

Шунингдек, анжуманда Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистондаги Бош консули А. Фатхуллаев, Ўзбекистон Республикасининг ШҲТ халқ дипломатияси маркази директори Қ. Собиров, Ўзбекистон қозоқ миллий маданият маркази раиси С. Усенов, “Ўзбекистон” миллий телерадиоканали мухбири, Ўзбекистон Давлат хореография академияси доценти, филология фанлари доктори Ҳ. Ҳамроева, Қирғизистон Республикаси Амир Темур жамоат жамғармаси бош директори Ж. Минолдоров ҳамда давлат ва жамоат арбоби Р. Холмуродов, М. Ауезов номидаги ЖҚДУ ректори Д. Қўжамжарова, “Дўстлик” ҳамжамиятининг кенгаш аъзоси З. Чолдонов, Қозоғистон ва Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида табиий бойликлари мўл, иқтисодий қувват захирасига бой, тарихи, маданияти муштарак мамлакатларнинг бугуни ва келажаги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини илгари суришди. “Ён қўшни – жон қўшни”лар ўртасидаги яхши муносабатлар келажак авлодга ўрнак бўлиб, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳамкорлик ҳар бир давлат етакчилари эътиборида эканлиги таъкидланди. Анжуманда сўзга чиққанларнинг барчаси ўзаро меҳр-мурувватга йўғрилган муносабатлардан мамнунлигини қайд этишди.

Қирғизистон Республикаси Ёзувчилар уюшмасининг халқаро муносабатлар бўйича котиби, Қирғизистон Республикаси Амир Темур жамоат жамғармаси бош директори Ж. Минолдоров Икром Ҳошимжоновга “Мыкты калемгер” медалини тақдим этди. Шунингдек, Халқаро Қозоқ ижодий бирлашмаси президенти А. Нурманов, Шимкент шаҳри ҳокими М. Айтенов, Ўзбекистон Республикаси Халқаро Амир Темур жамғармаси Бошқаруви раиси, халқ шоири, профессор М. Али ташаккурномалари ҳамда ҚР “Білім-Өркеніет” миллий-иннновациявий илмий-тадқиқот марказининг “ҚР Құрметті азаматі” кўкрак нишонлари топширилди.

Мухтабар УСМОНОВА, 2022-10-01, 03:29 1329
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.