26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қатъият, шижоат, беғубор орзулар тараннуми

ЎЗБЕК ТИЛИ, МАДАНИЯТИ ВА АНЪАНАЛАРИ КУНИ КЎҲНА ТУРКИСТОНДА КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Байрам муносабати билан Туркистон шаҳридаги “Ақжайық” мусиқа мактабида уюштирилган тадбирда вилоятнинг барча туманларидан ташриф буюрган меҳмонлар кутиб олинди.

Тадбир аввалида вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси фаоллари қимматбаҳо совғалар ва ташаккурномалар билан тақдирланди. Вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Бадриддин Нишонқулов тадбир иштирокчиларини шодиёна билан қутлар экан, жорий йилдаги барча байрам тантаналари болалар йилига бағишланиб, бир ҳафта мобайнида барча туманларда ўтказилишини маълум қилди. Тадбир доирасида бир гуруҳ аълочи ўқувчилар ва кўнгиллиларга эсдалик совғалари топширилди. 

– Жорий йилги ўзбек тили ва маданияти кунлари ўзгача руҳда ўтаётганлигининг гувоҳи бўляпмиз. Қозоғистонда “Болалар йили” бўлганлиги боис меҳмонларимизнинг аксарияти ёшлар ва байрам дастури ҳам келажагимиз эгалари, истиқболли йигит-қизларимизга бағишланди. Эртамиз эгалари ҳақиқатан ҳам жамиятимизда ўзларининг ўрни муҳимлигини ҳис этишлари учун шундай тадбирни уларга бағишлашга қарор қилдик. Бу гал болаларимиз чиндан ҳам фаолликларини, миллатимизнинг бўлажак етакчилари эканлигини исботлашди. Замонавий илм соҳиблари тадбирда ахборот технологияларидан самарали фойдаланишлари туфайли ўзлари яратган робот технологиялари намуналарини томошабинлар эътиборига ҳавола қилишганини кўриб, кекса авлод вакиллари, шахсан мен жуда хурсанд бўлдим. Ёшларимизда етакчилик фазилатларини тарбиялашимиз, уларни ўз устида ишлаш ва изланишга доим рағбатлантириб туришимиз зарур. Янгиликларга ишқибоз, замонамизнинг илғор ёшлари жамиятда доим ўз ўрнига эга бўлиб келган ҳамда улар, биз, ҳамюртларининг қўлловини доим ҳис қилишлари керак, – деди Туркистон вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Б. Нишонқулов. 

***

Халқимизнинг анъаналари куни муносабати билан уюштирилган тадбир Амфитеатрда ҳам давом этди. Унда ўзбек эстрадаси юлдузи Дилафрўз Ҳайитметованинг концерт дастурини 3500дан зиёд одам томоша қилди. Хонанданинг концерти бир ҳафта давомида Туркистон шаҳрида, Қарноқ ва Эски Иқон қишлоқларида, шунингдек, Тулкибош, Тўлебий, Қазиғурт, Сайрам туманларида давом этади. Бу – Туркистон вилоят маслаҳати депутати, фаол тадбиркор Б. Нишонқуловнинг ҳамюртларига байрам туҳфаси.

Дарҳақиқат, жорий йилги байрам ўзгача шукуҳ ва файз билан ўтди. “Болалар йили”га байрам тадбирларида алоҳида урғу бериб ўтишга ҳаракат қилган ташаббускорлар кўзлаган мақсадига эришди – фаол ёшлар, ёш зиёлилар, замонавий билимларга қизиқувчан ёшлар байрам иштирокчиларининг ярмидан кўпини ташкил этаётгани сезилди. Зукко ва фаол ўқувчилар ташкил этган кўргазмасини кўздан кечирар эканмиз, IT технологияси бўйича замонавий билимларни эгаллаётган иқтидорли ёшларимизнинг кўплигидан хурсанд бўлдик ва мазкур тадбир ташаббускори Туркистон вилоят ўзбек этномаданият бирлашмасининг таълим кенгаши раиси, Кентов шаҳар, Қарноқ қишлоғидаги М. Қошғарий номидаги мактаб-лицейи директори ўринбосари Турар Маменовни мулоқотга чорладик:

– Замонавий билимларни эгаллаб, унда тенгдошларига нисбатан юксак чўққиларни забт этаётган ўқувчилар меҳнати маҳсулларини кўриб, ҳавас қилдик.

– Ҳа, шу ерда сиз гувоҳ бўлаётган роботлар ҳақиқатан ҳам бизнинг ўқувчиларимиз эришган ютуқлари, десак янглишмаган бўламиз. Бу ерда республика, халқаро беллашувлар ва кўргазмаларнинг ғолиблари ҳам иштирок этишяпти. Улар, асосан, Шимкент шаҳар, Сайрам тумани Қорабулоқ қишлоғидаги “NIK” ва Қарноқ қишлоғидаги “Results school” ўқув марказларида таҳсил олаётган иқтидорли ўқувчиларнинг ютуқларидир. Таъкидлаш жоизки, меҳмонларимиз илғор ўқувчиларимиз ҳамда устозларимизнинг мазкур курслардаги фаолияти ҳамда ютуқлари натижасида халқаро IELTS ва SAT бўйича эришган балларидан воқиф бўлиб, уларнинг инглиз тилини ўқитишдаги янги ва замонавий услублари билан яқиндан танишиш имкониятларига эга бўлишди. 

Вилоятимиздаги бошқа туманлардаги мактаб ўқувчиларининг эришган муваффақиятлари ҳам таҳсинга лойиқ. Келажакда муҳандислар, ишларида янги технологиялардан фойдаланадиган шифокорлар, IT соҳасининг етук усталари айнан ёшларимиз орасидан чиқишига умид катта. Тадбир иштирокчиларининг аксарияти мактаб ўқувчилари. Ўз билими ва салоҳияти билан муваффақиятларга эришаётган, янгиликка ташна ўғил-қизларимизни кўриб жуда хурсанд бўлдик. Демакки, келгусида замон талабига мос қадам ташлаётган истиқболли касб эгалари кўпаяди ва бунинг учун биз, болаларни қўшимча билим олишга, изланишлари учун шароит яратиб беришимиз зарур. Уларнинг қўшимча билим олишлари учун ҳозир маблағ ажратсак, келгусида бу, албатта ўз мевасини беради – натижаси бутун авлодларимизни жаҳонга танитади. Байрам доирасида ўзига хос замонавий таълим андазаларининг миллий кўргазмаси уюштирилди, десак ҳам янглишмаган бўламиз, – дейди Турар Маменов. 

Ёш ҳамюртларимиз нафақат замонавий билимларни эгаллашда фаол эканликларини намойиш этишди, улар санъатда ҳам муносиб ўрни борлигини, даврга ҳамнафас яшаётган инсон ҳар жабҳада фаол бўлиши зарурлигини ва бу талабга қатъий амал қилишаётганини ёш санъат ихлосмандлари иштирокидаги концерт руҳидан ҳис қилдик. Байрам дастурини ташкиллаштиришда Туркистон педагогика коллежининг мусиқа ва уни ўқитиш услубияти фанидан 40 йиллик тажрибага эга ҳамда ҳаваскор хореограф Ўғилжон Халқбердиева жонбозлик кўрсатди. 

Тадбирда этномаданият бирлашмалари раислари, вилоят маслаҳатининг депутатлари, Қозоғистон халқи Ассамблеяси вакиллари иштирок этишди.

Мунира САЪДУЛЛАЕВА, 2022-10-18, 01:54 1142
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.