26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қадим маданият, анъана ва қадриятларни Тароздан топасиз

Баҳром Мўминов билан суҳбатимиз мароқли ва кўнгилдагидек кечди. Суҳбатдошим самимий, мустақил фикрлайдиган ва ҳаётда омади юришган инсон. У Жамбил вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси раҳбари, Қозоғистон халқи Ассамблеяси аъзоси, “Шоҳбоз” МЧБ етакчиси ва ҚР Кураш федерацияси президенти. 

Қуйида қўшни вилоят тарихи, унда истиқомат қилаётган ўзбекларнинг яшаш тарзи ва маънавий қиёфасини, у ердаги миллатдошларимизни ташвишга солаётган муаммолару, ўзгариш-имкониятлардан ташқари, келажак режалари билан ҳам танишасиз.

– Баҳром ака, бугунги кунда вилоят ўзбеклари қандай кун кечирмоқда? Уларнинг ҳаётида қандай ўзгаришлар бор? Жамбил вилояти ва Тароз шаҳридаги ўзбеклар сони қанча? Тарихига ҳам тўхталсангиз.

– Расмий маълумотларга кўра, Жамбил вилоятида 28 мингга яқин ўзбек истиқомат қилса, аксарияти (22 000) Тароз шаҳрида яшайди. Мерке туманида (вақтида уни ўзбек аҳолиси “Марки” деб атаган) ўзбеклар зич жойлашган. Ўтган асрнинг 60-йилларигача вилоятимизда 70 минг ўзбек яшаган экан. Кейинчалик кўпчилиги Ўзбекистонга кўчиб кетган. 

Биз азалдан маҳаллий халқмиз, шунинг учун диаспора ҳисобланмаймиз. Тарозлик ўзбеклар асли Наманган томонлардан. Шундан бўлса керак тарихий “Наманган кўча” ҳануз машҳур. “Тошкент кўчаси”нинг ёши эса 100 йилдан ошди. Урф-одатларимиз, шевамиз кўпроқ тошкентликларникига яқин. Негаки, бизнинг 80 фоиз асли келиб чиқишимиз Тошкентдан, 20 фоизи – Намангандан. Ёнимиздаги тоғнинг нариги томони Наманган вилояти. Биз яшаётган Жамбил вилояти ерлари ота-боболаримизнинг аждодларига тегишли бўлган. Масалан, ўзим яшаётган ҳовлининг 300 йилдан зиёд тарихи бор. Бу уйда асрлар давомида Мўминовлар сулоласи вакиллари истиқомат қилган. Яқинда уни янгидан қурдирдим. Бир пайтлар уйимиз катта карвонсарой бўлган. 

– Умуман олганда, Тароз шаҳри тарихи ва аҳолисининг маданияти ниҳоятда теран. Нафақат Қозоғистон, балки буюк туркий тамаддуннинг қадимий бешикларидан бири, деб ҳам аталади. Машҳур Қорахонийлар давлатининг Буюк Ипак йўлидаги пойтахти бўлган. 

– Ҳа, Тарознинг тарихини 2000 йил деймиз. 20 йил аввал 2000 йиллигини кенг нишонладик ҳам. Аммо мозийга назар ташласак, 2500 йил бўлиб чиқади. Қадимда уни “Савдогарлар шаҳри” деб аташган. Арклар, қўрғонлар, карвон-саройлар, ҳунармандчилик устахоналари билан машҳур бўлган. Талас дарёси бўйида жойлашган ушбу шаҳар VI асрдаёқ рангли металлургияси билан, заргарлик буюмлари билан танилган. Туркистондаги машҳур тойқозон бунга яққол мисол. Х-ХII асрларда Қорахонийлар давлатининг пойтахти бўлган чоғида Талас шаҳри гуллаб-яшнади. Ислом дини мустаҳкамланди, машҳур меъморий обидалар (Қорахон ва Ойша биби мақбаралари) қад ростлади. Мамлакатимиздаги илк масжид (Х асрда қурилган, Қорахон мақбараси олдида) ҳам шаҳримиздан топилди (2006 йил). 2000 йилдан ортиқ даврда Тароз бир нечта номларга эга бўлди. Наманган кўча, Авлиё ота, Жамбул, Мирзоян (1936-1937 йй.). 1997 йилда ўз тарихий номи – Тароз қайта берилди. Аҳолиси азалий анъанавий машғулотлар – деҳқончилик, чорвачилик, қурувчилик, савдо-сотиқ билан шуғулланади. 

– Сиз ҚХА аъзоси, этномаданият бирлашмаси раҳбари сифатида ҳам фаолсиз...

 – 1988 йилда мамлакатда биринчилардан бўлиб, ўзбек миллий маданият маркази очиш ташаббуси жамбиллик фаоллардан чиққан. Ниҳоят, 1989 йил октябрда марказ очилди ва унга Эрмат Парпиев раис этиб сайланди. Раҳматли Ғофур Қосимов унинг иккинчи, мен эса учинчи раисиман. Дастлаб бирлашма ўзбек-тожик миллий маркази сифатида фаолият юритди. У шу тариқа минтақа тожикларининг маданияти, урф-одатларини тарғиб қилди, сақланишига имкон яратди. Кейин алоҳида бўлиниб, ўзбек миллий маданият маркази бўлди. Унинг фаолиятида Абдураҳмон Зайниддиновнинг меҳнатини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ҳозир у Тароз шаҳри ўзбек этномаданият бирлашмасини бошқармоқда.  

– Бирлашманинг 30 йиллик фаолиятига тўхталсангиз.  

 – Ишлаш тамойилимиз – Ўзбекистондаги маҳалла қўмитасиникига ўхшаш. Тарозда 40дан зиёд маҳалла бор. Ҳар маҳаллада ўз комиссияси бор. Кам таъминланган оилаларга ёрдам беради, турли маданий-маърифий тадбирларни ўтказади, ёшлар тарбияси билан шуғулланади, хуллас, аҳоли билан ишлашда катта ёрдами тегади. Ҳар маҳалланинг ўз мулласи, отинойиси мавжуд. Қолаверса, ижтимоий-маиший масалалар бўйича комиссия аъзолари маҳалла аҳолисининг муаммоларини ҳал қилади ва ҳоказо. Бирлашма аъзолари ҳокимликдаги барча ишчи комиссияларнинг аъзолари, оналар, оқсоқоллар ва ёшлар кенгашларининг фаоллари. Шунинг учун маҳаллий ижро органлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бирлашма нафақат тил, маданият, урф-одат масалалари билан шуғулланади, балки аҳоли ўртасидаги турли муаммоларни ҳал этишга ҳам ҳисса қўшиб келмоқда.

– Бугунги кунда жамбиллик ўзбекларни қандай муаммолар безовта қилмоқда?

– Миллий мактабларимизнинг йўқолиб кетиши. Илгари иккита соф ўзбек мактаби бўларди. Ҳозир биттаси, 400 ўринли мактаб – Алишер Навоий номидагиси қолди. Минг афсуски, ҳозир у ерда ўқувчилар сони камайиб кетди. Болаларимиз ўзбек тилида ўқигани учун ЯМТ топширишда қийналишди. Ўзбекистоннинг лотин алифбосига ўтиши ҳам бир қанча қийинчиликларни келтириб чиқарди. У ерга бориб, олий ўқув юртларида таҳсил олиш имкониятидан маҳрум бўлдик, китоблар масаласида қийналдик ва ҳоказо. Шуларнинг таъсири ўлароқ, ўзбек мактабига ўқувчи кам келадиган бўлди. Ушбу муаммони ҳокимга, элчига билдирганмиз. Ўқувчи сонини кўпайтириш керак, дейишяпти улар бир овоздан. Агар 1-10 синфларда атиги 10 нафар ўзбек боласи ўқиса ҳам, мактабда таълим – ўзбек тилида сақланиб қолади, деб ваъда беришди. Шахсан ўзим, айниқса, қизларимизнинг ўзбек мактабларида тарбияланишини жуда-жуда истайман. Тилимиз, урф-одатларимиз ва таълим-тарбиямизни улар қаердан ўрганишсин, мактабдан олмаса?!

– Ҳозир дунёвийлашув жараёни кучайган. Ёшларни фақат маҳаллий даражада тарбиялаб-ўқитсак, дунёқараши кенгаймайди, замондан орқада қоламиз, деган фикрлар мавжуд. Бунга нима дейсиз?

– Ҳозир тарозлик ўзбекларнинг аксарияти хорижда. Ўзга юртлардан нажот излаб кетишган. Лекин, шуниси қувонарлики, у ёқларда ҳам ўзлигини унутмай, маҳалла тамойиллари асосида яшашмоқда. Қозоғистон делегацияси таркибида Америкага борганимда, очиғи, ҳайратда қолдим. Яшаш тарзи, тўй-томошаси, меҳнат-фаолияти худди Тароздагидек. Тўғри, турғун сув айнийди. Инсон доим ҳаракатда, ривожланишда бўлиши керак. Қолаверса, рақобат бор жойда, албатта, ўсиш ҳам бўлади. Мен миллатдошларимнинг барқарор иш ўрини бўлсин, дейман, лекин ўқиган, уққанларнинг ҳаммаси ёки жуда кўпи четга кетса, мамлакатимизда ким қолади? Кейин, жамиятни илм қутқаради. Вақтинчалик иш ва пул учун илм ўрганишдан узоқлашмаслик керак. 

– Кураш федерациясининг ҚРдаги раҳбари сифатида фаолиятингизга ҳам тўхталсак. Зеро, ушбу йўналишингиз иқтидорли ёш спортчилар учун ўзига хос мактаб сифатида хизмат қилмоқда. 

– Маълумки, бугунги кунда миллий курашимиз Осиё ўйинлари дастурига киритилган. Келгуси йили Хитойда ўтадиган чемпионатга қизғин тайёргарлик кўряпмиз. Ютуғимиз – бу йил 10 нафар спортчимизни давлат ўз ҳисобидан 

тайёрлаб, мусобақалардаги иштирокини таъминламоқда. Бутун дунёда машҳур спорт турлари бор. Масалан, дзюдонинг ватани – Япония, футболники – Англия. Лекин улар жаҳонга тарқалган ва миллионлар ўйинига айланган. Худди шу каби миллий курашимиз ҳам халқаро даражада танилиши ва ривожланиши учун тинмай ҳаракат қиляпмиз. 2025 йилда чемпионат Ўзбекистонда ўтади, унга тайёргарлик кўряпмиз. Миллий кураш – туркий халқларнинг миллий спорти, уни Олимпиада ўйинларига киритиш устида иш олиб боряпмиз, бир қадам қолди, Худо хоҳласа, шунга эришамиз ҳам.

– Сиз саховатли тадбиркор сифатида ҳам танилгансиз...

– Энди, болалик чоғимизда, супермаркет, гипермаркет деганлари бўлмаган. Ҳаммаси – бозорда эди. Уйимиз марказий бозор олдида жойлашгани учун ёшлигимдан савдо-сотиқ ва олди-берди ишларини пухта ўзлаштирдим. 1988 йилда минтақада биринчилардан бўлиб, савдо шохобчасини очдик. Кейин новвойхона, колбаса цехларини ишга туширдик. Ҳозир кўмир бизнеси билан шуғулланамиз. 300 одамга иш ўрини яратдик. “Шоҳбоз” МЧБ – катта жиянимнинг номи. 1993 йилдан буён фақат битта ном ва битта банк билан ишлаб келяпмиз. Шуни ифтихор билан айта оламанки, ҳеч қачон на солиқдан, на иш ҳақидан қарзим бўлган. 

– “Жанубий Қозоғистон” газетасининг Тароз шаҳрида ўз мухлисларига эга бўлиши учун ҳам ҳаракат қилдингиз...

– Албатта. 40та нусхага обуна бўлганмиз. Шаҳардаги мактабга ва масжидга беряпмиз. Бош муҳаррир Алишер Ғофуржон ўғлига таклифларимни айтган эдим: ижодий гуруҳ Тарозга келиб, нашр тақдимотини ўтказса, минтақада ишлайдиган доимий мухбир тайинланса ва ҳоказо. Худо хоҳласа, биз бу борада ҳар қандай чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз!    

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат, серқирра фаолиятингизга омад тилайман.

Н. МАВЛОНОВА, 2022-11-19, 03:19 192
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.