26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қасим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон халқига қасамёд қилди

Қозоғистон Республикаси Президенти этиб қайта сайланган Қасим-Жўмарт Тўқаев Давлат раҳбарининг улуғлаш маросимида халқ олдида қасамёд қилди.

– Қозоғистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, Қозоғистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга, Қозоғистон Республикаси Президенти томонидан менга юкланган шарафли бурчни содиқлик билан бажаришга тантанали қасамёд қиламан, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев Конституцияга қўлини қўйиб.

Қасамёд қабул қилингач, Қозоғистон Республикаси Давлат мадҳияси ижро этилиб, Марказий сайлов комиссияси раиси Давлат раҳбарига Қозоғистон Республикаси Президентининг гувоҳномасини топширди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси якунларига кўра, 20 ноябрь куни ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловида номзод Қасим-Жўмарт Тўқаев сайловчиларнинг 81,31 фоиз овозини олиб, ғалаба қозонган эди.

Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси Қозоғистон Республикаси Президентининг қасамёд қилиш кунини 26 ноябрга белгилади.

Улуғлаш маросимида Қозоғистон Республикаси Президенти Қ. Тўқаев ўзини президентликка номзод сифатида кўрсатган Халқ коалицияси аъзоларига миннатдорчилик билдирди.

– Сайловда иштирок этган барчага ўз миннатдорчилик билдираман. Жараёнда иштирок этган жамоатчилик, кузатувчилар ва журналистлардан миннатдорман. Президентликка номзодларга ҳам ҳурматимни бажо келтираман. Сайловда сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари муҳим паллада бирлаша олишларини намоён этди, – деди у. – Халқ ишончи энг олий қадриятдир. Сайлов натижаларини мен сиёсий платформамни қўллаб-қувватлаш, келгуси давр режаларини амалга ошириш юзасидан ишонч ёрлиғи деб биламан. Халқи қўллаб-қувватлаган давлатга раҳбарлик қилиш юксак шараф ва улкан масъулиятдир. Буни келгуси етти йил ичида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги бурчимни адо этиш учун берилган имконият деб биламан. Халқимизда “омонат” деган олижаноб тушунча бор – бу аҳд демакдир. Халқнинг ишончи менга ишониб топширилган омонатдир. Уни бажариш эса менинг муқаддас бурчимдир. Халқ ишончини оқлаш, Қозоғистонни обод ва фаровон давлатга айлантириш учун бор кучимни ишга соламан.

Мен нафақат менга овоз берган фуқаролар, балки бутун Қозоғистон халқи олдида масъул эдим. Халқимизда «ҳалол иш қилмасанг, бойликдан не фойда, адолат ўрнатмасанг, ҳокимиятдан не фойда» деган нақл бор. Бу менинг ҳаётий тамойилим, мен унга доим амал қиламан. Бугун мовий байроғимизни ўпдим, доно халқим олдида таъзим қилдим. Озодлик йўлида ҳалок бўлган аждодлар руҳига таъзим қилдим. Ватаним орзулари ва меросига содиқ бўлишга қасам ичдим. Мамлакат манфаатларини суиистеъмол қилмасликка қасам ичдим. Мен Конституцияга қўлимни қўяман ва унинг ҳар бир сўзини бажараман. Халқим олдидаги бу қасамёд менинг келгуси фаолиятимда мустаҳкам лангар бўлади, – деди Қозоғистон Республикаси Президенти.

Президент келгуси фаолиятининг қатор муҳим йўналишларини ҳам тилга олди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, адолатли бозор иқтисодиётини барпо этиш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, рақобатни ривожлантириш, уюшган жиноятчиликка барҳам беришга ҳақиқий қонун устуворлигини таъминламай туриб эришиб бўлмайди. Мамлакатимиз ўз тараққиётида асосан, ўз кучига таянади, шу билан бирга, турли соҳаларда, жумладан, бевосита хорижий сармояларни жалб қилишда халқаро ҳамкорликни фаол ривожлантиради.

 Шунингдек, Президент бошланган ислоҳотларнинг якунига етказилишини маълум қилди.

– Жорий йил халқимиз учун алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Қозоғистон тараққиётнинг янги даврига қадам қўйди. Биз туб ўзгаришларга йўл очган улкан ўзгаришлар ва Конституциявий ислоҳотларни амалга оширдик. Биз давлатимизнинг энг муҳим тармоқларини ҳар томонлама замонавийлаштирдик. Бунинг натижасида халқнинг эртанги кунга ишончи ортди. Бунга вилоятларда, аҳоли билан учрашувларда амин бўлдим. Шунингдек, сўнгги референдум халқимиз янги ташаббусларни оммавий қўллаб-қувватлаётганини кўрсатди. Конституциянинг янги талабига кўра, бундан буён Президент фақат бир муддатга, етти йилга сайланади. Шу тариқа ҳокимиятга сиёсатчиларнинг янги авлоди кела бошлайди. Бу қарорнинг тўғри бўлганига ишончим комил, – деди Давлат раҳбари.

Қ. Тўқаевнинг таъкидлашича, Қозоғистон миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган мувозанатли, амалий ташқи сиёсатни амалга оширишда давом этади. Сиёсий замонавийлашув жараёни давом этади.

Улуғлаш маросимида Қозоғистоннинг Тўнғич Президенти Нурсултан Назарбаев, Қозоғистон Республикаси парламенти депутатлари, ҳукумат аъзолари, Олий суд судьялари, Конституциявий кенгаш аъзолари, Президент маъмурияти ва девони вакиллари иштирок этди. Бош вазир, марказий давлат органлари раҳбарлари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, Қозоғистон Халқ Ассамблеяси аъзолари, диний конфессиялар вакиллари, вилоятлар, Астана, Алмати ва Шимкент шаҳарлари ҳокимлари, Қозоғистонда аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар раҳбарлари; Президентликка номзодлар, сиёсий партиялар етакчилари, республика ва вилоят жамоат штаблари аъзолари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, ишбилармон доиралар вакиллари, таниқли фан, маданият ва санъат намояндалари, ёшлар ташкилотлари етакчилари иштирок этди.

 

Алишер СОТВОЛДИЕВ, "Жанубий Қозоғистон" вилоят ижтимоий-ситёсий газетаси муҳаррири. Шимкент-Астана-Шимкент, 2022-11-29, 02:50 273
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.