26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ҳам қувондим, ҳам ''ёндим''

Газетамизнинг 10 январь, 2-сонида Шимкент шаҳар, Қоратепа даҳаси ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Абдумутал Исроиловнинг “Этномаданият бирлашмаларининг вазифаси нима?” деб номланган мақоласини ўқиб, аччиқ бўлса ҳам ҳақиқатни ёза оладиган миллатпарвар ҳамюртларимиз борлигидан қувондим.

Мақола муаллифи яқинда Шимкент шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмасининг ҳисобот-сайлов қурултойи бўлиб ўтганлиги ва унда бирлашма раиси Т. Ҳакимбековнинг ўрнига Ал Форобий туман ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Н. Дўсметова ҳисобот берганлиги тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини баён этган. 

Ҳисоботда шаҳар этномаданият бирлашмасининг Болалар, ногиронлар ва қариялар куни муносабати билан хайрия тадбирлари уюштирганлигини қайд этаркан, муаллиф бирлашма раҳбариятининг “асосий иши совға-салом тарқатиш, ...” эмас, балки Қозоғистонда яшаётган ўзбек этноси вакилларининг маънавиятини юксалтириш, тилимиз, маданиятимиз ва урф-одатларимизни сақлаш ва ривожлантириш эмасми?, дейди.

Мақолада муаллиф “давлат тилини билиш” ва “ўзга тилни ўрганиш” тўғрисидаги Президентимиз Қ. Тўқаевнинг фикридан ҳам жуда ўринли фойдаланган.

Собиқ раисга қарата “таълим ўзбек тилида юритиладиган мактаблардаги дарсликлар, юқори малакали педагогларнинг етишмаслиги тўғрисидаги муаммолар мутасадди ташкилотлар олдида кўтарилдими? Кўтарилган бўлса, бирон натижа борми?,” деган саволлар билан мурожаат қилади.

Кадрлар сиёсатига тўхталар экан, “нафақа ёшига етган раҳбарлар ўрнига маҳаллий кадрларни тайёрлаш долзарблигича қолмоқда” деб ёзади.

Ҳа, азизлар! Бу ўринли саволга Туркистон вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси ҳамда Қозоғистон ўзбеклари этномаданият бирлашмалари  “Дўстлик” ҳамжамияти раислари ҳам масъул эканликларини унутмасликлари керак. Уларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазаларини ўз ҳисобот-сайлов қурултойларида эшитамиз, деган умиддамиз.

Муаллиф ўз фикрини давом эттирар экан, тўйларимизда миллий урф-одатларимизга номуносиб ҳаракатларнинг  авж олаётганлиги, ёшларга миллий руҳда тарбия бериш, бу жамоат бирлашмасининг асосий вазифаларидан бири эканлигини таъкидлайди.

Отахонни қуйидаги фикрига ҳам назар солайлик: “Низомга” кўра қурултой ўтиши ҳақидаги маълумотни камида бир ой аввал Шимкент шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси маҳаллий матбуотда эълон қилиши керак эди. Афсуски, матбуотда ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам бу ҳақда хабар берилмади”. Шу сабабли йиғилиш иштирокчилари (делегатлар)нинг умумий сони камроқ бўлганлиги ҳатто Сайрам даҳаси вакиллари сонининг Қоратепа даҳасиникидан ҳам кам бўлганлиги ажабланарли.

А. Исроиловнинг “яқин кунларда Туркистон вилояти ҳамда Қозоғистон Республикаси ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамиятининг ҳисобот-сайлов қурултойларини бирлашма белгилаган Низом ва қонун қоидаси асосида ўтказилиши зарурлиги тўғрисидаги фикри ҳам жуда ўринли.

Қурултой ўтказишда бирлашма низомида белгиланган қонунчилик асосида ўтказилганига бир неча мисол келтираман. 1989 йилнинг 17 декабрида фаолларимиздан Сарварий раислигида ўтган қурултойда вилоятимизнинг барча ҳудудларидан 500га яқин делегатлар қатнашиб, ёш олим Собиржон Нурметов раис этиб сайланган эди. Кейинчалик 2010 йил 22 майда шу пайтдаги вилоят ўзбек маданият маркази раиси Икромжон Ҳошимжонов раҳбарлигида бирлашманинг Низом ва қонунларига амал қилган ҳолда Шимкент шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмасини ташкил этиш борасида Қурултой чақирилиб, кўпчилик овоз билан “Ёшлар қаноти”дан номзод, иқтидорли тадбиркор Олимжон Ирисметов раисликка сайланди. Шундан сўнг, бироз вақт ўтгач, вилоят ўзбек маданият бирлашмаси аъзолари ва унинг бир гуруҳ “содиқ” фаоллари йиғилиш ўтказиб (делегатларсиз), Т. Ҳакимбековни раисликка сайлаган эдилар. Натижа нима билан якунланганлиги А. Исроиловнинг мақоласида ўз аксини топди.

Мақола муаллифининг мурожаатига биноан ўзбек этноси вакилларининг келажагига оид фикр-мулоҳазаларини билдириш учун Шимкент шаҳар этномаданият бирлашмасининг биринчи раиси Олимжон Маҳмуджон ўғли билан суҳбатлашдик.

– Олимжон Маҳмуджон ўғли, Қоратепа даҳаси ўзбек маданият бирлашмаси раиси Абдумутал Исроиловнинг “Этномаданият бирлашмаларининг вазифаси нима?” деган мақоласига муносабатингизни билдирсангиз.

– Қадрли отахоннинг ўзбек этномаданият бирлашмаларида амалга оширилаётган ишларга бефарқ эмаслиги, улар фаолиятидаги камчиликларни қисман очиб, келгусида Низом ва қонунчилик асосида иш юритишга даъват этаётгани бу инсон қалбини нечоғли тоза эканлигидан далолатдир.

Фикримча, бирлашманинг асосий вазифаси, Янги Қозоғистонни барпо этувчи ёшларни, яъни баркамол авлод сифатида шаклланишга эътибор қаратиш. Миллий бирлашма дегани бу фақат тўй ва маракалар очиш ёки меҳмонларни кузатиш ва кутиш дегани эмас, халқимизнинг миллий онгини юксалтириш, шунингдек, ёшларимизнинг жамиятда ўз ўрнини топишида – “йўлчи юлдуз” вазифасини адо этишлари керак. Халқимизнинг тарихимизга қизиқишини ошириш керак. Доноларимиз, буюк зиёлиларимизнинг хотирасини абадийлаштиришни йўлга қўйиш вақти келди. Чет эллардаги ҳамда ҚРдаги нуфузли ОЎЮларида таълим олиб, қўлига диплом олган иқтидорли ёшларимизни ҳуқуқни ҳимоя қилувчи, ижроия ҳокимият органларида ва бошқа ташкилотларда фаолият юритишларини таъминлашда бирлашма раислари муҳим ўрин эгаллашлари зарур. Бирлашмага истеъдодли ва билимли ёшларни жалб этиш ўз маҳсулини бериши аниқ. Ортиқча миш-мишлардан холи бўлиш учун барча ишлар қонун доирасида амалга оширилиши лозим. 

– Фикрингизча бирлашма раисида қандай хислатлар бўлиши шарт?

– Раис ташаббускор, муаммоларни ҳал қилишга қодир, нопок ишларга аралашмаган илмли, билимли замонавий инсон  бўлиши даркор. Энг муҳими, бу муаммоларни ким билан ҳал қилиш кераклигини яхши билиши зарур.

– Мазмунли фикр-мулоҳазаларингиз учун раҳмат! Ишларингизга омад ёр бўлсин!

Ҳайитмат МУҲИДДИНОВ, меҳнат фахрийси, 2023-02-02, 03:29 404
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.