26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қозоғистон-Хитой: ҳамкорликнинг янги босқичи

Хитойга давлат ташрифи билан келган Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпин билан музокаралар ўтказди.

Давлат раҳбари Си Цзинпинга таклиф ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, уни Хитой Президенти лавозимига қайта сайлангани билан самимий табриклади.

– Қозоғистон учун Хитой Халқ Республикаси алоҳида аҳамиятга эга. Ҳамкорлигимиз мустаҳкам дўстлик ва ўзаро ёрдамга асосланган. Бизнинг мақсадларимиз муштарак – икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш. Бизни минтақавий ва халқаро хавфсизлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш истаги ҳам бирлаштиради. Хитой билан ҳар томонлама абадий стратегик шерикликни янада ривожлантириш биз учун жуда муҳим, – деди Қозоғистон раҳбари.

Ўз навбатида, Хитой раҳбари Қозоғистон Президентига таклифни қабул қилгани учун миннатдорчилик билдириб, уни 70 ёшга тўлиши билан табриклади.

– Ушбу кунда сиз Хитойга давлат ташрифингизни амалга оширяпсиз, бу икки томонлама ҳамкорлигимиз юксак даражада эканини, Хитой билан яқин алоқаларингизни яна бир бор тасдиқлайди. Хитой ва Қозоғистон "Хитой-Қозоғистон" муносабатларининг олтин даврининг янги саҳифасини очди. Мамлакатларимиз дўстлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш анъаналарини ривожлантириши ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириши зарур, – деди Си Цзинпин.

Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий, нефть-газ, нефть-кимё, энергетика, молия, транспорт-транзит, таълим ва фан соҳаларида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар якунида Қасим-Жўмарт Тўқаев ва Си Цзинпин Қўшма баёнотни имзоладилар. Сўнг икки давлат делегациялари аъзо­лари ҳам қатор ҳужжатларни имзоладилар.

Хитойда 22 млрд. долларлик 47та ҳужжат имзоланди

Қозоғистон Президентининг ХХРга ташрифи давомида 22 млрд. долларлик 47та ҳужжат имзоланди 

Бу ҳақда Қозоғистон-Хитой сармоявий давра суҳбатида маълум қилинди.

Йиғилишда CITIC Group раиси Чжу Хэсинь, China National Petroleum Corporation (CNPC) раиси Дай Хоулян, Asian Infrastructure Investment Bank вице-президенти Шукнехт Людгер ва бошқалар иштирок этди.

Транскаспий йўналиши ривожлантирилади

Сиань шаҳрида ўтган Қозоғистон-Хитой сармоявий давра суҳбатида ҚР Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев Европа ва Осиё ўртасидаги транзитни жонлантириш учун Транскаспий йўналишини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Учрашувда Қасим-Жўмарт Тўқаев қуруқликдаги транспорт йўлакларини ривожлантириш масаласини ҳам кўтарди. Сармоядорлар Хитойнинг Қозоғистон ҳудуди орқали Ғарбий Евроосиёнинг кенг бозорларига чиқиши мумкинлигига эътибор қаратди.

– Шубҳасиз, бу йўналиш Марказий Осиё, Европа, Туркия ва Эронга контейнер поездларини бевосита жўнатиш учун асосий марказ бўлади. Биз Хитойга борадиган «Аягўз–Бақти» темир йўлини ишга туширишни режалаштиряпмиз. «Достық – Мойынты» оралиғидаги темир йўл таъмирланади. Шунда темир йўл орқали йилига 20 миллион тоннагача юк ташиш имконияти пайдо бўлади. Европа ва Осиё ўртасидаги транзитни жонлантириш учун Транскаспий йўналишини ривожлантириш муҳим деб ҳисоблайман. Бу йўналишнинг келажаги буюк, – деди Давлат раҳбари.

ҚР Президенти Сиань шаҳрида 

ҚР Президенти Сиань шаҳрида Қозоғистон логистика маркази қурилишини ишга тушириш маросимида иштирок этди

Давлат раҳбари Сиань қуруқ портида Қозоғистон логистика маркази қурилишини ишга тушириш маросимида иштирок этди.

ҚР Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев маросим иштирокчиларини қурилиш бошланиши билан табриклаб, мазкур лойиҳанинг муҳимлигини таъкидлади.

– Мамлакатимиз сўнгги 15 йилда ушбу соҳага 35 миллиард доллар сармоя киритди. Биз Ляньюньган портида Қозоғистон-Хитой логистика марказини ташкил этдик. Янги темир йўлларни очдик. «Қорғас – Шығыс қақпасы (Шарқий дарвоза)» қуруқликдаги порти ишга туширилди. Каспий денгизида замонавий инфратузилма яратилган. Бу чора-тадбирлар амалга оширилаётган ишларнинг бир қисми, холос. Ўтган йили икки давлат ўртасида темир йўл орқали 23 миллион тонна юк ташилган. Бу мисли кўрилмаган кўрсаткич. Жорий йилнинг биринчи чорагида юк транзити 35 фоизга ортиб, 7 миллион тоннадан ошди. Ҳамкорлигимиз бу билан чекланиб қолмайди. Телекоммуникацияни янада ривожлантириш учун қўшимча инфратузилма зарур. Шу боис хитойлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда Сиань қуруқ портида логистика маркази қуришга қарор қилдик. Бу марказ Шэньси минтақасини Қозоғистон ва Марказий Осиё билан боғлайди. Европа, Туркия ва Эронга йўл очади. Лойиҳанинг тўлиқ амалга оширилиши икки давлат ҳамкорлигига янги суръат бағишлайди, деб ўйлайман, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Келгуси йилдан бошлаб қуруқликдаги порт орқали электроника, компьютер, автомобиллар ва автомобиль бутловчи қисмлари, тўқимачилик, кийим-кечак, пойафзал, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, шунингдек, рудалар, металлар ва кимё маҳсулотларини ташиш режалаштирилган.

ҚР Президенти CNPC бошқаруви раисини қабул қилди

Давлат раҳбари Хитой миллий нефть корпорацияси бошқаруви раиси Дай Хоулянни қабул қилди. Учрашувда энергетика, транспорт, шунингдек, нефть ва газни қайта ишлаш соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди, дея хабар беради Кazinform Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Президентга CNPC компаниясининг Қозоғистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича режалари ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Шимкент нефтни қайта ишлаш заводининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, Қозоғистон-Хитой нефть қувурининг ўтказиш қобилиятини ошириш ва бошқалар имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Қасим-Жўмарт Тўқаев CNPC Қозоғистоннинг энергетика соҳасидаги узоқ йиллик стратегик ҳамкори эканлигини таъкидлади.

Қозоғистон миллий павильони очилди

Президент JD com электрон тижорат платформасида Қозоғистон миллий павильонини очди.

Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев бизнесни онлайн-макон орқали юритиш жаҳон иқтисодиётининг муҳим йўналишига айланганини таъкидлади.

– Ҳозирда электрон тижорат бозори ҳажми 3,5 триллион долларга етди. Бу жараён йил сайин ортиб боряпти. Хитой халқаро онлайн савдони ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Бугун дунёдаги энг йирик электрон савдо майдончасида Қозоғистон миллий павильони очилади. Бу қадам икки давлат муносабатларини жонлантиради. Ўтган йили Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 31 миллиард долларга етди. Биз бу билан чекланмаймиз. Электрон тижорат соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантирамиз. Шунда яқин келажакда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 40 миллиард долларга етказиш имконияти пайдо бўлади. «Рақамли Ипак йўли» ташаббуси ана шу бурчни рўёбга чиқаришга кенг йўл очмоқда, – деди Давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, JD com (Jingdong Mall) Хитойда товарлар ва хизматларни сотиш учун энг йирик онлайн платформа ҳисобланади. 1998 йилда ташкил этилган онлайн чакана савдо сайти 400 миллиондан ортиқ фойдаланувчига эга. 2022 йилда JD com 1 триллион юань соф фойда келтириб, Хитойда биринчи рақамли электрон тижорат сайтига айланди. Айни пайтда платформада 40дан зиёд давлатнинг миллий павильонлари ишлаяпти.

Қозоғистон миллий павильонини очиш бўйича келишув шу йил март ойида имзоланган. Бугун миллий павильонда Қозоғистон маҳсулотлари сотувга қўйилган. Бундан ташқари, экспорт салоҳияти юқори бўлган 15та маҳаллий озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг (кунгабоқар ёғи, қандолат маҳсулотлари, ичимликлар) маҳсулотларини Хитой бозорига олиб чиқиш режалаштирилган.

Яшил иқтисодиёт истиқболлари муҳокама қилинди

Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев State Power Investment Corporation бошқаруви раиси Цянь Чжиминни қабул қилди.

Учрашувда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Хитойнинг йирик энергетика компанияларидан бири бўлган State Power Investment Corporation Қозоғистоннинг яшил энергия соҳасидаги лойиҳаларига фаол сармоя киритади.

Қасим-Жўмарт Тўқаев компаниянинг Жамбил вилоятида қуввати 1 ГВт бўлган йирик шамол электр станциясини қуриш ташаббусини қўллаб-қувватлади. 

Ўз навбатида, Цянь Чжиминь унинг компанияси ижтимоий масъулият доирасида Қозоғистон жанубида қуввати 200 Гкалгача бўлган иссиқлик станциясини қуришни режалаштираётганини маълум қилди.

Бундан ташқари, учрашувда State Power Investment Corporationнинг катта технологик ва илмий тадқиқот тажрибаси инобатга олиниб, «яшил» водород ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

CITIC Group энергетика компанияси билан 1,6 миллиард долларлик шартнома имзоланди.

 

 

Akorda.kz. маълумотлари асосида, 2023-05-20, 02:50 544
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.