26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Қайнонани қайнатманг!

Келинлар ва улар­нинг ай­­­рим нуқ­сон­лари ҳақида мақола тайёрлаш топшириғини олганимда ўйланиб қолдим. Чунки, камина ҳам келин бўлганлигим сабабли, суҳбат олиш давомида ўзимдаги камчиликларни ҳам билиб олар эканман, деган хаёл ўтди. Қиз бола улғайгач, турмуш қуриб, ўзга бир хонадонга келин бўлиб тушади. У ерга мослашиб кетишда қайнонанинг, ҳатто оила бошқа аъзоларининг ҳам роли катта. Келин гўё бир ниҳолга ўхшайди, шундаям бир жойдан иккинчи жойга ўтқазилгани. 

Агар унга меҳр бериб, тушуниб, яхши парваришлаб, ўстиришса, у ҳам янги жойга мослашиб кетади. Лекин камчиликсиз инсон бўлмайди, деганларидай, келинларда ҳам айрим камчиликлар бўлиб туради. Шу сабабли, “Келинлардаги 7та асосий нуқсон қайсилар, деб ўйлайсиз?” деган савол билан жамиятимизнинг ёшу қарисига, каттаю кичигига, турли касб эгаларига мурожаат қилдик. Қуйида ушбу мусоҳабани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

­

Ҳурбуви ОДИЛОВА, шоира:

– Мен келинларимдан ҳеч нолимайман. Қайнона билан келин яхши муросада бўлиши керак. Оллоҳга шукр,  уч келиним бор. Улар яхши тарбия кўрган, ҳурматимни жойига  қўйишади, хизматимни қилишади, меҳмон келганда очиқ чеҳра билан кутиб олишади. Уччови  ҳам иш, ўқиш, бола-чақага ҳам, менинг хизматимни қилишга ҳам улгуришади. Энди, камчилик кимда бўлмайди, дейсиз. Майда-чуйда нуқсонлар айтилаверса, тирноқ  остидан кир изланаверса, оилада ҳаловат бўлмайди. Мен ўзим  уларни ҳам тушунишга ҳаракат қиламан, кечга ишдан келиб, овқат қилишини кутиб ўтирмайман, қўлимдан келса, ўзим тайёрлаб қўяман, невараларимга қараб  ўтираман. Оилам  тинч бўлса, болаларим бахтли  бўлишса, мен хам бахтлиман.

Фароғат ЭШОНҚУЛОВА, педагог:

– Биз келин бўлган даврларда ҳаммаси бошқача эди. Борига қаноат, сабр қилиб, оиламиз бузилмасин деб, зулм  кўрсак ҳам, тишимизни тишимизга қўйиб яшаганмиз. Илгари ҳозиргидай қулай шароитлар бўлмаган. Ҳозирги  келинларга эса нима етмайди тушунмайман, уларни асраб-авайлаб, қаттиқ  гапирмасдан кўнглига қараб ўтирамиз. Озгина  келишмовчиликлар бўлса, битта гапни кўтаролмай тезда боласини олиб, аразлаб,  уйга кетаманга тушади.  Муҳими,  хизматимни қилмаса ҳам, болам билан  тинч яшасин, набираларим отасиз  ўсмасин, дейман. 

Шу сабабли, ота-оналар ҳам яхши тарбия  беришса, турмушга,  ҳаётга тайёрлаб, тушунтиришса, дейман.

Моҳинисо Исломова, уй бекаси:

– Ҳозирги  кунда оилам, уйим-жойим дейдиган келинларни учратиш амри маҳол. Аксарияти енгил ҳаётга ўрганган, турмушнинг  оғир синовларига чидамайди. Турмуш  ўртоғини қўллаб-қувватлаш, унга оғир кунда суянчиқ бўлиш ўрнига   дарров кетаманга тушади. Оддий талаба келинлар ҳакида айтсам, улар  турмушга жиддий қарашмайди. Эрталаб  уйидан ўқишга кетдим, деб чиқиб  кетади, кечга бир келади. Уйга вақтлироқ бориб, уй ишини, ош- овқат қилишим керак, деб  ўйламайди. Уйга келса қайнонаси овқат қилиб  қўяди. Тайёрини ейди ичади, қолган майда-чуйда ишни қилади, холос.  Энди қайнона ҳам ўзга хонадонга мослашиб кетиш учун ёрдам беради, тушунтиради, яхшисини оширади, ёмонини яширади, лекин қачонгача? Келиннинг ўзида  фаросат бўлмаса, албатта, шундай оилаларда жанжаллар, келишмовчиликлар, ажрашишлар юз беради. Ота-она қизларига яхши тарбия берса, турмушнинг муштлари ҳам бўлади, деб уқтирса, қайнона ҳам "бошига чиқазиб  олмаса" яхши бўларди, деб ўйлайман.

Жанобул МАНАСОВ, имом:

– Келин  диёнатли бўлиши керак. Демак, биринчи нуқсон – диёнатсизлик. Обрў-эътиборли бўлмоғи керак, демак, иккинчи нуқсон – беобрўлик. Диёнатсизлик такаббурликка етаклайди, бу учинчи нуқсон. Фаросат келиннинг энг муҳим хислатларидан бири. Демак, тўртинчи нуқсон – бефаросатлик. Бефаросатлик бешинчи нуқсонга бошлайди, бу – беҳаёлик. Олтинчи ва еттинчи нуқсонлар – бетамизлик ва ноинсофлик.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёлни тўрт нарса – мол-мулки, насл-насаби, гўзаллиги, дин-диёнати учун никоҳлаб оладилар. Сен диёнатлисини танла, барака топкур!”, деганлар. Шунга кўра, уламолар уйланиш борасида етти ўлчаб, бир кесишни, бўлажак келин ҳақида адолатли, инсоф-тавфиқли қўни-қўшнилардан сўраб-суриштиришни маслаҳат беришган. Қадимги ривоятлардан бирида хотини билан ноилож ажрашишга мажбур бўлган эрдан хотинининг айбини сўрашганда: «Бировнинг айбини сўраб нима қиласизлар? Агар мен у билан қайта ярашиб кетсам, ўз хотинимнинг айбини бировларга фош қилган бўламан, ярашмасам, бегона бир аёлнинг айбини фош қилган бўламан. У ҳам, бу ҳам одобдан эмас», – деган экан.

Рисоладаги эр, ўз хотинидан баъзи хатолар ўтганда, уни кечиради. Хотини билан муҳаббат, ҳурмат, одоб, ахлоқ асосида муомала қилади, ширинсухан, очиқ чеҳра, кўнгли кенг бўлади. Эр ўз хотинининг, шунингдек, хотин ҳам ўз эрининг айбларини беркитувчи бўлади. Булар бўлмаса, икковининг ҳам нуқсони шу! 

Даврон ПИРНАЗАРОВ, меҳнат фахрийси:

– Долзарб мавзуни кўтарибсизлар, баракалла! Бу иш жамиятимиздаги эр-хотинлар ажрашиб кетишларининг олдини олишга ёрдам беради, деб умид қиламан, чунки, матбуотнинг вазифаси – жамоатчилик фикрини шакл­лантириш. Мен истардимки, ҳар бир келин Тоҳир Маликнинг «Келинлар дафтарига» китобини ўқиб чиқса. Ҳатто бу китобни келиннинг сепига қўшиб беришсин. Арманлар ҳам қизни сепига «Йўлбарс терисини ёпинган баҳодир» китобини қўшиб бераркан.

Афсуски, орамизда бефаросат ота-оналар ҳам учраб туради. Оилада қиз боланинг тарбияси билан кўпроқ она шуғулланади. Шунинг учун “Онасини кўриб, қизини ол”, дейишади. Лекин отадан ҳам қатъийлик, қаттиққўллик талаб этилади. Она ўзи бефаросат бўлса, қизини ҳам худди шундай тарбия қилади. Яъни, қизи узатилиб кетгандан кейин ҳам унинг оиласига аралашиб, салбий таъсир кўрсатиб, оиласи бузилишигача олиб келади. Шундай ҳолларда оила бошлиғи – айрим эркаклар ҳам ўз фикрига эга бўлмасдан, аёлининг айтганига қараб иш тутади. Қизининг янги оилада бахтли бўлишини, қанот ёзиб кетишини истаган ота-она унинг оиласига аралашмайди. Қизи уйига йиғлаб, арз қилиб келса ҳам “сен келинсан, уларни айтганини қилишинг керак. Энди сен ўша хонадоннинг аъзосисан, деб ётиғи билан тушунтиришлари керак. Ёлғон эмас, шундайларни ҳам кўрганманки, келин бўлиб тушгандан кейин қайнона-қайнотани ҳурмат-иззат қилиш, уларга хизмат қилиш у ёқда турсин, ўзлари бўлак ҳолда овқат пишириб, фақат эри, болаларининг кийимларини ювадилар, холос. кўрдим. Айтиб қўяй, бунақа бефаросат, ибо-ҳаё нималигини билмайдиган келинлар икки дунёда ҳам кўкармайди. Шу сабабли, қизларимизга тўғри тарбияни биринчи оиладан бошлайлик.   

Олимжон ИСАБЕКОВ, тадбиркор:

– Эр ҳам, хотин ҳам гўзалликка интилиб яшаши керак. Агар интилиш бўлмаса – иккаласининг нуқсони. Аёл саранжом-саришта бўлмаса – унинг  бир нуқсони. Эр  ишёқмас бўлса – унинг  бир нуқсони. Аёл зийнатланиши керак, зеро халқимиздаги «онангни отангга бепардоз кўрсатма», деган мақол бежиз айтилмаган. Лекин, зийнатнинг ҳам чегараси, меъёри бор, ундан чиқиб кетилса – нуқсон. Ясанишга ортиқча берилиш қалб иллатидандир.

Рисоладаги эр хотинни ҳеч вақт эътиборсиз қолдир­майди. Қолдирса – яна бир нуқсон. Баъзилар ишга, ўзи қизиқ­қан нарсаларга ҳаддан ташқари берилиб кетиб, аёл­ла­рини эсдан чиқариб қўядилар. Бу яхши эмас. Оилавий келишмовчиликларнинг аксарияти эр‑хотинлик алоқалари жойида эмаслигидан келиб чиқишини ҳеч унутмаслик керак.

Хотинига бўлган муҳаббатни сездириш учун эр мулойим бўлиб, унинг сўзларига эътибор билан қулоқ осиб, ҳамфикр эканини изҳор қилиб турмоғи лозим. 

Менинг фикримча, савол: «Рисоладаги келин қандай бўлиши керак?» ва  «Рисоладаги куёв қандай бўлиши керак?» деб қўйилса, маъқул бўлар эди.

Хавазмат ҚЎЧҚОРОВ, нафақадор: 

– Биринчи навбатда келинлар ширинсухан бўлиши керак. Ширинсўз, хушмуомала бўлса, ҳамманинг кўнглидан  жой топиши мумкин.  Иккинчи, ўзига ҳаддан ташқари зеб бермаса, меъёридан чиқмаса, учинчи, кўпчилик келинлар куёвининг  устидан ҳукмронлик қилгиси  келади, айтганини қилдиргиси  келади, у ҳам битта нуқсон. Тўртинчи, фарзандларини қарғаши, бешинчиси, лоқайдлиги. Олтинчиси, ҳозирги кунда жудаям ривожланган ускуналардан биттаси – уяли телефон. 

Ана шу бало кўп оилаларнинг бузилишига олиб келяпти. Келинлар бундай телефонларни умуман ишлатишмаса. Ҳатто дастурхон атрофида ўтирганда ҳам қандайдир тармоқларда ёзишиб ўтирганларининг гувоҳи бўляпмиз. Бу қайнота, қайнонага нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Агар, келинлар мана шу нуқсонлардан фориғ бўлишса, қолган камчиликлар уларга яқин йўламайди. 

Мавзуни очиқ қолдириб, газетхонлардан фикр-мулоҳа­залар кутиб қоламиз.

 

 

Ясмина ҒАНИЕВА, 2017-10-12, 10:54 200
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.