26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Элбоши ва истиқлол

Жамият ҳаётининг барқарор бўлишида юрт тинчлиги, миллатлар­аро тотувлик катта ўрин тутади. Булар умумбашарий қадриятлардир. Уларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш Ватаннинг гуллаб-яшнашига, равнақига, юрт тинчлиги ҳамда халқ фаровонлигига хизмат қилади.

Ҳеч кимга ота-онани, яқинларини танлаш имкони берилмаган. Демак ҳар кимнинг туғилган, киндик қони тўкилган жойи, миллати ва элатидан қатъиназар, унинг Ватани ҳисобланади. 

Ватан – инсон учун муқаддас каъба, олтин тупроқ, уни вояга етказувчи, камолот сари етакловчи, ҳаётига маъно ва мазмун бахш этувчи табаррук саждагоҳдир. У авлодлардан авлодларга қоладиган энг буюк бебаҳо маънавий мерос. Ватанни бежиз онага менгзашмайди, сабаби, волиданг оқ сути билан вужудингга олий инсоний хислатларни сингдирса, Она Ватанинг сени тўрт томондан ўраб турувчи, ҳимояловчи ҚЎРҒОНИНГ, ПОСБОНИНГдир. 

Ватанини кўз қорачиғидай асраган, уни онасидай, фарзандидай эъзозлаган инсонгина буюк ишларга қўл ура олади, ҳаётнинг ҳар қандай қийинчиликларига, синовларига бардош беради ва халқини олий мақсадлар сари етаклайди.

Тангрига беадад шукурларким, бизнинг Элбошимиз ана шундай раҳнамолардан бири. Шу ой бошида нишонланган Тўнғич Президент куни, мамлакат пойтахтининг Ақмўла(Астана)га кўчирилишига 20 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган оламшумул тадбирларда “Назарбаев, Мустақиллик, Қозоғистон, Астана” сўзлари эгиз тушунчалар сифатида такрор-такрор янграгани бежиз эмас. Чунки улар бир-бирини боғлаб, бир-бирини тўлдириб туради гўё. Ҳозир бу сўзларни мамлакатимизни кўрганлар ҳам, кўрмаганлар ҳам айтишяпти. Улар орқали Буюк Дашт элига бўлган ҳурматларини, муносабатларини билдиришмоқда. 

 Бундан 26 йил муқаддам, собиқ Иттифоқ парчаланиб, қардош республикалар тўз-тўз бўлиб кетган, марказга қарам элимизнинг иқтисодиёти нураб турган, улкан корхоналар тўхтаб, ишсизлик ва қашшоқлик авж олган даврда Қозоғистон Республикасининг Тўнғич Президенти Нурсултан Назарбаевнинг Қозоғистон Республикаси Мустақиллиги ҳақидаги декларацияни имзолаши мисли кўрилмаган жасорат, чинакам қаҳрамонлик намунаси эмасми?! Бундай қатъий қарор қабул қилиш учун Элбошимизнинг нақадар улкан жавобгарликни зиммасига олганини бугун англаб етяпмиз.

Нурсултан Абишули ўзининг узоқни кўра билиши, донишмандлиги, ақл-заковати билан мамлакатимизнинг келажагини чамалай олди, бепоён элимизнинг табиий бойликларига, энг муҳими, миллий қадриятларини, ор-номусини ҳамма нарсадан устун қўядиган, тинчликсевар, заҳматкаш, кўп миллатли бўлсада, аҳил-иноқ халқига, унинг қўллаб-қувватлашига ишонди. Ва зиғирча янглишмади. 

Ўтган вақт ичида бутун дунёга танилган, жаҳон ҳамжамиятига ўзини тан олдира билган Қозоғистоннинг бугунги қиёфаси, оламда тутган ўрни, халқининг фаровонлигию иқтисодиётининг кун-бакун мустаҳкамланиб бораётгани, Ер юзидаги энг қудратли 30та давлат сафига кириш учун дадил ҳаракат қилаётгани бунинг далили эмасми?! 

Мустақил мамлакатимиз чегараларининг аниқланиши ва дахлсизлиги, Қозоғистонимизнинг жаҳондаги энг нуфузли БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, ИҲТ, БСТ сингари ташкилотларга аъзо бўлиши, оламдаги муҳим муаммоларга бағишланган саммитлар, музокаралар, анжуманлар, олимпиадаларнинг давлатимизда ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Зеро Қозоғистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни, нуфузи тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Шу ўринда пойтахтнинг кўчирилиши ҳақида бир мисол келтириб ўтмоқчиман. Олатов ён бағридаги жаннатмонанд ўлка – Еттисувнинг кўркам масканида жойлашган мангу ёшлик шаҳри – Алматидан қишнинг аёзи уфуриб турган пайтда табиати қаҳрли, совуқ шамоли тинимсиз гувиллаб турадиган вилоятнинг маркази – Ақмўлага кўчириб, Сариарқанинг маркази – Астанани Қозоғистон Республикасининг пойтахти деб эълон қилганида Элбошимиз Нурсултан Назарбаевнинг бундай мардона қарорини кўпчилик тушунмагани ҳам айни ҳақиқат эди.

Дунёдаги энг чиройли, обод шаҳарлардан бири ҳисобланмиш Алматини қиймай-қиймай янги пойтахтга кўчиб ўтганларнинг ҳам чеҳралари тунд эди ўшанда. 

Уларнинг деярли кўпчилиги ҳадиксираб, шаҳарнинг истиқболига ишончсизлик билан қарар эди. Лекин Элбошига ишонган, уни ҳурмат қилганларнинг: “Юртбошимизга йўлдош бўлайлик, Нурсултан Назарбаев бизни Сариарқа ерига катта умидлар билан бошлаяпти”, деб, ўша пайтда Тўнғич Президентимизни қўллаб-қувватлагани унга мадад бўлди, куч-қувват берди. 

Натижада заҳматкаш халқ ҳам, Элбоши ҳам Сариарқанинг қаҳратон қишини енгиб, янгидан барпо этилган Астанани қисқа муддат ичида бутун жаҳонга танитди. 

Тўнғич Президентимизнинг олдига қўйган мақсади бажарилиб, Сариарқа узра жаҳон андазаларига мувофиқ янги пойтахт қад кўтарди. 

Бу Элбошимиз ҳаётий ғоясининг амалдаги инъикоси, Миллат етакчисининг келажакни аниқ кўра билишига далил эди! Ҳозир буни бутун дунё тан олди. 

Шундан буён йигирма йил ўтди. Астана коинот тезлигида ҳудудини кенгайтираверди, Бош шаҳримиз кун сайин кўркамлашиб бормоқда. Биз биладиган, бутун дунё тан олган аниқ ҳақиқат мана шундай!

Биз бугун машаққатлар эвазига қўлга киритилган Истиқлолимиз билан, Тўнғич Президентимиз билан, тинчлик ва бунёдкорлик рамзи бўлган Астана шаҳримиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди! 

Бугун – ота-боболаримиз асрлар бўйи орзу қилиб келган Мустақиллик куни. Мустақил элимиз навқирон ёшга – 26 ёшга тўлган кун. Ушбу кунда халқ озодлиги ва мамлакат эгаменлиги йўлида жонини фидо қилган ватандошларимиз ёдга олинади, ҳамон мустақилликни мустаҳкамлаш ишқида ёниб юрган элпарварлар эъзозланади, уларнинг буюк хизматлари шарафланади. Бундай фидокорларнинг бошида эса, албатта, Тўнғич Президентимиз Нурсултан Назарбаев боради. Чунки Мустақиллик билан Элбоши бир-биридан ажрамайдиган эгиз тушунчалар! Истиқлол деб аталмиш бинонинг ҳар бир ғиштида Элбошимиз бармоқларининг изи бор.

Бугун биз қанча айтсак ҳам Элбошимизнинг Мустақилликка эришиш йўлида қилган мислсиз меҳнатини таърифлаб, тугатолмаймиз. Бу – поёни йўқ денгиз! Буюк Дашт элининг ҳеч қачон тугамайдиган ҳикояси!

Муқаддас Истиқлол байрами барчангизга муборак бўлсин, азиз ҳамюртлар!

 

 

С. ШАРИФБОЕВА, 2017-12-15, 20:45
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.