26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Нурсултан Назарбаев: “Ватанимиз салоҳияти жануб ҳаётида ёрқин намоён”, деган эди Элбоши бундан бир неча йил муқаддам Шимкент шаҳри зиёлилари билан учрашувда.

Жанубий Қозоғистон вилоятига хизмат сафарларидан бирида Н. Назарбаев Шимкент гарнизонидаги ҳарбий шаҳарчанинг очилиш маросимида иштирок этиб, Қуролли Кучларимизнинг Олий Бош қўмондони сифатида 35748-ҳарбий қисм командири полковник Нурлан Қашағановга Жанговар байроқни топширгани ҳамон ёдимда.

– Бизнинг бугунги амалга ошираётган ишларимиз Қозоғистон келажагини порлоқ этишга йўналтирилган. Ота-боболаримиз асрлар давомида орзу қилган Мустақилликка эришдик. Элимизни бутун дунё мамлакатлари тан оладиган даражага етказдик. Энди ер юзи Қозоғистонни танийди, ҳурмат қилади. Мана шу Мустақиллигимиз бардавом бўлиши учун армиямизнинг қудратини оширмоқдамиз. Жанубдаги ҳарбий бригадалар шунинг далили. Эл бирлиги, тинчлигини ҳимоя қилиш Мустақилликка тенгдош аскарлар зиммасига тушяпти. Қозоғистон ҳар доим эл мустақиллигини мудофаа қилади, – деди Элбоши. – Бугун қуруқликдаги яна бир ҳарбий қисм мардлик ва матонат намунаси – Жанговар байроққа эга бўлди. Давлатимизнинг фуқаролари, сардорлар ва сарбозлар Ватанимизнинг мустақиллигини, унинг ҳудудий яхлитлигини ушбу байроқ остида туриб ҳимоя қилади.

Тантанада Мудофаа вазири А. Жақсибеков Элбошини ҳарбийларнинг жанговар тайёргарлиги ҳамда ҳарбий гарнизоннинг инфратузилмаси билан таништириб, Шимкент гарнизони Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучлари тараққиётида жуда муҳим ўрин тутишини таъкидлаб ўтди. Шу боис ҳам янги ҳарбий қисм замонавий ҳамда энг ишончли жанговар қурол-аслаҳалар билан таъминланган. Элбошига жанговар машиналар паркидаги технологик йўлак элементлари ва мотоўқчилар батальони машқлари амалда кўрсатилди. Ҳарбийлар билан учрашган Элбоши шахсий таркибни қутлаб, Жанговар байроқни ҳурматлашга чақирди.

Шимкент гарнизонидан кейин Давлат раҳбари шаҳарнинг қадимий қисмида барпо этилган “Мустақиллик” хиёбонини томоша қилди. Кўп асрлик тарихга эга шаҳарчанинг ўрни текисланиб, вилоят марказининг энг гўзал масканига айланган хиёбоннинг муаллифи Бақитжан Аширбаев раҳбарлигидаги жамоа. Одатда, кўзни қувонтирадиган табиий гўзалликни Боғи Эрамга қиёслашади. Янгидан фойдаланишга топширилган “Мустақиллик” боғи шу таърифга лойиқ. Дарвозадан кириб борилгач, Қозоғистон тарихини кўз олдингизда гавдалантирадиган композициянинг қаторини Элбошига шу вақтдаги вилоят ҳокими Асқар Мирзахметов ва шаҳар ҳокими Арман Жетписбаев тушунтириб берган эди.

“Мустақиллик” боғининг умумий қиймати – 680 000, 0 минг тенге. Бунёдкорлик ишлари учун маҳаллий бюджетдан 373, 510,0 минг тенге, бизнеснинг ижтимоий масъулияти доирасида 306 490,0 минг тенге маблағ ажратилган. Таъкидлаб айтганда, “Ер-Она” монументи 37 млн. тенгега, фаввора 45 млн. тенгега, “Олтин кўприк” 210 млн. тенгега, “Эл бирлиги” монументи 264 млн. тенгега, қўрғон 56 млн. тенгега, томоша майдончаси 21 млн. тенгега, “Рамзлар” майдони 73 млн. тенгега бунёд этилган.

Тарихий маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, эски Шимкент шаҳри тўққиз йўлнинг чорраҳаси, Буюк Ипак йўли бўйида жойлашган жуда йирик савдо, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий марказ бўлган. Эски шаҳар ўртасидан хосиятли Қўчқор ота ўзани оқиб ўтади.

Хиёбон “Мустақиллик” майдонининг ягона композициясига киради. Чунки, бу ерда жойлашган “Ер-Она” меъморий монументи кенг даламизнинг бепоёнлигини ҳамда халқимизнинг тотувлиги ва тинчлигини намоён этади. Майдони 8,2 га. ни ташкил этган истироҳат марказида “Эл бирлиги” монументи бор. Қозоғистон Республикасини макон этган барча этнос вакилларининг барельефи тасвирланган улкан гранитлардан 137та тик устундан иборат композиция кўтарилиб, чанғароқни ушлаб турибди.

Қозоғистон Республикаси Мустақиллигининг 20 йиллигига мўлжалланган тадбирлар доирасида очилган марказ Шимкент шаҳри фуқаролари ва меҳмонларининг севимли дам олиш ҳамда маданий масканига айланган.

Юқорида қайд қилинган иншоотларнинг барчаси бизнеснинг ижтимоий масъулияти доирасида қад кўтарган.

Истироҳат боғига кўчат ўтқазган Элбоши “Олтин чанғароқ” монументи қошида вилоят фахрийлари ва этномаданият бирлашмаларининг вакиллари билан суҳбатлашди. Улар Қозоғистоннинг бутун дунёда юксак нуфузга эга бўлганини, иқтисодий салоҳияти ортганини айтиб, шундай буюк довонларни забт этган Президентга миннатдорчилик билдиришди.

Учрашувда Н. Назарбаев ёшлар ва фахрийларни элимиз ҳаётидаги муҳим воқеалардан хабардор қилди.

– Қозоғистоннинг ёрқин келажагини мана шу Жанубий Қозоғистон вилоятининг турмушига қараб тасаввур қилишимизга бўлади. Авваллари вилоятда уч-тўрт сменали мактаблар бўлган. Биз саноқли йиллар ичида замонавий мактаблар, болалар боғчалари, касалхоналар қуриб, мураккаб масалаларни ҳал қилдик. Жанубда она ва бола ўлими бурунгидан анча камайди. Одамларнинг умр ёши ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси – элга қилинаётган ғамхўрлик туфайли. Шимкент – чиройли шаҳар. Эрталаб дендробоғни оралаб, кўлни кўриб келдим. Жуда яхши ишлар амалга оширилибди. Мана бу хиёбон қандай гўзал. Астана, Алматидан кейинги Қозоғистоннинг учинчи шаҳри – Шимкент, деб, мен аввал ҳам айтганман. Аҳолиси сони 1 млн.га етиб қолган шаҳарнинг кўркамлиги кўзни қувонтиради. Йил сайин элимизга 67 минг гўдак ҳадя этадиган Жанубдаги бугунги фаровонлик ишларининг кўлами кенг, келажаги зўр, – деди Элбоши.

Шуларни айтаркан, Президент эл бирлиги, тотувлиги, тинчлиги, дин софлиги ҳақидаги фикрларини ўртоқлашди.

– Қозоқ боласининг биргина Ватани бор. У – Мустақил Қозоғистон. – Бироқ юзлаб этнослар ва улуслар айрондек ивиб, бир ёқадан бош, бир қўлдан енг чиқариб ўтирган тинчликни ичдан бузгиси келадиганлар ҳам топилади. Биз дин, эътиқод эркинлигини бердик, шароитлар яратдик. Бироқ, ўйингга келганини қил, демадик. Қозоғистон сиёсатига ёт оқимлар келиб, давлат ишига аралашгиси, эл бирлигини бузгиси келади. Мусулмонларнинг йўли деб, арабларнинг миллий либоси – ҳижобни тарғиб қилгиси келади. Бувиларимиз оқ бош кийим кийган, оналаримиз оқ рўмол тортган. Этак-енги очиқ-сочиқ бўлмаган. Энди, нега биз миллий либосимиздан воз кечиб, ўзгаларнинг чакмонини ёпиниб юришимиз керак. Биз – дунёвий давлатмиз. Ўз миллий ўзгачалигимиз, маданиятимиз, урф-одатларимизга эга, тинч кенг феълли элмиз. Ўзга оқимларнинг тескари ҳаракатларига тўсиқ қўйиб, элнинг тинчлиги бузилишига йўл қўймаймиз. Қозоғистон – кўп элатлар ва улусларга паноҳ бўладиган мамлакат. Миллатлараро тотувлик ва бирликни, тинчликни қадрлайдиган мамлакат. Эл оғалари, ёшлар, сизларга айтарим, эл тинчлигини бузгиси келадиганларга қатъий қаршилик кўрсатинглар.

Учрашувдан сўнг Нурсултан Абишули шаҳар ташқарисидаги “Индустриявий минтақа”га келди. Бу собиқ Фосфор заводи каби йирик ишлаб чиқариш корхоналари жойлашган минтақа. Совет Иттифоқи даврида машҳур завод вақт синовларига дош беролмай, инқирозга учради. Вилоят ҳокими инфратузилмаси, темир йўлига эга, энг асосийси – шаҳардан йироқ, ишлаб чиқариш корхоналарига боп жойни тозалаттириб, индустриявий минтақа барпо этиш учун дастур тайёрлади. Минтақа раҳбари жадаллаштирилган индустриявий-инновациявий тараққиёт дастурини амалга ошириш, “Бизнеснниг йўл харитаси – 2020” дастури бўйича ажратилган маблағдан унумли фойдаланиш, Элбошининг 2010 йилнинг мартида фосфор заводи ҳудудини аслига келтириш топшириғини бажариш мақсадида индустриявий минтақа тузишга қарор қилди.

Давлат раҳбари минтақада амалга оширилаётган темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи сармоявий лойиҳа – “Арт-Қурилиш” МЧБ билан танишди. Лойиҳанинг қуввати йилига 200 минг квадрат метр темир-бетон маҳсулотига тенг. Режаланган иш ўрини 200 одамга мўлжалланган. Лойиҳа қиймати – 900 млн. тенге. Элбоши ишчилар билан суҳбатлашиб, эсдалик учун суратга тушгач, “Феррум-Втор” МЧБ фаолияти билан танишди. Тайёр маҳсулотлар Қозоғистон, Россия ҳамда Туркманистон бозорларига чиқарилмоқда.

Индустриявий минтақадан сўнг Давлат раҳбари Қажимуқан номидаги марказий стадионнинг енгил атлетика манежини ҳам бориб кўрди. Қозоғистонда енгил атлетика манежи йўқ эмас. Аммо, 1972 йилда Қарағандида қурилган спорт мажмуаси замон талабига жавоб бермайди, моддий-техника базаси эскирган. Оқил раҳбарлар ташаббуси билан бунёд этилган енгил атлетика манежи билан бирга 50 метр узунликдаги ёпиқ сузиш бассейни ҳам фойдаланишга топширилди.

Элбоши спортчилар билан учрашувда Қозоғистоннинг енгил атлетикадан насибаси ўртача бўлиб юрганини ёдга солиб, ёш спортчиларга муваффақият тилади. 

– Дунё мусобақаларида ғолиб бўлиб, элимизнинг Мадҳиясини янгратиб, мовий байроғини кўкда ҳилпиратиб, элимиз шарафини ҳимоя қилинглар! – деди Президент.

Жанубий Қозоғистон вилояти бюджети ҳисобидан қурилган ушбу иншоот замон талабларига мос, элимизнинг энг йирик енгил атлетика спорт мажмуаси саналади. 

Жанубий Қозоғистон вилоятининг уч миллиондан зиёд аҳолиси бор. Бу ерда турфа этнос вакиллари аҳил-иноқ яшаб, меҳнат қилмоқда. Она юрт фаровонлигига ҳисса қўшмоқда. 

Бепоён Ватанимиз, шу жумладан Жанубий Қозоғистон вилоятимиз Мустақилликнинг чорак асрини истиқболли йиллар билан тарихга муҳрлаб келмоқда. Истиқлолга эришиш йўли қанчалар оғир бўлса, мустақиллик ҳавосидан нафас олиш масъулияти ҳам шунчалик катта эканлиги аниқ. Истиқлол бизга ҳамма нарсадан ҳам қимматли. Эндиликда барчамиз Ватанимиз учун, халқимиз учун астойдил меҳнат қилмоғимиз керак.

Мухтабар УСМОНОВА., 2017-12-20, 18:53
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.