Давлат раҳбарининг "Тўртинчи саноат инқилоби шароитларида ривожланишнинг янги имкониятлари" Мактуби мағзини қисқача қилиб айтсак, уни "Миллат салоҳиятини кўпайтириш ва турмуш сифатини ошириш", деб таърифлаш мумкин.
Мактубнинг кириш қисмида Президент айнан шу нарсани кўрсатиб ўтади: «Янги технологик тартиб бизнинг ишимиз, ўз фуқаролик ҳуқуқларимиздан фойдаланишимиз ва болаларни тарбиялашимизни тубдан ўзгартиради».
Ахир жаҳонда ҳам, бизда ҳам турмуш тарзи ва тузумни қўя қолайлигу, иқлимдан тортиб озиқ-овқат маҳсулотларигача – ҳамма нарса ўзгармоқда. Бу маконда йўл топиб олиш ёки унга мослашиш учун янги билимлар ва келажакни чамалашга асосланган янгича ёндашувлар керак.
Шунинг учун ҳам янги Мактубнинг диққат марказида ижтимоий кўникмалари ва роллари, интилишлари ва имкониятлари билан Инсон турибди.
Ҳар қандай соҳа: хоҳ иқтисодиёт бўлсин, хоҳ ижтимоий соҳа, хоҳ ҳуқуқни ҳимоялаш фаолияти ёки молия – жамият ва давлат фаолиятининг янги стратегик йўналишларини шакллантиришга ёндашувларнинг асосий мағзи шунда акс этади.
Бундай ёндашув Альберт Эйнштейннинг кўпчиликка маълум «Биз бирорта муаммога олиб келган фикрлаш ва ёндашувни сақлаб қолсак, ҳеч қачон вужудга келган муаммони ҳал этолмаймиз», деган таъкидига жуда тўғри келади. Мактубдаги 10 та вазифанинг барчаси ҳар бир одамнинг «янги олам – Тўртинчи саноат инқилоби оламида муваффақиятли ҳаракат қилиш ва мослашиш» кўникмаларини эгаллаб олишига йўналтирилган.
Бунда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий муваффақиятлари замиридаги ётган фуқаровий тинчлик, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик бизнинг бош қадриятимиз бўлиб қолаверади. Президентнинг ушбу тамойили кўп марта вақт чиғириғидан ўтди ва амалда синаб кўрилди.
Президент яна бир талабига мунтазам содиқ қолмоқда: Тўртинчи саноат инқилоби элементларини кенг жорий этиш ўзи билан бирга ҳам таҳдидлар, ҳам имкониятларни олиб келади.
Ва Мактубда асосий урғу ҳар бир инсон ва фуқаро учун имкониятларга берилган.
Масалан, иқтисодиётни рақамлаштириш натижасида оммавий равишда ишчи кучи бўшатилиши асоратлари ишга жойлаштириш, таълим соҳасини янги саноатлаштириш эҳтиёжларига мослаштиришнинг олдиндан кўрилган ва мувофиқлаштирилган сиёсати ёрдамида бартараф қилинади.
Имкониятлар салоҳиятини янада ривожлантириш корхоналарнинг энергия самарадорлиги ва энергия тежамкорлиги, шунингдек, энергия ишлаб чиқарувчиларнинг экологик тозалиги ва фаолият самарадорлигига талаблар билан бирга боради.
Тикланувчи энергия манбаларига ҳамда 2030 йилга бориб Қозоғистон муқобил энергия манбалари улушини 30 фоизга етказиш шаҳар ва қишлоқларимизни, йирик саноат марказлари аҳолисини шамолсиз аёзли кунлардаги анъанавий қишки заҳарли ҳаводан халос этади.
Аграр фанни ривожлантирмай, аграр университетларда амалда АСКда ишлай оладиган ёки илмий фаолият билан шуғулланадиган мутахассисларни тайёрламай туриб, агросаноат мажмуасида “Ақлли технология”ларни амалга ошириб бўлмайди.
Транспорт-логистика инфратузилмалари самарадорлигини ошириш ва маҳаллий автойўллар шохобчаларини қайта қуриш фуқароларнинг минтақа ичида ҳаракатланишини таъминлайди, мамлакатнинг чекка қисмларига йўл очади, бу эса фуқароларимизнинг турмуш сифатини яхшилайди.
Қурилиш ва коммунал шўъбада замонавий технологияларни жорий этишга йўналтирилган Мактубнинг бешинчи вазифаси тўлалигича фуқароларга ғамхўрликка йўғрилган.
2030 йилгача ҳар бир фуқаронинг уй-жой таъминотини 30 квадрат метргача етказиш нафақат миллионлаб одамлар уй-жой муаммосини ҳал қилади, айни вақтда қурилишнинг янги усуллари, замонавий материаллар, биноларни лойиҳалашда мутлақо янги ёндашувлар ва шаҳар қурилишларини режалаштириш туфайли уй-жойлар сифат даражасини кўтаради.
Бинолар сифати, экологияси, энергия самарадорлигига қўйиладиган юксак талаблар, уларни заковатли бошқарув тизимлари билан жиҳозлаш аҳоли учун бадастурликни оширади, электр энергияси, иссиқлик, сув сарфини камайтиради, фуқароларнинг уй-жойларини қулайроқ, хавфсизроқ ва тежамлироқ қилади.
Зеро, фуқаролар ҳаётининг сифати, энг аввало уй-жойи билан белгиланади.
Шунингдек, молиявий шўъбани қайта янгилаш оддий фуқаролар елкасига юк бўлмайди, уларга нисбатан банкротлик жараёни кўзда тутилган, иқтисодий жавобгарлик банк соҳибларига юкланади.
Бундан ташқари, Миллий банкка эҳтиётсизлик қилган фуқароларнинг бир қисми учун ўткир ижтимоий муаммога айланган валютадаги ипотека кредитлари муаммосини узил-кесил ҳал этиш топширилди.
Самарали давлат бошқаруви, шунингдек, тадбиркорлар ва аҳоли учун давлат бошқарувидаги харажатларни қисқартириш юзасидан ишларни давом эттиришга йўналтирилган. Ушбу соҳани рақамлаштириш “битта ариза” тамойилига кўра алоҳида давлат хизматлари кўрсатишдан мажмуавий хизмат кўрсатишга ўтиш имконини беради.
2000дан зиёд одам яшайдиган туман аҳамиятига эга шаҳарлар, қишлоқлар ва қишлоқ округларида маҳаллий ўзини ўзи бошқаришнинг мустақил бюджети ва коммунал мулкини жорий этиш жойларда турмуш сифатини оширади.
Чунки, бу биринчи навбатда фуқаролар манфаатларига бевосита тааллуқли бўлган маҳаллий ҳамжамиятлар ва аҳолининг долзарб масалаларини ҳал қилади.
Шу билан бирга, бу маҳаллий ўзини ўзи бошқаришни ривожлантиришда салмоқли қадам бўлади ва аҳолининг маҳаллий аҳамиятга эга масалаларни ҳал қилишга жалб этилишини таъминлайди.
Бу борада қишлоқ округлари ва овуллар даражасида, йирик корхоналар жамоаларида тузилган Ассамблея ижтимоий тотувлик кенгашлари фаолияти янги туртки олиши ва аҳоли учун маҳаллий вазифаларни ҳал этишда, давлат органлари билан мулоқотда янги имкониятларга эга бўлиши Қозоғистон халқи Ассамблеяси учун жуда муҳим.
Коррупцияга қарши кураш ва қонун устуворлиги фуқароларнинг Конституциявий ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқ устунлигини таъминлашда ҳал қилувчи мазмунга эга.
Давлат органларининг фуқаролар эътироз ва таклифларини айни вақтида ҳисобга олиш ва жадал чора кўриш жараёнларида замонавий рақамли технологияларни қўлланиши натижасида шунга эришилади. Бунда фуқаролар уларнинг мурожаатлари қандай кўриб чиқилаётганини кўриб боришади ва ўз вақтида сифатли жавоблар олишади.
“Ақлли миллат” учун “Ақлли шаҳарлар” вазифасида Мактубнинг барча вазифалари томчи сувда кўрингани каби мультипликатив самараси билан акс этади.
ЭКСПО–2017 Халқаро кўргазмаси “Смарт Сити” концепцияси асосида шаҳар муҳитини мажмуавий бошқариш қандай ишлашини яққол кўрсатиб берди. Астаналиклар шаҳар муҳити бадастурлик ва қулайликлар томонга нақадар ўзгарганини, ахборий технологияларнинг кундалик ҳаётимизга кириб келаётганини ўзларида ҳис қилдилар.
Шунинг учун Астана тажрибаси асосида “Смарт Сити”нинг “эталон” андазалари шакллантирилади ва энг яхши амалиётларни тарқатиш ва Қозоғистон шаҳарлари ўртасида тажриба алмашиш бошланади.
Тарихга мурожаат этсак, ўз вақтида айнан Астана шаҳар муҳитининг, барча вилоят марказлари учун янги замонавий меъморчиликнинг янги андазаларини берган, Астананинг ўзи бутун Қозоғистон иқтисодиётининг ўсиш нуқтасига айланган эди.
Келажакда ҳам “Ақлли шаҳар”лар Президент лойиҳаси бутун мамлакат ҳудудида минтақавий тараққиёт, инновациялар таралиши ва турмуш сифати ошиши локомотивларига айланиши яққол равшан.
Қозоғистон инсон захиралари ва инсон капитали сифатини кескин юксалтирмай туриб, бу вазифаларни бажариш мутлақо имконсиз.
Шунинг учун еттинчи вазифа – “одам капитали – янгиланишнинг гарови”га барча бошқа вазифаларни ҳал этиш учун негиз сифатида қараш керак.
Мактубда ҳажми жиҳатидан унинг энг катта ўрин эгаллагани ва инсон ва фуқаронинг мамлакатимизда ижтимоийлашишининг янги моделини шакллантиришни таъминлаш, ёшларни янги технологик тартибга ҳозирлашни таъминлаши кўзланган қатор дастурчалардан тузилгани бежиз эмас.
Ва бунда улғаяётган авлодни ижтимоийлаштиришдаги асосий ижтимоий шахсга алоҳида тўхталиб ўтиш зарур.
У, шубҳасиз, муаллимдир.
Инсоният тарихида устозлик азалдан муқаддас мазмун касб этган.
Жамиятнинг ақлий қудрати ва унинг маданий-ахлоқий, одоб имкониятлари ўқитувчиларда акс этган.
Барча жаҳон динларида пайғамбарлар инсониятнинг буюк устозлари бўлишган, улар одамларга маърифат ва юксак маънавий талаблардан дарс берувчи Яратувчининг элчиси бўлган.
Шунинг учун ҳам Президент Мактуби бутун жамиятни, ҳаётнинг иқтисодий ва ижтимоий соҳасини ҳар бир инсонга таълим-тарбия берувчи шахс ва фахрли унвон – Устозга қаратди.
Бу қадамнинг муҳимлигини ҳамма ҳис этаётганди, зеро, ҳар биримиз ўз қалбимизда муаллимларимиз ҳақидаги хотираларни эҳтиром билан сақламоқдамиз.
Фахримиз ва афсонавий қаҳрамонимиз Б. Мўмишулининг қуйидаги сўзлари эсга тушади: “Биз дунёга янги авлодни келтираётган оналарни эъзозлаётганимиздай ушбу авлодни тарбиялайдиган ўқитувчиларни ҳам эъзозлашимиз керак”.
Барча фуқароларни қамраб оладиган ўзимизнинг илғор таълим тизимимизни янги сифатга олиб чиқишда айнан муаллимлар асосий ролни ўйнайди.
Бунинг учун педагогларни ўқитиш ва улар малакасини ошириш, педагогика кафедралари ва факультетларини ривожлантириш вазифаси қўйилган.
Рақамлаштирилган иқтисодиёт шароитида таълимнинг барча даражаларида математик ва табиий фанларни ўқитиш сифати асосий ўрин тутади.
Педагоглар ва ўқитувчилар ижтимоий вазифасини муносиб бажаришлари ва ижтимоий “даражалар жадвали”да муносиб ўрин олишлари учун қатор тадбирлар кўзда тутилган.
Бу, биринчи навбатда, жамият ва давлатнинг таълим тизимига муносабати ўзгариши. Давлат раҳбари таълим соҳасига “ўз сармоявий лойиҳалари ва экспорт имкониятларига эга алоҳида иқтисодиёт тармоғига бўлгани каби муносабатда бўлиш” зарурлигини таъкидлаганди.
Бу шароитларда ўқитувчиларни ижтимоий ҳимоялаш алоҳида аҳамият касб этади. 2018 йилгача таълим ходимлари маоши 29 фоизгача ортди. Ўқитувчи касбининг обрўсини ошириш учун 1 январдан янгиланган таълим мазмунига ўтаётган муаллимлар маошлари яна 30 фоизга кўпаяди.
Бундан ташқари, 2018 йилда тоифалар орасидаги фарқни кенгайтирувчи малака даражасини ҳисобга олувчи янги тоифалар жадвали жорий этилади, шунингдек, категориялар миллий малака тестлари орқали берилади. Натижада, тасдиқланган малакаларга боғлиқ равишда ўқитувчилар маошлари 30-50 фоизга ошади.
Бунинг учун фақат 2018 йилда бюджетдан қўшимча 67 млрд. тенге ажратилади.
Олий ўқув юртларининг академик эркинлигини қонунан тасдиқлаш, уларга таълимий дастурлар яратишда кўпроқ ҳуқуқлар бериш кейинги қадам бўлиши лозим.
Учинчи янгиланиш ва замонавий технологик инқилоб талабларига жавоб берувчи сифатли таълимий муҳитни илгари сураётган Назарбаев университети ва Назарбаев заковат мактабларининг ижобий тажрибаси мазкур қадамнинг зарурлигига далил бўла олади.
Бунинг учун мураббийларни қайта тайёрлаш, Қозоғистон олий ўқув юртларига хорижлик менежерларни жалб этиш, жаҳон университетлари филиалларини очиш бўйича тадбирлар кўрилди.
Шу муносабат билан шаҳар мактабларида жон бошига молиялаштиришни жорий қилиш муҳим, бу таълим муассасалари ўртасида рақобатни кучайтиради ва хусусий капитални жалб этишга имкон яратади.
Таълим-тарбия жараёнига ёндашиш ҳам ўзгаради: болаларни эрта ривожлантириш учун ижтимоий кўникмалар ва мустақил билим олиш кўникмаларини кўзда тутган дастурларнинг ягона андазалари жорий этилади.
Бугунги кунда ўрта таълимни янгиланган таълим мазмунига кўчириш бошланиб кетди ва бу жараён 2021 йилда якунланади. Бу халқаро андазаларга мувофиқ ва Назарбаев заковат мактабларида мамлакатимизга мослаштирилган, Президент Н. А. Назарбаев таъкидлаганидек: “мутлақо янги дастурлар, дарсликлар, андазалар ва кадрлар” демакдир. Улар болаларга жуда зарур фойдали саводхонлик ва танқидий фикрлашни беради.
Барча минтақаларда мактаб педагогларига кўмаклашиш мақсадида ўқувчилар саройлари негизида компьютерлар, лабораториялар, 3D-принтерларни ҳам қўшганда, барча инфратузилмаларига эга болалар технопарклари ва бизнес-инкубаторлари тармоқлари шаклланади.
Бу болаларни кичик ёшидан илмий-тадқиқот ва саноат-технология муҳитига сингдиришга ёрдамлашади, натижада ўзгаришларга доимий мослашиш ва янги билимларни ўзлаштириш қобилиятини ривожлантиришга ёрдам беради.
Шу билан бирга, ижтимоийлашиш тизимининг технократик қисми Қозоғистон ватанпарварлиги, мамлакатимиз барча фуқароларининг бирлиги ва ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга қаратилган “Маънавий янгиланиш” дастурини амалга оширишни давом эттириш билан қувватланиши зарур.
Айнан шунинг учун қозоқ, рус ва инглиз тилларидан эркин фойдалана оладиган қозоғистонликларнинг келажагини таъминлашда ўқитувчиларнинг ўрни ижтимоий ва сиёсий аҳамият касб этади.
Давлат раҳбарининг мамлакатда ва глобал дунёда яшаш ҳамда ишлаш учун зарур даражада уч тилни эгаллашни мамлакатдаги ҳақиқий фуқаролик жамиятининг тўлақонли шаклланиши ва ягона миллатнинг оёққа туриши якунланиши билан боғлагани айни фикрнинг исботидир.
Бугуннинг ўзида мамлакатимиздаги 127 мактаб: 33та “Дарын” мактаблари тармоғи, 20та Назарбаев заковат мактаби, 30та “Билим-инновация” лицейлари ва 44та ўрта гимназия ва мактабда уч тилда таълим берилмоқда.
Фан ўқитувчиларини тил курсларида инглиз тили ва фанни инглиз тилида ўқитишга ўргатиш давом этмоқда.
2016-2017 йилларда 13 252 нафар физика, химия, биология, информатика муаллими малака ошириш курсларини якунладилар, 11 459 нафари таълимни давом эттирмоқда.
Пилот шаклда табиий-илмий цикллар инглиз тилида ўқитиладиган 153 мактаб рўйхати тасдиқланган.
379та мактабда «Биология», «Химия», «Физика», «Информатика» фанларига инглиз тили элементлари киритилмоқда.
Педагог кадрларнинг малакасини ошириш тил, фан-тил курсларининг 12та дастури тасдиқланди.
10-11 синфлар учун инглиз тилида «Биология», «Химия», «Физика», «Информатика» фанларидан таълимий-услубий дастурлар ва дарсликлар ишлаб чиқилмоқда.
Ўқувчиларнинг тил тайёргарлигини тенглаштириш мақсадида мактабларда ёзги тил мактаблари ташкил этилмоқда. 2017 йилги таътиллари даврида республиканинг 2438та мактабида ёзги тил курслари очилди: улардан давлат тилини ўргатадиган 2172та гуруҳ (улардан 770таси қишлоқларда), инглиз тилини ўргатадиган 9412 гуруҳ (2075 таси қишлоқларда).
Устозлар ва таълим тизимининг ушбу улкан иши мамлакатнинг учинчи замонавийлашуви пойдевори, Қозоғистоннинг барча фуқаролари тенглиги ва бирлигининг асосидир.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек: “тарихини, тилини, маданиятини биладиган, айни вақтда замонавий, хорижий тилларни ўзлаштирган, илғор ва глобал кўз қарашларга эга қозоғистонлик жамиятимизнинг идеали бўлиши керак”.
Шунинг учун ҳам Давлат раҳбари Мактубни «Тўртинчи саноат инқилоби бўсағасида турган миллатнинг», янги замон талаб ва синовларига бардош бера олувчи ягона миллат бўлиб жипслашиши масаласи билан якунлагани мантиққа мувофиқ. Бу эса Қозоғистоннинг глобал оламдаги эртанги муваффақиятлари гаровидир.