26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Супрада ҳикмат кўп

Олий ўқув юртида таҳсил олган ҳар бир талаба шу даврни “олтин даврим” дея эслайди. Ҳақиқатан ҳам, шундай экан. Тошкентда энди 1-курсда ўқишни бошлаган даврим эди. Ўзимдан IV курс юқорида ўқийдиган самарқандлик Гулистон опа билан бир хонада тура бошладик. Опа ўта камтарин, ширинсўз, меҳрибон, шу билан бирга жуда тиришқоқ эди. Мени худди синглисидай кўрар ва билмаган кўп нарсаларимни ўргатар эди. Мен опага жуда суяниб қолгандим.

 Қишки сессия тугаши билан Гулистон опамни қўярда-қўймай уйимизга олиб келдим. Ойижоним, акаларим, келинойиларим хурсанд кутиб олишди. Қариндошларим меҳмон қилиб чақиришди. Тошкентга қайтаётганимизда Гулистон опа ойижонимдан мени Самарқандга олиб бориши учун рухсат сўради. 

Шундай қилиб, баҳорда Самарқандга поездда отландик. Гулистон опамнинг нуроний ота-оналари бор экан. Улар бизни очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Эртаси куни Гулистон опа мени кўҳна Самарқанд бўйлаб сайрга олиб чиқди. Неча-неча асрлардан буён жаҳон аҳлининг эътиборини тортиб келаётган Гўри Амир мақбараси, Бибихоним мадрасаси, Регистон мажмуасини зўр завқ-шавқ билан томоша қилдик. Катта таассуротлар билан уйга қайтдик. Келишимиз билан бирин-кетин қўшнилари бизни меҳмон қилиб чақиришди. Уларда удум шундай экан. Бирорта қўшнисиникига меҳмон келса, барча қўшнилар уйига таклиф қилишар экан. 

Мен самарқандликларнинг ширин сўзлиги, меҳмондўстлигига қойил қолдим. Бўш пайтларда кекса ёшдаги онахонлар, турли ёшдаги қизлар, келинлар, аёллар йиғилишиб, давра гурунгларини уюштирар эканлар. Онахонлар ўзбекона удумлар, қадриятларни насиҳат қилиб, ёшлар билан дилдан суҳбат қуришар экан. 

Самарқанд нони ва майизининг таъми ҳали ҳамон оғзимда. Кекса момодан, нима учун Самарқанд нонининг мазаси ўзгача, деб сўрадим. Шу ўринда мен сизларга момодан эшитганим – супра ҳақидаги ҳикматларни баён этмокчиман. 

 Бирорта мусулмон хонадони супрасиз бўлмаган. Супрасиз уй бебарака саналган. Ҳар бир миллатнинг ўзига хос удумлари, урф-одатлари бор. Ана шулардан бири супра билан боғлиқ. Супра – асосан ун элаш учун фойдаланиладиган тўшама. Худди шу оддийгина супрага боғлиқ халқ эъзозлаб, авлоддан авлодга ўтиб келаётган маросимлар, савобу уволлар, тақиқлар мавжуд. Супранинг ҳаётимиздаги ўрни ҳаммамизга маълум. Унда ун эланади, хамир қорилади, ёйилади, умуман хамирдан тайёрланадиган барча таомлар, нонлар супрада ишланади. 

 Удумга кўра, супра унсиз қолдирилмаган, чунки, супрадаги ун-урвоғ билан оиланинг ризқ баракаси ўлчанади, деб тушунилган. Супрасиз оилани хайр-баракасиз, супраси қуруқ оила дейилган. Супрани унсиз қолдирганнинг дастурхони нонсиз қолади, деган гап ҳам бор. Оналар, супрани “Бисмиллоҳ”сиз қўлга олиш мумкин эмас, чунки, супрада таом тайёрланади, бу ишни эса “Бисмиллоҳ”дан бошламасангиз, таомга “шайтон” шерик бўлади, “Бисмиллоҳ” ҳар бир ишнинг баракасини беради, дейишган. Халқимизнинг, супра ҳалол луқма тайёрланадиган дастурхон, шунинг учун ҳам уни қўлга олишдан олдин ҳар бир хотин-қиз ғусл қилган бўлиши шарт, деган гапида ҳам жон бор. Супрада мўлжалланган ишни бажариб бўлган аёл унни ўртага тўплаб, супрани ўзига қараб йиғиштиради. Бу супранинг хайр-баракаси ўзимда қолсин, деган ният экан.

 Тажрибали онахонларимиз, ёш хотин-қизлар супрада иш бошлаган жараёнда уларнинг бошида туриб, супрага тегишли савоб-уволларни тушунтириб, ўргатиб туришган ва ҳар бир хонадонда уни авайлаб, махсус халтага солиб қўйишган. Супра хотин-қизларни тозаликка, ҳалолликка ундаган. Оилада қиз туғилса, унинг қўлчалари биринчи марта супрадаги унга белаб олинган. Бу чақалоқ улғайиб, супранинг баракасидан баҳраманд бўлсин, қўли супрага ёпишсин, оила рўзғорини уддалай олсин, деган маънони англатган экан. Баъзи жойларда келиннинг фотиҳа тўйига куёв томонидан келтирилган қадимий кунжутли, гардиш ёки тегирмон ҳолвалар ҳам супрадаги ун-урвоқ устида серфарзанд, никоҳли аёл томонидан ошпичоқ ёрдамида бўлиниб, дастурхонга тортилган, бозоркулча устига оз-оздан қўйиб, меҳмонларга ҳам улашилган. Супрага тушиб қолган ҳолванинг ушоқлари эса, турмушларингиз ҳолвадай ширин, бахтларингиз оппоқ, дастурхонингиз доимо тўкин-сочин бўлсин, серфарзанд бўлинг, деган мақсадда фақат келин-куёвга едирилган. Ноннинг ушоғи ҳам, урвоқ ҳам нон деган нақл худди шу жараёнда ўринли. Чунки супрадаги ун-урвоғ ҳам ноннинг ушоғи. Ноннинг ушоғини авайлаган ҳалқ ҳеч қачон хору зор бўлмайди. 

Супра билан боғлиқ удумларнинг ҳалқ орасида эъзозланиши табиий. Сабаби, худди мана шу удумларда ҳалқимизнинг ўзига хос қатор ноёб одатлари, қалб маданияти бор. Бугунги кунда қалб маданиятини кўз қорачиғидай асраб, кейинги авлодга етказиш биз, онахонларнинг муқаддас бурчимиз, деб билишимиз керак.

Қурвоной УБАЙДУЛЛАЕВА, “Қорамурт” ижодий уюшмаси аъзоси, 2018-02-07, 18:41
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.