26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Барқарор ривожланишнинг муҳим ҳужжати

Мустақиллик йилларида Қозоғистон Республикасининг Тўнғич Президенти Нурсултан Назарбаевнинг донишмандлиги, вазмин ва оқилона, атрофлича ўйланган сиёсати туфайли Қозоқ эли талай мураккаб босқичларни ортга ташлаб, юксак чўққиларни забт этиб, жаҳонга намуна бўладиган мисли кўрилмаган тараққиёт йўлини босиб ўтди. Халқининг баракали иттифоқи ва миллий иқтисодиётининг жадаллик билан юксалиши натижасида халқаро ҳамжамият олдида юқори обрў-эътиборга эга давлатга айланди. 

Жорий йилда 20 йиллигини нишонлаётган пойтахтимиз – Астана шаҳри мамлакатимизнинг ана шу юксак обрўси рамзи сифатида кўринади. Ушбу шаҳар бугунги кунда жаҳон меъморлик санъатидаги бирдан-бир бетакрор «аср лойиҳасига» айланди. Бинобарин, Астана фақат меъморий кўриниши билангина ғурурланмайди. У жаҳондаги йирик сиёсий-иқтисодий ҳамда маданий-илмий марказлардан бири ҳамдир. Жаҳон даражасидаги турли учрашувлар гўзал Астанада ўтяпти. Астанага қараб бўй чўзаётган юртимизнинг бошқа минтақалари, шу жумладан, Жанубий Қозоғистон вилояти ҳам йилдан-йилга гуллаб-яшнаб бормоқда. Бу – Элбошининг йил сайинги Мактубларида кўрсатилган вазифалар кўнгилдагидай бажарилаётганининг далилидир. 

Ваҳоланки, бугунги ютуқлардан кифояланиб, бамайлихотир ўтирадиган вақт эмас. Доимо олға интилиб, янгиланиб, янгиликка интилмаганларни замон карвони ортга сиқиб чиқариб, ривожланиш йўлидан тойдириб юбориши аниқ. Ҳозирги дунёвий танглик, жаҳондаги сиёсий беқарорлик ва ҳарбий зиддиятлар этагимизни йиғиб, вақт талабига муносиб ҳаракат қилишимиз зарурлигини кўрсатмоқда. 

Қозоғистонни талай сўқмоқлар, тойғоқ кечувлар, чуқур гирдоблардан омон-эсон олиб чиққан Миллат етакчиси – Нурсултан Назарбаев яна бир бор узоқни кўзлаган қарор қабуллаб, дадил қадамлар қўя билди. Элбошининг миллий иқтисодиёт ва ижтимоий-маданий ривожланишнинг барча соҳаларига замон талабига мос келадиган рақамли технологияларни жорий этиш йўлларини белгилаб берган «Тўртинчи саноат инқилоби шароитларида ривожланишнинг янги имкониятлари» номли Қозоғистон халқига Мактубини бунинг далили десак бўлади.

Қозоғистон Президентининг юқори технологияларни жорий этиш борасидаги оқилона қарори – мамлакат иқтисодиётини янги, буюк чўққиларга олиб чиқишига шак-шубҳа йўқ. Мана шундай долзарб даврда туб технологик ислоҳотларни амалга оширишдан бош мақсад – ер юзидаги рақобатбардош давлатлар қаторидан муносиб ўрин олиб, Мангу Элга айланиш. Бу тарихий жавобгарликни бутун мамлакат фуқаролари қатори Жанубий Қозоғистон вилоятининг аҳолиси ҳам чуқур ҳис этмоқда. 

Мактубнинг аҳамияти – унинг тўртинчи саноат инқилоби доирасида ривожланиш омиллари ва унга кўнгилдагидай мослашув стратегиясини белгилаб берганлигида. Ана шундай муҳим ҳужжатда мамлакатимизнинг олдидаги қисқа, ўрта ва узоқ муддатли мақсадлар ҳамда вазифалар аниқ кўрсатилган. 

Ўзингизга маълум, Элбошининг бу йилги Мактуби асосан 10та йўналишдан иборат. Тараққиётнинг 10та йўналишини белгилаб берган ушбу Мактуб – олдиндаги мақсадларимизни тушунтириб берадиган энг муҳим ҳужжат.

Президент Мактубнинг биринчи йўналишида мамлакат иқтисодиётини индустрлаштиришни давом эттириш зарурлигини, ушбу соҳага янги рақамли технологияларни жорий этишда у етакчи бўлиши кераклигини айтиб ўтди. Бу – ўта ўринли фикр. Сабаби, бугунги кунда рақобатга қобилиятли, ривожланган барча мамлакатларда ишлаб чиқариш корхоналари рақамли технологиялар асосида ишлайди. Шу туфайли улар товар ишлаб чиқаришга сарфланаётган ишчи кучи ва энергияни тежаб, унумдорликни имкон қадар орттирмоқда. Демак, бизнинг товар ишлаб чиқарувчиларимиз ҳам янги технологияларни қўлланмаса, халқаро бозорларда рақобатга бардош бера олмайди. Эски технологиялар бўйича ишлаб чиқарилган, таннархи юқори товарларга ҳозир талаб йўқ. 

Умуман олганда, Қозоғистоннинг жадаллаштирилган индустриявий-инновациявий ривожланиш дастури бўйича вилоятимизда умумий қиймати 1,3 трлн. тенгедан иборат 137та лойиҳа амалга оширилмоқда, уларда 18 мингдан зиёд иш ўрини очилади. 2017 йили қиймати 36,4 млрд. тенгега тенг 18та лойиҳа татбиқ этилиб, 1 200та янги иш ўрини очилди. Улар орасида юқори замонавий талабларга мос келадиган “Рахат-Шимкент” МЧБнинг вафли қаламчаларини чиқарадиган заводи, “Химфарм” ҲЖнинг хапдори цехи, “Hill Сorporation” МЧБнинг ишлатилган мойларни регенерациялаш ва консистентли материаллар ишлаб чиқариш заводи ва “Борте Милка” биродарлигининг сут маҳсулотлари заводи сингари корхоналар бор.

Шу билан бирга, 2018 йилда вилоятимизда индустрлаштириш доирасида ўта замонавий 9та лойиҳа амалга оширилади.

Йирик металлургия заводи, қуруқ ёғсизлантирилган сут ва сариёғ ишлаб чиқарадиган завод, трансформаторлар корхонаси, қолдиқларни қайта ишлаш ва штапель газлама чиқарадиган заводни алоҳида кўрсатиб ўтиш мумкин. Шунингдек, қурилиш қоришмаларини ва бетон тайёрлашга мўлжалланган ускуналарни чиқарадиган юқори технологияли корхона ҳам бу йил ишга туширилади. 

Мамлакатимиздаги пахтанинг ҳаммаси Жанубий Қозоғистон вилоятида етиштирилиши маълум. Шу сабабли минтақамиз пахта-газлама саноатининг маркази сифатида қайтадан ривожланиб келмоқда. Унинг далили сифатида “Azala Fabric” МЧБнинг костюмбоп ва жун газламалари ва “Назар текстиль” компаниясининг синтетик калава чиқарадиган фабрикалари бу йил ишга тушишини айтиб ўтиш мумкин.

Юқорида таъкидланган корхоналарнинг барчаси, Элбоши Мактубида айтилганидек, юқори рақамли технологиялар негизида фаолият юритади. Шунингдек, бу йил Шимкент нефтни қайта ишлаш заводи (“Петро Қазақстан Ойл Продактс” МЧБ) ва Чордара сув электр станцияси (“ШарСЭС” ҲЖ)да модернизациялаш ишлари тугалланади. Бу кўрсаткичларнинг ҳаммаси вилоят иқтисодиётига сармоя тортиш йўналишидаги кўламдор ишларнинг натижасидир. Ўтган йили сармоя ҳажми 20,2 фоизга ўсиб, 418 млрд. тенгени ташкил этди. Инвестиция ҳажмини ўстириш борасида вилоятимиз республикада биринчи ўринга кўтарилди.

 Элбоши Мактубида иккинчи вазифа сифатида ресурслардан самарали фойдаланиш, бунинг учун янги технологияларни энергетика соҳасида ҳам жорий этиш масаласи айтилган. Бу айни пайтдаги долзарб масалалардан бири. Сабаби, тадқиқотчиларнинг тахминларига кўра, 2050 йилга бориб, энергетика тақчиллиги туфайли жаҳон иқтисодиёти таназзулга учраши мумкин.

Бугуннинг ўзида кўплаб мамлакатлар “яшил” технологияларни фаол ривожлантиришга ёппасига кўчаётганини инобатга олган ҳолда, яқин келажакда янгиланадиган ресурслар анъанавий энергия манбаларини алмаштириши мумкин, дейишга ҳам бўлади. Давлат раҳбари бу соҳада табиий захиралардан самарали фойдаланиб, энергия манбаларини топиш ва тежашга ундамоқда. ЭКСПО-2017 Халқаро кўргазмасидан кейин шу йўналишдаги ишлар минтақамизда ҳам фаол йўлга қўйилганини биласизлар.

Ўтган йилнинг ўзида Сайрам ва Қазиғурт туманларида гидроэлектр станциялари ишга туширилди. Шимкент шаҳрида эса чиқинди сув қолдиқларидан биогаз ишлаб чиқарадиган Марказий Осиёда ўхшаши йўқ мажмуа фойдаланишга топширилди. Буларнинг ҳаммаси давлат қўллови натижасида амалга ошмоқда. 

Ҳозирги кунда вилоятимизнинг бир қанча туманларида чет эллик сармоядорлар билан биргаликда қуёш нуридан электр энергияси ишлаб чиқарадиган иншоотлар қурилиши олиб борилмоқда. Умуман олганда, вилоятимизда янгиланадиган энергия манбаларининг 14та лойиҳаси ҳаётга жорий этилмоқда. Қуввати 173,3 МВтни ташкил этадиган 10 та лойиҳани 2025 йилгача амалга ошириш режалаб қўйилган. Яшил иқтисодиётни ривожлантирадиган бундай лойиҳалар Элбоши Мактубида кўрсатилган вазифага ҳамоҳанг равишда янгидан суръат олади.

Президент Мактубидаги учинчи вазифасида янги, рақамли технологияларни агросаноат мажмуасига ҳам жорий этиш масаласи айтилди. Ҳозирги пайтда Қозоғистоннинг агросаноат шўъбаси изчил ривожланмоқда. Бинобарин, мазкур соҳани янада ривожлантирмоғимиз лозим. Чунки ҳозир дунёда экология жиҳатидан соф озиқ-овқат маҳсулотларига талаб жуда юқори. Айни пайтда биз ўқув дастурларини янгилаб, агросаноат мажмуасидаги илғор билим ва энг яхши тажрибани ўзлаштиришни илгари сурдик. 

Вилоятимиз аграр минтақа бўлганлиги сабабли, ушбу йўналишда ҳам янги технологияларни жорий этиш ишлари мунтазам олиб борилмоқда. Интенсив боғлар, томчилатиб суғориш, иссиқхоналар йўналишида ҳам янги технологияларни жорий этиш орқали маҳсулдорликнинг юқори даражасига эриша олдик. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, 2017 йилда 212 гектарда иссиқхона барпо этилиб, унинг умумий майдони 1335 гектарга етказилди. Бу – республикадаги барча иссиқхоналарнинг 75 фоизи мана шу минтақада жойлашган, деган сўздир. Томчилатиб суғориш усули эса ўтган йили минтақадаги 8606 гектарда жорий этилиб, шу усулда суғориладиган экин майдони 59 673 гектарни ташкил этган. Ушбу кўрсаткич бўйича вилоятнинг республикадаги улуши 72 фоиз.

Бу кўрсаткичлар янада ўсиб бораверади. Мухтасар қилиб айтсак, жорий йилда 804 гектарда интенсив боғ, 736 гектарда узум, 500 гектарда ёнғоқзор барпо этиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, қўшимча 200 гектарда иссиқхона қурилади ва 7,2 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш усули жорий этилади. 

Бу ишларнинг барчасини бошқаришда асосий мақсадимиз – қишлоқ хўжалиги, шу жумладан озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини кўпайтириш. Умуман олганда, бултур қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ҳажми 522,4 млрд. тенгени ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 2 фоиз ўсди. Вилоят қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг республикадаги улуши 12,8 фоизга етди. Ушбу кўрсаткич бўйича республикада 2-ўринга кўтарилдик. 

Ўтган йили Жанубий Қозоғистон вилояти оқсимдан холи минтақа мақомига эга бўлди. Бу эса минтақада гўшт экспортининг ортишига йўл очиб берди. 2017 йил бошидан бери вилоятдан олис-яқин хориж мамлакатларига 218 тонна мол гўшти, 110 тонна қўй гўшти экспорт қилинди. Бундан ташқари “Ордабасы құс” МЧБ 2017 йилнинг 11 ойида Россия ва Қирғизистонга 20485 тонна курка гўштини жўнатди. Шу билан бирга Эрон Ислом Республикасига маккажўхори ва қўй гўшти етказиб бериш масаласида қизғин иш бормоқда. Айни пайтда Саудия Арабистони, БАА ва Ироқ давлатларига қўй гўшти экспорт қилиш юзасидан шартномалар мавжуд. Хуллас, 2021 йилга бориб, қишлоқ хўжалиги товарлари экспортини камида 3 баравар орттиришимиз керак. 

Жорий йили вилоятда камида уч минг уй хўжаликларини ўз ичига оладиган 102та ширкат қурамиз. 

Президентимиз суғормали ернинг унумдорлигини ошириш борасида махсус топшириқ берди. Вилоятдаги 457 минг гектар суғормали ерни экин суви билан умумий узунлиги 14 минг чақиримдан иборат 20325 канал таъминлайди. Шундан 9 минг чақирими коммунал мулкда бўлиб, 1105 каналнинг 4,6 минг чақирими таъмирга муҳтож. Уч йил ичида таъмирга муҳтож сув хўжалиги иншоотларидан 50 фоизи аслига келтирилади. 

Мактубдаги тўртинчи йўналиш транспорт-логистика соҳасига янги технологияларни жорий этишни кўзлайди. Ушбу йўналишда Президент интеллектуал транспорт тизимини татбиқ қилишни тилга олади. Бу – инфратузилманинг ёрқин келажаги. Замон талабига амал қилган ҳолда сифатли хизмат кўрсатиш, шу билан бирга ортиқча харажатларга барҳам бериш мумкин.

Шу ўринда ўтган йил сўнгида Шимкент шаҳрида “Continental Logistics Shуmkent” номли мультимоделли транспорт-логистика маркази ишга туширилганини айтиб ўтиш жоиз. 

“Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой” катта йўлига ҳамда халқаро темир йўлга яқин жойлашган бу марказ шарқ-ғарб, жануб-шимол товар оқимига хизмат кўрсатади. Қуруқ ва иқлими мўътадил юк омборлари, контейнер терминали, божхона расмийлаштириш ҳудуди ва ёрдамчи биноларга эга марказ йилига 1 миллион тонна юк ўтказишга қодир.

Ушбу соҳани янада ривожлантириш учун 2015-2019 йилларга мўлжалланган “Нурли йўл” инфратузилмани ривожлантириш давлат дастурига асосан транспорт инфратузилмасини янгилашга доир чора-тадбирлар ўтказилмоқда.

Давлат ана шу дастур доирасида транспорт соҳасида 15та инфратузилмавий, шу жумладан автойўллар соҳасида 11та, темирйўл транспорти соҳасида 3та ва фуқаро авиацияси соҳасида 1та лойиҳани амалга оширишни мўлжалламоқда.

Бугунги кунда Қозоғистон орқали бир неча трансконтинентал даҳлиз ўтади. Улар ичида Жануб минтақаси учун “Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой” транзит йўли алоҳида аҳамиятга эга. Интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш мақсадида “Смарт Сити” лойиҳаси доирасида Шимкент шаҳрига кираверишдаги етти жойда оғир вазнли юк транспортини назорат қилиб туриш учун махсус тарозилар ва арк қуриш тавсия қилинди.

Мазкур тадбир амалга оширилгандан сўнг вилоят миқёсида ўта оғир вазнли транспорт воситаларининг юк ортиши созланиб, маҳаллий йўлларнинг бузилиши камаяди ва транспорт-логистика инфратузилмасининг самарадорлиги бирмунча ошади. 

Жанубий Қозоғистон вилоятида 2017 йили 1543,3 чақирим йўл таъмирдан ўтиб, натижада таъмирланган йўл узунлиги 2016 йилдагига қараганда 58,5 фоизга ортди. 

Маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўллари тизимини аслига келтириш мақсадида бюджетдан 2017 йилда 9,8 млрд. тенге ажратилган бўлса, 2018 йилда 19,7 млрд. тенге кўзда тутилди. Бўлинадиган маблағ миқдори йил бўйи ошириб борилади. Бу Мактубда қўйилган, республика бўйича 150 млрд. тенге маблағ зарур, деган талабнинг 13,1 фоизини ташкил этади. Яъни вилоятимизда автомобиль йўллари соҳасига бўлинадиган маблағни кўпайтиришга доир талаб тўлиқ бажарилди, дейиш мумкин. 

Мактубдаги бешинчи йўналиш – қурилишга ва коммунал шўъбага замонавий технологияларни жорий этиш бўйича ҳам минтақада фаол иш олиб борилмоқда. Мамлакатимизда давлат қўллови натижасида уй-жой қурилиши ҳажми йил сайин ортмоқда. 2017 йил бошида “Нурли ер” уй-жой қурилиш дастури жорий этилди. Унинг доирасида вилоятимизда 721 минг квадрат метрни ташкил этадиган жами 7 500га яқин квартира берилди. Бу 2016 йилдагидан 36 фоиз кўпдир. Уй-жой ҳажмининг кенгайиши ана шу соҳага сармояларнинг кўпроқ тортилиши билан таъминланди. Ушбу дастурни яна давом эттириш мақсадида замонавий технологиялардан фойдаланиш вазифаси турибди. 

Мактубнинг олтинчи йўналиши мамлакат молия тизимининг фаолиятини такомиллаштириш масаласини қамраб олган. Банк капитали ҳисобидан мамлакат иқтисодиётини молиялаштиришдан ташқари жамғарма бозори орқали молиялаштириш механизми ҳам муҳимдир. Элбоши, айниқса, мамлакат бизнесини қуйи фоизли кредитлар билан қўллаш вазифасини юклади. Вилоятдаги тадбиркорлик соҳанинг имтиёзли насияга иштиёқи баланд. Бу борада “Максимум” минтақавий молия маркази орқали 8 млрд. 312 млн. тенге билан 2342та лойиҳа молиялаштирилди. Натижада 4 618 иш ўрини очилди. Умуман олганда, ўтган йили минтақа аҳли банклардан 299,4 млрд. тенге олган бўлса, шундан 43,9 млрд. тенгеси кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллашга йўналтирилган. 

Ўзингизга маълумки, еттинчи йўналиш – одам капитали – жамиятнинг салоҳиятини белгиловчи асосий омиллардан бири. Одам капиталини ривожлантириш масаласи доимо мамлакат сиёсий раҳбарияти қабул қилган давлат ва жамиятни ривожлантириш стратегиясининг, шунингдек, аниқ иш-ҳаракатларни белгилаб берадиган концепциявий ҳужжатлар ҳамда иш-ҳаракатларнинг негизи бўлди. 

Элбошимиз ўзининг нутқларида, мақола ва китобларида “барқарор иқтисодий ривожланишнинг негизи ва инновациянинг асосий ҳаракатлантирувчиси” сифатида қараладиган одам капиталининг сифатли ўсиши учун мамлакатда барча керакли шарт-шароитларни яратиш зарурлигини бир неча бор таъкидлаб ўтди. Жаҳондаги банк кўрсаткичларига қараб, дунёдаги давлатлар миллий бойлигида одам капиталининг улуши юқори эканлигини кўриш мумкин. Дунёдаги 192та давлат миллий бойлигида хусусий капиталнинг улуши 16 фоизни, табиий захиралар 20 фоизни, одам капитали эса 64 фоизни ташкил этади.

Одам капиталининг сифати таълим сифатига бевосита боғлиқ. Шунинг учун олий таълим тизимида сунъий интеллект ва “катта маълумотлар” билан ишлаш учун ахборий технологиялар асосида билим олган битирувчилар сонини кўпайтириш зарурияти вужудга келди. 

Шу муносабат билан Жанубий Қозоғистон вилоятида ҳам таълим соҳасига алоҳида кўнгил бўлинаётганини айтиб ўтмоқ жоиз. Вилоятда биринчи навбатда ҳал этишни тақозо этадиган устувор вазифалардан бири ҳалокатли, уч сменали, мослаштирилган мактабларга барҳам бериш ҳисобланади. Шу билан бирга вилоятда туғиш кўрсаткичи юқорилигини ҳам инобатга олиш лозим. Ўтган йили 78 810 чақалоқ туғилса, 73 417 бола мактаб остонасидан ҳатлади. Болалар сони йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Шундай экан, вилоятда ҳар йили ўрта ҳисобда 40та макатаб қурилиши олиб борилиши керак. 

Чунончи, 2017 йили 29,8 млрд. тенгега 82та таълим муассасаси қурилиши юритилиб, йил охиригача 32таси битказилди. Шу жумладан 8та ҳалокатли ва 13та уч сменали мактаб масаласи ижобий ҳал этилди. Қолган 12та ҳалокатли ва 12та уч сменали мактаб масаласини жорий йилда ҳал этишни режалаб қўйганмиз. 2018 йилда 63та иншоот қурилишига 14,4 млрд. тенге ажратиш мўлжалланмоқда. Йил сўнгигача 50та таълим муассасасининг янги бинолари битказилади.

Вилоятда 140та мактабгача таълим муассасаси очилиб, уларда 14 мингга яқин ўрин ташкил этилди. Болалар боғчаси билан қамраб олиш даражаси 87,1 фоизга етди. Жорий йил охиригача ушбу кўрсаткични 90 фоизга етказиш кутилмоқда. 

Элбоши Мактубда мамлакатимизнинг ҳозирги соғликни сақлаш иши қимматга тушадиган ётқизиб даволашга эмас, аслида касалликнинг олдини олишга йўналтирилиши кераклигига урғу берди. Шунингдек, нафи оз ва давлат учун харажати кўп диспансерда даволанишдан асосий сурункали касалликларга масофадан туриб ташҳис қўйишни қўлланиш орқали бошқаришга, худди шундай ташқаридан даволаш йўлига ўтган маъқул, деган фикрни олға сурди. 

Шу билан бир қаторда онкология касалликларига қарши курашиш учун мажмуавий режалар қабуллашни, илмий онкологик марказ қуришни алоҳида топширди. Элбоши аҳолини ўйлантириб қўйган мажбурий ижтимоий тиббий суғурта тизимига ҳам босқичма-босқич кўчиш кераклигини эслатиб ўтди.

Жанубий Қозоғистон вилоятида Мактуб юклаган ана шу вазифаларни бажариш йўлида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. 2017 йилда умумий қиймати 6,8 млрд. тенгедан иборат, бир сменада 500 одамни қабул қилиш имкониятига эга 4та поликлиника (Мақтааралда –2та, Сайрамда –1та, Кентовда – 1та) қурилиши бошланди. Жорий йилда уларни битказишни мўлжаллаяпмиз. 

Бундан ташқари, 600 млн. тенгега янгидан 20та тиббиёт пункти ўрнатилди. Жорий йилда яна 67та тиббиёт бекатини фойдаланишга топширишни режалаштириб қўйдик. Шу билан бирга тиббиёт муассасалари учун 1,9 млрд. тенгега компьютер харид қилиниб, улар тўлиқ таъминланади.

Ўтган йил натижаларига назар ташласак, вилоятда соғликни сақлаш соҳасининг асосий кўрсаткичлари бирмунча яхшиланганини сезамиз. Чунончи, оналар ўлими кўрсаткичи 35,1 фоизга, чақалоқлар ўлими 3,4 фоизга, сил туфайли ўлим 8 фоизга камайди.

Мактубда айтилган саккизинчи вазифа – давлат бошқарувининг самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш масалалари ҳозирги вақтда алоҳида аҳамият касб этади. Жаҳон тажрибаси ҳар қандай ҳукуматнинг ўз давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга интилишини кўрсатади.

Элбошининг жиддий эътибори уюшган жиноятчиликни йўқотишга қаратилганини тўққизинчи вазифада кўра оламиз. Уюшган жиноятчилик даражасини пасайтиришнинг муҳим чораси – аҳоли ва бизнес билан ўзаро ҳаракатларни ҳам қўшганда, давлат органларида олиб бориладиган жараёнларни рақамлаштириш ҳисобланади.

Ҳозирги кунда бу соҳада ижобий ўзгариш бор. 2018 йилдан бошлаб мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Электрон бошқарувининг ривожланиши индексида 48 поғонага, яъни 81-ўриндан 33-ўринга кўтарилди. Давлат хизматини электрон шаклга алмаштиришга доир ишлар ва рақобат муҳитини уюшган жиноятчиликни йўқотишнинг бош омили сифатида жонлантиришга ўз улушимизни қўшишимиз керак. 

Мактубда айтилган ўнинчи йўналиш “Ақлли шаҳар” лойиҳаларини амлга оширишга тааллуқлидир. Халқаро тажрибага кўра “Ақлли шаҳар” тизими шаҳардаги кўчаларни ёритишга сарфланадиган электр қувватини 60 фоизга, коммунал тармоқни ва иситиш хизматларини 30 фоизга, электр қувватига кетадиган ҳисоблагичларни 26 фоизгача арзонлатиш имконини беради. 

Астанада ўтган ЭКСПО-2017 халқаро кўргазмасидан кейин Қозоғистон “Ақлли шаҳар”га мўлжалланган “яшил” технологияларни жорий этишни ҳамда ривожлантириш ишини давом эттиришни йўлга қўйди. 

Ҳозирнинг ўзида Астанадаги халқаро кўргазмада кўрсатилган 105та хориж ва 28та мамлакат технологияси саралаб олинди. Бу технологиялар орасида энергияни тежаш, сувни тозалаш, янгиланган энергия манбаларини корхоналар ва “Ақлли шаҳарлар”да қўлланиш технологиялари устун бўлди. 

Ҳукуматнинг “Smart Citi” лойиҳасини жорий этиш режасида мамлакатимизнинг йирик бешта шаҳри бор – Астана, Алмати, Шимкент, Қарағанди ва Ақтўбе. Ақлли шаҳарнинг асосий хусусиятлари – қулайлик, хавфсизлик, самарадорлик ва экологик тозалик ҳисобланади.

Миллат етакчиси ушбу Мактубининг ўзаги технологиялаштириш ва рақамлаштиришга қанчалик бағишланмасин, унда маданият ва маънавият масалалари ҳам эсдан чиқмаган.

Президент “Миллатнинг салоҳиятини кучайтириш учун маданиятимиз ва мафкурамизни янада ривожлантиришимиз керак. “Маънавий янгиланиш”нинг мазмун ва моҳияти ҳам ана шунда. Ўз тарихини, тилини, маданиятини биладиган, шунингдек, замонага муносиб, чет тилларини ўзлаштирган, илғор дунёқарашга эга қозоғистонлик жамиятимизнинг идеалига айланиши керак”, дейди.

Элбошимизнинг “Маънавий янгиланиш” дастурида қозоқ халқининг ўтмиши, халқ бўлиб қолиши, миллат бўлиб жипслашишини келгуси авлодларга етказиш аниқ кўрсатилган. Президент мақоласида баён этилган вазифаларни бажаришга жанубийқозоғистонликлар ҳам муносиб улушларини қўшмоқда. “Туғилган юрт” дастури доирасида умумий қиймати 31,5 млрд. тенгени ташкил этадиган 577та лойиҳа йўлга қўйилди. 

Бизнинг қўлловимиз билан суратга олинган “Көне жетігеннің сыры” номли ўн серияли фильмнинг тақдимоти яқиндагина ўтди. Шу билан бирга маънавий янгиланиш доирасида илк бор тарихий-таълимий “Куч отаси – Ҳожимуқон”, “Ўтрорни ҳимоя қилиш”, “Муқаддас Қазиғурт” анимация фильмлари тайёрланиб, томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди. 

Элбоши айтган Қозоғистоннинг муқаддас жойлари харитасига Жанубий Қозоғистон вилоятидан 35та иншоотнинг қўшилишини ҳам ифтихор билан айта оламиз. Шунингдек, қозоқ тилини лотин имлосига кўчириш борасидаги Элбошининг ташаббуси ҳам амалга ошмоқда. Бу – Қозоғистон халқини маданиятли оламга, замонавий билим, фан ва технологияларга яқинлаштирадиган тарихий танловдир. 

Мактубда технологик ривожланишга усутувор берилди, деб Элбошининг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” дастурий мақоласида айтилган вазифалар четга суриб қўйилмаслиги керак. Сабаби, фуқаролари ҳалол, бирлиги мустаҳкам, ёшлари ватанпарвар, руҳи баланд халқгина ўз мамлакатининг иқтисодиётини ривожлантириб, дунёвий рақобатга бардошли давлат қура олади. Демак, технологиялардан ҳам орқада қолмай, инсоний қалбимиз билан миллий асосларимиздан, миллий кодимиздан узилиб қолмай, тарози посангисини тенг ушлаган ҳолда ривожланишимиз керак.    

Жансейит ТУЙМЕБАЕВ, Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими, 2018-02-10, 09:53
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.