26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
“Президентнинг бешта ижтимоий ташаббуси” Нурсултан Назарбаевнинг халққа мурожаати

Муҳтарам қозоғистонликлар! 

Март ойининг Мустақиллик тақвимида ўзига хос ўрни бор. Биз кўкламнинг илк кунини “Шукрона куни” сифатида нишонлаймиз. Шу билан бирга бу кун – Қозоғистон халқи Ассамблеяси ташкил этилган кун. Улуснинг улуғ куни – Наврўз байрами ҳам мана шу баракали ойнинг ичида. Қадрли аёлларимизни ҳам март ойида муборакбод этамиз. Бу эзгу саналарнинг барчаси Қозоғистон халқини бирлаштиради. “Маънавий янгиланиш” дастури ҳам шунга йўналтирилган. 

Биз элнинг бирлиги ва мамлакатнинг оқилона сиёсати туфайли барча синовлардан обрў билан ўтдик. Эл эгаси – қозоқ халқи атрофида жипслашган барча этнослар буни юқори баҳолайди. Бугунги кунда Алмати, Ғарбий Қозоғистон, Жамбил ва Жанубий Қозоғистон вилоятларида “Қозоқ элига минг ташаккур” монументлари барпо этилган. Бу ёдгорликлар бошларига иш тушганда бағрига босган қозоқ эли ва ерига миннатдорчилик белгиси сифатида элимиздаги турли этник гуруҳлар ташаббуси билан бунёд этилди. Қозоқ халқи ҳам уларга миллий тарихимизга кўрсатган улкан эҳтироми учун ўз миннатдорчилигини билдиради. 

Бундай ўзаро ҳурмат ва ишонч элнинг бузилмас бирлигига асос бўлса, эзгу тадбирлар халқимизнинг кенг феъллиги ва очиқ кўнглининг ёрқин кўринишига айланмоқда. Яхшиликни ёдда сақлай олган элнинг руҳи ҳамиша юксакларда бўлади. Замонавий Қозоғистоннинг тараққиётига ҳар бир ватандошимиз ўз ҳиссасини қўшмоқда. Мен этномаданият бирлашмаларига ҳам алоҳида миннатдорчилигимни билдираман. Барчамиз биргаликда ўта мураккаб, турфа замонлардан ўтдик. Мустақилликнинг тақдирини ҳал этувчи сонияларда мени ҳамиша қўллаган халқимга ҳам олқишимни айтаман. Ўтган сайловларнинг барчасида халқимиз мени бир овоздан қўллаб, сайлади. 

Мен учун энг улкан мукофот – мана шу!

Элимнинг қўллови иш бобида менга куч берди, қувват берди. Халқимнинг ўз келажагига ишонч билан қараши учун меҳнат қилдим, ҳозир ҳам, келажакда ҳам ушбу мақсад йўлида ишлайвераман. Шу сабабли, бугун Қозоғистон Республикаси Парламентида янги ижтимоий ташаббусларни кўтариб, халққа мурожаат этмоқдаман. 

Бу қадам анчадан бери ўйимда юрган эди. Бироқ Қозоғистон аввал куч, хазинасига маблағ тўплаб олиши, қувватли элга айланиши лозим эди. Мана, шундай кун келди! Бу – жамиятимиз бирлигини мустаҳкамлаш учун аниқ ишларга астойдил кўчадиган вақт. Биз уни улкан ижтимоий лойиҳаларни рўёбга чиқариш орқали амалга оширамиз. Давлат ана шундай тадбирларни йўлга қўяди. “Қозоғистон – умумий уйимиз”, деган ғоя янги мазмун билан тўлдирилиши зарур. Янги таклифларнинг муҳимлигини ҳисобга олиб, мен ҳар бир қозоғистонликнинг аҳволини янада яхшилай боришга йўналтирилган янги ижтимоий ташаббусларни сизлар билан бирга муҳокама қилиш учун Парламент палаталари ва Ҳукуматнинг бирлашган мажлисини чақиртирдим. 

Лўнда қилиб айтиб қўя қолай: бугун айтиладиган таклифларнинг барчаси – пухта ҳисоб-китоб қилинган дастур. Бу элнинг эзгулиги йўлидаги фойдали, шу билан бирга оптимистик лойиҳа. Мен ривожланган Қозоғистон – энг аввало, давлати, ўзини ҳимоялаб, қўллаб, ғамхўрлик қилишини сезадиган, ўз навбатида, элини бажонидил севиб, ўзларига ишонган одамлардан иборат, деб биламан. Шу сабабли биз бугун янги, кўламдор ижтимоий лойиҳаларга йўл очамиз. 

Қимматли дўстлар! Биз бугун ижтимоий янгиланиш йўлида янги, салмоқли қадам ташлашга тайёрмиз. Мен Президентнинг беш ижтимоий ташаббусини таклиф қиламан.

Биринчи ташаббус: “Ҳар бир оилага бошпана олишнинг янги имкониятларини бериш”. 

Биз сўнгги йилларда қозоғистонликларнинг бошпана олиш имкониятларини кенгайтириш учун кўп ишларни амалга оширдик. 2017 йилда 11,2 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди. Бу – рекорд кўрсаткич! Шунга қарамай, бунинг ўзи кам. Бугунги кунгача кўплаб оилалар бошпанасиз қолмоқда. Бу – алоҳида ижтимоий мазмунга эга муаммо. Уй-жой ипотекасига кўпчиликнинг эришиши орқали бу муаммони ҳал қилиш лозим. Ишлаётган ҳар бир одам насияга квартира сотиб олиб, уни оила бюджетининг имкониятлари доирасида тўлай оладиган бўлиши учун арзон захиралар тақдим этадиган дастаклар лозим. Мен “7-20-25” дастурини таклиф қиламан. Меҳнат қиладиган ҳар бир қозоғистонлик қуйидаги шартлар асосида тенгеда насия олиш имконига эга бўлади: Насия устамаси ҳозиргидек 14-16 эмас, йиллик 7 фоиздан ошмаслиги лозим. Ҳозир банклар дастлабки тўлов сифатида уй-жой қийматининг 30, баъзан 50 фоизини тўлашни талаб қилса, бу дастурга кўра у 20 фоиздан ошмаслиги зарур. Насия олувчининг ойлик тўловини камайтириш мақсадида уни ойлик тўлаш муддатини 10-15 эмас, 25 йилгача чўзиш даркор. Бунинг учун Миллий банк, иккинчи даражали банклар ва Жамғарма имкониятларидан фойдаланиш зарур. Миллий банк камида 1 триллион тенге жалб этувчи махсус компания ташкил қилади, у маблағни банкларга юқорида тилга олинган шартлар асосида бериладиган янги ипотека насияларини сотиб олишга сарфлаши лозим. Дастурнинг амалга оширилиши уй-жой қурилишига кучли туртки беради. Натижада, миллионлаб қозоғистонлик учун уй-жой олиш имконияти ортади. Шу билан бирга бу иқтисодиётнинг, кичик ва ўрта бизнеснинг ривожланишига хизмат қилади, янги иш ўринларини барпо этади. Кўплаб фуқароларнинг орзуси рўёбга чиқади!

Иккинчи ташаббус: “Маоши кам ишчиларнинг меҳнат ҳақини ошириш учун солиқ миқдорини камайтириш”. 

Қиёсий турда маоши паст қозоғистонликларни қувватлаш учун 2019 йилнинг январидан бошлаб улардан олинадиган солиқ миқдорини 10 марта камайтириб, 1 фоизгина солиқни қолдиришни таклиф этаман. Ойлик ҳисоб кўрсаткичининг 25 бараваридан кам маош оладиганларга солинадиган даромад солиғини камайтириш орқали уларнинг солиқ юкини енгиллатиш зарур. Шу тарзда солиқни озайтиришдан тежаладиган маблағ маошни кўпайтиришга харжланади. Натижада, элимиздаги барча ёлланма меҳнаткашлар камида учдан бир қисмининг, бу 2 миллиондан ортиқ одам, маоши иш берувчига қийинчилик туғдирмасдан ортади. Келажакда Ҳукумат даромад солиғини белгилашда прогрессив шкала киритиш имкониятини тадқиқ этиши лозим. 

Учинчи ташаббус: “Олий таълим олиш имконияти ва сифатини ошириб, студент ёшларнинг ётоқхонадаги аҳволини яхшилаш”. 

Ҳозир элимиздаги олий ўқув юртларида 530 мингдан зиёд ёшлар таҳсил кўрмоқда, уларнинг 30 фоиздан кўпроғи давлат ажратган грант асосида таълим олмоқда. Олий таълимнинг оммабоплигини ва сифатини ошириш учун қуйидаги тадбирларни таклиф этаман. Ҳозир йилига ажратилаётган 54 минг грантга қўшимча равишда 2018-2019 ўқув йилида яна 20 минг грант ажратиш лозим. Шундан 11 мингги техник ихтисослар бўйича бакалаврлар таълимига тегишли бўлади. Бу тўртинчи саноат инқилоби шароитида янги иқтисодиётда улкан эҳтиёжга эга кўплаб мутахассисларни тайёрлашга имкон беради. Аввало инженерлар, ахборот технологиялари, робот техникаси, нанотехнологиялар соҳасида мутахассислар тайёрлаш ҳақида гап кетмоқда. Бу ҳам ёшларга давлат ғамхўрлигининг ёрқин кўриниши. Шу билан бирга, техник ҳамда қишлоқ хўжалиги ихтисослари бўйича барча олий ўқув даргоҳлари грантларининг қиймати миллий олий ўқув юртлари грантлари даражасига кўтарилиши зарур. Мазкур тадбирлар ўрта мактаб битирувчиларини олий таълим билан бирмунча кўпроқ қамраб олишга имконият яратади. Бу – жаҳон миқёсида кузатилаётган тренд. Шу билан бирга инсон захираларига киритилаётган улкан сармоя. Биз оламнинг андазаларига мос таълим бериш тизимини шакллантирарканмиз, талабаларнинг билим олишига ва бошпана шароитларини яхшилашга тегишли эътибор қаратишимиз керак. Бу вазифани ҳал этиш учун олий ўқув юртлари, коллежлар ва девелопер компаниялар давлат-хусусий ҳамкорлиги қоидаси асосида ётоқхоналар қуришни бошлаши зарур. Давлат ўз томонидан Таълим ва фан вазирлиги орқали ётоқхона қурилишига харжланган сармоялар маълум бир қисмининг аста-секин қайтарилишини кафолатлайди. 2022 йилнинг охиригача талабалар учун камида 75 минг ўринли янги ётоқхоналар қуришни топшираман. Бу келгуси йиллардаги эҳтиёжни ҳам ҳисобга олган ҳолда, ётоқхона етишмовчилигини узил-кесил ҳал қилади. 

Тўртинчи ташаббус: “Кичик насиялар беришни кўпайтириш”. 

Ўз-ўзини иш билан таъминлаётганлар орасида оммавий тадбиркорликни ривожлантириш учун амалга оширилаётган ишлар доирасида имтиёзли кичик насия бериш ўта муҳим дастак ҳисобланади. 2017 йилда қиймати жами 32 млрд. тенге миқдорида 7200та кичик насия берилди. Бинобарин, “Бастау Бизнес” лойиҳаси бўйича таълим олган яна 5 минг одам ўз ишини бошлаши учун кичик насия ололмади. Шунинг учун, 2018 йили қўшимча 20 млрд. тенге ажратилиб, кичик насияларнинг умумий қийматини 62 млрд. тенгега етказишни топшираман. Натижада, кичик насия оладиганлар сони 2017 йилга нисбатан 2 баравар ортиб, 14 минг кишига етади. Бу ишни келгуси йилларда ҳам фаол давом эттириш зарур. Ташаббуснинг минглаб одамларга ўз ишини очишга имконият бериши муҳимдир. Бу, айниқса, овул ва қишлоқлар учун, қишлоқларда тадбиркорликни ривожлантириш учун алоҳида аҳамияткасб этишини таъкидлагим келади. 

Бешинчи ташаббус: “Мамлакатни табиий газ билан таъминлашни давом эттириш”. 

Элимизда газ ишлаб чиқариш Мустақиллик даврида 8дан 52 млрд. куб метргача ортди ва ўсишда давом этмоқда. Ҳозир мамлакатимиз аҳолисининг 50 фоиздан зиёди табиий газ билан таъминланган. 9 вилоятга газ тортилган. Шунга қарамай, элимизнинг марказий ва шимолий минтақаларига ҳали ҳам “зангори олов” етиб бормаган. Биз Қараўзек (Қизилўрда вилояти) – Жезқазған – Темиртау – Астана йўналишида магистрал газ қувури қуриш лойиҳасини амалга оширишимиз лозим. Унга, тегишлича маблағ, шу жумладан, халқаро ташкилотлардан ҳам, жалб этиш зарур. Бу 2,7 миллион одамни газ билан таъминлаш учун кичик ва ўрта бизнесда янги корхоналар барпо этишга имконият беради. Айни вақтда экология яхшиланади. Газга кўчиш фақат Астананинг ўзида ҳавога заҳарли чиқиндиларнинг тарқалишини 6 баравар, ёки йилига 35 минг тоннага камайтиради. Бу лойиҳани юзага чиқариш бошқа минтақаларни ҳам газ билан таъминлашга имкон беради. 

Президентнинг беш ташаббуси мана шулар. Уларни рўёбга чиқариш янги иш ўринларини барпо қилишга, шу орқали эл иқтисодиётининг ривожланишига йўл очади. Ҳукумат ва Миллий банкка ташаббусларни амалга оширишнинг ҳар томонлама мақбул дастакларини ишлаб чиқишни топшираман. Парламент депутатларидан қонунларга тегишли ўзгаришларни ўз вақтида киритишни сўранаман. Ташаббусларнинг ўта муҳимлигини инобатга олсак, уларни самарали амалга ошириш йўллари кенг муҳокамани тақозо этади. Халқ ва бизнес вакиллари орасида тушунтириш ишларини юритиш ҳам муҳим. «Нұр Отан» партияси халқимиз учун аҳамиятли ушбу чора-тадбирларнинг маромида бажарилишини ўз назоратига олади. 

Ҳурматли ватандошлар! Давлатнинг янги қадамлари барча қозоғистонликларга, элимизнинг барча фуқароларига ижобий таъсир кўрсатади. Жамият ўз тақдирини Қозоғистон билан жипс боғлаб, келажагини чамалаб олишнинг янги имкониятларига эрга бўлади. Дастурни қонун жиҳатдан тасдиқлаш зарур, деб ҳисоблайман. Уни амалга ошириш “ижтимоий давлат” “тўғрисидаги конституциявий меъёрни янги, аниқ мазмун билан бойитади. 

Ҳозирги дунёвий вазиятда миллий бирлик – ижтимоий бирлик, шаклланган давлат – ижтимоий давлатдир. Биз ўтган кунга салавот айтиб, келажакка кўз тиккан мамлакатмиз. Бизнинг ижтимоий давлат ва миллий ривожланишнинг чинакам ва амалий Қозоғистонча моделини мажбурий турда биргаликда яратишимизга ишончим комил. 

Азиз биродар! 

Бугунги ташаббуслар элимиз яхлит, жамиятимиз барқарор бўлсагина муваффақиятли амалга ошади. Эл бирлиги эса, энг аввало, қозоқнинг бирлиги. Жаҳон карвони бошида юрадиган муваффақиятли эл бўлиш учун бирлик ва аҳиллик, биринчи навбатда, ўзимизга, қозоққа керак. Тарих исботлаган битта ҳақиқат бор – халқимиз ҳамжиҳат бўлганида кучайган, парокандаликка йўл қўйса – заифлашган. Қашқа йўлли Қасим хон ўзининг элини муштдай жипслаштира олгани учун ҳозирги қозоқ ерининг асосий ҳудудини бирлаштира олган. “Эл бирлиги – эл тенглиги”, деган нақлнинг мазмуни шу! “Қозоқ ўрдасининг Ликурги” бўлган Аз Тауке элини тотувлаштира олгани учун қўй сағрисига тўрғай тухум қўйган замонни ўрнатган. “Бойлик бойлик эмас, бирлик – бойлик!” деган нақл ўша даврлардан қолган. Эл бошига иш тушганида барча қозоқлар Абилайханнинг туғи остида бирлашгандан кейингина она заминни душмандан тозалай олди. “Бирлашган юз тарқоқ мингни йиқади”, деганда боболаримиз шуни кўзда тутган. Қозоқнинг қадимги уч хони – эл тарихидаги учта Асқар тоғ, уларни юксалтирган – элнинг бирлиги. 

Шу билан бирга олтовлон ола бўлгани туфайли элимиз инграб, еримиз қаровсиз қолган даврлар ҳам оз эмас. Бу ҳам тарихнинг аччиқ сабоғи. “Ўтмишга қараб, келажагингни режала”, деган нақл бор, чунки ўтганнинг сабоғи – бугунги куннинг бебаҳо бойлиги. 

Шуни ёдида тутиб, тарихдан сабоқ ола билган халқимиз Мустақиллик даврида тотувлик ва бирлик, тинчлик ва барқарорлик туфайли талай муваффақиятларга эришмоқда. Ютуқларимизни кўпайтириб, Мустақиллигимизни мустаҳкамлай боришимиз учун бизга болтада чопилмайдиган маҳкам бирлик керак. Баракали бирлигимизни кўз қорачиғидай асрай олсак, тўкин турмушимизга соя сола оладиган хавф йўқ. Эл ва ернинг соҳиби сифатида Қозоғистондаги барча яхшилик ва ёмонликлар учун қозоқ жавобгардир. Ана шу буюк жавобгарликни ҳис этиб, барча улусларнинг ивитқиси бўлиб, ўзгаларга ўрнак кўрсата билайлик. Шундагина халқимизнинг номи билан аталган Қозоғистонимиз чирой очиб, ривожланаверади. Элимизнинг кўнгли тинч, дастурхони тўкин бўлади. Шуни ҳамиша эсда тутган ҳолда янги вазифаларни пухта ишларга улайлик! Ишимизга барака!

, 2018-03-06, 17:30
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.