26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ижтимоий тармоқ ва қармоқ

мавзуида блогерлар семинари ўтди 

Тўлебий туман ички сиёсат бўлими ва "Ёшлар имконият маркази" ташаббуси билан Тўлебий туманининг "Байшешек" соғломлашириш-спорт мажмуасида уюштирилган семинарда вилоятдаги фаол ёш блогерлар қатнашишди. Тадбирнинг мақсади – ижтимоий тармоқ маданиятини шакллантиришда журналистларнинг ролини ошириш эди.

Семинарни туман "Ёшлар имконият маркази" раҳбари Қ. Қипшақов очиб, нутқ сўзлади. "Қозоғистон-2050 умуммиллий ҳаракати"нинг медиадиректори, тележурналист К. Ауесбай долзарб мавзуда лекция ўқиди. Семинар қатнашчилари бу мунозарали мавзуни қизғин муҳокама қилишди.Тадбир сўнгида иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди.

К. Ауесбайнинг фикрига кўра, дунёдаги мураккаб мафкуравий зиддиятлар даврида мафкура полигонлари ядро полигонларидан кучлироқ ва хавфлироқ бўлиб бормоқда. Бундай шароитда мафкура соҳасидаги ютуқларнинг аҳамияти сиёсат ва иқтисодиёт соҳасидаги муҳим натижалардан кам бўлмайди. Шунинг учун ҳам, Президентимиз таъкидлаганидек, “Глобаллашув жараёнининг яна бир ўзига хос жиҳати шундан иборатки, ҳозирги шароитда у мафкуравий таъсир ўтказишнинг ниҳоятда ўткир қуролига айланиб, ҳар хил сиёсий кучлар ва марказларнинг манфаатларига хизмат қилаётганини соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам, албатта, кузатиши муқаррар”.

Аввало, мафкуравий курашлар – омма онгига таъсир кўрсатиш орқали бўладиган кўринмас урушлар барча даврларда бўлганини ишонч билан айтиш мумкин. Бундай жараёнларда қадимдан қудратли цивилизация “ачитқиси” бўлиб келган маданият элементидан алоҳида турдаги қурол сифатида фойдаланилган.

Гар огоҳсен…

"Таассуфки, тарихда бутун миллатларнинг ҳеч қачон амалга ошмайдиган мавҳум мафкураларга ўралашиб, ахийри гирдобга кетгани ҳақида мисоллар оз эмас. Ўтган асрнинг энг муҳим учта мафкураси – коммунизм, фашизм ва либерализм бизнинг кўз ўнгимизда яксон бўлди. Бугунги кунда радикал мафкуралар асри борса келмасга кетди. Эндиликда аниқ-равшан, тушунарли ва келажакка ҳушёр кўз тиккан йўналишлар керак. Одамнинг ҳам, бутун миллатнинг ҳам аниқ мақсадга етишини кўзлайдиган ана шундай йўналишларгина тараққиёт чўққисига темир қозиқ бўла олади. Энг муҳими, улар мамлакатнинг имкониятлари ва чама-қудратини доимо инобатга олиши керак. Яъни, реализм ва прагматизмгина яқин ўн йилликларнинг шиори бўлишга қодирдир". Бу – Элбошимизнинг "Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш" дастурий мақоласидан келтирилган иқтибос.

 Шундай мураккаб шароитда болаларимизнинг онгини фақат ўраб-чирмаб, уни ўқима, буни кўрма, деб бир томонлама тарбия бериш, уларнинг атрофини темир девор билан ўраб олиш, ҳеч шубҳасиз, замоннинг талабига ҳам, бизнинг эзгу мақсад-муддаоларимизга ҳам тўғри келмаслиги аниқ. Ваҳоланки, инсоният маънавиятига зид, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан кучлироқ, кўзга кўринмайдиган, лекин ўрнини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зарар етказиши мумкин.

Тадбир иштирокчилари интернет тармоғини миллий қадрият ва анъаналаримизни ўзида акс эттирувчи веб-саҳифалар билан бойитиш, таълим муассасаларини тармоққа улашда одоб-ахлоқ қоидаларига мувофиқ бўлмаган веб-саҳифалардан фойдаланишга чекловлар жорий этиш, мактаб ўқувчиларида ахборот ресурсларидан фойдаланиш маданиятини шакллантиришга жиддий эътибор қаратишни таклиф қилиб, аҳолининг холис ва ҳаққоний ахборотга эга бўлишини таъминлашга ҳисса қўшишга келишиб олдилар.

– Буюк Британияда “Ўзини тутиш кодекси” ва “Хавфсиз тармоқ” мустақил жамғармаси зарарли, ноқонуний ахборотлар оқимини назорат қилади, – деди блогер А. Жўланов. – Айрим Европа давлатларида қонун асосида сайтларга чеклов қўйиш белгилаб қўйилган. Хусусан, Германияда бу масала суд қарорига кўра амалга оширилади. Россияда эса турли ахборот хуружларига қарши курашиш мақсадида “Хавфсиз Интернет маркази” ташкил этилган. Умуман, Европа Иттифоқи томонидан 6 та қонун ҳужжати қабул қилинган ва “Хавфсиз Интернет” дастури ишлаб чиқилган.

Шунингдек, ёш блогерлар тақиқланган сайтларнинг “қора рўйхат”ини тузишда ҳуқуқни муҳофазалаш органларига ёрдамлашишга ваъда беришди. 

Қалб сари энг қисқа йўл

Тиббиётда ҳар қандай касалнинг олдин олиш учун, энг аввало, инсон организмида ушбу касалликка қарши иммунитет ҳосил қилиш кераклиги маълум. Шу каби жиддий маънавий таҳдидлар бор экан, бутун диққат-эътиборимизни жамиятимизда мафкуравий иммунитетни шакллантиришга қаратишимиз лозим, деган фикрни билдирган блогер Р. Усенов файласуф олима Ф.Примованинг бу борадаги фикрини ўқиб эшиттирди: “Мафкуравий иммунитет деб, кишилар, шу жумладан, ёшларнинг жамиятимиз тараққиётига тўғаноқ бўладиган бузғунчи, вайронкор ғояларга қарши кураша олиш қобилиятини атаймиз”.

Дарҳақиқат, оммавий маданиятнинг ўта салбий таъсири ёйилиб бориши билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилар эканмиз, ушбу ҳодиса Марказий Осиёни ҳам четлаб ўтмаганини кузатамиз. Қулай геосиёсий шароит, бой ер ости конлари ҳамда инсон захираларидан иборат юксак иқтисодий салоҳият бу минтақани бузғунчи кучлар учун жозибали нишонга айлантиради. Шундай экан, ёш авлодни тарбиялаш ишида юксак даражадаги маданият ҳамда санъатнинг роли беқиёслигига шубҳа йўқ. Зеро, ахборот киши қалбига олиб борадиган энг қисқа йўл, самарали ва ҳаётбахш таъсир воситасидир.

“Жанубий Қозоғистон” мухбири., 2018-09-17, 10:47 169
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.