26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Телефон ўлсин!

­­­

− Телефондаги суҳбатла­­­ри­­мизни эрим эшитиб қолиб, жа­вобимни берди.

− Эрим телефонимга кел­­­­ган “смс”ларни ўқиб қолиб, ажраш­дик.

− Ҳаммасига телефон са­баб, гулдек оиламдан ажра­­­шиб кет­­­­­­­­­­дик.

Охирги пайтларда ана шуна­­­­­­қа суҳбатларга кўп гувоҳ бўла­­­­­­­­­­япмиз. 

Наҳотки, ҳаммасига теле­фон сабаб бўлса?

1. Англашилмовчилик

Ярим кечаси Аноранинг телефонига “смс” келди. Анорадан олдин Шуҳрат телефонга қўл узатди. Аввал ичида, сўнг овоз чиқариб “смс”ни ўқиди:

− Асалчам, хайрли тун!

− Қани беринг-чи? – ишонмади Анора ва эрининг қўлидан телефонни олиб, ўзи ўқиди: − Асалчам, хайрли тун! 

− Тўғри ўқибманми? − сўради Шуҳрат. – Ростдан ҳам шундай эканми?

− Ростдан...

Анора давомини айтолмади. Эри юзига шапалоқ тортдими, яшин келиб, юзига урилдими, билмай қолди. Кўзидан олов чиқиб кетди.

− Шуҳрат ака, мен бунақа рақам эгасини танимайман! – уввос тортди эри шу пайт­­­гача уриш тугул туртмаган Анора. – Худо ҳаққи танимайман!

− Йўқол!

Анора бирданига тушунмади. Эри бир жойга бориб кел, дегандай бўлди. Умрида қўпол гапирмаган эри ҳозир унга нима деди?

− Нима дедингиз, Шухрат ака? Яхши тушунмадим.

− Йўқол! Сенга бўлган муҳаббатимни поймол қилдинг! Сен севгимизга хиёнат қилдинг! У ёғини ошиғинг тушунтирсин! – барибир “ўйнашинг” дея олмади Шуҳрат. – Сени бир дақиқа кўришни ҳам истамайман! Даф бўл!

Анора йиғлаб-йиғлаб ярим кечаси ота­сининг уйига келди. Ота-онаси уни овутган бўлишди.

− Ҳозир ухла, эрталаб бафуржа гап­лашамиз.

Анора ухлай олармиди? Эрталабгача йиғлаб чиқди.

Эрталаб Ҳамидулла ака телефон идо­­­­­­­­­­­расига бориб, бўлган воқеани идора раҳ­­­­­­­­барига тушунтирди. Раҳбар йиғ­лай­­­­­­вериб, юз-кўзи шишиб кетган Аноранинг аҳ­во­лини кўриб, расмиятчиликни бир чек­кага йиғиштириб қўйди. Тегишли идо­­ра­­­­­лар­­нинг рухсатисиз берилмайдиган маълу­­­­­­­­­­­­­­­­мотларни бериб, кеча Анорага “смс” юбор­­­­­­ган “ошиқ”нинг исми шарифи ва ман­зи­­­лини ёзиб берди.

“Ошиқ” ҳали мактабнинг тўққизинчи синфида ўқийдиган Камол исмли бола экан.

Ҳамидулла ака куёвини ҳам олиб, Ка­молникига борганида ҳам аччиғи бо­­силмаган Шуҳрат, телефон идораси берган маълумотномаларни, Камолнинг телефони, ундан Анорага юборилган “смс”ларни ҳам текшириб кўргач, бироз жаҳлидан тушди. Шунда ҳам қовоғини очмай сўради:

− Нега менинг хотинимга “смс” юбор­динг?

Камол унга битта рақамни кўрсатди.

− Ака, мен буни синфдошим, яхши кўр­­­ган қизимга юборган эдим, − деди Камол шол­­ғомдай қизариб. – Охирги рақамини хато терибман, мана, қаранг, битта кейинги рақам келинойимнинг рақамлари экан. Ме­ни кечиринг! Мени деб келинойимни ко­йиманг!

− Ўзим биламан, − деди Шуҳрат ва Ано­рага ўгирилди: 

− Қани, олдимга тушинг-чи!

2. Сўнгги қўнғироқ

Шаҳодат ўн йил кўришмаган синфдоши Зиёдулла билан учрашиб қолди. Зиёдулла уни тушликка таклиф қилди. Ҳа, нима қилибди, энди кичкина қизча бўлмаса, ўт­тизга кириб қўйди, биров кўрса ҳам гап қилмас. 

Тушлик чўзилди. Суҳбат ундан чўзилди. Мактаб чоғлари эсланди. Зиёдулла Ша­ҳодатни деб куйиб-ёнганлари эсланди. Зиёдулла ўша йиллари Шаҳодатга атаб ёзган шеърлар бошқатдан ўқилди.

− Телефон рақамларингни бер, − деди Зиёдулла хайрлашадиган пайтларида. – Ҳар замон қўнғироқ қилиб тураман, агар қарши бўлмасанг!

Ҳа, нима қилибди, синфдош сифатида ҳар замон қўнғироқ қилиб турса, нимаси ёмон? Эри ҳам рашк қилиб ётмас, икки ўғли, бир қизи бор одам энди хотинини синфдошидан рашк қилишига бало борми?

Зиёдулла кунда, кунора қўнғироқ қилиб турди. Навбатдаги қўнғироқ бемаҳалда бўлди.

− Зиёдулла, ҳар замонда қўнғироқ қи­­­ламан, деганингизга телефон рақамла­рим­­­­­ни берган эдим, − деди эри кўзларини унга тик қадаб турганидан кўнглига шубҳа оралаган Шаҳодат. – Бу нимаси, энди ярим кечаси ҳам қўнғироқ қилаверасизми?

Рауф хотинининг қўлидан телефонни олиб, овозини баланд қилиб қўйди.

− Шаҳодат, эринг уйда эмасми? − Зиё­­­­­дулланинг овози иккаласига ҳам бемалол эшитилди. 

Рауф “Йўқ, деб айт!” деган ишорани қилди.

− Эрим уйда йўқ, нима эди? – деди Шаҳодат.

− Очиғи, жуда сиқилиб кетдим, Шаҳодат, − деди Зиёдулла. – Эринг уйда йўқ экан, сен ҳам зерикиб ўтиргандирсан. Кел, би­рор жойда кўришайдик. Истасанг, ўтган галги жойда ўтириб, бир пиёла чой устида суҳбатлашардик. Нима дединг?

“Бораман де”, деган ишорани қилди Рауф.

− Майли, ҳозир бораман, − деди Шаҳодат ноилож, аммо кўнгли катта бир нохушликни сезди.

− Энди кийин! – деди Рауф қатъий қилиб. – Учрашувга борасан.

− Хўжайин, шошманг, ҳаммасини ту­шун­тириб бераман, − деди Шаҳодат.

− Мен ҳаммасини тушуниб бўлдим, − деди Рауф. – Ўтган галги жойга борасан! Кў­­­­­­­­тар­­­­­­ганингча кийим-кечакларингни, тақин­чоқ­ларингни ол! Болаларни уйғотма! Улар она­си икки эркак билан яшаётганини бил­­май қўя қолсин! Кўзим тирик экан, сенга уларни кўрсатмайман!

− Хўжайин!

− Яхшиликча учрашувга борасанми ёки куч билан олиб борайми?

Шаҳодат эрининг феълини билади. Ин­­дамасдан кийинди. Сумкачасига ҳуж­жат­ларини солди, пича пул ҳам олди. Нои­­лож эшикка қараб йўналаркан, эрининг оғзини пойлади. Бир оғиз, қайт, дейишига интиқ бўлди. Ҳозир биргина шу сўз учун жонини беришга ҳам тайёр эди. Зиёдуллани учратган кунига лаънатлар айтиб, эшикдан чиқиб, сўнгги бор илинж билан эрининг кўзларига термулди. Эри бошқа гапни айтди. Бутунлай бошқа гапни:

− Уч талоқсан!

3. Телефондан топишганлар

Каттага ҳам, кичикка ҳам телефон  урф бўлди. Телефоннинг ҳам хилма-хили чиқ­­ди. Телефоннинг имкониятлари ҳам кун­­дан-кунга ошиб бораяпти. Телефондан ки­тоб ўқийдиган бўлдилар, телефондан ки­­­но кў­радиган бўлдилар, телефондан бу­тун дунё билан боғланар бўлдилар, те­­­­­­­­­­­­­ле­­­фон­дан тўйга айтар бўлдилар, те­ле­фондан та­ни­­шадиган, телефондан уй­ланиб, теле­фон­­­­дан эрга тегадиган бўлдилар.

Телефондан “Одноклассники”, “Фейсбук” деган тармоқларда дўстлашадиган, ўша дўстларнинг “ОКдошлар”, “ФБдошлар” зиё­­­фатларини ташкил қиладиган бўлишди. Бу “дилдош”лар гоҳ Андижонда-ю, гоҳ Қў­­­­­­­­­­­­­­­­­­­қон­­­­­­­­­да, гоҳ Самарқандда-ю, гоҳ Бухорода уч­­­­­­­­рашадиган бўлишди. Ана шу учра­­шувларнинг ташкилотчилари таниқли-та­ниқ­ли шоиру-шоиралар, ёзувчи-ю, санъат­­­­­­­­­­­­­­­корлар бўлаётганига бирда ишон­­санг, бирда ишонмайсан. Аммо эл тани­ган Фалонийлар катта-катта санъат ко­шоналарига чорлаб турса, икки-уч кунлаб давом этган “дилдан суҳбат”ларнинг су­­ратларини эълон қилиб турса, қандай ишон­­­­­­­­­­майсан?

Ёшлар, майли, ёши элликдан ошганда туппа-тузук мансабнинг, лавозимнинг эгаси бўлган, туппа-тузук ижодкор бўлган, ҳамма ҳавас қилган оиланинг сардори бўлган, тўрт фарзанднинг отаси бўлган Арслон Сур­хонийга “ФБдошлар”нинг учрашувида бало бормиди?

Бор экан. Топди. Бухородаги учрашув­­­­­­­­­­­дан топди. Қаранг, у ҳам дуппа-дуруст шоира экан.

− Мен бахтимни энди топдим, − деди кийимларини йиғиштириб, бир жомадонга жойлаётган Арслон Сурхоний хотинининг юзига қарамасликка ҳаракат қилиб. – Ҳақи­­­­­қий севгимни учратдим. Бир умр ах­тарган севгимни.

− Айбим шеър ёзмаганимми? – деди хотини.

− Гап шеърда эмас, − тўнғиллади Арслон Сурхоний. – У жуда яхши аёл. У гўзал! У бетакрор!

− Майли, биз ёмон бўлайлик, биз хунук бўлайик, биз такрорланадиган бўлайлик, − деди аёли хомуш бўлиб. – Бир эмас, икки эмас, тўрт бола-чи? Уларнинг ҳоли нима ке­­­­­­­­­­­­­­чади? Каттангизга эрта-индин совчи ке­­­­­лади, мен нима дейман? Мен уларни қан­­­­­дай боқаман?

− Ўзбекистонда ҳеч ким очидан ўлмайди, ҳадемай, мева-чева пишади, ўлмайсизлар, − деди эшикка йўналган Арслон Сурхоний. – Сизларни Худога топширдим.

− Бизлар сизни Худога солдик! – деганча қолаверди аёли...

Ҳукм ўқилмади

Учтагина мисол келтирдик. Иккитаси таҳририятга хатда келди, учинчисига гувоҳ бўлдик. Бўлмасак кошки эди.

Аммо туман, шаҳар, вилоят судларида бунақа мисоллар тиқилиб ётибди. Ма­ҳалла оқсоқолларидан сўрасангиз, газе­тага ёзса бўладиган ўнлаб воқеаларни айтиб беришади-ки, ҳаммасига сабаб­чи – телефон. Телефонда биров билан гаплашиб тургани учун хотинини пичоқла­ганлар бор, эрининг жазманлари қўнғироқ қилаверишларидан безор бўлиб, уйидан чиқиб кетган хотинлар бор.

Ҳали чилласи чиқмаган бир келинчак тинимсиз онасига қўнғироқ қилиб, куёвининг уйидаги об-ҳавогача, бўлаётган майда-чуйда гап-сўзгача етказиб тургани учун куёви ҳайдаб юборгани ҳам бўлган воқеа.

Хўш, нима қилиш керак?

Телефонни тошга уриб, майдалаб таш­лайликми? Ундан бутунлай воз кечай­ликми? Телефон тутишни тақиқлаб қўяй­ликми?

Айрим тоифадаги кишиларга тақиқлаб қўйилса жуда яхши бўлади. Масалан, янги тушган келинчаклар телефон тут­масалар оилалари тинч, хотиржам бў­лади. Ёш оилалардаги бекалар ҳам те­лефон тутмасалар, нур устига аъло нур бўлиб, рўзғорларига жанжал-можаро яқин­­­­­­­­­лашмаган бўларди.

Биз телефоннинг устидан ҳали сўнгги ҳукмни ўқимадик. Чунки биз телефонни бутунлай йўқ қилиш тарафдори ҳам эмасмиз. Унинг қулайликларидан фойда­­­­­­­­лан­­­­­­­­­масак, жоҳиллик қилган бўламиз, за­мо­­­надан ортда қоламиз.

Демак, битта йўли қолибди: телефон ишлатишда, аввало, кимларга рухсат бе­рилишини ҳал қилиб олишимиз, сўнг­­­­­­­­ра телефон ишлатишда меъёрни би­лишмиз лозимга ўхшайди. Айниқса, опа-сингилларимиз, қизларимизга ҳар кимга телефон рақамларини бермасликларини тавсия қилган бўлардик. Сизга яхши га­пирган ҳамманинг ҳам кўнгли тоза эмас, нияти яхши эмас, шуни унутманг!

Тўра МУРОД, 2018-10-01, 12:51
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.