26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Элбошининг Қозоғистон халқига Мактуби

Қозоғистонликлар фаровонлигининг ўсиши: даромад ва турмуш сифатини ошириш

Ҳурматли қозоғистонликлар!

Биз мустақиллик йиллари кўп юмушларни амалга оширдик. Иқтисодиёти шиддат билан ривожланиб бораётган замонавий тараққийпарвар давлатни қуриб, тинчлик ва ижтимоий тотувликни таъминладик. Сифатли ҳамда тарихий аҳамияти улкан тузилмавий, конституциявий ва сиёсий ислоҳотларни олиб бордик. Қозоғистон халқаро нуфузининг ўсишига ҳамда унинг минтақадаги геосиёсий ролининг кучайишига эришдик. Биз минтақавий ва дунёвий муаммоларни ҳал этиш ишига зўр масъулият билан қарайдиган масъулиятли, қолаверса, керакли халқаро ҳамкор сифатида танилдик. Қозоғистон МДҲ ва Марказий Осиё мамлакатлари ичидан “ЭКСПО-2017” халқаро кўргазмасини ўтказиш учун жаҳон ҳамжамияти танлаб олган дастлабки давлат бўлди.

Биз Евроосиё минтақасининг молиявий, амалий, инновациявий ва маданий маркази сифатида шаклланишини таъминлаган ҳолда янги пойтахтимиз – Астанани барпо этдик. Аҳоли сони 18 миллиондан ошиб, умр ёши узунлиги 72,5 йилга етди.

Биз мустаҳкам иқтисодий замин ҳозирладик. Кейинги 20 йил ичида мамлакатимизга 300 миллиард АҚШ доллари ҳажмида бевосита чет эл сармояси жалб этилди.

Иқтисодиётни юксалтиришнинг негизи саналмиш кичик ва ўрта бизнес ривожланиб бормоқда. Бутунжаҳон банкининг  бизнес юритиш имтиёзлари рейтингида Қозоғистон 190 мамлакат ичида 36-ўринга кўтарилди. Биз ташқи таҳдидларга доимо ўз вақтида эътибор қаратиб, уларга тайёр бўла олдик. Шу муносабат билан мен мамлакатимизни янгилаш борасида тегишли дастурий ташаббуслар ишлаб чиқдим. Уларнинг амалга оширилиши муваффақиятли ривожланишимизнинг асосий омилига айланди. Бизнинг стратегик мақсадимиз – 2050 йилга бориб, жаҳондаги энг ривожланган 30 мамлакатнинг қаторига қўшилиш.

2014 йилда мамлакатимиз инфратузилмасини янгилайдиган “Нурли йўл” мажмуавий дастурини амалга оширишни бошладик. Бундан 3 йил муқаддам “100 аниқ қадам” – Миллат режасини эълон қилдик. Шундан сўнг, мамлакатимизнинг Учинчи янгиланишига киришдик. Унинг бош вазифаси – Қозоғистоннинг дунёвий рақобатга қобилиятлилигини таъминлай оладиган иқтисодий ўсишнинг янги моделини қуриш. Мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши турмуш даражасининг янада ўсишига комил ишонч уйғотади. Биз янги вазифаларни бажаришга тайёрмиз.

Ҳурматли ватандошлар!

Кейинги пайтларда жаҳонда сиёсий ва иқтисодий трансформация жараёнлари кучайиб бормоқда. Олам шиддат билан ўзгармоқда. Ўзгартириб бўлмайдигандай кўринган жаҳон хавфсизлик тизимининг таянчлари ва халқаро савдо қоидалари бузилмоқда. Янги технологиялар, роботлаштириш ва автоматлаштириш меҳнат ресурслари ҳамда одам капитали сифатига тааллуқли талабларни мураккаблаштирмоқда. Молиявий тизимларнинг бутунлай янги архитектураси қурилмоқда. Бунинг устига жамғарма бозорлари навбатдаги молиявий тангликка олиб бориши мумкин бўлган “совун кўпиги”ни тобора шиширмоқда. Бугун дунёвий ва маҳаллий муаммолар аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Бундай шароитда таҳдидларга жавоб бериш ва давлатнинг муваффақиятга эришишининг кафолати бўлмиш мамлакатнинг асосий бойлиги – одамнинг ривожланиши масаласи кўндаланг турибди.

Ҳукумат, ҳар бир давлат органи, давлат компаниясининг раҳбари иш услубларини ўзгартириши керак. Қозоғистонликлар фаровонлигининг ўсиши асосий устуворга айланиши лозим. Мен мансабдор шахснинг кераклилиги ва хизматга лойиқлигини айнан шу мезонга қараб баҳолайман.

*** 

Қозоғистонликларнинг фаровонлиги, энг аввало, даромадларининг барқарор ўсиши ва турмуш сифатига боғлиқ.

I.  АҲОЛИ  ДАРОМАДЛАРИНИНГ ЎСИШИ

Одам меҳнаткаш бўлиб, ўз касбини чуқур ўзлаштирса ва муносиб маош олишга ёки хусусий корхона очиб, уни ривожлантиришга имконият туғилгандагина даромад ортади. Давлат билан одамларнинг кучини бирлаштириш туфайлигина биз Оммавий меҳнат жамиятини барпо эта оламиз.

Биринчидан, Ҳукуматга 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, энг кам иш ҳақини 1,5 баравар, яъни 28 мингдан 42 минггача ўстиришни топшираман. Бу барча соҳалар бўйича турли мулкчилик шаклидаги корхоналарда ишлаётган 1 миллион 300 минг кишининг маошини бевосита қамраб олади. Бюджет муассасаларида фаолият юритаётган 275 минг ходимнинг иш ҳақи кўпайиб, ўрта ҳисобда 35 фоизга ўсади.

Ана шу мақсадларга 2019-2021 йилларда республика бюджетидан йил сайин 96 миллиард ажратиш керак. Бунда, эндиликда энг кам иш ҳақи яшаш минимуми даражасига боғлиқ бўлмайди. Энг кам маошнинг янги миқдори бутун иқтисодиёт кўламидаги иш ҳақини ўстириш катализаторига айланади. Кам маош оладиган ходимларнинг иш ҳақини кўтаришга тааллуқли ушбу ташаббусни йирик компаниялар ҳам қўллайди, деб ишонаман.

Иккинчидан, бизнесни юксалтиришнинг барқарор манбаларини шакллантириб, хусусий сармояни рағбатлантириш ҳамда бозор эркинлигини қўллаб-қувватлаш керак. Айнан шу бизнес орқали янги иш ўринлари очилиб, қозоғистонликларнинг аксарият қисми даромад билан таъминланади.

БИРИНЧИ. Биз 2010 йилнинг ўзида “Бизнеснинг йўл харитаси - 2020” дастурини жорий этдик.

Минтақаларга иш сафарим давомида унинг самарадорлигига амин бўлдим. Дастурнинг қўлланилиш муддатини 2025 йилгача узайтириш керак. Мазкур дастурни амалга ошириш учун йил сайин қўшимча камида 30 млрд. тенге ажратилишини мўлжаллаб қўйиш даркор. Бу 3 йил мобайнида қўшимча камида 22 минг янги иш ўринини очиш, 224 млрд. тенге солиқ тушириш ва 3 трлн. тенгелик маҳсулот ишлаб чиқаришга имкон беради.

ИККИНЧИ. Иқтисодиётда рақобатни ривожлантириш ва уй-жой коммунал хўжалиги ҳамда табиий монополияларнинг хизмати учун белгиланадиган тарифлар соҳасида тартиб ўрнатиш мақсадида қатъий чоралар қўлланилиши лозим. Коммунал хизмат ва табиий монополияларни созлаш соҳаларида тарифнинг ишлаб чиқилиши ҳамда истеъмолчилардан йиғилган маблағнинг қандай сарфланаётгани ҳанузгача ошкора эмас. Монополиячиларнинг сармоявий мажбуриятлари устидан самарали мониторинг ва назорат олиб борилмаётир. Ҳукумат 3 ой муддат ичида ана шу масала билан шуғулланиб, рақобатни муҳофаза қилиш вазифасини муайян турда кучайтирган ҳолда монополияга қарши маҳкаманинг фаолиятини ислоҳ қилиши керак. Бу – муҳим масала, у бизнес учун кетадиган харажатларнинг кўпайишига,  одамларнинг ҳалол даромадларини озайтиришга дучор қилади.

УЧИНЧИ. Бизнесни ноқонуний маъмурий қисимдан ва жиноий таъқиб хавфи­дан ҳимоялашни кучайтира бориш зарур. 2019 йилнинг 1 январидан бош­лаб, солиқ қонунларининг  бузилишига оид жиноий жавобгарликнинг қўлланилиш чегарасини, жаримада ўстира бориб, ой­лик ҳисоб кўрсаткичининг 50 минг бараваригача оширишни топшираман. Шу­нингдек, асосий вазифаси соядаги иқтисодиётга қарши кураш бўлган Молия мониторинги қўмитасига функцияларини берган ҳолда Иқтисодий тергов хизматини қайтадан тузиш лозим. Биз “Нақд пулсиз иқтисодиёт”га юз буришимиз керак. Бунда жазоловчигина эмас, шунингдек, бизнеснинг нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилишини қўллаш сингари рағбатлантирувчи воситаларга ҳам суянган дуруст.

Солиқ ва бож соҳасидаги ахборот тизимлари интеграциясининг тугалланиши расмийлаштиришнинг шаффофлигини кучайтиради.

Ҳукумат 3 йил ичида иқтисодиётдаги  шубҳали айланмани  кам деганда 40 фоизга қисқартириш учун аниқ чоралар қўллаши керак. Бизнес ўз фаолиятини янгидан бошлаши учун 2019 йил 1 январдан солиқнинг асосий миқдори тўланган тақдирда ўсим ва жаримани олиб ташлаб, қичик ва ўрта бизнес учун “солиқ афви”ни юритишга киришишни топшираман.

ТЎРТИНЧИ. Экспортга йўналтирилган индустрлаштириш масаласи иқтисодий сиёсатнинг асосий унсури бўлиши керак. Ҳукумат қайта ишлаш шўъбасидаги экспортловчиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият бермоғи лозим. Бизнинг савдо сиёсатимизда ҳаракатсизлик бўлмаслиги зарур. Унга товарларимизни минтақавий ва жаҳон бозорида олға силжитадиган фаол сифат беришимиз даркор. Шу билан бирга халқ истеъмоли молларининг кенг номенклатурасини ўзлаштириб, “оддий буюмлар иқтисодиёти”ни ривожлантириш учун корхоналаримизга кўмаклашиш лозим. Бу экспорт салоҳиятимизни амалга ошириш жиҳатидангина эмас, шу билан бирга ички бозорни мамлакат товарлари билан тўлдириш учун ҳам муҳимдир.

Ҳукуматга қайта ишлаш саноати ҳамда нохомашё экспортини қўллаш мақсадида келгуси 3 йилда қўшимча 500 миллиард тенге бўлишни топшираман. Устуворликка эга лойиҳаларга имтиёзли насия бериш вазифасини ҳал этиш учун Миллий банкка камида 600 миллиард тенге миқдорида  узоқ муддатли маблағ ажратишни юклатаман. Ҳукумат Миллий банк билан бирлашган ҳолда ана шу маблағнинг кўзланган мақсадга ишлатилиши устидан қатъий назоратни таъминлаши керак. Йирик ва долзарб лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий сармоядорлар билан бирлашган ҳолда сармоя қуйиш қоидаси бўйича фаолият юритадиган Нохомашё шўъбасига бўлинадиган бевосита инвестиция жамғармасини тузиш масаласини кўриб чиқиш керак. Шунингдек, транспорт-логистика ва бошқа хизмат кўрсатиш шўъбаларини олға силжитиш ишларини жонлантириш зурур. Бой табиатимиз ҳамда маданий салоҳиятимиздан фойдаланиш учун ташқи ҳамда ички туризмни ривожлантиришга алоҳида кўнгил бўлиш даркор. Ҳукумат қисқа муддат ичида соҳавий давлат дастурини қабуллаши керак.

БЕШИНЧИ. Агросаноат мажмуасининг салоҳиятини тўла-тўкис амалга ошириш лозим. Асосий вазифа – меҳнат унумдорлигини ҳамда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспортини 2022 йилга бориб 2,5 баравар ўстириш.

Давлат қўлловининг барча чоралари мамлакатимизга замонавий агротехнологияларни  кенг кўламда тортишга йўналтирилиши зарур. Биз мослашувчи ва қулай андазаларни жорий этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасига  хорижлик фаол  мутахассислар – “ақлли одамлар”ни жалб этиш орқали  соҳани бошқаришнинг илғор тажрибасидан фойдаланишимиз керак. Қишлоқ тадбиркорларига хўжалик юритишнинг янги усулларини ўргатиш учун ёппасига ўқитиш тизимини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳукуматга келгуси 3 йил ичида ана шу мақсадларга йил сайин қўшимча камида 100 миллиард тенге мўлжаллаб қўйишни топшираман.

ОЛТИНЧИ. Инновация ва сервис шўъбаларини ривожлантиришга алоҳида кўнгил бўлмоқ керак. Даставвал “келажак иқтисодиёти”нинг муқобил энергетика, янги материаллар, биотиббиёт, катта маълумотлар, буюмлар интернети, сунъий заковат, блокчейн ва бошқа йўналишларининг илгари силжишини таъминлаш зарур. Мамлакатимизнинг жаҳондаги  ўрни ва роли келажакда айнан шуларга боғлиқ бўлади.

Ҳукуматга Назарбаев университети билан биргаликда аниқ лойиҳаларни белгилаган ҳолда ҳар бир йўналиш бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқишни топшираман. Университет базасида сунъий заковат технологиясини ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган илмий-тадқиқот институти ана шундай лойиҳалардан биттаси бўлади.

ЕТТИНЧИ. Аниқ иқтисодиётни юксалтириш учун молиявий шўъбанинг ролини кучайтириб, узоқ муддатли макроиқтисодий барқарорликни  таъминламоқ зарур. Баҳонинг ўсиши, молиялаштиришга ишонч, банкларнинг барқарорлиги – ҳозир эл-юртни қизиқтираётган масалалар ана шулар Миллий банк Ҳукумат билан биргаликда молиявий шўъбани ҳамда аниқ шўъбаларни соғломлаштириш, инфляцияга қарши мажмуавий сиёсат юритиш масалаларини тизимли равишда ҳал этишни бошлаши керак. Шаклланган шароитда иқтисодиётни, айниқса, қайта ишлаш шўъбаси ва кичик ҳамда ўрта бизнесни насиялашни улғайтириш ўта муҳимдир. Шу билан бирга пенсия активлари ва ижтимоий суғурта тизимининг захираларини бошқариш самарадорлигини ошириб, муқобил молия воситалари – қимматбаҳо қоғоз бозори, суғурта ва бошқа соҳаларни жадал ривожлантирмоқ лозим.

Бизнесни хориж сармояси билан, капиталга имконият билан таъминлаш ишида “Астана” халқаро молия маркази муҳим роль ўйнаши керак. Биз хусусий судни, молия созловчини, биржани атайин туздик. Барча давлат органлари ва миллий компаниялар ана шу майдондан фаол фойдаланиб, унинг тез шаклланиши ва ривожланишига ҳисса қўшиши лозим.

***

Таъкидланган чораларнинг самарали амалга оширилиши маошнинг ўсиши ҳамда янги иш ўринлари очилиши эвазига қозоғистонликларнинг даромадларини кўпайтиради. Бу жараёнлар доимо Ҳукуматнинг диққат марказида бўлиши зарур.

II. ТУРМУШ СИФАТИНИ ОШИРИШ

Фаровонлигимизнинг иккинчи бир сифати – турмуш даражасининг ортиши. Таълим, соғликни сақлаш, уй-жой сифати ва оммабоплиги, хотиржам ва хавфсиз шароитда ҳаёт кечириш масалалари Қозоғистондаги ҳар бир оилага дахлдордир. Шу муносабат билан Ҳукумат ижтимоий шўъбага, хавфсизлик ва инфратузилмага аҳамият берган ҳолда бюджет харажатлари устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиши керак.

БИРИНЧИ. 5 йил ичида таълим, фан, соғликни сақлаш соҳаларига барча манбалардан сарфланадиган маблағни ички ялпи маҳсулотнинг 10 фоизигача етказиш зарур. Маблағни аҳолига хизмат кўрсатиш сифатининг муайян равишда оширилишини таъминлайдиган тегишли ислоҳотларни амалга оширишга йўлламоқ керак.

ИККИНЧИ. Мактабгача таълим соҳасини тубдан яхшилаш зарур. Фикрлаш асослари, ақлий ва ижодий қобилият, янги кўникмалар айнан эрта болаликда шаклланади. Таълим ишида 4К моделига: креативлик, танқидий фикрлаш, коммуникабеллик ва жамоада ишлай билишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу соҳада малакавий талабларни, ўқитиш услуби, тарбиячилар ва болалар боғчасидаги ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини қайтадан кўриб чиқиш лозим. Таълим ва фан вазирлиги ҳокимликлар билан биргаликда бу йил тегишли “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиши керак.

УЧИНЧИ. Ўрта таълим тизимида асосий услублар белгиланган, айни пайтда уларнинг бажарилишига жиддийроқ эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Назарбаев заковат мактабларининг ўқитиш тизими ва услубияти давлат мактаблари учун ягона андаза бўлиши зарур. Бу мактаб билимини ислоҳ қилишнинг сўнгги босқичи бўлади. Таълим сифатини баҳолаш тизими халқаро андазаларга асосланиши даркор. Ўрта мактабларнинг ўзида болаларни қобилиятига қараб талаб кучли ихтисосларга ундаш, касбий диагностика юритиш муҳимдир. Бу ўқитишнинг алоҳида йўналишини ишлаб чиқиш ҳамда ўқувчи билан муаллимнинг ўқув мажбуриятини озайтиришга имкон беради. Болалар хавфсизлигининг муҳимлигини инобатга олган ҳолда барча мактаблар ва болалар боғчаларини видеоназорат тизими билан таъминлашни, мактаб руҳшуносларининг фаолиятини кучайтиришни ва бошқа изчил чораларни амалга оширишни топшираман. Таълимнинг оммабоплигини ошириш мақсадларида ўқувчиларга ўрин етишмайдиган, мактабларнинг 3 сменада ўқитиши ва ҳалокатли аҳволига оид муаммолар ҳал этилмай келаётган минтақалар учун Ҳукуматга 2019-2021 йилларга мўлжалланган бюджетдан қўшимча 50 млрд. тенге қараштиришни топшираман.

ТЎРТИНЧИ. Келаси йили “Педагог мақоми тўғрисида” қонунини тайёрлаб, қабуллаш керак, деб ҳисоблайман. Ушбу ҳужжат ўқитувчилар ва мактабгача муассасалар ходимлари учун барча қулайликларни кўзда тутган ҳолда уларнинг мажбуриятини озайтириши, ўринсиз текширувлар ва  уларга хос бўлмаган юмушлардан қутқариши керак.

БЕШИНЧИ. Олий таълим ишида ўқув юртларининг мутахассис тайёрлаш сифатига оид талаблар кучайтирилади. Биз грантлар сонини кўпайтирдик, энди эса жавобгарлик даври келди. Олий ўқув юрти ютуғини баҳолашнинг бош мезони –  ўқишни битирган талабаларнинг иш билан таъминланиши, маоши юқори ишга жойлашуви. Олий ўқув юртларини йириклаштириш сиёсатини олиб бориш керак. Бозорда олий сифатли таълимни таъминлай оладиганларигина қолиши даркор. Назарбаев университетининг тажрибасига суянган ҳолда хорижлик энг яхши топ-менежерларни ишга жалб этиш орқали жаҳоннинг етакчи университетлари билан ҳамкорлик ўрнатиш муҳимдир. Ҳозирги таълим инфратузилмаси базасида Назарбаев университети намунасида минтақавий янги олий ўқув юртини барпо этиш лозим, деб ҳисоблайман.

ОЛТИНЧИ. Тиббий хизмат сифати аҳоли ижтимоий кайфиятининг ўта муҳим қисми саналади. Энг аввало, айниқса қишлоқ жойларда, дастлабки тиббий-санитария ёрдамининг оммабоп бўлишини таъминлаш даркор. Дастлабки тиббий-санитария ёрдамини кўрсатадиган ходимларни рағбатлантириш учун 2019 йил 1 январдан бошлаб беморларни даволаш ишини бошқаришнинг янги усулларини жорий этган участка тиббиёт ходимларининг маошини босқичма-босқич 20 фоизга кўпайтиришни топшираман. Ана шу мақсадларга келаси йили 5 млрд. тенге бўлинади. 2019 йил 1 январдан бошлаб барча поликлиникалар ва касалхоналар тиббий ҳужжатларни қоғозсиз, рақамли нусхада юритишга кўчиши керак. Бу 2020 йилга бориб барча фуқароларнинг электрон саломатлик паспортларини тайёрлаш, навбатларни, расмиятчиликни йўқотиш, хизмат кўрсатиш сифатини оширишга имкон беради. Ҳозирга қадар ишлаб чиқилган кардиологик ва нейрохирургик кластерлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда 2019 йилда Астанада Миллий илмий онкология маркази қурилишини бошлаш керак. Шундай қилсак, биз кўплаб одамлар ҳаётини сақлаб қоламиз.

ЕТТИНЧИ.  Минтақавий даражадаги имкониятларни топиб, оммавий спорт ва жисмоний тарбиянинг оммабоплигини ошириш лозим. Ҳукуматга ва ҳокимларга камида 100та жисмоний тарбия-соғломлаштириш марказини барпо этишни топшираман. Шунингдек, ҳозир фойдаланилаётган, айниқса, мактаблардаги спорт иншоотларидан самарали фойдаланиб, жисмоний тарбия билан шуғулланиш учун ҳовлилар, хиёбонлар, истироҳат боғларини жиҳозлаш зарур.

САККИЗИНЧИ. Миллат соғлиги – давлатнинг бош устувори. Бу – қозоғистонликлар сифатли озиқ-овқатдан фойдаланиши керак, деган сўздир. Бугунги кунда аҳолини сифатсиз, саломатликка ва ҳаётга хавф туғдирадиган товарлар ва кўрсатиладиган хизматлардан муҳофаза қиладиган яхлит сиёсат йўқ. Ҳукуматга чоралар кўришни ҳамда бу юмушларни тартибга келтиришни топшираман. Келаси йилдан Товарлар ва кўрсатиладиган хизматлар сифати ҳамда хавфсизлигини назорат қилиш қўмитаси фаолиятини бошлаши даркор. Унинг фаолияти, биринчи галда, озиқ-овқат, дори-дармонлар, ичимли сув, болалар товарлари, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини таҳлил қилишдан иборат бўлади. Бунинг учун замонавий лаборатория базасини йўлга қўйиб, малакали мутахассислар штатини шакллантириш лозим. Бунинг учун истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қиладиган жамоат ташкилотларини институционал жиҳатдан кучайтириб, улардан самарали фойдаланган  маъқул. Биз доимо бизнесга кўмаклашамиз, бироқ одам, унинг ҳуқуқлари ва саломатлиги унданда муҳимроқдир. Давлат маъмурий тўсиқларни камайтириш давомида кўплаб текширувлар, рухсатномалар бериш ва бошқа расмиятчиликлардан воз кечди. Шундай экан, тақдим этиладиган товарлар, кўрсатиладиган хизматлар сифати ва хавфсизлиги учун бизнес ҳамжамияти ҳам жавоб беради. Умуман олганда, бизнес, фойда кўришнигина эмас, шунингдек, давлат билан бирга фуқароларимизнинг хавфсизлиги ва турмушини таъминлашни ҳам ўйлаши керак.

***

Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат кўрсатиш иши уй-жой шароитини яхшилаш, мамлакатимиздаги ҳар қандай аҳоли манзилида хотиржам ва хавфсиз ҳаёт кечириш сифатидаги кўплаб имкониятлар билан мутаносиб равишда тўлиб бориши зарур.

III. ЯШАШ УЧУН ҚУЛАЙ МУҲИТ БАРПО ЭТИШ.

Қулайлик деганимиз, энг аввало, уй-жойнинг ҳаммабоплиги, ҳовлининг шинамлиги ва хавфсизлиги, яшаш ва ишлаш учун қулай аҳоли манзилининг ҳамда сифатли инфратузилманинг мавжудлиги.

БИРИНЧИ. Сифатли ва ҳаммабоп уй-жой. Бугунги кунда биз уй-жой қурилишига зўр туртки берган “Нурли ер” дастурини муваффақиятли амалга оширмоқдамиз. Уй-жой ипотекасининг оммабоплигини оширадиган янги кўламдаги “7-20-25” дастури йўлга қўйилди. Ҳокимларга маҳаллий бюджет ҳисобидан имтиёзли ипотека бўйича дастлабки бадални қисман субсидиялаш масаласини пухталашни топшираман. Бундай уй-жой сертификатларини бериш малакали педагоглар, тиббиёт ходимлари, полициячилар ва минтақага зарур бошқа мутахассислар учун ипотеканинг имкониятларини кучайтиради. Шунингдек, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ночор гуруҳлари учун йирик шаҳарларда ижарага  бериладиган уйлар қурилишини кенгайтириш лозим. Бундай чоралар 250 мингдан зиёд оиланинг уй-жой шароитларини яхшилашга имкон беради. Бюджет ҳисобидан қуриладиган ялпи қурилиш майдонларига мўлжалланган муҳандислик инфратузилмаларини ҳам қўшганда давлат 5 йил ичида 650 минг оилага ёки 2 миллиондан зиёд фуқароларга қўллов кўрсатади.

ИККИНЧИ. Мамлакатимизнинг ҳудудий тараққиётига янгича ёндашувлар жорий этилишини таъминлаш керак. Бугунги кунда етакчи мамлакатларнинг иқтисодиёти аксарият ҳолларда жаҳонга машҳур шаҳарлар ёки мегаполислар орқали танилади. Жаҳон ички ялпи маҳсулотининг 70 фоиздан кўпроғи шаҳарларда  вужудга келади.

Бизнинг ўз турмуш тарзимиз тарихи шаклланди, моношаҳарлар ва кичик вилоят марказларига эга аграр иқтисодиёт устуворликка эга бўлди. Шу боис 18 млн. аҳолига эга мамлакат учун миллиондан зиёд фуқарога эга 3та шаҳарнинг бўлиши, шу жумладан 2та шаҳарнинг мустақил Қозоғистон даврида ана шу қаторга қўшилиши – улкан ютуқ. Астана ва Алмати мамлакатимиздаги ички ялпи маҳсулотнинг 30 фоиздан зиёдини ҳозирнинг ўзида таъминламоқда. Бироқ шаҳарларнинг инфратузилмаси корхоналар ва фуқароларнинг жадал ўсиб бораётган эҳтиёжларига мувофиқ бўлавермайди. Кейинги йилларда биз “Нурли йўл” дастури бўйича республика аҳамиятига эга инфратузилмани барпо этдик. 2015 йилдан бери 2400 чақирим автомобиль йўли қурилди ва таъмирланди. Бу ишлар давом этмоқда, 2020 йилга қадар қўшимча 4600 чақирим йўл фойдаланишга топширилади.

Эндиликда минтақа ва шаҳар инфратузилмасини изчил равишда ривожлантириб бориш мақсадга мувофиқдир. Ана шу мақсадда бу йил молиялаштириш ҳажми ортди: маҳаллий аҳамиятга эга йўлларга 150 млрд. тенгегача, қишлоқ жойларни сув билан таъминлашга 100 млрд. тенгегача маблағ бўлинди. Ҳокимлар ана шу маблағ ҳисобидан минтақалардаги энг кескин муаммоларни ҳал этишга куч сарфлашлари керак. Ҳукумат шу вазифани тизимли йўлга қўйиб, қўшимча инфратузилмавий масалалар рўйхатини тузиб, лойиҳаларни баҳолаб, уларни молиялаштириш манбаларини излаб топиши зарур. Янги мактаблар, болалар боғчалари касалхоналар қурилишини аҳоли манзилларини ривожлантириш режалари билан  уйғунлаштириш лозим, шунингдек, ушбу шўъбага хусусий сармоядорларни жалб этиш учун шароитлар яратиб бериш даркор.

Шу билан бирга “инфратузилма одамларга” моделидан “одамлар инфратузилмага” моделига аста-секин кўчиш керак. Бу аҳоли манзилларини йириклаштириш ишини рағбатлантириб, бўлинган маблағдан фойдаланиш самарадорлигини оширади. Ҳар бир минтақа ва йирик шаҳар рақобатбардошликнинг барча устуворларини инобатга олган ҳолда ўзининг барқарор иқтисодий ўсиш ва иш билан таъминлаш моделига суяниб, ривожланиши керак. Шу муносабат билан таянч овуллардан бошлаб республика аҳамиятига эга шаҳарларгача бўлган турли аҳоли манзиллари учун минтақавий андазалар тизимини ишлаб чиқиш лозим. Бу андаза ижитмоий қулайликлар ва кўрсатиладиган давлат хизматлари тизими ҳамда оммабоплигини, транспорт, маданий-спорт, ишбилармонлик, ишлаб чиқариш, рақамли инфратузилма билан таъминланишнинг аниқ кўрсаткичларини ва бошқа масалаларни қамраб олиши керак. Экологик вазиятни яхшилаш, шу жумладан зарарли чиқиндиларнинг таралиши, тупроқ, ер, ҳавонинг аҳволи, қолдиқларни йўқотиш, шунингдек,  онлайн шаклда эркин оммабоп экологик мониторинг юритиш тизимини ривожлантириш борасидаги ишларни кучайтириш даркор. Имконияти чекланган шахсларга мўлжалланган “тўсиқсиз муҳит”ни шакллантиришга алоҳида аҳамият берилиши лозим. 2019 йил 1 сентябрга қадар Мамлакатимиз бошқариладиган урбанизациясининг янги харитасига айланадиган Элимиз 2030 йилгача ҳудудий-кенглик ривожланишининг тахминий схемасини ишлаб чиқишни топшираман. Амалий чораларни қўллаш учун аниқ чора-тадбирларни, лойиҳалар ва молиялаштириш ҳажмини кўрсатган ҳолда, Минтақаларни ривожлантиришнинг 2025 йилгача бўлган прагматик дастурини тайёрлашни топшираман. Минтақавий ривожланишнинг таъкидланган жиҳатлари амалга ошириш  муддатлари 2025 йилгача узайтирилиши керак бўлган “Нурли йўл” ва “Нурли ер” давлат дастурларида инобатга олиниши керак. Биринчиси, транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга, иккинчиси – коммунал ва уй-жой қурилишидаги вазифаларни ҳал этишга йўналтирилиши зарур. Бу дастурларнинг “иккинчи нафаси”ни очиш керак.

УЧИНЧИ. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ишида чуқур ва сифатли ўзгаришлар зарур. Хавфсизлик турмуш сифатининг ажралмас бўлаги ҳисобланади. Ички ишлар органлари ходимлари жиноятга қарши курашда доимо олдинги сафда юради, кўпинча ўз жонини хатарга қўйиб, фуқароларни ҳимоя қилади. Бинобарин, жамият ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг, биринчи галда полиция фаолиятининг тубдан яхшиланишини кутмоқда. Ҳукуматга Президент маъмурияти билан биргаликда “Ички ишлар органларини янгилаш борасидаги йўл харитаси”ни қабуллашни топшираман. Ислоҳотлар 2019 йил 1 январдан бошланиши керак.

Биринчидан, Ички ишлар вазирлигининг штат сонини тартибга келтириб, полицияни унга хос бўлмаган вазифалардан озод қилиш лозим. Тежалган маблағни полициячиларнинг маошини оширишга, уларнинг уй-жой ва бошқа ижтимоий масалаларини ҳал этишга сарфлаган маъқулдир.

Иккинчидан, полиция ходимининг янги андазасини  тасдиқлаб, мансаб бўйича кўтарилиш, шунингдек, полиция академиялари орқали кадрларни тайёрлаш ва саралаш тизимини ўзгартириш зарур. Ходимларнинг барчаси қайта аттестациядан ўтиши шарт. Фақат энг яхшиларигина фаолиятини давом эттиради.

Учинчидан, аҳоли билан ишлашнинг янги замонавий шаклларини жорий этиб, полиция фаолиятини баҳолашнинг мезонларини тубдан ўзгартириш мақсадга мувофиқдир. Полициянинг фаолиятини сервис моделга кўчириш керак. Фуқаролар онгида полициячилар жазоловчилар эмас, аксинча қийин вазиятда ёрдам кўрсатувчилар, деган тушунча қарор топиши даркор. Шаҳар ва туман ички ишлар органлари қошида Аҳолига хизмат кўрсатиш марказлари қоидаси бўйича фуқароларни қабул қилиш учун қулай шароитлар яратилиши лозим.

Қозоғистоннинг барча шаҳарларини жамоат хавфсизлигига мониторинг юритиш тизимлари билан таъминлаш зарур. Жамият томонидан билдирилган ишонч даражаси ва аҳолининг ўзини хавфсиз ҳис этиши полиция ишини  баҳолашнинг асосий мезони  бўлиши даркор.

ТЎРТИНЧИ. Суд тизимини янада такомиллаштириш. Сўнгги йилларда кўп иш бажарилди, лекин асосий вазифа – судларга ишончнинг юқори даражасини таъминлаш  ечимини топмаяпти. Шунингдек, қонун устуворлиги – ислоҳотларимиз самарадорлигининг асосий омили. Биринчидан, суд фаолиятининг замонавий форматларини ва илғор электрон сервислар жорий этишни давом эттирган маъқул. Йил сайин 4 миллион фуқаромиз судда кўриладиган ишларда иштирок этади. Бунга қанчадан-қанча куч ва харажат сарфланади! Вақт билан ресурсларнинг ўринсиз чиқимини талаб қиладиган ортиқча суд тадбирлари қисқартирилиши керак. Илгари одамларнинг шахсан бориши керак бўлса, ҳозир бу ишни масофадан амалга ошириш мумкин. Иккинчидан, суд тизимининг сифатли ривожланишини ва кадрларнинг янгиланишини таъминлаб, энг кучли ҳуқуқшунослар судья бўлишга интилиши учун шароит яратиш керак. Учинчидан, айниқса, бизнес ҳамда давлат тузилмалари орасидаги суд орқали ҳал қилинадиган довларни кўриш пайтида тушунарли ва аниқ тахминга эга суд тажрибаси керак, шунингдек, судьяларга ноқонуний тазйиқ ўтказилиш  имкониятларини  бартараф этиш даркор.  Олий судга ҳукумат билан бирга йил сўнггига қадар тегишли чоралар мажмуасини тайёрлашни топшираман.

Ҳар қандай ислоҳотларни амалга ошириш давомида ўзининг барча иш-ҳаракатини халқ фаровонлигини орттиришга бағишлайдиган махсус  ихчам ва самарали давлат девони муҳим аҳамиятга эга бўлади.

  IV. ФУҚАРОЛАР ТАЛАБЛАРИГА МУВОФИҚЛАШТИРИЛГАН ДАВЛАТ ДЕВОНИ.

Янги давр шароитида давлат девони қандай ўзгариши керак?

БИРИНЧИ. Давлат органлари хизмати самарадорлигини  тубдан оишириш керак.  “Сифат”  давлат хизматчиси ҳаётининг янги турмуш тарзига, ўзини ўзи камолотга етказиш – унинг асосий қоидаси  бўлиши керак. Янги формациянинг давлат хизматчилари давлат ва жамият орасидаги масофани қисқартириши даркор.  Бу орқали доимий  акс алоқа ўрнатилиб, давлат сиёсатининг аниқ чора-тадбирлари қизғин муҳокама қилиниб, одамларга тушунтирилади.  Давлат бошқарув академияси Назарбаев университети билан биргаликда раҳбарлик лавозимларига тайинлашда “Янги формациянинг раҳбари” дастури ва махсус қайта тайёрлаш курсларини тайёрлаш зарур. Илғор хорижий компаниялардаги иш тажрибасига эга ёки жаҳоннинг етакчи университетларида таълим олган хусусий шўъбадаги касбий мутахассисларни жалб этиш муҳим.  Бу йил биз 4та давлат органида маош тўлашнинг янги шаклини жорий қилдик. Барча қалдирғоч лойиҳалар яхши натижа берди. Давлат хизматига қизиқиш ортди, айниқса, минтақавий даражада долзарб. Самарасиз харажатларни мувофиқлаштириш ва раҳбарлик таркибини қисқартириш  эвазига қуйи ва ўрта бўғин ходимларнинг ойлик маоши 2-2,5 баравар ошди. Кадрларнинг ишдан кетиши 2 баравар қисқарди. Нуфузли олий ўқув юртлари битирувчилари билан бирга  малакали кадрларнинг хусусий шўъбадан келиши 3 баравар ортди. Давлат хизмати ишлари агентлигида марказий девонга бағишланган танлов иштирокчилари  бир ўринга 28 нафаргача, минтақавий тузилмаларда  бир ўринга 60 одамгача ўсди. Манғистов вилояти ҳокимлигидаги битта бўш ўринга  энди 16 одам, Адлия вазирлигида эса ўрта ҳисобда  13 нафар номзод умидвор. Астанада давлат-хусусий  ҳамкорлиги  доирасида  амалга оширилаётган лойиҳаларни молиялаштиришга оид  янги усуллар ҳисобидан 30 млрд. тенгедан зиёд маблағ тежалди. Меҳнат ҳақини тўлашнинг янги  шаклига ўтиш учун давлат органлари  раҳбарларига «бюджет-кадр маневри»ни амалга ошириш ҳуқуқини  бердим. Улар тежалган харажатни ходимлар  маошини оширишга йўналтириш имконини олди. Ҳозирги кунда қатор давлат органлари  янги моделга кўчиш  истагида. Асосийси – улар буни фақатгина маошни ошириш учун эмас,  балки, ишлари самарадорлигини орттириш, деб тушунишлари керак. Меҳнатга тўланадиган маблағнинг ўсими  бюджет харажатини, шу билан бирга унга тобе корхоналарнинг харажатларини ихчамлаштириш ҳамда тежаш ҳисобидан амалга оширилишини назоратга олишни топшираман. Бу ерда  мазкур лойиҳанинг нуфузини туширмаслик учун расмиятчилик ва тенглаштирувчиликка йўл қўймаслик керак.

ИККИНЧИ. Ушбу мураккаб босқичда ажратиладиган ҳар бир тенгенинг самараси мўл бўлишига эришиш керак. Текширишлар натижаларига кўра, баъзи ҳолларда қурилиш харажати лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш давридаёқ  орттириб кўрсатилади. Охиригача етказилмайдиган ёки истиқболи  йўқлиги аввалдан маълум  лойиҳалар бор. Агар топширилган вазифага масъулият билан ёндашсак, бюджетнинг юзлаб миллиард тенгесини тежаб, аҳоли эҳтиёжига ишлатиш мумкин. Ҳукумат самарасиз ва ўринсиз  харажатларга йўл қўймай, маблағни тежаш учун тизимли  чоралар қабул қилиши  керак.

УЧИНЧИ. Уюшган жиноятчилик билан фаол кураш давом этади. Биринчидан, кўрсатиладиганган давлат хизматлари доирасида давлат хизматчиларининг аҳоли билан бевосита алоқасини камайтиришга эришиш зарур. Ер муносабатлари ва қурилиш соҳасидаги тўрачилик ҳоллари жамиятни ташвишга соладиган муаммолардан бири. Бу соҳада  шаффофлик йўқ, халқ ва бизнес ахборотдан тўла воқиф  бўлолмаяпти. Ер захираси ва кўчмас мулк иншоотлари тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базасини тузишни топшираман. Бу масала бўйича тартиб ўрнатиб, ерни аниқ сармоядорларга бериш керак! Бу – биргина мисол. Аҳоли ва бизнес ҳамжамиятининг норозилигини келтириб чиқарадиган бошқа йўналишлар бўйича ҳам тегишли чораларни юритиш керак. Умуман, 2019 йилда кўрсатиладиган давлат хизматларининг 80 фоизи, 2020 йилда эса кўрсатиладиган давлат хизматларининг 90 фоизи электрон шаклга кўчиши зарур. Бунинг учун Давлат томонидан кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида қонунни зудлик билан янгилаш лозим. Иккинчидан, қарамоғидаги ходимлар уюшган жиноятчиликка алоқадор жиноят содир этган ҳолда биринчи раҳбарларнинг хусусий интизомий жавобгарлигини орттириш масаласини пухталаш лозим. Шу билан бирга, адолатли, ҳалол  ходим текширувчилардан қўрқмаслиги зарур. Учинчидан, “Уюшган жиноятчиликдан холи ҳудудлар” лойиҳалари доирасида пойтахтнинг уюшган жиноятчиликка қарши кураш стратегияси бўйича тажрибасини оммалаштириш лозим. ТЎРТИНЧИ. Ҳукумат ва барча давлат органлари фаолиятида расмиятчилик ва тўрачиликни камайтириш керак. Кейинги пайтда ҳукуматдаги, давлат органларидаги узоқ йиғилиш ва мажлисларнинг сони бир неча бор ортиб, ҳужжат айланими сезиларли даражада кўпайди. Ҳукумат ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида кунига 7 марта йиғилиш ўтказадиган ҳоллар ҳам бўлади. Улар қачон ишлашади? Бунга чек қўйиб, мазкур масалани тартибга келтириш керак. Зиммаларига аниқ мажбурият олиб ва улар учун ошкора тарзда ҳисобот беришга мажбур вазирлар ва ҳокимларга қарор қабуллаш ихтиёрини бериш лозим. Элимизнинг 2025 йилгача тараққиётининг стратегик режаси тайёрланган кўрсаткичлар харитаси бунга асос бўлиши керак.

БЕШИНЧИ. Юкланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун ислоҳотларнинг боришини назорат қилиш механизмларини кучайтириш керак. Ҳукумат ва давлат органлари йил охиригача тараққиётнинг барча масалаларини қамраб, аниқ индикаторлар ва “йўл хариталарини” тайёрлаши зарур, шунингдек, ислоҳотларни жорий қилиш учун керакли қонун лойиҳаларининг барчасини Парламентга ўз вақтида тавсия этиши лозим. Ўз навбатида, Парламент уларни сифатли ва жадал кўриб, қабуллаши даркор. Президент маъмуриятида ислоҳотлар ва асосий стратегик ҳужжатларнинг амалга оширилишига мониторинг юритиб, баҳолаш учун зарур ваколатлар берилган Миллий янгиланиш офисини ташкил этишни топшираман. Бу офис статистикавий кўрсаткичларга мониторинг юритишдан ташқари, иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг тажрибасига кўра, фуқаролар учун асосий масалалар тўғрисида аҳоли ва бизнес вакиллари орасида доимий равишда сўровнома юритиш талаб этилади. Идора ҳар бир йўналиш бўйича шаклланган аҳвол ҳақида менга мунтазам ҳисобот бериб туради. Ҳукуматнинг ҳар бир аъзоси, давлат идоралари ҳамда компания раҳбарлари олдига қўйилган вазифаларнинг ижросига шахсан жавоб беради.

V. САМАРАЛИ ТАШҚИ СИЁСАТ

Қозоғистоннинг самарали янгиланишини таъминлаш учун янги ташаббусларни қўлловчи фаол ташқи сиёсатни амалга оширишни давом эттириш зарур. Бизнинг тинчликсевар тамойилларимиз ва шу соҳадаги аниқ белгиланган қоидаларимиз ўзини-ўзи тўлиқ оқламоқда. Қозоғистоннинг Россия Федерацияси билан алоқа ва муносабати давлатлараро алоқаларнинг эталони ҳисобланади. Тўлақонли интеграциявий бирлашма, шунингдек, дунёвий иқтисодий муносабатларнинг фаол аъзоси сифатида шаклланган Евроосиё иқтисодий иттифоқи муваффақиятли фаолият юритмоқда. Марказий Осиё минтақасида ўзаро ҳамкорликнинг янги саҳифаси очилди. Хитой Халқ Республикаси билан ҳар томонлама страгик шерикчилигимиз ишончли равишда ривожланмоқда. “Бир белбоғ – бир йўл” дастури Хитой билан алоқаларимизга янгича тус берди.

Менинг январь ойидаги Вашингтонга расмий сафарим ва Президент Дональд Трамп билан олиб борган музокараларимда Қозоғистон ва АҚШнинг XXI асрдаги кенгайтирилган стратегик шерикчилик бўйича битимга эришилди. Биз савдо ва сармоя соҳасидаги йирик шеригимиз – Европа иттифоқи билан ҳамкорлигимизни давом эттираверамиз. МДҲ давлатлари, Туркия, Эрон, Араб Шарқи мамлакатлари ва Осиё давлатлари билан ўзаро самарали икки томонлама муносабатлар ривожланиб келмоқда. Ақтау шаҳридаги саммитда қабул қилинган Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенция Каспийбўйи давлатлари билан ҳамкорликнинг янги имкониятларига йўл очади.

Қозоғистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик кенгашидаги миссиясини муносиб якунламоқда. Сурия бўйича Астана жараёни тинч йўл билан тартибга солиш ва шу давлатни инқироздан чиқариш бўйича самарали иш юритиб келаётган бирдан-бир музокаралар форматига айланди. Шунингдек, ҳозирги мураккаб аҳволда Қозоғистон Республикасининг ташқи сиёсати мослашишни ва миллий манфаатни прагматизм қоидаларига мувофиқ жонлантиришни талаб қилади.

Ҳар қандай даврда ҳам муваффақиятга ишонч ва халқнинг бирлиги юрт тақдирини ҳал қилган. Ҳамкорликдаги куч-ғайратимиз билангина биз буюк чўққиларни забт эта оламиз.  

VI.  Ҳар бир қозоғистонликнинг  мамлакатдаги ўзгаришлар  жараёнига алоқадорлиги.

Ҳар бир қозоғистонлик амалга оширилаётган ислоҳотларнинг  моҳиятини ва  Ватанимизни фаровонлаштиришдаги аҳамиятини аниқ англаши жоиз. Ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш учун жамиятимизнинг муштарак мақсад атрофига жамланиши ўта муҳимдир. “Маънавий янгиланиш” дастури кенг қўллов топди ва жамиятдаги янгиланиш жараёнларига қувват берди. Ушбу ташаббусни нафақат давом эттириш,  балки янги мазмун ва йўналишлар билан тўлдириш жоиз. Ёшлар ва оила институтини мажмуавий қўллаш давлат сиёсатининг  устувор йўналиши бўлиши керак. Ёшларнинг барча тоифасини қўллашга мўлжалланган тадбирларни тўлиқ қамраган ижтимоий нарвоннинг кенг кўламли платформасини шакллантириш керак. Келгуси йилни “Ёшлар йили” деб эълон  қилишни тавсия этаман. Биз қишлоқ жойларнинг ижтимоий марказини  янгилашга киришишимиз керак. Бунинг учун махус  “Овул – Эл бешиги” лойиҳасининг  ишга туширилиши қўл келади. Бу лойиҳа орқали ҳудудлардаги меҳнатга доир мафкурани илгари суриш билан  шуғулланишимиз керак. Бойскаут  ҳаракати сингари “Сарбаз” болалар-ўсмирлар уюшмасини ташкил этиб, мактабларда ҳарбий-ватанпарварлик тарбиянинг ролини кучайтириш жоиз. “Ўз юртингни яхши бил” янги ташаббуси доирасида мамлакатимиз ҳудудлари бўйича оммавий мактаб  сайёҳлигини жонлантиришимиз лозим. Бугун аҳолининг ижтимоий аҳволини аниқлайдиган асосий соҳаларда улкан тадбирлар таклиф қилинмоқда. Ташаббусларнинг молиявий миқдори 1,5 триллион тенгедан ошади, умумий  самараси ундан зиёд. Бу аҳоли яшаш даражасини юксалтиришда ҳақиқий интилишни таъминлайди. Бу – энг ишончли ва даромадли сармоялардир.

Қадрли қозоғистонликлар!

Халқимиз фаровонлиги ва Қозоғистоннинг 30та ривожланган мамлакат сафига  кириши – Мустақил давлатимизнинг  узоқ муддатли мақсади. Биз доим давр талабларига холис жавоб бериб келганмиз.

Бу, энг аввало, бирлигимиз туфайлидир. “Тотув элнинг насибаси мўл”, дейди халқимиз. Бугунги даврнинг ҳам талаби осон эмас. Бирлик ва тотувликни сақлаб қолсак, забт этилмайдиган чўққилар йўқ. Мен ҳар бир Мактубимда аҳоли фаровонлиги ва турмуши сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратаман.

Амалга оширилаётган “7-20-25”, “Нурли йўл”, “Нурли ер” ва бошқа давлат дастурларидан асосий мақсад – аҳоли турмуш даражасини яхшилаш.

Қозоғистоннинг забт этилмаган чўққилари ҳали олдинда. Ушбу йўлда халқнинг ишончи бизни руҳлантириб, вужудимизга қувват бағишлайди. Мазкур  ишончни оқлашдан ортиқ олижаноб мақсад йўқ!

, 2018-10-12, 13:24
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.