26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Хатларингизни ўқиб...

Афсус, анжанлик эмасмиз...

Ривоят қилишларича, улуғларимиздан бири узоқ сафарга чиқади. Сафардан мақсад, зиёрат эди. Сафар чоғи ул зот йўлларини йўқотиб, қаршиларидан чиққан хушсурат йигитдан борар манзилга элтувчи йўлни сўрадилар. Йигит жеркиниб, терс гапирди. 

– Афсус, – дея надомат-ла бош чайқади ул зот. – Иморати чиройли-ю, эгасиз экан. 

Яқинда  бир қишлоққа бориб, бир уйда меҳмонда бўлдим. Улар оиласида бир-бирларини сенлаб муомала қилишар экан. Бу оилавий муомаладан хижолатда, ҳайрон бўлиб ўтирдим. Менга бу ҳол хунук, эриш туюлиб кетди. Кетиш чоғимда оила бошлиғи мен билан «Келиб тур», деб хайрлашди. Хонадондан қандай чиқиб кетганимни ҳам билмайман. 

Балки, сен-сенлаб, бир-бирига муомала қилиш ўзларига маъқулдир. Аммо менга уй соҳиби ҳурматсизларча муомала қилганга ўхшаб туюлди-да.

Аслида ҳам шундай. Ўзбеклар ўзининг ширин сўзи, лутфи-каломлари билан ажралиб турадиган миллат. Шундай ҳавас қилса арзигулик оилалар борки, ҳатто гўдак ўғил-қизи, келинлари билан ҳам сизлашиб, ҳурматлашиб гаплашишади. Сенлаб гапириш – ҳурматсизлик белгиси. Ахир, “сен” ҳам, “сиз” ҳам бир оғиздан чиқади. Бир-бирларимизни сизлашиб, ҳурматлаб муомалада бўлсак, нур устига нур бўларди.

Ота-боболаримиздан мерос ахлоқ-одобимиздан фарзандларимиз ҳам ибрат олишлари керак. Андижонликлар чақалоқни ҳам сизлашларини унутмайлик, азизлар.

Ғ. ШОНИЁЗОВ.

Қарз

Қишлоқда юз берган воқеани ёзиб, барча газетхонларни  ку­тил­­­­­маган хавф-хатардан огоҳ қилмоқчиман. Аслида хавф-ха­тар­ларнинг пайдо бўлишига ўзимиз сабабчи бўламиз. Бир дў­конда «Қарз муносабатларни бузади, қарз олманг ва қарз бер­­­­­­­­манг», деб ёзиб қўйишибди. На­қадар доно фикр. Аммо унга риоя қилмайдиганларнинг саноғи йўқ. Қишлоғимизда икки дўстни би­ламан. Аҳмад Жўрабойдан беш юз минг тенге қарз олди. 

– Оғайни, Россияга бориб, ма­шина олиб келаман, уни сотиб, иккита машина олиб келаман, биттасини сенга бераман, – деди Аҳмад. 

– Дўстимсанку, машинанг ўзинг­га буюрсин, икки ойдан кейин ўғлим­ни уйлантираман, шунгача берсанг бўлди, – деб, дўстини поездгача кузатиб қўйди. 

Жўравой Россиядан уч ойдан кейин машинасиз қайтиб кел­ди. Йўлда йўлтўсарлар олиб қўйи­шибди. 

– Оғайни, сени деб тўйни бошлай олмаяпман. Бир иложини қилиб, пулимни топиб бер, – деб ялинди Жўрабой.

 Аҳмад эртагаёқ топиб беришга ваъда бердию, сўзининг устидан чиқмади. Орадан яна икки ой ўтиб кет­ди. Жўрабой ўғли Сарварга дўс­­­­­­тидан пулини ололмаётганини ай­тиб улгурмади ҳамки, у ҳовлиқиб, кўчага чиқиб кетди. Кейин билса, икки улфатини олиб, жаҳл устида  Аҳмадни дўппослаб келишибди. Орадан кўп ўтмай, Сарварни по­ли­ция машинасида олиб кетди. Аҳ­­мад шу куни касалхонага ётиб, по­лицияга ариза берган экан. Иш судга оширилди. Сарвар қамалиш ара­­фасида бўлгани учун отаси ав­вал дўстидан аризасини қайтиб олишини сўраб, ялинди. 

Натижа чиқмагач, банкдан 800 минг тенге кредит олиб, Аҳмадга олиб бориб берди ва у полицияга берган аризасини қайтиб олди. Шундай қилиб икки дўст душманга айланди.

С. ТУРСУНОВ.

"Дангаса келин" 

Мана, кўпчилигимиз «олтин» дея таъриф бергувчи куз ҳам ўтяпти. Бу фасл­нинг жуда саховатли, бағоят тароватли эканлигига таъриф йўқ. Лекин... нимасини айтайин, шу ойларда дуч келган жойда ёқиб ташланган хазонлар тутунидан нафасимиз бўғилиб юришимиздан жиғибийрон бўламан. Ўзим ҳамшира эмас­манми, бунинг энг аввало, сиҳат-саломатлигимизга, қолаверса, атроф-муҳитга қай даражада зарарли эканлигидан ҳам хабардорман. Шунинг учун қаерда тутун ҳиди кўринса, имконим борича аввал уни ўчиришга, ҳеч бўлмаса ёқиб, томоша қилиб ўтирган каттаю-кичикни огоҳлантиришга ҳаракат қиламан.

Келинг, шу ерда ростини айтиб қўя қолай: яқинда эшитдим, менга фақат ҳов­ли супурмаганим учун «дангаса келин», деб ном қўйиб олишибди баъзи уйда ўти­радиган аёллар. Уларнинг ҳар бирига қандай қилиб тушунтирсам экан, дея бошим қотиб кетади, баъзан. Яхшиси, ўзимнинг миттигина оилам, ишим ҳақида сўзлаб бера қолай, хулосани ўзингиз чиқарарсиз.

...Эрталаб  кеч турмайман, ҳарҳолда тонг ёришар ёришмас уйғониб, уй юмушларига уннайман. Эримни ишга кузатгач, болаларимнинг бирини мактабга, бирини боғчага ўзим билан бирга олиб кетаман.

Тўққизга яқин зўрға ишга улгураман. Хул­лас, куни билан тик оёқда туриш, яна биров­нинг соғлиги учундир қайсидир маънода масъул­­­­­­­­­­лик билан куннинг бир қисми ҳам ўтади. Боғ­­­чадан болани уйга олиб келгач, кечки таом тайёрлашга киришаман. Бу орада мактабга қат­­­­­­­­­­­найдиган ўғлимнинг дарслари бор. Хуллас, бир қўлимда капгир, бирида тўртбурчакнинг периметри-ю, сўзнинг қандай ясалиши бўйича қоидалар. Бизнинг давримизда бошланғич синф вазифалари бундай мураккаб эмасди-ю, дейман-да, аввало, китобдаги қоидаларни ўзим ёд оламан. Ахир битта сўзни нотўғри айтсам борми, ўғлим мен билан дарс тайёрлашдан қатъиян бош тортади-да. Шундай қилиб, қозоннинг радиусини топиб, «мантиқозон» сўзининг ўза­­­­­гини аниқлагунимизча, ширингина мас­тава ҳам тайёр бўлади. Бу ора­да овқатланиш «тадбири» бош­ланади. Ахир кичкина қизимнинг овқатланиши учун нақ ярим соат вақт сарфлаш керак-да. Шунинг учун уни хўжайин ишдан қайтгунича овқатлантириб олишга улгураман. Очиғи, турмуш ўртоғим уйга келиб, бироз дам олиб (ахир асаблари чарчаб келган), ўғлимга жиддий оталар сингари қаттиқўллик билан «дарсларингни тайёрладингми?», деганидан сўнг кечки тановулга киришамиз. Кейин эса турмуш ўртоғим ўзига маъқул теле­­­канални кўриб, фарзандларимнинг ўйин­га берилганидан фой­­даланиб, ошхонани йиғиш­тириб, кир-чирларни ювиб, эртанги кийимларни дазмоллаб оламан.

Шундай қилиб, ҳали оддийгина, ҳеч бир муаммосиз ўтган кунларимиз шу тариқа кечади…

Йўқ, бу билан ҳамшира келин кўча супурмас экан-да, деган хаёлга борманг, асло. Албатта, дам олиш кунлари ҳовли-ю, кўчаларни, албатта, супуриб чиқаман. Лекин баъзи янги келинларга ўхшаб, сувни ҳам, вақтни ҳам исроф қилиб ҳар куни кўча супуришнинг ҳеч иложини қилол­­­майман-да. Шунинг учун ҳам куз фаслидан бироз гинам бор: хазонлар тўкилаверади, тўкилаверади... 

М. ЯРАШЕВА.

, 2018-10-15, 11:29
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.