26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Розиликлар ичра яшаш насиб этсин

Вақт – оқар дарё, дейди доно халқимиз. Саноқли кунлардан сўнг баҳор фасли кириб келади. Етказганига шукр, ўлмаган қул, кўкка ҳам етамиз. Май ойининг бошларида эса ислом аҳли учун муборак ой – Рўзаи Рамазон ташриф буюради. Ният қилган ҳар бир мусулмоннинг бу дақиқаларни орзиқиб кутаётгани шубҳасиз. Чунки бу ой барча ойлар подшоҳи, меҳр-мурувват, энг асосийси, гуноҳлардан покланиш, Аллоҳ марҳаматидан умидвор бандалар учун берилган имкониятдир. Барчамизни раҳматидан ноумид қилмасин!

Бу ойнинг яна бир жиҳатлари борки, хайрли амалларимиз, қилган савобларимиз билан амал дафтаримизни бойитиш имкони берилган. Жумладан, закот, фитр, ҳажбадал, ушр ва вақф ибодатларини бажариб, Аллоҳ ризолигига эришишни мақсад қилган мусулмонлар учун ато этилган бир имконият деб қабул қиламиз. Аслида бу ибодатларнинг тўлиқ маъносини кўпчилик билавермайди. 

Қуйидаги мақолада озми-кўпми маълумот беришни мақсад қилиб, шаҳар масжиди бош имомининг ўринбосари Назирхон домла Тошхўжаевга мурожаат қилдик.

– Баъзи бир диний иборалар, ибодатларни оддий халқимиз тушунавермаслиги аниқ. Китоб ўқимайдиган ёшларимиз ё диний маълумоти кам катта авлод вакиллари ҳам бу сўзларнинг аниқ бир йўналиши, талабларидан бехабар. Шунинг учун суҳбатимизни закотдан бошласак. Нима учун закот – ибодатлардан саналади?

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Закотни бугунги кунда кўпчилик бойлар томонидан бева-бечораларга, муҳтожларга, кам таъминланган оилаларга бериладиган бир садақа деб ҳам тушунишади. У – муҳтожларнинг ҳаққи, мол садақаси ҳам дейилади. Инсоннинг топган дунёси учун бериладиган садақадир. Масалан, чорва моллари ё олтин-кумуш, бугунги кунда айланмада юрган пулнинг 40дан бири берилади. Закот –мол-мулкка нисобга етган вақтга бир йил тўлгач, ҳар йили бажариладиган амал ҳисобланади. Бугунги кунда баъзи бир одамлар орасида шундай савол пайдо бўляпти: “Закотдан тушган маблағни йўл таъмири ё мактаб қурилишига ишлатсак бўладими?”. Йўқ, жамоат жойларига ишлатиладиган маблағ садақаи жория дейилади. Бу ерда то шу иншоот одамларга фойдаси тегиб тургунча берган инсонга савоби ёзилади.

Шунингдек, закот – исломий ибодат, имкони бор мусулмон одамга Аллоҳ томонидан буюрилган муқаддас бурчдир. Закот намоз ва рўза ибодатлари орасида, имон ва намоздан кейин рўзадан олдинги учинчи рукн бўлиб келган. Бу ибодатда улуғ инсоний ғоялар, ахлоқий кўринишлар, руҳий қадриятлар ҳам ўз аксини топгандир. Бу амалдан асосий мақсад инсон мол-дунёнинг қули эмас, мол- дунё инсоннинг қули эканлигини билдиришдир. 

– Тушунарли. Энди закот ва фитр орасидаги фарқни шарҳлаб берсангиз...

– Юқорида айтиб ўтганимиздек, закот – мол-дунё садақаси, фитрни эса жон садақаси, десак ҳам бўлади. У Рамазон ойи бошлангандан то ҳайит бошлангунга қадар берилади. Имкони бор кишининг фитр садақасини бериши вожибдир. Ўзимизнинг ҳудудларда энг кам миқдорини 2 кило буғдой қиймати билан белгиладик. Энг кўпининг эса чегараси йўқ. Бошқа жойларда халқнинг ейиладиган таоми билан белгиланади. Масалан, майиз, ёнғоқ ё хурмо, гуруч бўлсин ё шунга ўхшаш истеъмолдаги таом туридан. Унинг миқдори масжидларда белгиланиб, эълон қилинади. Шунингдек, у оила бошлиғи томонидан оила аъзоларига, раҳбарлар томонидан қўл остида ишлайдиган ходимлар, қариялар, аёллар, ёш болаларга берилади.

– Бизнинг муомалада кам ишлатиладиган, деярли кўпчиликка нотаниш бир хайрли амал ҳам бор. Бу – ушр садақаси...

– Ушр – экиндан тушган даромаддан бериладиган садақадир. Ёмғир суви билан суғориладиган ерларнинг ўндан бири, суғормали ерлардан олинадиган ҳосилнинг йигирмадан бир улуши берилади. Бу ҳам камхарж оилалар, етим - есирлар, муҳтожларга тарқатилади.

Аллоҳ таоло: «Ва унинг ҳақини ҳосилини йиққан куни беринг. Исроф қилманг. Чунки У Зот исрофчиларни яхши кўрмас», деган (Анъом: 141). Ушбу оятда Аллоҳ экинлар ҳосилини йиққан кунда ҳақини – закотини беришга буюрмоқда.

– Мавзудан озгина четлашсакда, яна бир хайрли амалимизга мурожаат қилсак. Аллоҳ розилиги йўлида қилаётган эзгу ишларимиздан бири – вақфга тўхталиб ўтсангиз. 

– Вақф – «тўхтатиш» маъносини билдиради. Унинг шаръий таърифи борасида турли фикрлар билдирилган. Вақф – бирор бир нарсани Аллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир. Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади. Бундан келадиган фойда вақф қилувчи уни вақф этишда тайинлаган жиҳатга (масалан, талабалар, мусофирлар, камбағаллар каби) сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди.

Шу ерда муштарийга тушунарлироқ бўлиши учун бир ривоят келтириб ўтсак. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг олдиларига бир йигит келиб, “Ё Расулуллоҳ, мен онамнинг вафот этганларида ҳузурларида йўқ эдим. Онам учун бир амални бажарсам. Фалончи жойда бир қудуқ бор. Шуни сотиб олиб, онамнинг ҳақидан вақф қилсам”, дейди у. Яъни халқ шу қудуқнинг сувидан бепул фойдаланса, деган фикрни билдиради.

P.S. Дарҳақиқат, ўткинчи дунёда молу мулк қулига айланмай, охиратимиз учун қайғурадиган вақт келган. Ортимизда фақат яхши амалларимиз, хайрли ишларимиз қолади. Оладиган қўлдан берадиган қўл афзалдир, деб бежиз айтишмайди. Садақаларимизни ҳам кўпайтириб, ишларимизга ривож, умримизга мазмун бахш этайлик.

Ш. УСМОНОВА, 2019-02-28, 11:50 136
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.