26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Носир оғанинг ҳазилларини қўмсайман

Мархабат Байғут,

ёзувчи, Қозоғистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби.

1. Бутуниттифоқ кенгашидаги учрашув

1987 йилнинг олтин кузи эди. Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг ташкилий ишлар бўйича котиби Қалаубек Турсинқулов қўнғироқ қилиб:

– Ўзбекистонда, аниқроғи, Нукус, Хива ҳамда Тошкент шаҳарларида болалар адабиётига бағишланган Бутуниттифоқ ҳафталик ўтади, – деди. – Қозоқ адабиётидан Туманбай Мўлдағалиев оғамиз вакил бўлиб бормоқчи эди. Бахтга қарши, бетобланиб қолди. У кишининг ўрнига сени юборадиган бўлдик. Қандай бўлмасин, эртагача Нукусга етиб боришинг шарт.

Очиғи, котибимизнинг кутилмаган топшириғидан саросимага тушиб қолдим.Чунки, Нукусга самолёт учмайди, бунинг учун Тошкентга бориш керак. Аэропортдагилар:

– Агар биздан чипта олиб, Тошкентгача самолётда учсангиз, у ёқ билан келишиб, Нукус самолётига чипта сота оламиз, – дейишди.

Хуллас, Тошкентга самолётда учадиган бўлдим. Салонда уч-тўрт нафаргина йўловчи бўлган улкан самолёт Шимкентдан кўтарилиши биланоқ пастлай бошлади, стюардессанинг Тошкентга қўнишимизни эълон қилиши қизиқ туюлди.

Туни билан Тошкент аэропортида бедор ўтириб, тонгда Нукус шаҳрига учиб, кенгашнинг очилишига етиб бордим. Ҳафталикка Иттифоқдаги барча республикалардан бир кишидан, Москвадан эса, беш-олти нафар вакил келишган экан. Россия, Белоруссия, Гуржистон, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Болтиқбўйи республикалари ва ҳоказолар. Албатта, Ўзбекистондан кўпчилик: Одил Ёқубов, Носир Фозилов, Тўлапберган Қайипберганов ва яна бошқалар.

Нукусдаги кенгашни Москвадан келган Бутуниттифоқ Ёзувчилар уюшмасининг болалар адабиёти бўйича котиби олиб борди. Кириш сўзини кенгаш раисининг муовини Одил Ёқубов оғамиз айтди.

Носир Фозил оғамизни аввалдан яхши билардим. Олмаотада, Шимкентда, шунингдек, Қазиғурт туманидаги адабий тадбирларда бир неча бор кўрганман. Аммо гаплаша олмагандим. Ўша, 1987 йилги кенгашда яқиндан кўриб, бирга юриб, ҳазил-мутойибасидан роҳатландим. Биргаликда Орол денгизига, 

Мўйноқ шаҳрига учиб бордик. Бир пайтлар маҳобатли, гўзал бўлган денгизимизнинг тортилиб, озиб-тўзаётганини кўриб, куюндик. Мунғайиб, қумликларга чўкиб қолган кемаларга қараб, юрагимиз эзилди.

Нукусдаги кенгашга қайтайлик. Мажлис раиси русча, Одил оғамиз жиндек русча, кўпроқ ўзбекча, украиналик вакил аввал русча, кейин украинча гапирди. Қозоғистон вакили сифатида менга сўз беришди. Айтадиган фикрларимни жамлаб, рус тилида гапиришга жазм қилгандим. Минбарга яқинлашаётганимда ҳайъатда ўтирган ўзбек билан туркман бовурларим ўзаро шивирлашиб: «Бу қозоқ энди тоза русча сўзлайди», – деб кулишгани қулоғимга чалиниб, қозоқча сўзлашга аҳд қилдим. Сўзни қозоқ болалар адабиётидаги янгиликлар ва изланишлар ҳақида бошлаб, Орол денгизининг ҳасрати билан якунладим. 

Йиғилишдан кейин мени мазах қилишган икки қардошимиз ҳам, Носир оғамиз ҳам қозоқ тилида сўзлаганимдан мамнунликларини айтишди.

Қорақалпоғистоннинг бир қанча туманлари, Орол бўйлари, қадимий Хива шаҳрини зиёрат қилгач, Тошкентга қайтдик. Бир неча минг томошабин тўпланган Халқлар Дўстлиги саройида ҳафталикнинг якуний кечаси бўлиб ўтди. Унда москваликлар, иттифоқдош республиклардан келган таниқли шоир ва ёзувчилар сўзга чиқишди, шеърлар ўқилди, қўшиқлар айтилиб, рақслар ижро этилди.

Кеча якунида саҳнага Бутуниттифоқ Болалар адабиёти кенгаши раисининг ўринбосари Одил оға Ёқубов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Болалар адабиёти кенгашининг раиси Носир Фозилов, шунингдек, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг вакили сифатида мени чақиришди. Одил оға якуний сўзни айтиши, Носир оға ҳам сўз айтгач, эстафетани Қозоғистонга топшириши, мен эса, қисқача гапириб, Бутуниттифоқ Болалар адабиёти ҳафталиги келгуси йили Қозоғистонда ўтишини эълон қилишим керак эди. Бор гап шу, аммо саҳнага ҳаяжондан тиззаларим қалтираб, аранг кўтарилдим: шу пайтгача бунча одам қаршисида гапириб кўрмаганман. Улкан залнинг олдинги қаторида Москва ва бошқа йирик-йирик шаҳарлар, республикалардан келган таниқли адиблар, Ўзбекистоннинг раҳбарлари ўтиришарди. Ҳар доим вазмин, салобатли Одил оғамиз биринчи, иккинчи – Носир оға, мен учинчи бўлиб саҳнада қаторлашиб турдик. Залдаги бир неча минг одам сув қуйгандай жимиб қолгач, ваҳмим баттар кучайиб, кўз олдим қоронғилашиб, қулоқларим шанғиллай бошлади. 

Шунда Носир оғам менга қараб, кулимсираганча: «Қулоғингни яқинлат», дея ишора қилди. Оғамиз нима демоқчи, дея у кишига қулоқ тутдим. «Мархабат иним, манов залдаги неча минг одам ҳозир нимани ўйлаб ўтирганини биласанми?» – деди. «Йўқ, қайдан билайин» – дедим бўғиқ овозда. «Шунча минг одам манов саҳнада қаторлашиб турган уч қозоқ нима деркин? – деб ўтиришибди», деди шунда оғатойим. Бехосдан кулиб юбордим. Оғамизнинг «уч қозоқ» деганини тушундим. Одил оғамиз ҳам, Носир оға ҳам Туркистонда таваллуд топишган-да. Бу пайт Одил оға гапира бошлади. Мен яна Носир оғанинг ҳалиги гапидан яйраб кулдим. Ичимда, албатта. Тиззаларимдаги қалтироқ босилиб, ҳаяжоним унут бўлди. Қандайдир руҳланиб кетгандайман. Энди саҳнада Носир оғага ўхшаб ҳазил гапларни айта оладигандай, ўзимни эркин ҳис қила бошладим. Хуллас, ўшанда Одил оға билан Носир оға ҳам, камина ҳам кўнгилдагидай сўзлаб, гапларимизни ҳазил-мутойиба билан якунлаб, залдагиларнинг кулгиси, гулдурос қарсакларига сазовор бўлдик.

Агарда Носир оғам менинг саҳнада титраб-қақшаб турганимни сезиб, гапни ҳазилга ўраб, мени қайрамаганида, нима бўлишини ким билсин-эй, ким билсин.

2. БЕҒУБОР КУЛГИСИНИ ЙЎҚОТМАГАН ОДАМ

Атоқли адиб, моҳир таржимон Носир Фозил оғатойим 1993 йили Қозоғистон Президентининг Тинчлик ва маънавий ҳамжиҳатлик учун» мукофотини олиш учун Тошкентдан Олмаотага келганди. Мукофотни топшириш тантанаси Республика саройида бўлганди. Носир оғамиз саҳнага мийиғида кулиб чиққанини телевизор экранида кўрганимдаёқ, «Айланайин оғатойимиз одатдагидай бир нимани ўйлаб чиқдиёв», деган гап кўнглимдан ўтиши билан у киши Элбошига ўзбек пичоғини совға қилди. Шундан кейин оға: «Нуреке, ўзингиз биласиз, удумга кўра, совғага пичоқ олган одам ҳадя берганга чақа бериши шарт, яъни у пичоқни сотиб олади», деди. Ўшанда Президент киссаси қуруқ бўлганидан, чақани ёнидагилардан олиб берганди.

Ўша лаҳзадаги Элбошининг беғубор кулгиси кўз ўнгимдан кетмайди. Кулганда ҳам ёш боладай, яйраб, бутун вужуди билан кулса денг. Раҳматли Асем опамиз: «Қалби пок, кўнгли тоза одамларни беғубор кулгиси тарк этмайди. Бундай кулги ҳар кимда ҳам бўлавермайди», – дерди.

Мукофотни олиб, Олмаотадан қайтган Носир оғани Чимкент вокзалида кутиб олдик. Вилоятимизнинг тўнғич ҳокими Марс Фозил ўғли Уркимбаев оғани қабул қилиб, мукофот билан қутлади, елкасига тўн ёпди, совға-салом берди.

Вилоят ҳокимининг қабулидан сўнг оғани ресторанга таклиф қилиб, чой бердик. Официант қиз ҳисоб-китоб қилгани келганида, Носир оға яна: 

– Мархабат иним, чойнинг пулини ўзим тўлайман, – деса бўладими.

Нега, сиз тўларкансиз?! Сиз бизга табаррук меҳмонсиз, қўйинг бу гапни! – дедим. 

Билмасам, Президентларингнинг киссасида чақаси бўлмагач, сен ҳам қийналиб қоласанми, дейман-да», – деди оғам боладай беғубор кулиб.

3. ТАУПИСТЕЛИ ТУПРОҒИДА

Носир оғам менинг 50, 60 ёшга тўлган тўйларимда иштирок этган. Шимкент шаҳрида, Тулкибош (Туркибош) туман маркази, шунингдек, туғилган овулим Таупистелида ўтган тадбирлар, учрашувларда биз билан бирга бўлиб, адабиёт, қон-қардошлигимиз ҳақида чуқур мазмунли гаплар айтган, қувноқ ҳазиллари, фавқулодда топиб айтган ўткир мутойибалари билан давраларимизга файз бағишлаб, барчамизни кулдирган.

Элликка тўлишим муносабати билан Таупистели овулида ўтовлар ўрнатилиб, тўкин-сочин тўй бўлганди. Туман ҳокимлигининг қарори билан менга боғ учун ер ажратиб берилди. Ўша ерга Олмаота, шунингдек, бошқа шаҳарлардан келган шоир, ёзувчилар олма, ўрик ва бошқа мевали ниҳолларни экишди. Ҳозирда ўша ниҳоллар етилиб, ҳосил бера бошлади. Боққа кираверишдаги мармар тошга: «Мазкур боққа 1995 йилда Шерхан Муртаза, Носир Фозил бошчилигидаги ёзувчилар томонидан асос солинди» деган сўзлар ўйиб ёзилган.

Ўша, эллик ёшга бағишланган тўйимда маҳаллий ҳокимлар, мақтангиси келибми: «Бу боғда ёзувчимизга икки қаватли уй қуриб берамиз, қадрли меҳмонларимиз ўша уйнинг тамал тошини ўз қўллари билан қўйиб беришсин», – дейишди.

 Носир, Шерхан, Қалдарбек, Аҳад ва яна бошқа йигирмага яқин ёзувчи оғаларим тоғдан атайин келтирилган тошлардан бўлғуси уйнинг пойдеворини қўйишганди. Носир оға эса: «Ҳой, айланайин қозоқ ҳокимлари! Мен сенларнинг бу гапингга ишониш-ишонмаслигимни билмай турибман. Қозоқ ҳокимлари ёлғонни кўпроқ айтувчи эди. Чиндан ҳам Мархабатга уй қуриб берасизларми? – деб қолди. «Қуриб берамиз, қуриб берамиз!» – дейишди ҳокимлар.

– Агар, ҳақиқатан ҳам уй қуриб берсангиз, янги уйнинг қутлуғ бўлсинига каминангиз Мархабат инимга ўзбекнинг бир қизини олиб келиб берганим бўлсин! – деди Носир оғам. 

– Бўлди, бўлди, ваъдамиз – ваъда! – дейишди ҳокимлар. 

– Бироқ, сенлар икки қават эмас, бир қаватли уй солинглар,– деди Носир оға. 

– Нега? Нега? – дея ажабланишди ҳокимлар. 

– Иккинчи қаватдан ўзбек қизининг боши айланиб, йиқилиб тушиши мумкин, уй бир қаватли бўлгани маъқул, – деб, муғомбирона кулди оғам, сўнг қулоғимга шивирлаб: «Сенинг ҳокимларинг икки қаватли уй қурамиз, деб, қийналиб қолишмасин, деяпман-да. Қайдам, буларинг бир қаватли уйни қуриб беришларига ҳам ишонмаяпман», – деди кафтидаги чангни қоқар экан.

Шул билан, орадан беш йил ўтди, уй қурилмади. Ўн йил ҳам ўтди, уйдан дарак бўлмади. 

Олтмиш ёшлик тўйга ҳам етдим. Носир Фозил, ёнида икки-уч ёзувчи шериклари билан олтмиш ёшлик тўйимга келди. «Айтдим-ку, қозоқнинг ҳокимлари алдаб кетишади, деб. Эй, ҳокимлар, уй қани? Яхшиям ўзбек қизини эргаштириб келмаганим. Бояқиш қиз Мархабатимга қачон етишаман, деб йиғлаб қолди», – деб ҳаммани кулдирди.

Ниҳоят, етмиш ёшга тўлишим арафасида болаларим чорбоғли бир қават уй қуриб беришди.

Бахтга қарши, Носир оғам етмиш ёшли тўйимга кела олмади. Бетобланиб қолди. Дўстим Абдураҳим Пратовдан дуойи-саломларини айтиб юборибди. 

Кўп ўтмай, ажойиб инсон, улкан адиб, моҳир таржимон оғамиздан айрилиб қолдик. Оғамиз ҳозирда жаннат боғларида болаларча кулгиси, қувноқ сўзлари билан ҳур қизларни кулдириб юргандир.

Устоз ваъда қилган ўзбек қизини энди у кишининг шогирди Меҳмонқул бовурим бошлаб келиб, кўрсатса бўлармиди. Ўша, Носир оғам ваъда қилган қизнинг жамолини бир бор кўрсам бўлгани, уни Таупистелидаги уйда олиб қолишга бойвуччамиз кўнмайди. Бизнинг уйдаги Қиздаргул бойвучча олтмиш ёшга тўлганимда: «Носир қайноғам ростдан ҳам ўзбек қизини олиб келса, рухсат бераман. Олтмиш учингача бу рухсат кучда бўлади, пайғамбар ёшидан ўтганингдан кейин шартномамиз ўз кучини йўқотади»,– деган.

Эвоҳ, энди Носир оғамизни соғиниб, унинг ҳазилларини қўмсаб яшашдан ўзга чорамиз йўқ,  Меҳмон бовурим!

Қозоқ тилидан Меҳмон Исломқул таржимаси., 2019-04-19, 20:46 75
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.