26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Туркий тилдош, тугал бўл!

Пистелида  ўтди шукуҳли тадбир

Ёш авлодни ватан­пар­варлик руҳида тар­биялаш, бадиий адабиётга меҳр уйғотиш, ижод аҳлини қўллаб-қувватлаш – бугун­ги куннинг долзарб ва­зи­фаси. Дарҳақиқат, Эл­бо­ши Н. Назарбаевнинг ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Маънавий ян­гиланиш” дастури дои­расида кўплаб тад­бирлар, учрашувлар ўтка­зил­­моқда. 

Тулкибош тума­нининг сўлим Пис­тели ову­лида “Таупистали таълими” лойиҳаси дои­расида ўт­ган “Шерхан Мур­таза ва Носир Фозил бо­ғида” мав­­­­­­зуидаги тад­бир бунга ёр­қин мисол. 

Туркий давлатлардан кел­ган ада­биёт ва санъат намоян­да­лари мазкур масканда уч йил му­­қаддам илк бор бош қўш­ган­­­­­­дилар. 2016 йили ўтган ўша тад­­бирга Астана, Алмати, қўш­ни Ўзбекистон ва Туркиядан ада­биёт шинавандалари, олимлар, ёш ижодкорлар келиш­ганди. Бу учрашувда туркий халқ­­лар адабиётига оид долзарб ма­са­лалар муҳокама қилиниб, ба­диий адабиёт ва жур­налисти­кадаги маҳорат, анъана ва нова­торлик, замон, жа­мият, инсон ҳам­да ижодкорнинг масъулияти ҳақи­да фикр-мулоҳазалар бил­дирил­ганди. 

Бу галги тадбир Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида таш­кил қилиниб, таниқли ўзбек ади­би Носир Фозиловнинг 90 йил­лиги ҳамда қозоқ адабиёти­нинг забардаст вакили Шер­хан Мур­тазанинг хотирасига ба­ғишланди. 

Учрашув таниқли давлат ар­боби Турар Рисқуловнинг ҳайка­ли пойига гулчамбар қўйиш, Тур­кибоши авлиёси зиёрати ва ўт­ганлар руҳига аталган Қуръон тиловатидан бошланди. 

Меҳмонлар ёзувчи М. Байғут­нинг овулдаги хонадонида карнай-сурнай наволари билан кутиб олинди ва улар боғни оралашгач, дастурхондаги егуликлар, мазали қимиздан татиб кўришди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу жойдаги мармар тошга “Шерхан Муртаза, Носир Фозил бош­чили­гидаги ёзувчилар 1995 йилда ушбу боғ пойдеворини қўйишган” деб ёзилган лавҳа ҳамманинг эътиборини тортди.

Тадбирни очар экан М. Байғут жорий йилги учрашув қозоқ ва ўзбек адабиётининг ёрқин на­мояндалари Шерхан Муртаза ва Носир Фозиловга бағишланганини таъкидлади ва мазкур боғнинг Ш. Муртаза, Н. Фозил, М. Мирзах­метули, Қ. Найманбаев, А. Жақси­бай, С. Абдрахманов каби атоқли адиб ва давлат арбоблари то­мо­­нидан барпо этилганини эслатди.

Дастлаб сўз олган Тур­кистон вилояти ҳокимининг ўрин­боса­ри М. Ўтарбаев тадбир ишти­рок­чиларига вилоят ҳокими Ў. Шў­кеевнинг табригини етказди ва бундан буён ҳам адабиёт ва маъна­вият соҳасига доимий қўл­лов кўрсатилишини таъкидлаб, ушбу учрашувнинг аҳамиятига юқо­ри баҳо берди.

Тулкибош тумани ҳокими Н. Турашбеков ёзувчи Ш. Мур­та­за­нинг “Тулкибош – тулпорлар ту­­ғилган ер, шунқорлар қўнган ер” деб таърифлаганини эслатар экан, бу қутлуғ макондан қанча-қан­ча истеъдодлар етишиб чиқ­қа­нини фахр билан тилга олди. Шу­лардан бири таниқли қо­зоқ ади­би, Халқаро “Алаш” му­ко­фоти сов­риндори М. Байғут ҳо­зирги кунда “Мархабат-Мирас” жам­ғар­маси билан ҳамкорликда ёш­лар тарбиясига муносиб ҳисса қўш­моқда, деди у.

Шунингдек, Қозоғистон Ёзув­чилар уюшмаси бошқаруви ко­тиби, таниқли шоир Е. Раушанов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшма­си қозоқ адабиёти кенга­шининг котиби Меҳмонқул Исломқулов, “Жамбил” журнали бош му­ҳар­рири Н. Даутайули, А. Яс­савий номидаги Халқаро қо­зоқ-турк уни­верситети турк фило­логия­си кафедраси мудири, про­фес­сор А. Шенгун, Шимкент ша­ҳар ички сиёсат бошқармаси раҳ­ба­рининг ўринбосари Ж. Бек­тае­ва, Қозоғистон Жур­на­листлар уюшмаси Шимкент шаҳар фи­лиали раиси А. Қапба­рова ва бошқалар туркий халқ­лар ада­би­ётининг долзарб муам­молари ҳам­да истиқболи ҳақи­да фикр-муло­ҳазаларини бил­диришди. 

Улар Носир Фозиловнинг қо­зоқ адабиётининг С. Муқанов, Ғ. Мусирепов, С. Мавленов, Қ. Тур­­сунқулов каби дарғалари би­лан яқин ижодий алоқада бў­либ, “Олтин кўприк” унвонига бе­жиз сазовор бўлмаганини таъкид­лаш­ди. 

Тадбирда иштирок этган ўзбе­кис­тонлик меҳмонлар – “Шарқ юл­дузи” журнали бош муҳаррири Си­рожиддин Рауф, адабиётшунос олим Адҳамбек Алимбеков, “ХХI аср” газетаси бош муҳаррири Нор­қобил Жалилов анжуманни юқори савияда уюштирган мез­­бонларга миннатдорчилик  бил­ди­ришиб, Қоратовнинг этаги, Олатовнинг бошидаги Пистели овулининг ўзгача ва бетакрор та­биатидан ҳайратланишганини яши­ришмади.

Вилоятимизда чоп этиладиган “Қазиғурт” журналининг Ш. Мур­таза ва Н. Фозилов ижодига ба­ғиш­ланган жорий йилги 2-сони меҳ­монларга совға сифатида тар­қатилди. Ундаги икки улуғ ёзувчи ҳақидаги замондошларнинг эс­далик, хотиралари, публицистик мақолалари барчада катта қизи­қиш уйғотди. 

Тадбирга Туркистон вилоят ҳо­­­кимлиги, Тулкибош туман масла­­­­­­­ҳати депутати Сатбай Қасимбек раҳбарлик қилаётган “Мархабат-Мирас” ижтимоий жамғармаси, Тулкибош тумани ҳокимлиги ҳо­мий­лик қилди.

Анъанага кўра, шу куни Тул­кибош, Сўзоқ, Байдибек ту­ман­ларидан келган бир гуруҳ ёш шо­ирларга таниқли ёзувчи ва журналистлардан Б. Қўнисбек, Н. Бегалиев, Е. Раушанов, М. Ис­ломқулов фотиҳа беришди. 

Адабиёт ва маънавият маса­лалари ҳақидаги суҳбат дам олиш масканида ёзилган дастурхон атрофида давом этди. 

З. МЎМИНЖОНОВ., 2019-05-06, 20:58 84
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.