26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Бошпанали оила – бахтли оила

Уй-жой қурилиш жамғарма банки (УЖҚЖБ)нинг Шимкент филиали фаоллик кўрсатиб, айни кунларда бажарилаётган ишлар юзасидан аҳолига тушунтириш ишларини йўлга қўйганлигини сизларга хабар қилган эдик. Яқинда эса ушбу ташкилот ва таҳририятимизга келиб тушган саволларни жамлаб, мазкур молия институтининг Шимкент филиали бўлими раҳбари Нурлан Султанов билан учрашдик ва “Бахтли оила” дастури доирасида кўпчиликни қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдик.

– Нурлан Темирбекули, шимкентликларнинг бошпана муаммоларини ечишда ҳисса қўшяпсиз. Ўзингизга яхши маълум, даромади кам оилага бошпана харид қилишга мўлжалланган кредитлаш дастури – "Бахтли оила" ишга туширилгандан буён кўпчилик унда иштирок этишни ният қиляпти. Бунда туғиладиган биринчи савол: бу дастурда кимлар иштирок эта олади? 

– Айни кунда УЖҚЖБ орқали бошпанали бўлишга мўлжалланган бошқа давлат дастурлари ҳам бор. “Бахтли оила” эса даромади паст оилаларнинг уй-жой сотиб олиши учун кредитлаш дастуридир. Унда фақат уйга навбатда турган махсус тоифадаги оилалар иштирок эта олади. Улар, тўрт ва ундан кўп вояга етмаган кўп болали оилалар. Агар, олий ўқув юртида, коллеж ва бошқа билим юртининг кундузги бўлимларида ўқийдиган 23 ёшгача болалари бор бўлса, уларни ҳам эътиборга оламиз. Иккинчиси, вояга етмаган болалари бор тўлиқ бўлмаган оилалар. Агар ота-оналар ажрашган бўлса, бу муддатга уч йил тўлиши керак. Учинчиси, оиласида имконияти чекланган бола бўлса, энг кам фоиз билан бошпанали бўла олади. Умуман, дастурда нафақат Шимкент шаҳри, балки Туркистон вилояти аҳли ҳам иштирок эта олади. Жорий йил охиригача, вилоятда ҳам банк филиали очилади. Бироқ, шунга қарамасдан, айни кунда барча фуқаролардан аризаларни қабул қил­япмиз.

– Дастурда иштирок этиш учун қандай талаблар қўйилган?

– Дастурнинг бош талаби – даромади паст, уй навбатида турган уч тоифадаги оилалар маҳаллий ҳокимлик, уй-жой бошқармасидан йўлланма олиб келиши керак. Йўлланма бепул берилади. Махсус намунадаги йўлланма оиланинг уй навбатида турганини, тоифасини тасдиқлаб, банкнинг ушбу дастурида иштирок этиш имкониятини беради. Албатта, уйга навбатда турган фуқаролар номида уй бўлмаслиги керак. Дастурга кўра, талабгор уй учун навбатда турган бўлиши шарт. Навбатга қўйилгандан сўнг, уй-жой бошқармаси хўжалигидан йўлланма олиб келинади. Агар йўлланма бўлмаса, ушбу дастурда иштирок эта олмайди. Чунки, “Нурли ер” дастури билан, вазирликнинг қабул қилган қарори бўйича, мен санаб ўтган уч тоифадаги оилаларга хизмат кўрсатамиз. Шимкент шаҳрида уй навбатда турганлар, шаҳар уй-жой инспекцияси бошқармасидан йўлланма олиб келиб, Шимкент шаҳридан 15 млн. тенге миқдорида 2 фоизли устама билан бошпана олишлари мумкин. Туркистон вилояти аҳолиси, туман марказларидан йўлланма олиб келиб, Туркистон шаҳридан ва яшаётган туманидан 10 млн. тенгегача уй харид қила олади. Айтиш жоизки, агар Шимкент шаҳридан йўлланма олганда, уйни ҳам фақат шу ердан олади. Бошқа шаҳарлардан уй ололмайди. Бунда оила даромадига ҳам эътибор берилади. Агар кўп болали она декрет ҳордиғида бўлса, даромади бўлмаган ҳолда, унинг умр йўлдоши даромадини кўрсатади. Унинг ҳам сўнгги 6 ойлик даромадининг пенсия бадаллари тўланган бўлиши керак. Даъвогарнинг имконияти чекланган ёки хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётган бўлса, адвокатлар, нотариуслар, давлат даромадлари департаментидан маълумотнома олиб келиб, даромадини кўрсата олади. Бироқ, бунда, айтиш жоизки, оила даромади ҳар бир одамга чаққанда 42500 тенгедан ошиб кетмаслиги керак. Масалан, оилада 6 киши бўлса, эр-хотиннинг даромадлари 255 мингдан ошмаслиги шарт. Агар ундан ошиб кетса, дастур бўйича кредит ажрата олмаймиз.

 Мазкур дастурга Қозоғистон бўйича 50 млрд. тенге маблағ ажратилди. Ҳар йили шундай миқдор кўзланади. Жорий йили унда иштирок эта олмаганлар, келгуси йили қатнашишлари мумкин. Масалан, ҳамюртимиз 10 млн. тенгега уй оладиган бўлса, дастлабки бадали – 1 млн.тенгени жамлаши керак ва бу дастурнинг биринчи шарти. Шу боис ҳам маблағ жамғаришни шу ондан бошлашингиз жоиз. Мижознинг уй учун ҳокимликка қачон навбатда тургани, навбатининг рўйхати қизиқтирмайди. Унинг йўлланмани қандай тоифа асосида олганлиги ҳам қизиқтирмайди. Ҳозирги кунда Шимкент шаҳрида уч тоифа бўйича 10 мингга яқин одам уй навбатида турган экан. Шу боис ҳам айтиш жоизки, ҳаммани бир вақтда молиялаштириб, бошпанали қилишнинг иложи йўқ. Ваҳоланки, ҳукуматдан ажратилган маблағ лимити бор. Айни дамда Шимкент шаҳри бўйича 400-500 кишини, Туркистон вилояти бўйича 500-600 кишини насия билан таъминлаш кўрилмоқда. Шу боис ҳам жорий йил бошпанали бўлмаса, келгуси йилда бунга имкон туғилиши мумкин.

– Декрет ҳордиғидаги она дастлабки бадал –10 фоизни жамғарди, дейлик. Бунинг учун иш жойидан даромади тўғрисидаги маълумотнома керакми?

– “Бахтли оила” иштирокчиси мажбурий тарзда уй навбатида туриши, яшаш жойидаги маҳаллий ижро органидан йўлланма олиб келиши керак. Йўлланма бўлмаган ҳолда, биз насияга талабгор сифатида ҳужжатларни қабул қила олмаймиз. Уй-жой ва уй-жой инспекцияси бошқармаси Шимкент шаҳар ҳокимлигига қарашли бошқарма бўлиб, Республика шоҳкўчасидаги 12-уйда жойлашган, мазкур йўлланмани 101-хонадан олиш мумкин. Вилоят ва шаҳарнинг фарқи эса уларга ажратиладиган насиянинг миқдорида. Туркистон вилояти бўйича 10 млн. тенгегача, Шимкент шаҳрида 15 млн. тенгегача насия 2 фоизли устама билан ажратилади. 

– Бошқа банкдан насияси борлар ҳам бу дастурда иштирок этишлари мумкинми?

– Ҳа, насияси бўлган ҳолда ҳам даромади етиши керак. Масалан, оилада бир киши “Бахтли оила”да иштирок этишга йўлланма олди, бироқ унинг бошқа банкдан насияси бор. Ойлик даромади етмаган ҳолда, икки кафолат берувчи кишини топиши жоиз. Ҳар қандай маоши бор киши кафолат берувчи бўла олади. Агар ёлғиз оналарнинг маоши бўлмаса, у ҳолда бу тоифа кишилар дастурда қатнаша олмайди.

– Шунда ёлғиз оналар кафолат берувчилар билан ҳам ишлай олишмайдими?

– Ҳа, мажбурий тарзда даромади кўрсатилиши керак. Кредит тарихи ҳам эътиборга олинади. Насия коллектор компанияга ўтиб, қора рўйхатга тушган бўлса, унда насияни ёпиб, насияси йўқ деган маълумотномани олиб келиб, ҳужжатларини топшириши керак.

– Ҳозирги кунга қадар қанча кишининг насияси маъқулланди?

– Туркистон вилояти бўйича 10та йўлланма, Шимкент шаҳри бўйича 150дан зиёд йўлланма келди. Уларни саралаб, 70га яқин кишига насия тасдиқланди. Ишлари маъқулланган кишилар, ўзлари ёқтирган квартираларни излаб, топишади. Улар истаган жойдан уй олишлари мумкин. Тўғри, улар истаса, квартира, хоҳласа, ер уй олишлари мумкин. Фақат бошпанасининг нархи 15 млн. тенгедан ошмаслиги керак.

– Танланадиган бошпанага қандай талаблар қўйилади? Ишни нимадан бошлаш керак?

– Даставвал йўлланмани олиш керак. Уни олгандан кейин, банкка келиб, ҳужжатлар тизимини жамлаб, расмий даромадини кўрсатиши лозим. Биз даромадини текшириб олгандан кейин, банк розилигини берган ҳолда, яъни тасдиқлаган ҳолда, ҳужжатлари ўтган фуқаро уй излай бошлайди. Уйнинг ҳужжатларини жамлаб банкка нархини белгилаб, олиб келади. Шу ўринда яна бир эътиборга молик жиҳат, мижознинг ойлик даромади етмаса, ўзининг маоши етадиган 10 млн., 8 млн. тенгелик уйларни танлаши ҳам мумкин. 

– Суҳбатингиз учун раҳмат, ушбу дастур ҳақиқатан ҳам бошпанасиз кўп оилаларни бахтли қилсин!

 

 

М. САЪДУЛЛАЕВА., 2019-09-02, 20:59 77
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.