26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Нега шам ёқасиз?

Бир куни уйда майда-чуйда ишлар билан куймаланиб ўтирсам, бехосдан эшик тақиллаб қолди. Очсам, қўшни хотин, қўлида тўрт-беш дона шам. Қўни-қўшнидан бирор уй-рўзғор буюми ёки бошқа керакли нарса сўрамаган бу бадавлат қўшни аёлнинг вақт хуфтонга яқинлашиб қолганида: “Қўшни, икки дона шамингиз йўқми?”– дея илтимос билан келгани менинг ҳайратимни оширди. 

Тўғриси, электр чироқлари куну тун беминнат хизмат қилиб турган ҳозирги замонда ким ҳам қўша-қўшалаб уйида шам жамлаб қўяди? Қачонлардир ишлатилган яримта шамни стол тортмасидан олиб, узатдим. Олмади. “Бунақаси кўп, бошқа қўшниларда ҳам бор”. Опага ишла­­­­­­тилмаган, гугурт олови тегмаган яп-янги шамлар лозим экан. Сабабини суриштириш ноқулай бўлди, албатта. Аммо аёл киши кўзларимдан: “Нима қилар экан, буларни?”– деган ҳайратланарли саволни уқиб олди чамаси, дарҳол изоҳ беришга киришди.

Маълум бўлишича, эртага опанинг яқиндагина биринчи синфга борган ўғлининг туғилган куни экан. Ўғли етти ёшга киради. Мактабда эса икки кун олдин бир хотин қизининг туғилган кунини нишонлаб, катта торт устига ет­тита шам ёқибди. Етти ёшга етган қиз бир пуфлашда уларни ўчирибди. Ҳам­ма қийқириб, қарсак чалибди. Ғаройиб, одатда телевизордаги қандайдир аж­набий фильмларда кўрсатиладиган бу воқеага опанинг ўғли гувоҳ бўлибди. Синфда ўқиётган қолган йигирма беш ўқувчи ҳам устозлари билан бирга шу манзара ва тантана иштирокчиси экан.

Опа нима қилмоқчи? “Чиллаки чил­лакини кўриб, чумак урибди” деган­ларидек, опа айни “анъана”ни давом эттирмоқчи экан. Яъни, икки киши бир амаллаб кўтарадиган катта тортни аллақачон тайёрлатиб, унинг ўртасига дил сўзларини ҳам битиб қўйган. Аммо, унинг айтишича, етти ёшга кирганлик рамзи саналмиш ўша тантанада ёқиб ўчирилиши лозим бўлган етти дона шамни олдиндан ҳозирлаб қў­йиш хаёлидан кўтарилибди. Ана эн­ди кечқурун уйма-уй юриб, эшик тақиллатиб, қўшнилардан бирма-бир шам суриштириб юрган экан. 

Тўғриси, қўшни хотиннинг икки до­на қўшимча шамнинг топган-топ­маганини ёки мактабда ўша тан­танани қай йўсинда ўтказган-ўтказ­маганини билмадиму, бироқ хаёлим­да бир дунё саволлар кезди. Биз қай томонга қараб кетмоқчимиз? Маърифат-маънавият маркази бўлмиш мактаб, унинг азиз устозлари ўзлари қилаётган амалларининг моҳиятини тушунадиларми? Мактабларда уюш­тириладиган бундай кўнгилочар ан­жуманларда қандай тарбиявий қий­мат бор? Бу бизга қачондан урф бўлган? Кимдан ўтди? Телевизорда кўрсатилган ажнабий сериаллар ор­қали бизнинг маданиятимизга ўтиб қолаётган бундай касалликларни ким даволайди? Нега шам ёқадилар? Бунинг туб моҳиятида қандай маъно бор?

Шу саволлар ғалаёнида беихтиёр “Шум бола”даги бир эпизодни эсладим. “Ундан кейин”чи бойнинг: ”Қўрғонга қаердан ўт кетибди?” – деган саволига шум бола: “Шағамдан ўт кетибди, шағамдан”, дейди. Бой давом этади:

– Ҳой, ўзинг жинни бўлиб қолибсан, ўғлим! Ахир менинг даргоҳимда шамга кун қолибдими? Қатор-қатор лампалар, ўзим Тош­канддан атай сотиб олиб келган қир­қинчи фонарлар қаёқ­­­­қа кетибди, керосинни бўлса, бир йилга етарлигини бочка-бочка запас қилиб қўйган эдим. Нимага шам ёқасанлар. Нимага шам ёқасанлар?

– Хўжайин, дейман, ўзингиз ҳам одамни жуда хит қилиб юборар экан­сизда? Бутун бошлиқ ўликнинг арво­ҳига шам ёқмай, лампа ёқила­дими? Ахир косага сув қўйиб, устига олма шохи қўйилади. Келган арвоҳ аввал шохга қўниб ўтиради. Бир нафас дамини ростлагандан кейин ҳалиги шағамнинг пирпираб турган шуъласи билан ўйнашади”.

Адибнинг нияти, шумлик воқеа­сининг давоми сизга маълум. Бу­ни қарангки, ўтган аср аввалида мар­ҳумнинг арвоҳи учун шам ёқил­ган бўлса, ХХI  аср аввалида тирик одамнинг бир ёшга улғайгани рамзи сифатида шам ёқилибди. Тараққиёт ўлик ва тирик орасида. Шам эса ўз ҳолича. Аммо фикри очиқ, назари ўткир, қалби имон ва миллий одат­ларимиз нури билан чароғон кимса ҳар икки ҳолатдаги шам ёқишлар ўликларга ҳам, тирикларга ҳам асло наф бермайдиган хурофот эканинини дарҳол англайди.

Мозор бошига бориб, ўликнинг арвоҳи учун шам ёқиш нақадар бемаънилик бўлса, кейинги вақтда орттириб олинган “янги одат” бе­маънилик устига беъманиликдир.

Назаримда, энди-энди урчиб бо­раётган бу маънавий касалликнинг урфга айланмаслиги, ўқувчи бола­ларнинг мурғак дунёқарашини эгаллаб олмаслиги учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси масъулдир. Шам ёқишнинг эътиқодий жиҳатдан мусулмонларга ҳеч қандай фойдаси йўқ. Зотан, Ис­ломгача бўлган ботил эътиқод эгалари оташ-оловга топинганлар, оловни “илоҳий”лаштирганлар. Бу одат халқ орасида ўша оташпарастлик қолдиғи сифатида яшаб келган. Билиб-бил­май қилинаётган амалларнинг маънавий негизида юзага келадиган ўпи­ри­лишлар миллий-исломий урф-одат­ларимизга мутлақо бегонадир. Хавф ҳам шунда.

Баҳодир Нурмуҳаммад., 2019-12-07, 05:02 172
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.