26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Эзгу ишнинг одами

Бу дунёда савоб, эзгу ишнинг тури кўп. Ҳар ким ўзининг касб-корига яқин, қўлидан келадиган савоб ишни танлаб, уни бажаришдан роҳатланиб яшайди. Мақоламиз қаҳрамони қилаётган ишнинг нечоғлик салмоқли эканига ҳеч ким гумон қилмаса керак. Ўзга миллат вакилларининг ота юртларига кўчиб кетишлари натижасида аҳолиси озайиб қолган Шимолий вилоятларга аҳоли зич жойлашган жанубдан одамларни кўчириш тадбирини Туркистон вилоят маслаҳати депутати, “ЕвроРемонтСервис” МЧБ раҳбари Жанабай Ағабеков холисона ўз зиммасига олганига ҳам 4-5 йил бўлиб қолди. Бунинг стратегик аҳамиятини тўғри англаган Ҳукуматимиз у бошлаган ишни давлат даражасидаги дастурга айлантирди. Натижада шу кунгача шимолий вилоятларга 1500га яқин оила кўчиб бориб, Ағабековнинг орзулари ушала бошлади.

– Жанабай Мўлдабайули, умуман олганда нима учун бу муаммога дуч келдик, Жанубдан – Шимолга лойиҳасининг юзага келишига нима сабаб бўлди?

– Шимолий Қозоғистон, Қўстанай, Павлодар ва Шарқий Қозоғистон вилоятларида истиқомат қиладиган руслар Россияга, поляклар Польшага, немислар Германияга кўчиб кетиши натижасида аҳоли сони кескин камайиб кетди. Мактабларда ўқувчилар озайиб, йил сайин ўнлаб мактаблар ёпила бошлади. Бандлик ва ижтимоий дастурлар бошқармалари жанубда ишсиз юрганларни шимолий минтақаларда ишга жойлаштиришни йўлга қўя бошлади. Ана шунда ушбу эзгу ишга ўз ҳиссамни қўшишга қарор қилдим. Шимолий минтақаларга кўчишни хоҳловчиларни тўплаб, автобусларда ўз ҳисобимдан олиб бориб юрдим. Биринчилар қаторида борганларга осон бўлмади, албатта. 

У ерларни оралаб кўриб, қолишни истаганларни ҳокимларга тайинлаб, топшириб келардим. Уларнинг касб-корини айтиб, иш ва бошпана билан таъминлашларини сўраниб юрдим. Ҳозир Шимолий Қозоғистон вилоятида жанубдан кўчиб борадиганлар учун минглаб уйлар қурилмоқда. Бунинг учун Шимолий Қозоғистон вилоят бюджетидан 15 млрд. тенге маблағ ажратилди.

– Бош вазир ўринбосари, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Бердибек Сапарбаев ўтказган селектор мажлисида қатнашдингиз. Мана шу эзгу ишнинг бош-қошида юрган, муаммолардан хабардор инсон сифатида сиз ҳам фикрларингизни билдирдингиз...

– Бердибек Машбекули менга “сиз жанубдан шимолга одамларни кўчиришга ҳомийлик қилиб юрганингизга 4 йилдан ошди. Шунинг учун сизнинг фикрингиз биз учун жуда катта аҳамият касб этади”, деди.

Мен бандлик ва ижтимоий дастурлар бошқармасида айнан миграция масалалари билан шуғулланадиган бўлим очиш зарурлигини айтдим. Бизнинг ҳудудда қайси миллатга мансублигидан қатъиназар, ишсиз юрганлар кўп. Мақсадим – уларни иш билан таъминлаш. Ҳозирги кунда юқорида атаб ўтган вилоятларнинг ҳар бирида 50дан зиёд сариоғочлик оила бор. Шу кунгача шимолдаги вилоятларга 1500га яқин оила кўчиб борди. Бу улкан ер майдонига эга вилоятлар учун денгиздан томчидир, лекин биз мақсадимизга аста-секинлик билан эришмоқдамиз. 2019 йилдаги режа бўйича Туркистон вилоятидан шимолга 540та оила кўчиб бориши керак эди. Ноябрь ойидаги маълумотларга кўра, 600та оила кўчган. Жорий йилги режани бугунги куннинг ўзида ортиғи билан бажариб қўйдик. 

– Эшитишимизга қараганда, Сайрам туманидан ҳам кўчувчилар оз эмас экан...

– Тўғри, аҳолиси зич жойлашган мазкур туманда ҳам аҳоли билан учрашувлар ўтказдик. Ҳозирги кунда сайрамликлар Шимолий Қозоғистон вилоятининг 5-6та туманида жойлашган. Улар, асосан чорвачилик, деҳқончилик билан шуғулланишмоқда. Тайинши туманига ўтган йили кўчиб борган ўзбек бовуримиз билан яқинда суҳбатлашиб қолдим. У ҳозирнинг ўзида 4 бош сигири борлигини, субсидия олишда ҳеч қандай муаммога дуч келмаганлигини қувонч билан айтиб берди. Агар фарзандлари учун бериладиган нафақа ва бошпана учун ёрдам пулини олса, сигирларини 10 бошга етказишни режалаштириб қўйибди. Биз унинг кундалик ҳаёт тарзини телевидение учун тасмага тушириб қайтдик. Қозоғистон – умумий уйимиз. Қайси тумандан, ким кўчишни истаса, ёрдамимни аямайман. 

– Иқлими биздан анча совуқ ўлкаларга кўчаётганларнинг янги жойга ўрганиб кетиши осон бўлмаса керак?

– Албатта. Ҳаёт қайнаб турган, яшаш учун кураш қизғин бўлган минтақада яшаганларнинг шимолий вилоятга кўникиб кетиши осон бўлмайди. Дастлаб, кўчиб борганларга қийин бўлмаслиги учун пиёз, сабзи уруғларигача ўзим олиб берардим. Меҳнат билан шуғулланиб, даромад топадиган бўлса, одамнинг бегона жойга ўрганиб кетиши муаммо туғдирмайди. Буни айтишим ножоиздир, лекин мен биринчи олиб борган 50 оилага бошпана ҳам олиб берган эдим. Ўзимизда ҳам ери ночор жойлар бор. У ерда ҳам шундай. Деҳқончиликка ноқулай жойларда фақат чорвачилик билан шуғулланишга тўғри келади. Ҳамюртларимни иложи борича ери унумдор туманларга олиб боришга ҳаракат қиламан. Чунки, жанубликлар ер билан яхши тиллашадилар. 

– Шимолдаги ҳамюртларимиз жанубликларни қандай қарши олмоқда, улар бундан мамнунми?

– Маҳаллий аҳоли жанубликлар кўчиб боргандан кейин ҳаво илиб бораётганини айтишмоқда. Ҳазиллашиб, авваллари қор белдан бўлса, ҳозир тиззага тушиб қолди, дейишади... Кўп қишлоқларда асосан қариялар яшашини яширишнинг ҳожати йўқ. Уларнинг жисмоний меҳнат қилишга имкониятлари йўқ. Жанубликлар ўтин ёраётган кекса отахоннинг ёнидан бамайлихотир ўтиб кетолмайди. Иши тиғиз бўлса-да, унга ёрдамлашмаса, ўзини айбдордек ҳис этади. Уйида яхши таом тайёрлашса, қўшнисига илинади. Биз, ахир шундай тарбия кўрганмиз-ку. Жанубликларнинг бу каби хислатлари, тантилиги уларни, албатта, бефарқ қолдирмайди.

– Ҳозирги кунда ҳам кўчишни истовчилар сизга мурожаат қилиб туришар экан...

– Ҳозир кўчиш харажатлари учун давлатимиз оиланинг ҳар бир аъзосига 90 минг тенгега яқин маблағ беради. Ана шу пулни ўзларида қолдириш учун ҳозирги кунда ҳам кўчиш харажатларини ўз зиммамга олганман. Бу ерда ишсиз юрган одамга ўз ҳисобидан кўчиш катта муаммо, ахир. Яқинда ҳам менга 3-4 одам шу масалада қўнғироқ қилди. Мен уларни баҳорда кўчиб боришни тавсия қилмоқдаман. Кўкламда кўчса, кузгача у жойларнинг об-ҳавосига ўрганиб олади-да. Менга бировлар, уялиб қоласиз, жанубликлар шимолнинг совуғига кўниколмай, қайтиб келишади, дейишган. Худога шукур, улар айтганидай бўлмади. Кўчиб борганлар яқинларини, туғишганларини чақиришмоқда. Мен бундан хурсандман, албатта. Сайрамликларга 10-15 оила бўлиб бир жойга кўчиб борсангиз, ўзбек мактаби очиб беришга ҳам ёрдамлашаман, деб айтганман.

– Шимолий Қозоғистон, Павлодар, Қўстанай, Шарқий Қозоғистон вилоятларининг вакиллари вилоятимизда ярмаркалар ўтказишди, ваъдалар беришди. Улар сўзларининг устидан чиқишмоқдами?

– Тўғри, улар қўлидан келганча ёрдам беришмоқда, лекин ҳамма нарса одамнинг ўзига боғлиқ. Бошпана, иш берса, деҳқончилик учун ер берса, фақат меҳнат қилиш керак. Эндиликда “Серпин” дастури бўйича ёшларни шимолий вилоятларда ўқишга жалб этишга ҳам ҳаракат қиляпмиз. Бизда икки-уч оила бир ҳовлида яшаётган жойлар ҳам бор. Ана шулар шимолга кўчиб борса, ҳам оиласи, ҳам давлат манфаатдор. 

Хуршид ҚЎЧҚОРОВ, 2020-01-11, 04:02 177
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.