Қозоғистонликлар ўрганиб қолган одатий тизимлар ўрнига янгилари тақдим этилади. Буларга биринчи навбатда, мажбурий ижтимоий тиббий суғурта тизими, манзилли ижтимоий нафақа тайинлаш, кам таъминланган оилаларга насия бермаслик қоидаларининг жорий этилиши ва бензин нархининг ошиши киради.
2020 йилда Қозоғистонда тиббий суғуртанинг мажбурий бўлиши ҳақида мунтазам ёзиб келмоқдамиз. Бу янги тизим беморларни қабул қилиш ва даволаш услубини тубдан ўзгартиради. У қозоғистонликларнинг маълум қисмини эмас, балки 94,5 фоизини қамраб олади. Атиги 5,5 фоизи мустақил ҳақ тўловчилар бўлади, холос.
Суғурта тўловларини ҳисоблаб чиқиш, тизимдаги тоифалар, хизмат турлари, умуман бу ҳақдаги ахборотларни аввалги сонларда кўплаб бериб борганимиз сабабли, мақолада фақат йил сайин тўлаб бориладиган тўлов миқдори одам бошига 60 минг тенге (155 доллар)ни ташкил этишини маълум қиламиз.
Манзилли ижтимоий ёрдам бериш қоидалари ҳам ўзгарганидан хабардорсиз, фақат янги нафақанинг аввалгисидан фарқи шундаки, бу сафар кўп болали оилалар даромади ҳисобга олинмайди. Талаба ёшларнинг стипендиялари ҳам оиланинг умумий даромади ҳисобланса-да, МИЁга алоқаси йўқ.
Болаларга тайинланадиган нафақалар миқдори сезиларли ўзгаради. Бу яшаш минимуми ва ойлик ҳисоб кўрсаткичи билан боғлиқ.
2021 йилдан Қозоғистонда илк бор янги карточкалар (ID-карта) жорий этилиб, кўп болали оилаларнинг болалари кафолатланган ижтимоий пакетга мўлжалланган маблағни шу йўл билан олиш ҳуқуқига эга бўлишади.
Қозоғистон Миллий банки реконструкция қилинади.
Яъни, Қозоғистоннинг Марказий банкидан 2020 йил 1 январдан янги мустақил тузилма – Молиявий бозорни созлаш ва ривожлантириш агентлиги “ажралиб” чиқади.
Ушбу агентлик Миллий банк каби Қозоғистон Президентига ҳисобот беради ва бўйсунади.
Шунингдек, Алматида фаолият юритаётган Миллий банкнинг бош идораси 2020 йилда Қозоғистон пойтахтига кўчирилади. Агентлик эса Алматида қолади. Марказий банкда фаолият юритаётган 500 ходим шу ерда қолиб, ишлайверади.
ҚР Президенти Қ. Тўқаев Миллий банкни қайта тузиш ҳақидаги Фармонни имзолади. Ва янги агентлик молиявий ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш, созлаш вазифаларини амалга оширадиган бўлди. Шунингдек, у молия бозорида корпоратив бошқарув, мониторинг, рақобатбардошлик масалаларига ҳам жавобгар бўлиб, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилади, аҳоли ўртасида молиявий саводхонликни ошириш ишлари билан шуғулланади.
Давлатнинг бу янги органини тутиб туриш давлат бюджетидан 10 млрд. тенге (26 млн. доллар)га тушади.
Миллий банк эса ўзининг аввалги вазифаларини бажариш билан бирга, мамлакатдаги базавий ставка, валюта курси, инфляция жараёнларига жавоб беради.
Янги йилдан бошлаб кам таъминланган фуқароларга банклар насия бермайди.
2020 йил 1 январдан эътиборан яшаш минимумидан кам даромадга эга бўлган оила аъзолари тижорат банкларидан гаровсиз насия олиш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар. Қозоғистонда янги йилда яшаш минимуми – 31 183 тенге этиб белгиланди.
Бундан ташқари, ишсиз фуқаролар ҳам кредит ололмайди. Сабаби, банкдан қарз олиш учун сўнгги 3-12 ой давомидаги расмий даромад ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш шарт қилиб қўйилди. Шунингдек, банк қарзини уч ой ёки 90 кун мобайнида тўлай олмай қолган фуқаролардан банклар комиссия ҳақини талаб қилолмайди.
Бундай чоралар ҚР Президенти томонидан қабул қилиниб, биринчи галда фуқароларнинг банклар олдидаги қарзларини енгиллаштиришни кўзлайди. Дарвоқе, 2019 йилда алоҳида дастур қабулланди ва у 1,2 млн. қозоғистонликнинг жонига оро кирди. Уларнинг насия бўйича пенялари “ёпиб” берилди.
2020 йил 1 январдан Қозоғистонда кичик бизнес вакиллари турли “текшир-текшир”лардан озод этилади. Мораторий муддати – 3 йил. Президент қабул қилган ушбу чора, аввало, бизнес муҳитини яхшилаш ва рақобатни ривожлантиришга туртки беради.
Лекин бу, тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқароларнинг фаолияти умуман текширилмайди, дегани эмас. Аҳоли учун оммавий хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатлар ёки хусусий тадбиркорнинг шахсий мурожаатига мораторийнинг таъсири бўлмайди.
Бензин нархи ўзгаради.
Қозоғистонда 2020 йил 1 январдан бензин учун акцизлар 2 баравар ўсиб, 1 тонна бензин баҳоси – 10500 тенгедан 24435 тенгега кўтарилади.
Литрда ҳисоблаганда, бу 10 тенгега ортади, акцизда 8 дан 18 тенгегача.
Электрон шаклга ўтиш тизими қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг татбиқ этила бошлайди.
Буғдойга тегишли ёзувлар қоғоз шаклидан электрон шаклга кўчирилади. Ғалла бозори иштирокчилари фойдаланиб келаётган ёзув-чизувнинг ҳаммаси ахборий тизимга ўтказилиб, барча тадбирлар замонавий технологиялар орқали бошқарилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ғаллакорларга, новвойлик билан шуғулланувчиларга электрон шаклга тезроқ ўтишни тавсия этмоқда.
Янги товар-маҳсулотларга бож тўлови ўзгаради.
2020 йил 1 январдан четдан олиб ўтиладиган товарларга тўланадиган давлат божи миқдори янги меъёрлар асосида ўзгартирилади. Халқаро товарларни олиб ўтадиган жисмоний шахслар, ўз шахсий буюмларини олиб ўтадиган оддий фуқаролар учун 200 евро қийматидаги 31 кило маҳсулотга бож тўланмайди.
Бир ой давомида буюртма берилиб, келтириладиган товарлар сони ҳисобга олинмайди, лекин нархи ва оғирлиги эътиборга олинади.
Агар товар баҳоси ва вазни тегишли меъёрдан ортиб кетса, унда божхона божи тўланади.