26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Чегараланмаган имкониятлар соҳиби

Ногиронлар аравачасида рақс тушиб, жаҳон кезаётган Ермек Қалимбетов Янги йил арафасида мухлисларини қувонтирди – Германияда ўтган чемпионатдан янги медаль билан қайтди. Умуман қадам ташламаган йигит бутун жаҳон тан олаётган таниқли раққос.

Яқинда Гулия Лесбек қизи бошқараётган “8-сонли махсус ижтимоий хизматлар кўрсатиш маркази”га бориб, ушбу муассасада фаолият юритаётган Ермекни табриклаб, суҳбатлашдим. 

Е. Қалимбетов асли Сайрам туманидаги Сихим қишлоғида туғилган. 1991 йили Қалимбетовлар хонадонида акаси, опасидан кейин учинчи фарзанд бўлиб дунёга келди. Онаси Шўлпан ҳамда отаси Жўрабекнинг қувончи чексиз эди. Ўғли акасига суянчиқ, елкадош бўлади деб, ота-она севинчи ичига сиғмади. Бироқ шифокорнинг ташҳиси ҳали туғруқхонадан чиқиб улгурмаган онанинг бошига гурзи билан ургандек бўлди. “Болангиз ҳеч қачон ўз оёғи билан юролмайди, хоҳласангиз ижтимоий муассасаларга ҳужжатларини расмийлаштириб, болани қолдиришингиз мумкин”. Ҳушини йўқотган онани Жўрабек оға ўзига келтирди. “Тақдиримиздан кўрамиз, бошимизга не кунлар келса ҳам чидаймиз, одам зурриётини ҳеч бир замонда бегоналарга ташлаб кетганми?”, деб ҳамма изтиробларга узил-кесил нуқта қўйди. 

Оила Ермекни борича қабул қилди ва ундан меҳрини дариғ тутмади. “Бор куч-ғайратимни сарфлаб, боламни эл-юртга фойда келтирадиган қилиб тарбиялайман”, деб ният қилган онанинг орзулари, мана, йиллар ўтиб, мевасини беряпти. Ермек Тўлебий тумани Кўксаек қишлоқ округидаги мактаб-интернатда 9 йил таълим олди. Муаллимлари ундан маънавий ёрдамини аяшмади. 10-11 синф дастурини уйда, устозларидан ўрганган Ермек агроколлежда таҳсилни давом эттирди. Дастурчи ихтисосини эгаллаган қаҳрамоним 2008 йилда 8-сонли махсус муассасада даволанган бўлса, айни дамда мазкур корхона ходими.

– 1-гуруҳ ногирони бўлишимга қарамасдан, рақсга тушишни яхши кўраман, – дейди мен билан суҳбатда Ермек. – 2012 йилдан буён турли шаҳар мусобақалари, турнирларида иштирок этдим. Йиллар мобайнида раққослар ўртасида анча танилиб улгургандан сўнг, хорижий давлатларга йўлланма беришди. 2016 йили ноябрь ойида Хитойда ўтган спорт арава рақси бўйича Осиё чемпионатида 1-ўрин, 2017 йили Жаҳон чемпионатида 1-ўринни эгалладим. Бельгияда ўтган жаҳон чемпионатида 22 мамлакат ўртасида 5-ўрин соҳиби, 2018 йил сентябрь ойида Тайван пойтахти Тайбей шаҳрида ўтган Жаҳон чемпионатида 1-ўринга муносиб топилдим. Жорий йил ҳам мен учун баракали келди. Апрелда Голландияда ўтган халқаро спорт арава рақси беллашувининг иккала турида биринчи ҳамда иккинчи ўринларни эгаллаб, жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритдим. 2019 йили Санкт-Петербург, Тайванда ҳам совринли ўринларни эгалладим. 27 ноябрь – 1 декабрь оралиғида Германиянинг Бонн шаҳрида ўтган Жаҳон чемпионатида 3-ўринни эгаллаб, бронза медалини қўлга киритдим. 

– Бу соҳада устозингиз ким, ким сизга мураббийлик қиляпти?

– Аристанбек Ўринбаев ўзимга ишончимни орттирган ва менинг ғалабага эришишимга ишонган мураббийим бўлади. Ногиронлар аравачасида рақс тушишдан аввал мазкур аравачада 100 метрга югуришдан ўзим сингари ёшлар билан куч синашиб келдим. Ишонаверинг, баъзида оёғи соғлар ҳам бизга етолмай қолишади. Бу йўналишда ҳам Хитойда талай марта турнирлар, чемпионатларда тенгқурларим билан беллашдим. Шунда арава рақси мураббийи Дария Жумадиллаеванинг эътиборига тушиб, рақс билан жиддий шуғуллана бошладим. 2015 йилдан буён махсус хизматлар марказида мусиқа раҳбари бўлиб ишлаяпман.

Бугунги кунда Ермек баъзи бир тўрт мучаси соғ ҳамюртларимизга ибрат ўлароқ, Ватанининг фахрига айланиб, бошқа мамлакатларда эли туғини танитиб, мадҳиясини янгратяпти. Бу йигит билан суҳбатлашар экансиз, олдига қўйган мақсадлари сари ишонч билан одимлаётганига гувоҳ бўласиз.

– Машғулотларни қаерда олиб борасизлар? 

– Мусобақалар бошланишига бир ҳафта, 10 кун қолганида Алмати, Астанада тайёргарлик кўрамиз. Масалан, шаҳримиз мамлакатимиздаги учинчи мегаполис бўлишига қарамасдан бизда бу рақс билан шуғулланадиган махсус зал йўқ. Бунинг учун пол паркет бўлиб, атрофига ойналар ўрнатилиши керак. Ёғоч, линолеум билан қопланган полда аравача билан рақс тушиб бўлмайди. 

– Мана шу аравачангизда рақсга тушасизми?

– Ҳа, буниси анча пишиқ. Хонада юришга мўлжалланган аравача бунга чидамайди. Уни ҳам алмаштиришим керак. Яхши, пишиқ қилиб ишлангани 400 минг тенге туради. Бироқ менга кўп ютуқларни қўлга киритишимда анча хизмат қиляпти аравачам.

 Ермекнинг медалларини, фахрий ёрлиқларини томоша қилар эканман, ишонч кучи, руҳ қуввати инсонни нақадар буюк чўққиларга олиб чиқа олишига амин бўлдим. 

– Жисмонан соғлом инсонлар бора олмайдиган анчагина хориж мамлакатларида бўлибсиз. Янги йилда олдингизга нималарни мақсад қилиб қўйяпсиз? 

– Яратганга шукр, жисмоний имкониятларимни чеклаб қўйсада, менга бераман деган неъматлари чегарасини тўсиб қўймаган экан. Бу жабҳада саъй-ҳаракатимни давом эттиравераман. Энди оила қуришни ният қиляпман. 

–Келин ким? У ҳам сиз билан бирга рақс тушадими?

– Йўқ, ҳозирча, сир бўла қолсин. 

– Ниятларингиз ўзингизга йўлдош бўлсин! 

 

 

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2020-01-23, 03:43 135
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.