26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Тўйларимиз сценарийсини ким ёзяпти?

Ажабтовур янгиланган жа­мият­нинг ўз томири – тари­хининг қаъридан бошланадиган маънавий коди бўлади. Янги шаклдаги янгиланишнинг энг асосий шарти – шу миллий ко­дингни сақлай билиш. Усиз ян­гиланиш деганингизнинг қуруқ сафсатага айланиб қолиши ҳеч гап эмас. 

Бинобарин, миллий кодимни сақлайман, деб вужудидаги яхши ва ёмоннинг ҳаммасини, яъни келажакка ишончни кучайтириб, олға бошлайдиган хусусиятларни ҳам, энсасини орқага тортиб ту­радиган, оёқдан чаладиган одат­ларни ҳам миллий онг доира­си­да бўшаштириб қўйишга бўл­маслиги ҳам ойдай равшан.

Нурсултан НАЗАРБАЕВ.

«Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш”.

Қаламга олган мавзуимизни очиб бе­­риш учун халқимиз ўтказаётган тўй­лар­нинг узоқ тарихига тўхталиб ўтирмай­миз. Бу муддаомиз ҳам эмас. Мақсад – ҳозирги куннинг долзарб мавзусини ўт­ган аср ва айни кунлардаги тўйларимиз би­лан таққослаш асосида баҳоли қудрат очиб бериш.

Ўтган асрнинг бошларида никоҳ ва суннат тўйларида эркак, аёллар бир даврага ўтқазилмасди. Ҳар бир уйга биттадан таклифнома ҳам тарқатил­мас­ди. Эрта тонгдан томларга чиқиб ча­линган карнай-сурнай садоси тўйга хабар берувчи жарчи вазифасини бажарган. Келинни аёллар олиб келишарди. Ке­лин кўпчилик олдида куёв билан бирга ўтирмас, улар фақат чимилдиқда кў­ри­шарди. Келин-куёв сайли ҳам бўл­маган. Келин қайнота-қайнонага торт едирмаган ва куёвжўралар билан вальс тушмаган. Тўйларда халқ бахшилари достонлар айтишар, ҳофизлар қўшиқ куйлашарди. Баъзи тўйлар, айниқса, суннат тўйларида тўй эгаси улоқ (кўпкари)лар уюштириб, ғолибларга совринлар берар, кураш му­со­ба­қалари ўтказиларди. Лекин, ота-бо­боларимиз ҳеч қачон куёвни сотишмаган. Ҳозир ароққа сотиш урфга айланди.

50-60 йилларга келиб, миллий тўй­ларимиз ўрнини «қизил» тўйлар эгаллай бошлади. Чунки бу йилларда жамиятни руслаштириш авжига чиққан эди. Энди никоҳ тўйларида келин билан куёв, эр­как­лару аёллар бирга ўтирадиган бўл­ди. Иштирокчиларнинг қўл очиб дуо қилишлари ўрнини қадаҳ сўзлари, маз­мунсиз табриклар эгаллади. Ана шу ас­нода тўйларимизнинг шакл-шамойили ўз­гариб бориб, ҳозирги кўриниши касб этди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: XX асрнинг иккинчи ярмида урф бўлган «қи­зил» тўйлар сценарийсини рус больше­войлари тавсия этган бўлса, бу­гунги тўй­ларимиз сценарийсини ким ярат­ган? Бу саволга ҳеч иккиланмай, санъаткорлар деб жавоб берган бўлардим. Нима учун дейсизми? Унда диққат қилинг.

Халқимизнинг санъатсеварлиги, тўй маросимларини уларсиз ўтказмаслиги ҳаммага беш қўлдай аён. Тўйларни ўт­казиш тартиби ҳам шу санъаткорларга ишониб топшириб қўйилиши маълум. Санъат аҳлининг аксарияти бу ишончни садоқат билан оқлагани, беминнат хиз­мат қилаётгани аниқ. Аммо шоли кур­мак­сиз бўлмаганидек, баъзилари бу ишончни суиистеъмол қилишди. Улар тўй­­ларни ўзлари учун осон пул топиш ман­­баига айлантириш ҳаракатида бўлди­лар. Тўйлардаги хатти-ҳаракатлари ки­ши­­лардан иложи борича кўпроқ пул унди­ришга қаратилди.

Санъаткорлар тўй турларини ҳам бе­их­тиёр тақсимлаб олган, десак, ишо­на­веринг. Уларнинг бу ишини маро­симларга ихтисослашиш десак ҳам бўлади.

Бир жиҳатдан олганда «чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин!». Ҳар бир маросимни унга “ихтисослашган” санъаткорлар ўт­казиб беришини ижобий баҳолаш мум­кин. Негаки, тўй оғалари улар ёдлаб олган чиройли сўзларни билса ҳам, санъаткорлар каби қойилмақом қилиб айтолмайди. Қолаверса, тўй чоғида бу ишлар билан шуғулланишга вақт ҳам, имкон ҳам топилмайди.

Санъаткорларга «пул қистириш» одати кўпгина қишлоқларда қолиб кет­­ди, лекин баъзи жойларда ҳамон уч­раб турибди. Айрим санъаткорлар бу одатнинг йўқолиб кетишидан хаво­тир­га тушиб, «базм»ларга ўз “қисти­рув­чи»ларини олиб юришни канда қил­­­ма­япти. Бундай «қистирувчи»лар санъат­­кор иш бошлаганидан кейин дар­ров пул қистиришни бошлаб беради. Буни кўрган бошқалар «мен сендан қола­манми» тар­зида иш тутиб, уларнинг қи­лиғини так­рорлайди. Баъзи тўйларда қис­ти­ришда чет эл валюталарини ҳам қўл­лайдиган бўлишган. Бир томон доллар қистирса, иккинчи томон евро қистирган тўйларни ҳам кўрдик.

Баъзи тўйлар мажлисбозликка айла­ниб кетяпти. Сўзга чиққанлар эзмаланиб, йиғилганларнинг вақтини ўғирлашади, натижада тўй тунги 1-2 ларгача чўзи­ла­ди. Камроқ сўзлаб қўйганларга ўрта­каш­лар «сўзга нўноқ экансиз», деб таъна қилишади.

Баъзи тўйларга таклифномада меҳ­мон­лар соат 19.00га чақириладию, тўй 22.00да ҳам бошланмайди. Тўйларни эр­­тароқ бошлаб, эртароқ тугатиш кони фой­­да. Мингдан зиёд меҳмон чақирилган тўй­лар ҳам бўляпти. Қанча кўп одам ча­қи­­рилса, шунча кўп исрофгарчиликка йўл қў­йилмоқда.

Ҳар қандай элнинг тўй маросимлари ўз урф-одатларига кўра ўтказилади. У ўша халқнинг турмуш тарзини, маданий-маърифий савиясини акс эттиради. Шунинг учун «Ўзбекнинг тўйига борсанг, рақсга тўйиб қайтасан, деган гаплар тез-тез эшитилиб туради. Лекин одамлар сўнгги пайтлардаги тўйларимиздан рақс­га ҳам, гапга ҳам, ароққа ҳам тўйиб қай­тишяпти. Баъзи тўйларда фарзандлар ота-онаси рақсга тушган пайтида  боши­дан сиқимлаб қоғоз пулларни сочиш­япти. Пулларни йиғиб оламан, деган болакайлар эса катталарнинг оёғи ос­тида қолиб, турли тан жароҳатлари олиш­япти.

Бизнинг «қиссадан ҳисса» тарзида­­­ги хулосаларимиз шуки, ҳар қандай урф-одатни, шу жумладан, тўй маро­сим­­ларининг шакл-шамойилини халқ яра­тиши керак. Айрим гуруҳлар эмас. Шун­дай экан, биз ҳам сценарийси айрим ношуд санъаткорлар томонидан ту­­зи­ладиган тўйлардан воз кечишимиз ке­рак. Улар бағри кенг, саховатли ва танти халқимизнинг дид-савиясига мос бўлсин. Пул қистириш, сочишдек ил­латдан қанча тез қутулсак, шунча яхши. 

Фикримизча, тўйни олиб бораётганлар маросимга келган ҳаваскорларга ҳам ўз санъатларини намойиш этишга имкон беришса, яхши бўларди. Халқ орасида  анча-мунча санъаткорларни доғда қолди­радиган истеъдодлар сероб.

Шунингдек, маросим иштирокчилари томонидан шеърлар ўқилса, кулгили ла­­ти­фалар айтилиб, лапарлар ижро этил­­са – нур устига нур. Шу жараёнда ис­­теъдодли ёшлар кўзга кўринади, улар  би­­лан таниша оламиз.

Юқоридаги таклифларимиз амалга ош­са, бундан ҳамма тенг ютади. Энг  му­ҳими, халқимиз ўтказаётган тўйлар ўз­лигимизга, миллий анъаналаримизга мос бўлади. Фикрларингизни кутиб қоламиз.

Авазхон АБДУФАТТОҲ ўғли, 2020-02-22, 03:07 218
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.