26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ўз фронтига эга аёл

Коронавирус иллати­га қарши кураш “фронти”да Клара Санжарова олдинги қаторда келмоқда. У бошқараётган 150 кишилик жамоа тикаётган тиббий ниқоблар ҳозирги кунда энг харидоргир маҳсулотлар тоифасига киради.

Меҳнатсеварлиги, ўзи устида тинимсиз ишлаши унга қўл келди. 1999 йилда покистонликларнинг “Fashion Land” корхонасида тикувчилик қилди. 2002 йили мазкур корхона “Сауле” тикув корхонаси деб ўзгартирилди. 2016 йилгача мазкур фабрикада ишлаб, смена устаси, илғор тикувчига айланди. Бошқарувчилик истеъдоди, иқтисодий қийин йилларда ҳам режани ортиғи билан уддалаши, қўл остидагилари билан ҳамжиҳатликда ишлай олиши яхши натижа берди – 2016 йилдан “Alatex” МЧБни бошқара бошлади. Кўп корхоналар кўз тиккан собиқ вилоят матлубот уюшмасининг сўлим боғча-биноси – янги корхонанинг манзили. 

– Покистонликлар билан ишлаган пайтимда 2 сменалаб меҳнат қилардим. АҚШ учун трикотаж кийимлар тикардик. 1999 – молиявий инқироз йилида фабрикада бир тикув машинасига 20 нафар тикувчи тўғри келарди. Шундай мураккаб синовларда ҳам тажрибам қўл келди.

– Сиз бошқараётган фабрикада нималар тикилади? Буюртмалар етарлими?

– Мамлакатимиздаги ҳарбий ходимларнинг махсус кийимларини тикамиз. “ҚазАтомпром”, “ҚазЕрМунай”, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги ва бошқа муассасаларнинг қишки ва ёзги кийимларини, қолаверса, қўшни Россиядаги корхоналар ходимларининг махсус кийимларини тикишга буюртмалар келиб туради. Биз фақат тендерга қараб кун кўрадиган корхоналардан эмасмиз. Ходимларимиз етарли иш билан таъминланган. Бироқ айни пайтда тиббий ниқобларга эҳтиёж катта бўлганлиги боис шаҳар ҳокимлиги тавсияси билан қолган буюртмаларни четга суриб, ниқоблар тикишга ўтдик. Ўйлайманки, бу вақтинча фавқулодда ҳолат, тез кунларда синовли дамлардан ўтиб кетамиз. Ҳар бир тикувчимиз бир сменада 2600тадан ниқоб тикяпти. Корхоналардан келаётган буюртмаларнинг охири йўқ. Қатламларининг сони, кўп ишлатилиши ёки бир марталигига қараб 10га яқин ниқоб турларини тикяпмиз. Бир сменада 120 мингдан зиёд ниқоб тайёрланяпти. Тикувчилик, дизайнерлик ихтисосига ўқиётган талабаларни ҳам маҳоратига қараб ишга оляпмиз. 

 Фавқулодда вазият туфайли ҳозирги кунда кўпчилик ишсиз қолди. Бироқ бизнинг тикувчиларимиз ишда. Маошлари ҳам ёмон эмас – 140 минг тенгегача олишади, – дейди Клара.

Корхона яқинда 115та янги машина харид қилибди. Жами 315та тикув машинасига эга корхонада ҳаммаси бўлиб 150 киши меҳнат қилади. 

– Ҳозирги паллада бизга ишчилар зарур. Газетангизда корхонамизга малакали 50 нафар тикувчини ишга қабул қилишимизни ҳам мақолангизга киритиб ўтсангиз. Тиббий ниқоблар карантин пайтида жуда керак. Боз устига уни бир кунда бир неча марта алмаштириш зарур. Шунинг учун юртимизга улар кунига миллионлаб керак бўлади. Шу билан бирга мураккаб пайтда фидойилик кўрсатаётган ходимларимизни алоҳида кўрсатгим келади. Булар – Ботир Парпиев, Гулшахар Баумишова, Жанат Айтқулова, Марғуба Рўзиқулова, Зумрад Юнусматова, Оксана Бирко, Нурия Шакетова, Матлуба Абдужабборова, Кулзат Мирзақулова, Айдин Сатпаева, Гулминаз Сулейменова, Лилия Чулисова. Жамоам – менинг иккинчи оилам. 

Баъзида 10 соатлаб ишхонада қолиб кетишга, нафақат корхонамнинг, ишчиларимнинг шахсий муаммоларини ҳам тинглаб, ҳал этишимга тўғри келади. Қўшни давлатлардан ҳам буюртмалар олаётганимиз, маҳсулотларимизга бўлган эҳтиёж бизнинг рақобатбардошлигимиздан далолат деб биламан, – дейди суҳбатдошим.

“Устоз йўли” ижтимоий жамғармасининг қарори билан К. Санжарова соҳа ривожига қўшган ҳиссаси учун “Алоҳида хизматлари учун”, “Эл ардоқлиси” медали ва ордени билан тақдирланибди. 

Фавқулодда ҳолат чоғидаги масъулиятли ишига қарамасдан оиласида севимли ёр, меҳрибон она, ғамхўр буви ва қайнона бўлишга улгураётган Клара опага соғлик-омонлик, узоқ умр тилаймиз. Корхонангиз ходимлари тикаётган кийимлар ҳамюртларимизни безасин.

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2020-04-11, 04:17 242
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.