26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Суриядан жаннат излаган эди...

“Жусан” операциясининг сўнгги туркуми билан элга қайтган Асем билан Шимкентдаги реабилитация марказида учрашдик. У бундан уч ой бурун онаси ва тўрт боласи билан бирга Ақтау шаҳридан келтирилган экан. Суриядан келган ўзга аёллар каби Асем ҳам дастлаб ўқ билан ўтнинг ўртасида ўтказган ҳаётини эслагиси келмади. Атрофига қўрқа-писа қараб, Суриядаги ДАИШ гуруҳи таркибида бўлган олти йилини эслатмасликни сўранди. Бироқ, ўзгаларга сабоқ бўлишини тушунгач, фикридан қайтиб, бошидан кечирганларини ҳикоя қилиб беришга рози бўлди.

“Журналист бўлмоқчи эдим”

1993 йилда дунёга келдим. Бахтли болалик чоғим Жетисай шаҳрида ўтди. Уйнинг кенжаси ва бир оиланинг эркатой қизи бўлдим. Ёлғизлигимдан фойдаланиб, тантиқликдан ажралгим келмас эди. Ёнимда онам, олдимда акаларим бор бўлгач, ўзимни ҳеч кимдан кам ҳис қилмас эдим. Шаҳардаги Абай номли ўрта мактабни аъло баҳолар билан битирдим. Ниятим – журналист бўлиш эди. Бироқ бу истагимга акаларим узил-кесил қарши бўлишди. Юқори синфга ўтганимда, улар дин ҳақида ўқиган-тўқиганларини аста-секин миямга сингдира бошлашди. Шундан сўнг устимга ҳижоб кийиб, Қуръон оятларига зеҳн қўя бошладим. Туб маъносини тушунмасамда, шундай қилишга мажбур бўлдим. 

Мактабни тугатар чоғимда менинг олдимда акаларим таклиф қилган икки йўл турарди. Бири грант асосида ўқишга тушиш, иккинчиси, ўқишга тушолмасам, турмушга чиқиш. Акаларимга қолса, мени шу куниёқ турмушга берворишса... Менинг эса тенгдошларим каби олий маълумотли бўлгим келарди. Хуллас, грантга эришолмагач, 17 ёшимда ўзлари билан маслакдош гуруҳдаги бир йигитга турмушга беришди.Унинг ёши мендан анча катта эди. У Алмати шаҳрида ишлаганлиги туфайли ўша ёққа кўчишга тўғри келди. У ерда ҳам кўп турмай, Дубайга кетдик. Турмуш ўртоғим шу ердаги катта бир компанияда ишлар, даромади яхши эди. Шу ерда катта фарзандим – ўғлим дунёга келди. Беш вақт намоз ўқиб, Қуръон оятларини ёддан ўқиганим бўлмаса, диний оқимлардан йироқ бўлиб, унча мазмун-моҳиятига тушунмас эдим. Турмуш ўртоғимнинг маслакдошлари баъзида уйга келиб, “халифот”, “жиҳод” ҳақида суҳбат қуришарди. Маъносини тушунмаганликдан, суҳбатларига унча аҳамият бермас эдим. 18 ёшли жувон учун у пайтда Дубайнинг кўчалари ва дам олиш масканларидан қизиқроқ нарса йўқ эди.

Бир куни у ишдан эрта келиб, йўл тадоригини кўра бошлади. “Халифот қурамиз”, “мусулмонларга ёрдамлашамиз” дегани элас-элас ёдимда. Шом элида учрашишимизни айтиб, шу куни йўлга отланди. Бироқ бу менинг уни сўнгги кўришим эди. 

Сурия жаннат эмас экан...

Мен Алматига кетганимдан сўнг акаларим онамни олиб, Миср давлатига жўнашган экан. Кейин билсам, у ёққа тил ўрганиб, диний билимларини мустаҳкамлаш учун боришган экан. Мисрдан тўғри Туркияга келишибди, мени шу ерга чақиришди. Бир томондан, куёвимнинг хоҳиши ҳам шу эди. Дарров самолёт билан Туркияга учдим. Кўпдан буён кўрмаган яқинларим билан учрашиб, хурсанд бўлдим. Анадоли элида 20 кунча бўлгандан сўнг акаларим Сурияга отланишимизни айтишди. Негалигини билмадим-у, бундай муҳим сафарларни менга жўнашимиздан икки-уч соатгина аввал айтишар эди. Ҳали вазларига чуқур эътибор бермаганлигим учун айниб қолади, деб чўчишса керак. Бироқ ёнимда онам, акаларим бўлгандан кейин бу сафардан унча хавф сезмадим. Турмуш ўртоғим билан учрашиб, худди Дубайдагидек ҳаёт кечирамиз, деб ўйладим. Бироқ куёвим биз боришдан аввал Ироқ чегарасига отланиб, ўша ёқда қазо қилибди.

Тун ўртасида чегарадан ўтиб, махсус улов билан Суриянинг Алеппо шаҳрига келдик. Атрофи от чопса бўладиган катта виллага жойлашдик. Шом давлатида ўтказган олти йил ичида Суриянинг барча шаҳарларида яшадик, десам бўлади. Уруш ўти сал тутаса, акаларим дарров қулай жойга кўчириб, олиб кетишар эди. Айтганча, у ерга боргач, акаларим мени иккинчи марта куёвга беришди. Павлодар шаҳрининг йигити экан. У ҳам кўпга бормай, жанг майдонида ҳалок бўлди. Ортида битта ўғли қолди. Сўнг қарағандилик йигитга қўшишди. Ундан иккита ўғлим бор, кичиги саккиз ойлик. Умр йўлдошимнинг устидан жиноий иш қўзғатилиб, ҳозир Қарағандида суди бўляпти. 

Шундай қилиб, жаннат деганимиз дўзах бўлиб чиқди. Жетисайдаги обрўли сулолалардан бири бўлган оиламиз ёт ерда пароканда бўлиб, бошсиз қолдик. Икки оғамдан бири Ироқ чегарасида ҳалок бўлса, иккинчиси устига снаряд тушиб, қазо қилди. Суянадиган оғаларим ўтгандан сўнг, тирикчилигимиз қийинлашди. Овқат емай, оч ётган кунларимиз бўлди. Кейин бу одатий ҳолга айланди. Бу ҳам камдай, навкарлар аёллар ва болаларни хўрлай бошладилар. Шундай жирканч ҳаракатларни кўргач, ДАИШнинг анчайин ниқоб кийиб юрганини тушуна бошладик. “Чин мусулмонлар”нинг ҳақиқий башарасини кўргандан сўнг онам икковимиз қочишга ҳаракат қилдик. 

Шу оралиқда биринчи ўғлимнинг буви-бувасига хабарлашиб, кўпроқ пул юборишларини сўрандим. Сабаби, пулинг бўлмаса, чегарадан ўтиш қийин. Мусулмонлар уни ҳам бизнесга айлантириб олишган. Талай одамнинг бекордан-бекорга ўққа учганини кўрганда, исломдан чинакамига безиб, алданганимни билдим. Ягона йўл – тезроқ элга қайтиш эди. Акаларимдан қолган нарсаларни сотиб, пул йиғишга тушдим. Анча пул тўплаб, Богуз шаҳрига етиб олдик. У томони курдларнинг лагери эди. У ёққа ўтсак, тинч ҳаёт кечирадигандайдик, гўё. Шундай қилиб, йўлбошловчига катта пул бериб, хавфсиз йўл орқали чегарадан ўтдик. Бироқ куёвим чегарада қолди. Сабаби, бу ёққа ўтишга уринса, уни товон тагида отиб ташлашлари ҳам мумкин эди.

Қозоғистонга келгандан сўнг “Сурияда бўлган аёллар орасида 10-15 марта куёвга чиққанлар бор экан”, деган сўзлар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Аслида, бундайлар бўлса бордир, бироқ бу аёлнинг эрсираганидан эмас. Бу ДАИШ ташкилотининг аёлни шундай бечора ҳолга тушириб ташлаганлиги натижасидир. Зеро, эри урушда жон топширган аёлга ҳаёт кечириш учун суянчиқ ҳам керак эмасми?

Кеч тушунганимга ўкинаман 

Урушни айтмасангиз, Суриядаги ҳаёт ва лагердаги тирикчиликнинг унча фарқи йўқ. У ерда хўрлаш, қасддан ўлдириш ҳодисалари тез-тез содир бўлиб турарди. Даставвал курдлар бизни яхши қарши олгани билан, кейин бошқача қарай бошлашди. Илож йўқ, тирик қолиш учун айтганларини бажаришга мажбур бўлдик. Болаларимни умуман кўчага чиқармас эдим. Сабаби, тўполон пайтида гўдакларимнинг болалик чоғини ўғирлаганим учун ўзимни гуноҳкор ҳисоблайман. Болаларим у ёқда очиқ осмонни кўрмай ўсди. 

“Жусан” операциясини эшитганда, қалбимизда қувонч порлаб, кўп узамай, элга қайтишимизни сездик. Атрофдагилар бизга қизиқиб қарашар эди. Ҳақиқатан, туғилиб ўсган юртингга қайтиб келишдан ортиқ қандай бахт бор десангиз-чи! Бироқ, шуни кеч тушунганимга ўкинаман. Қозоқ: “Адашганнинг айби йўқ, қайтиб уюрини топгандан сўнг” дейди-ку! Эндиги мақсадим – болаларим учун ортимдан яхши из қолдириш. Уларнинг шу элнинг обрўли фуқаролари бўлишларига улуш қўшгим келади.

Бепарво ёшлик туфайли ёт оқимнинг этагидан тутиб, энг гуллаган ёшлик даврини бегона жойда ўтказган Асемнинг оиласи бугунги кунда қайта тикланиб, энсасини кўтариб келади. У оиладаги тўрт ўғил ва онаси билан бирга қайтадан беташвиш, бахтли ҳаёт кечира бошлади. Ўтган йиллари “Оиламни қандай сақлаб қоламан, болаларимнинг келажаги нима бўлади?” – деб тун уйқуси тўрт бўлинган Асемнинг армонлари бугунги кунга келиб ушалди.

 

(Воқеа қаҳрамонининг исми ўзгартирилган).

2020-05-05, 04:52 1477
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.