26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Она тилида ўқиб-ўрганганга нима етсин!

Юртимизда кўпдан орзиқиб кутилган тарихий воқеа рўй берди. Жанубий Қозоғистон давлат педагогика университетида “Ўзбек тили ва адабиёти” ихтисослиги очилди. Пандемия сабабли тизимга масофавий технологиялар жорий этилиб, талабалар ўқиш жараёни ва битирув имтиҳонларини онлайн шаклда ўтказишмоқда. Бугун мана шу долзарб масалалар ҳақида суҳбатлашамиз.

Танишинг: Жанубий Қозоғистон давлат педагогика университетининг ректори вазифасини бажарувчи, доцент, тарих фанлари номзоди Гулжан Даулетбек қизи Сугирбаева.

– Ўзбеклар зич яшайдиган Қозоғистон жануби учун ушбу ихтисосликнинг очилиши ғоят муҳим ҳодиса. Бу ташаббус кимдан чиқди? 

– Маълумки, бугунги кунда Қозоғистон жанубида 700 мингга яқин ўзбеклар яшайди, ўзбек тилли ва аралаш тилларда ўқитиладиган 136та умумий таълим муассасаси мавжуд. Шунинг учун, ўзбек тили ва адабиёти фанидан ўқитувчи тайёрлаш – муҳим ва долзарб вазифалардан бири саналади. 2019-2020 ўқув йилида университетимизнинг Филология факультети, “Қозоқ тили ва адабиёти” кафедраси қошида “6В 01706 Ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчисини тайёрлаш” ихтисослигини очиб, айтиш керакки, тарихий аҳамиятга эга ишга қўл урдик. Бугунги кунда, айниқса, яқин келажакда (2-3 йилдан кейин) мактабларда ўзбек тилидан дарс берадиган ўқитувчиларнинг аксарияти нафақага чиқиш эҳтимоли борлиги учун кадрлар танқислиги яққол сезилаётган эди. Шу боис бу ихтисосликни ўз вақтида очиб, ўзбек тилли муассасалар учун фойдали иш қилдик, деб айта оламан. Ушбу ташаббусимизни Ўзбекистон Республикасининг Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Қозоғистон Республикаси ўзбекларининг “Дўстлик” ҳамжамияти, Шимкент шаҳар, Туркистон вилоят илмий-услубият марказлари қўллаб-қувватлашди, шунингдек, Ю. Сарёмий номидаги 107-сонли мактаб-лицей, Ҳамза номидаги 42-сонли, Ойбек номидаги 14-сонли мактаблар ҳамкорлигида ишларимиз фаоллашди.

– Ушбу ихтисосликка ҳам давлат грантлари ажратиладими?

– Албатта, ўқув грантлари сўзсиз ажратилади. Шунинг учун биз ўзбек тили ва адабиётини танлаган барча битирувчиларни университетимизда ўқишга таклиф қиламиз.

– Қўшни давлат домлаларини ҳам университетда ишлашга таклиф этдингизми?

– Юқорида айтиб ўтганимдек, Алишер Навоий номидаги университет билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган. Жорий ўқув йилида ўзбек профессор-ўқитувчилари даргоҳимизга келиб, 1-босқич талабаларига маъруза, амалий дарс-семинарлар ўтишди. Шунингдек, ўзбекистонлик устозларни доимий иш билан таъминлашга, келажакда ихтисосликнинг махсус кафедра бўлиб шаклланишига замин ҳозирланди.

– Университетда ўзбек тили ва адабиёти фанига оид дарсликлар тайёрланадими?

– Шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, ўзбек тилидан олий тоифали мутахассис, ўзбек тилли мактаблар учун 

тайёрланадиган (“2- 4-синфлар учун ўзбек тили ва адабиётини ўқиш”, “5-9-синфлар учун ўзбек тили ва адабиёти”, “10-11- синфлар учун ўзбек тили ва адабиёти”,Таълим мазмунини янгилаш доирасида Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги, И. Алтинсарин номидаги Миллий билим академияси буюртмаси асосида) дарсликлар, ўқув дастурларининг муаллифи Шаҳло Жамол қизи Норалиева – университетимиз фахри. Янги ихтисослик очилиши учун югуриб-елган, ўзбекистонлик ҳамкорлар билан музокаралар юритган, ихтисосликка оид барча ўқув дастурларининг муаллифи бўлибгина қолмай, балки республика ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти раисининг таълим соҳаси бўйича ўринбосари, илмий ва таълимий кенгаш аъзоси сифатида қозоғистонлик ўзбекларнинг кирилл алифбосидан лотин алифбосига кўчиш масалалари бўйича ижодий гуруҳнинг етакчиси ҳамдир. Қолаверса, барчага маълумки, икки йилдан буён университетимизда ўзбекистонлик талабалар ўқишади. Улар (1500 талаба)нинг қозоғистонлик талабалар билан бирдек таълим олиши, моҳир мутахассис бўлиб етишиши учун ҳам қулай шароитлар яратилган. Чет эллик талабаларни мослаштириш маркази университет раҳбарияти тасдиқлаган йиллик иш режасига мувофиқ, ўзбек тилида кўплаб тадбирлар ўтказиб келади. Шаҳло Норалиева ана шу марказнинг директори ҳамдир.

– Карантин шароитида янги механизм – онлайн шакли барча тармоқларни эгаллади. ОЎЮда масофадан ўқитишнинг ижобий ва салбий томонларини айтиб берсангиз...

– Хорижий давлатлар тажрибаси ва бугунги вазиятдан келиб чиқиб, олий ўқув юртимизда талабаларни онлайн шаклда ўқишга биринчилардан бўлиб кўчдик. Ростини айтиш кераки, кўп нарсани ўрганишга тўғри келди. Инсонлар тақдирини ҳал қиладиган вазиятларда чуқур мушоҳада юритиб, тезкор қарор қабул қилиш талаб этилади. Таълим вазирлиги қарор чиқарган куниёқ, биз ҳам вақтни бой бермай, янги тартибни жорий эта бошладик. Карантин вақтида университетнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун ички жараёнларни қайта кўриб чиқдик. Дастлаб, ўқитувчилар ва талабалар учун ўқув семинарларини уюштирдик. Рақамли таълим ресурслари маркази ходимлари бир неча соат ичида масофадан ўқитиш технологияси бўйича кўрсатмалар ишлаб чиқишди ва ўқитувчи-талабаларимизни ўқитишга киришишди. 16 мартдан кейин ҳамма устозлар уйда ишлашни бошлашди. 4 мингга яқин йигит-қизни онлайн ўқитишнинг ўзи бўлмайди, албатта. Деярли, ҳар куни педагоглар билан онлайн учрашувлар ташкил этдик. Таълим вазирлиги, ОЎЮ раҳбарияти, устозлар ва талабалардан тузилган узвий ҳалқа юзага келди. САLL марказини очиб, ёшлар ва ота-оналарнинг кундаликдаги турли саволларига жавобларни таъминлаб турдик.

– Зерикарли маърузалар ўқиш, конспектлар ёздириш каби усуллардан воз кечиб, янгича таълим услубини қўллаётган устозларнинг фикри қандай?

– Айни кунларда педагогларнинг савиясини ошириб бориш, ўзаро тажриба алмашиш учун онлайн-семинар, вебинарлар ўтказишни тўхтатмаяпмиз. Ҳозирда ўқувни бошқаришнинг асосий тизими – «UNIVER 2.0» ахборот таълим портали ва ёрдамчи тизимлар – ZOOM, WEBEX, Whats APP, Youtube платформаларидан фойдаланяпмиз. Бундан ташқари электрон почта тизимлари – mail.ru, gmail.com, google.com. ҳам кенг ишлатилади. Zoom барча турдаги дарсларни жонли эфирга узатиш ва ушбу мавзу бўйича долзарб масалаларни муҳокама қилиш имкониятини бермоқда. Ҳар бир талаба ва устознинг таълим порталида шахсий саҳифаси бор. Хуллас, марказлаштирилган дастур ҳаммага битта тўлқинда барча маълумотлардан баҳраманд бўлиш имконини бермоқда. Бу ўқитувчи учун ҳам, талаба учун ҳам афзаллик, қулайлик, албатта. Махсус қоидалар қабул қилиб, ўқитувчи нутқини равон қилиш, юз тузилишидаги хатти-ҳаракатлар (мимика), ҳис-туйғулар, кайфият, руҳий ҳолат қандай бўлиши кераклигини ҳам ўргатдик. Чунки уларнинг зиммасига 5371 талабадан 3904 нафарини (1,2,3-босқич), магистр ва докторантларни ўқитиш масъулияти тушди-да. Факультет деканлари эса инстаграммда видеоанжуман ва бевосита мулоқотлар уюштириб туришди. Буларнинг ҳаммаси устозларга осон бўлгани йўқ.

– Карантин пайтида чет эллик талабаларнинг аҳволи нима кечди?

– Жорий ўқув йилида 1300 чет эллик талаба ўқиётган эди, деярли ҳаммаси уйларига кетиб қолишди. Фақат 14 нафар туркманистонлик ва ўзбекистонлик фуқаро қолди. Уларни энг яхши ётоқхонага жойлаштирдик, компьютер ва пул билан таъминладик, тиббий ёрдам ташкил қилдик.

– Бугунги кунда масофадан ўқитишда муаммолар бўлмаяпти?

– Бор, албатта. Интернетнинг яхши ишламаслиги қишлоқ жойларда яшайдиган талабалар, Ўзбекистон фуқаролари учун қийинчилик туғдирмоқда. Электр қувватининг ҳам тез-тез узилиб қолиши сабаб, қолаверса, ўқитувчиларсиз дарс тайёрлай олмайдиган талабаларга енгиллик бўлиши учун университетда руҳий ёрдам марказини барпо этдик. Кейин, педагоглар орасида ёши катта ўқитувчилар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Улар замонавий технологияларни ўзлаштиришда қийналишади.

Азиз муштарий, замонавий ҳаётнинг асосий талаби – онлайн шаклдаги ўқув ҳақидаги маълумотлар билан танишдингиз. Истаймизми, йўқми онлайн ва офлайн шакли ҳаётимизга кириб келди. Биринчиси- онлайн маърузалар, видеочатларни ўз ичига олса, иккинчиси- ихтисосликни мустақил равишда ўзлаштиришни қамрайди. Талабалар йилига 2 марта сессия топширишади. Қозоғистонда 2019 йилда сиртқи бўлим ёпилди. Шунинг учун сиртдан ўқишни истаганлар учун масофадан ўқиш энг қулай усулдир. Ногиронлар, декрет таътилидаги оналар, қишлоқ ёшлари, саломатлиги туфайли кундузги бўлимда ўқий олмайдиганлар, бошқа мамлакатларнинг фуқаролари, академик дастурларда ўқувчилар, хизмат сафарида бўладиган, ишлайдиган, иккинчи олий маълумотга даъвогар талабалар, қамоқхона маҳбуслари учун энг афзал йўл ҳозирча шу. Шифокор, хореограф ва зобитлик сингари касблар учун масофадан ўқиш йўқ.

Айтганча, 2020-2021 ўқув йилида ЖҚДПУда нафақат масофадан ўқишни фаоллаштириш, балки янги ихтисослик бўйича магистратура очиш ҳам кўзланмоқда. Келажакда Тошкентдаги ҳамкор ОЎЮ билан икки дипломли лойиҳа устида ҳам ишлар юритилади. 

Она тилимизда илмнинг сўнгги янгиликларидан баҳраманд бўлишга нима етсин!

Н. МАВЛОНОВА, 2020-06-06, 04:32 827
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.