26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Янги вазиятда ибодатларни қандай адо этамиз?

Юртимизда коронавирус иллатига қарши карантин чоралари даврида мана иккинчи бор Ҳайит байрамини нишонлаш арафасида турибмиз. Жамоат намозларини масжидларда ўқишга вақтинча барҳам берилса-да, ҳамюртларимиз ибодатларини уйларида адо этиб, Пайғамбаримиз (с.а.в) суннатларини адо этишмоқда. Ийди қурбон байрамини нишонлаш, қурбонлик ибодатини амалга ошириш тартиби борасида Шимкент шаҳар бош имомининг ноиби Назирхон Азизхон ўғли Тошхўжаев билан суҳбатлашиб, ҳамюртларимизни қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилдик.

– Бундан қарийб икки ой муқаддам хонадонларда Рамазон ҳайити намозини ўқиш тартиби билан ҳамюртларимизни таништирган эдик. Бу галги Қурбон ҳайити намози ҳам масжидларда жамоат бўлиб адо этилмайди. Диндошларимиз ибодатларини қандай тартибда адо этишади?

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Муборак кунларда турибмиз. Аввало, Зулҳижжа ойининг муқаддас ўн кунлигидамиз. Иншооллоҳ, Аллоҳ Таоло ниятларимизни қабул қилсин. Қурбон ҳайити намозини ўқиш вожиб амаллардан саналади. Ҳар бир ақл эгаси, балоғатга етган ҳамда ўзини мусулмон санайдиган киши Қурбон ҳайити намозини ўқийди. Мазкур намоз икки ракаатдан иборат бўлиб, оддий намозларимиз каби ўқилади. Фарқи – биринчи ракаатида аввалги такбирдан кейин яна уч марта такбир айтилади. Иккинчи ракаатида рукуъга боришдан аввал яна уч марта такбир айтилиб, тўртинчи такбирида рукуъга кетилади. Фарқи – фақат мана шунда, қолган қисмлари икки ракаатли намозларга ўхшаш. Бу намоз ҳар ким хоҳишига қараб ўқилмайдиган, балки аниқ белгиланган, аввалдан эълон қилинадиган масжидларда ўқиладиган намоз. Бизнинг ҳолатимиз, яъни иллатга қарши кураш чоралари кескинлашган айни вақтда, пандемия ҳолатида намозларимизни уйда ўқиймиз. Карантин чораларига риоя этиб, масжидларга бориш тақиқланган. Эрталаб бомдод намози ўқилгандан сўнг, кун найза баробар кўтарилгач, икки, тўрт, олти ё саккиз ракаатга қадар Зуҳо намози ҳам ўқилса бўлади. Бу нафл намозлар сирасига кирадиган ибодат, оила билан, шу жумладан, аёллар билан ҳам жамоат ҳолатида адо этилади. Сўнггида Аллоҳ Таолодан дуолар қилинадиган намоз. Ҳайит намози тонгда соат 6дан 5 ёки 10 дақиқа ўтганда кун чиқиш пайти 6.30лардан соат 7га қадар бемалол ўқиб олиш мумкин. 

– Зулҳижжа ойининг ўн кунлиги ҳадисларда қандай эътироф этилган?

– Уламоларимиз ҳадисларимизда бу ҳақда алоҳида эътирофлар мавжудлигини таъкидлаб ўтишган. Арофа куни яъни ҳайитдан бир кун аввал тутилган рўзанинг икки йиллик рўза тутганлик савоби ваъда қилингани хусусида ҳадисларда хабар келтирилган. Яъни, ўтаётган ва келаётган йилимизда қилинган ва қилинажак гуноҳларга каффорат бўлиб, Аллоҳ томонидан берилган мукофот деб қабул қилишимиз жоиз. Бир кунлик рўзанинг шунча йиллик савобига эга бўламиз. Бундан фойдаланиб қолган инсон ҳамиша ғолиб ва шод бўлади. Яратганнинг берган имкониятларидан фойдаланиб қолиш демакдир. Зулҳижжа рўзаси ҳам худди Рамазон рўзаси каби ният билан тутиладиган амал.

– Қурбонликни кимлар қилгани жоиз? Кўпчилик иллат пайтида уйда ишсиз ўтиришга мажбур бўлиб қолди. Баъзилар эса давлатдан ишсиз қолганлиги учун 42500 тенге олса ҳам қурбонлик қилишга жазм қилмоқда. Бу борада шариатимизда қандай ҳукмлар мавжуд?

– Мол-мулки нисоб даражасига етган мусулмонлар бу ибодатни адо этиши шарт. Нисоб, яъни закот беришликка ҳақдор бўлган инсонлар. Нисоб миқдоридан кам мулкка эга бўлганларга бу мажбурий эмас. Лекин фазилат нуқтаи назаридан савоб, Яратганга яқинлашиш умидида қилинадиган ибодат. Яъни ўзини молиявий нуқтаи назардан қийнаш ёки кўз-кўз қилиш эвазига амалга оширадиган амал эмас. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларида шундай эътироф этганлар: “Имкони бўла туриб, қурбонлик қилмаган мусулмонлар, намозгоҳларимизга яқинлашмасин”. Лекин бир ҳадисда яна бир мусулмон Пайғамбаримиз (с.а.в.)га келиб: “Менда қурбонлик учун молим йўқ. Бироқ сутини соғиб ичишим учун менга ёрдам сифатида бир молни ижарага беришган. Шуни қурбонлик келтирсам бўладими?” деб сўраганларида, сарвари олам, “йўқ, сен унинг ўрнига ҳайит намозидан кейин соч-соқолинг, мўйлабингни қисқартириб, ўзингни чиройли ҳолга келтирсанг, ўша сенинг қурбонлигинг”, деб жавоб берадилар. Яъни динимизда ўзини қийнаб, мушкул аҳволга солиш тақиқланади. Ўзинг муҳтож бўлсанг, ҳукумат сенга ишсиз ўтирганинг учун 42 минг тенге нафақа тўласа-ю, уни олиб қурбонлик қилиб юбор, деган даъват Исломда йўқ. Уни имкони борлар амалга оширади, имкони йўқлар ундан фойдаланишади.

– Мамлакатимизда илк бор қурбонлик амалларини онлайн тартибда буюртма бериш ва амалга ошириш имкони яратилди. Хонадонларда ўзлари қурбонлик қиладиганлар гўштни қандай тақсимлаганлари дуруст?

– Онлайн хизмат бизда биринчи марта амалга ошириляпти. Бу жуда қулай услуб, бошқа давлатларда бир неча йиллар аввал йўлга қўйилган тадбир. Биродарларимизга қурбонлик гўштларини шариат талабларига мувофиқ дуолар билан адо этилган тарзда етказиб берилади. Тажрибали қассоблар гўштни усталик билан тақсимлашади. Ҳозирги шароитга кўра буни онлайн адо этиш тавсия этиляпти. Бироқ ҳовлиларда истиқомат қиладиганлар сўйган молларини ўзлари истеъмол қилишадими ёки қариндошларига тарқатишадими – бу уларнинг ихтиёрида. Ҳар бир мусулмон ўз имкон даражасидан келиб чиқиб, бу ибодатни адо этади. 

– Ижтимоий тармоқларда карантин чоралари пайтида қурбонликни пешин намозидан кейин сўйиш мазҳабимизда рухсат берилганлиги ҳақида ахборотлар тарқалди. Бу борада фикрингиз қандай?

– Ҳозирги замон тилида буни фейк, яъни нотўғри ва асоссиз ахборот деймиз. Бу тадбирларни тонгда соат 7.00дан бошлаб уч кун мобайнида адо этиш мумкин.

– Ҳайитлаш, қарияларни, қариндошларни табриклаб хонадонларга боришга ҳозирги кун шароитида шариатимизда қандай кўрсатмалар берилган?

– Ҳайитлаш, яқинларимизни хурсанд қилиш – бу савоб. Лекин коронавирус иллатининг кенг тарқалмаслигига қарши кўрилаётган чораларни эътиборга олиб, ҳайит билан уяли телефон орқали, видео қўнғироқлар ёрдамида табриклаш мумкин. Ташриф буюриб, ҳамюртларимиз хонадонларини ташвишга қўйиш, касаллик таралиш хавфини юзага келтиришга ҳожат йўқ. 

Келаётган муборак кунлар билан ҳамюртларимизни қутлайман. Келгуси байрамларни шариат кўрсатмаларига мувофиқ адо этишлик насиб этсин. Беморларимиз дардига Яратган шифо берсин, тез кунларда сафимизга қайтишларига дуодамиз.

– Суҳбатингиз учун раҳмат.

М. САЪДУЛЛАЕВА суҳбатлашди, 2020-07-30, 04:29 571
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.