26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қасим-Жўмарт Тўқаев: ''Абай – маънавий ислоҳотчи''

10 август куни буюк шоир, мутафаккир Абай Қунанбоев таваллудининг 175 йиллиги нишонланди. Бундан чорак аср муқаддам Тўнғич Президентимиз – Элбоши Нурсултан Назарбаевнинг ташаббуси билан Абайнинг 150 йиллиги ЮНЕСКО миқёсида нишонланган эди. Бу улкан тадбир – ушбу ажойиб анъананинг давоми. Egemen Qаzaqstan жорий йилги байрамга бағишлаб қатор тадбирларни режалаштирган эди. Аммо жаҳон миқёсида тарқалган эпидемия туфайли уларнинг кўпини онлайн шаклга ўтказдик. Албатта, талай мушкулотларни енган халқимиз бу иллатни ҳам мардонавор енгиб чиқади. Қийинчиликлар ўткинчи, Абай мероси эса мангу, деди Президент. Менинг топшириғимга кўра Ҳукумат 10-августни “Абай куни” деб белгилаб, байрамлар рўйхатига киритди (бироқ иш куни бўлиб қолаверади). Буюк адибнинг меросини улуғлашга бағишланган тадбирлар йил сайин ўтказилиб туради. Масала байрамда эмас – буюк мутафаккир ва шоирнинг ғоя ва фикрларини чуқур ўрганишда. Абай руҳига таъзим қилиш – унинг тамойилларига риоя қилиш, ишончига содиқ қолишдир. Шундагина ёш авлоднинг тафаккурига қадриятларни сингдирамиз. Биз мутафаккирнинг ибратли ҳаёти ва таълимоти тўғрисида гапиришдан чарчамаймиз. Айниқса, ҳозирги Қозоғистон жамиятини Абайнинг маънавий таълимотига мувофиқ ривожлантириш ўта муҳим. Мен бу ҳақда “Абай ва XXI асрдаги Қозоғистон” номли мақоламда батафсил ёздим. 

Жорий йил халқаро “Абай йили”га айланди. Дунёнинг кўп давлатларида унинг ижодига эътибор қаратилди.

Қозоғистоннинг ташаббуси билан ва ЮНЕСКОнинг қўллови билан буюк оқинимизнинг 175 йиллик санаси жаҳон миқёсида нишонланмоқда. Оқиннинг бебаҳо меросини англаш ва уни тарғиб қилиш – фуқаролик бурчимиз. Ваҳоланки, Абай – жаҳон миқёсидаги даҳо. 

Абайшуносликнинг асосий моҳияти ҳам шундай бўлиши жоиз. Ҳозир адибнинг асарларини халқаро илмий айланимга жорий этиш учун аниқ ва мақсадли ишлар йўлга қўйилмоқда. Унинг асарлари жаҳоннинг ўн тилига ўгирилиб, нашр этишга тайёрланди. Бу китоблар юздан зиёд давлат кутубхоналари ва маданият марказларига юборилади. Қатор хорижлик таржимонлар, Абайнинг ижодий мероси тадқиқотчилари ва тарғиботчиларига менинг Фармоним билан давлат мукофотлари берилди. Абай юбилейига бағишланган тадбирлар давом этмоқда. Хориждаги элчиликларимиз қошида Абай марказлари очила бошлади. Оқиннинг ижодини тизимли тадқиқ қилиш учун Л. Н. Гумилёв номидаги Евроосиё миллий университети қошида Абай академияси ташкил этилди. Биз рақобатбардош давлат бўлиш учун Абай меросини унутмаслигимиз керак. Сабаби миллат сифатида жонланиш ғояси ҳам унинг дунёқараши билан ҳамоҳанг. Келгуси йили Қозоғистон Мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаймиз. Бироқ ўз вақтида буюк мутафаккирни қаттиқ изтиробга солган баъзи камчиликлар жамиятда ҳамон учраб туради. 

Афсуски, Абай айтган “беш душмандан” тўлиқ холис бўлган эмасмиз. Фуқароларимизнинг орасида ялқовлик ва маҳмадоналик тез-тез учраб туриши ачинарлидир. Булар аввалгидек меҳнат қилиш ўрнига бекорчиликдан тортинмай, ҳар бир ижтимоий воқеадан сиёсий маъно излагани излаган. Абай халқни тўй тўйлашга эмас, меҳнат қилишга, маънавий камол топишга чорлайди. Абай таълимоти ҳозирги кунга қадар моҳиятини ҳам, қадриятларини ҳам йўқотгани йўқ. Шу боисдан биз унинг теран ўйларига, келажак даъватларини аввалдан кўра билишидан завқланишдан чарчамаймиз. Абай илми бугунги кунда ҳам қатор йўналишларда долзарб. Энг аввало, илм эгаллаш. Биз дунёни ақл-ўй ва фаҳм-фаросат орқалигина эътироф эттира оламиз. Замон талабига мос билим олиш заковатли миллатни шакллантиришга йўл очади. Иккинчидан, тарбия масаласи. Шунинг учун ёш авлодга тўғри йўналиш бериш лозим. Шоирнинг “Фойдани ўйлама, орни ўйла, талаб қил кўпроқ билишга”, деган ҳикматини ҳамиша онгимизга сингдиришимиз зарур. Учинчидан, янги касб-ҳунарларни ўзлаштириш. Шоир ҳар бир қозоқ ўз ишининг устаси бўлишини орзу қилди. Айниқса, рақобатга тўла ҳозирги замонда бунинг аҳамияти катта. Абай: “Мол керак бўлса, ҳунар ўрганиш керак. Мол тўзийди, ҳунар тўзимайди”, дейди. Биз меҳнатга, янги ҳунар эгаллашга нисбатан фикримизни тубдан ўзгартиришга мажбурмиз. Бойликнинг ҳам, бахтнинг ҳам калити – ўзинг яхши кўрган ишда. Тўртинчидан, бирлик масаласи. Абай доимо жамиятнинг барака-бирлигини орттиришга эътибор қаратди. У “Бирингни, қозоқ, биринг дўст кўрмасанг, ишнинг – бари бўш”, деб элни тотувликка чорлади. 

Биз жуда мураккаб даврни бошдан ўтказмоқдамиз. Шундай вақтда бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, ўзаро муносабат ва бирлигимизни орттириш ўта муҳим. Доно бобомизнинг юракдан тилагани юрт омонлиги ва миллат жипслиги эди. Шунинг учун ҳам, бугунги қийин дамда Абай меросига суянишимиз, мақсадга мувофиқ бўлади. Замонлар ўзгарса-да, Абай даҳолигининг қадри пасайгани йўқ. У барчага тушунарли ва бутун одамзодга тегишли. Унинг оддий шеър ва оддий сўз бўлиб айтилган ўйлари ҳамон тўғри яшашга даъват этиб туради. Миллатининг келажаги учун куйинган буюк мутафаккир бутун дунё аҳлини муҳаббатли ва меҳрли бўлишга чорлади. Шоирнинг шундай инсонийлик қоидалари мамлакатимизнинг бугунги авлодига ҳам жуда зарур. Давлатимиз мустақиллик йилларида миллий онгни қайта янгилашга ва дунёвий ўзгаришларга тўзимли бўлишга умуммиллий жиҳатдан эътибор қаратмоқда. Буюк мутафаккир юрт манфаатини доимо устун қўйишга, олган билим ва тажрибани халқ эзгулигига сарфлашга даъват этди. Бутун инсоният учун шундай устувор вазифа бўлиб қолиши керак. Тараққиётга мойилликни шундай тушуниш лозим. 

Биз учун Абай – миллатимиз ва мамлакатимизнинг дунёга танилишининг асосий дастаги. Буюк мутафаккир бизга жуда катта маънавий мерос қолдирди. XXI асрга қадам боссак ҳам, Абайнинг дунёқараши замонавий эзгулик қонунлари ва Қозоғистон ҳамжамиятининг асосий қадриятларига, унинг бирлиги ва баракасига тўлиқ мос келишига яна бир марта амин бўламиз. Буюк мутафаккир миллатнинг маънавий-маданий, инсоний қиёфасини асл ҳолида таърифлаган. Абайнинг ҳикматли сўзлари қозоқ халқининг олтин пойдевори, миллий тамойилларни излаган кўплаб авлоднинг бошини бириктирадиган мангу маънавий пойдевори бўлиб қолаверади. 

Элбоши Нурсултан Назарбаев “Абай сўзи – қозоқнинг тумори” деган эди. Бу фикр бизни шоир оламига чуқур назар солишга, янгича ўйлашга чорлайди. Ҳозир мамлакатимизда абайшунослик билан шуғулланадиган бир неча илмий-текшириш маркази бор. Уларнинг ишини жипслаштириб, пойтахтимиздаги Абай академияси қошида бирлаштириш лозим. Академия барча марказларнинг илмий ишларини мувофиқлаштирувчи вазифасини уддалай олади. Келажакда гуманитар фанларнинг ажралмас қисми сифатида “Абайшунослик” курсини ўқитиш масаласи йўлга қўйилиши керак. Янги фалсафий ва сиёсий тамойиллар бўйича “Абайшунослик” дарслиги ва хрестоматияси тайёрланиши зарур. Шунингдек, Абайнинг “мукаммал одам” илми ҳар томонлама ва теран ўрганилиши даркор. Биз Абайни XIX асрда яшаб, XXI асрнинг сўзини айтган мутафаккир сифатида дунёга танитишимиз зарур. Шунингдек, миллий онгни янгилашга ижобий таъсир қилган ислоҳотчи сифатида танитишимиз лозим. Мухтасар қилиб айтганда, ҳар бир қозоқ Абай билан фахрланиши зарур! Халқимиз буюк фарзандининг шонли тўйи муборак бўлсин!  

2020-08-11, 05:11 147
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.