26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Онаизоринг – замин...

ёки Бугуннинг кескин муаммоси, келажакнинг тақдири

Онаизоринг –  замин, танҳо йўғу боринг –  замин,

Хаста беморинг –  замин, ўғлон ўзинг,  дармон ўзинг,

Бағрида ётқучи –  сен, неъматларин тотқучи сен,

Тиғ бўлиб ботқучи –  сен, пайкон ўзинг, қалқон ўзинг.

                                                           Эркин Воҳидов. “Инсон қасидаси”.

Одоб – либос, ахлоқ – зийнат

Аллоҳ таоло Одамни яратибдики, унинг фарзандларига либос қилиб  Одобни, зийнат қилиб  Ахлоқни берган. Ана шу иккиси туфайли башар фарзандлари бир-биридан ажралиб туради.

Турмуш тарзимизда «отасига раҳмат, одобли бола чикди-да» ёки «отасига лаънат, тарбиясиз чикди бу», деган гаппарни эшитиб турамиз. Фарзанднинг гуноҳи ҳам, савоби ҳам, яхшиси ҳам, ёмони ҳам ота-онага, қолаверса, миллат ва динига обрў ёки иснод келтиради.

Барча муқаддас китоблар  – Таврот, Инжил, Забур, Қуръони карим, ҳатто, Авестода ҳам инсон тарбияси бош мавзу қилиб қўйилган. Жумладан, Қуръони каримда 57та суранинг 204та оятида одоб, ахлоқ ва насиҳат борасида сўз юритилган.

Ҳеч бир динда ўз қавмини ёмонликка бошлаш йўқ. Айни пайтда ҳеч бир ота-она ҳам ўз фарзандини  ёмон бўлсин, демайди. Одамзодни гўзал қиладиган, унинг ҳаётини мазмунли, икки дунёсини нурга буркайдиган нарса ҳам одоби ва ахлоқидир. Шу боис ҳам кексалар дуо қилганларида, «Илоҳим, одобли ва одам боласи бўлгин»,  дея ният қилишади. Отангмас, одоб фарзанди бўлгин, дейдилар. Бир солиҳ, одобли, ахлоқли, илмли-маърифатли, қобилият ва иқтидор соҳибининг ҳаётда қўлга киритган ютуғи фақатгина оилани эмас, балки юртни, миллатни жаҳонга танитади. Улуғ кашфиёт соҳиблари, санъат чироғини ёққанлар, спорт мусобақаларининг ғолиблари кўлга киритган ютуқлар туфайли шон-шараф, ифтихор туйғуларини қучишимиз ана шундан!

Авлодларга нима қолдирамиз?

Келдинг оламга, демак,  етмас уни сўрмак, емак,

Ерни этмоғинг керак, бўстон ўзинг, ризвон ўзинг.

Инсон улуғ ва бунёдкорлик ишларини амалга оширганини кўриб, ақлинг бовар қилмайди. Барча яхши-ёмон кашфиётлар – ақл маҳсули. Инсон ақли XX асрда фазони забт этди. Техника, технология, ахборот коммуникация, интернет, уяли телефон хизмати инсон ақл-заковати, тафаккурининг ютуғи. Лекин улкан кашфиётлар олдида, дунёвий  экологик муаммолар инқирози туфайли борлиқ, ҳаёт, дунёмизга ўзимиз хавф солиб турибмиз. Саноат, коммунал ва маиший хизмат чиқитларининг зарарини бугун ўлчаб бўлмайди. Ёғ-мой ёқилғисининг жонли табиатга келтираётган хавф-хатарини биламизми? Дарёлар, кўллар, денгиз ва океанларни булғаб, ифлос қиляпмиз-ку! Нафас олаётган ҳавога чиқаётган зарарли газлар умримизга эгов бўлиб турибди. Улар туфайли кўз кўриб, қулоқ эшитмаган турфа касалликлар юзага келяпти. Ўйлайсан: бу одамнинг одамийлигими ёки  ақлсизлигими?

«Наука и жизнь» журнали маълумотларига кўра бугун ер юзида карбонат ангидрид гази йилига 200 млрд. тонна ишлаб чиқарилади, кислород ишлаб чиқариш миқдори эса 155 млрд. тонна. Демак, маҳлуқотлар ва яшиллик олами тенглашиши учун яна 45 млрд. тонна кислород танқислиги мавжуд. 

Биз, одамлар эса яшил майдонларни яна нобуд қилаётирмиз. Ўрмонларга ўт кетиб, яйловлар нобуд бўляпти. Бу билан одамзод ўз илдизига ўзи болта ураётганини билмайдими? Билади. Лекин Инсон Ер сайёрасида келгусида ўз наслини сақлаб қолишга бефарқ қараяпти. Авлодлар бугун биз йўл қўяётган бу хавф-хатарнинг зарарини кечирармикан?

Долзарб муаммо энди Президент назоратида

Президентимиз  Қасим-Жўмарт Тўқаев «Янги вазиятдаги  Қозоғистон: ҳаракатлар даври»  Мактубида  Ҳукуматга элимизнинг  янги иқтисодий дастурини ишлаб чиқишни  топшириб, унинг  еттита асосий тамойилини белгилади. Олтинчи тамойили   «Яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофазалаш»  топширилди. 

Бу билан долзарб масалани ҳал қилишга йўл очилди. 

ОАВни кузатиб бораётган бўлсангиз, башар фарзандининг ўйламай-нетмай қилган ва қилаётган ишлари туфайли Орол муаммоси юзага келди. 50 миллиондан зиёд аҳоли унинг жафосини тортяпти. Бу кўргулик етмаганидек, ўтган йили Арис шаҳрида портлашлар содир бўлса, жорий йилда Ўзбекистондаги Сардоба сув омбори бузилди. «Қизил китоб»даги жониворларни овлаш, ўсимлик дунёсини нобуд қилиш тўхтамаяпти.  Айбдорлар жазоланиши аниқ, лекин улар жазолангач, табиат тикланиб қолмайди-ку. Нега одамзод ўз тақдирини ўйламайди? 

Президент жорий йилги Мактубида  атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик тараққиёт Қозоғистоннинг кун тартибидаги биринчи масала эканини таъкидлади.  Дарҳақиқат, бу масала билан бутун дунё шуғулланмоқда, биз ҳам бу жараёндан четда қолмаслигимиз зарур. 

Юртимизда қатор муаммоларни ҳал қиладиган “Экология кодекси»нинг янги лойиҳаси ишлаб чиқилди. Парламент уни йил охиригача  қабул қилади. 

Шунингдек, жорий йилги Мактубда Давлат раҳбари Ҳукуматга экологик вазиятни яхшилаш  амалий чораларини  кўришни топширди.   

 Президентнинг топшириғи бўйича беш йил ичида республика ўрмон жамғармасида 2 миллиард туп дарахт кўчати ва қишлоқларда 15 миллион туп кўчат ўтқазилади. Мазкур акция мамлакатимизнинг яшилликка бурканишига олиб келади. Пойтахт атрофида яшил белбоғ ташкил қилинади. 

Президент Миллий боғ ва Қозоғистоннинг бошқа табиий бойликларини қонун доирасида ва меъёрий ҳужжатлар ёрдамида асраб-авайлашимиз зарурлигини эслатди. Топшириқлар қоғозда қолиб кетмаслиги учун қоидаларни бузган фуқаролар жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилишлари керак. Ёшларнинг экологик тарбиясига мактаб ва ОЎЮлардан бошлаб алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Президент, шунингдек, жамиятда экологик қадриятларни мустаҳкамлаш мақсадида   “Birge – taza Qazaqstan” экологик акциясини тизимли равишда ўтказишни ҳам топширди. 

Мамлакат ичида экологик сайёҳлик маданиятини фаол ривожлантириш муҳим вазифалардан. Яқин йилларда иқтисодиётнинг ўсиш кўрсаткичи “яшилликка” чамбарчас боғлиқ бўлиши керак. Бунинг учун ҳозирданоқ углерод миқдорини камайтиришга бел боғлаган маъқул. Шу мақсадда Қасим-Жўмарт Кемелули Ҳукуматга илмий жамият ва хусусий шўъба билан ҳамкорликда “яшил кўрсаткич” таклифлар пакетини ишлаб чиқишни топширди. 

«Ҳукумат бундан ташқари фуқаролик шўъбаси билан биргаликда “Ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш” қонун лойиҳасини ишлаб чиқиши керак. Ҳар қандай давлатда жониворларга муносабат юқори савияда, бизда эса бу борада ишлар кўнгилдагидек эмас», деди Давлат раҳбари.

Бу хушхабарга нима дейсиз?

“РИА Новости”  бир хушхабар  тарқатди.  Унда олимлар полиэтилен пакетлари билан озиқланадиган капалак қуртини аниқлагани, катта мум куя қурти полиэтилен пакетларни парчалаб юборишга қодир эканлигини аниқлангани ва тадқиқот натижалари Current Biology нашрида эълон қилингани айтилган. Мақоладан иқтибос келтирамиз: 

– Полиэтилен табиий шароитда жуда секин парчалангани учун атроф-муҳитга катта муаммо туғдириб келмоқда. Ушбу кашфиёт ахлатхона ва океанларда йиғилиб бораётган улкан миқдордаги чиқиндидан қутулишда ёрдам бериши мумкин, –  дейди тадқиқотчилардан бири, Кембриж университети профессори Паоло Бомбелли. Куя қуртининг ушбу тури мум билан озиқлангани сабаб, унда полиэтиленни қайта ишлаш қобилияти пайдо бўлган бўлиши мумкин. Олимлар кейинчалик керакли ишни бажараётган моддани ажратиб олиб, уни сунъий йўл билан синтез қилишга умид боғламоқда.

Уммонлар нотинч…

Энди пластик пакетлар ҳақида баъзи маълумотларга тўхталамиз. 

Ер юзида ҳар бир сонияда 160000та пластик пакет ишлатилар экан. У нефтдан тайёрланади. Бир пакетга ишлатилган маҳсулот автомашинани 11 метргача ҳайдаб бориш имконини беради.  

Жаҳонда пластик пакетларнинг фақат 3 фоизигина қайта ишланади. National Geographic телеканали намойиш қилган видеофильмда ҳалок бўлган   денгиз жониворларидан  90 фоизининг қорнидан  пластик пакет чиқаётгани айтилди. 

Сайёрамиз юзига  сочилган полиэтилен пакетларни  бир-бирига улаб чиқсак, ер шарини 4200 марта ўраб чиқиш мумкин экан.  

Кўриниб турибдики, ҳар бир ўсиб-улғаяётган ёшларимиз мустақил давлатимизнинг  экологик сиёсати ҳамда унинг мазмунини яхши билишлари ҳамда экологик маданиятга эга бўлишлари ва жамият фаолиятининг экологик ҳуқуқий соҳасида фаол қатнашишлари зарур.

Мақолани  Ўзбекистон халқ ёзувчиси, шоир Эркин Воҳидовнинг қуйидаги сатрлари билан якунлаймиз:

Бўлмасин субҳинг қаро, бор бўл мудом, борлиқ аро,

Ўзни этгил доимо, инсон ўзинг, инсон ўзинг.                     

 

Авазхон АБДУФАТТОҲ, 2020-09-17, 05:27 368
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.