26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Нилуфар САЪДУЛЛАЕВА: ''Аёлнинг ўрни фақат ошхонада эмас''

”Нилуфар Саъдуллаева. 2006 йили Шимкентдаги 28-сонли мактабни тамомлади. Ихтисослиги бўйича иқтисодчи. Тақдир тақозоси билан сариоғочлик тадбиркор Шуҳрат исмли йигитга турмушга чиқди, 21 ёшида тўрт фарзанднинг онаси бўлди. Оналик вазифаларини адо этиш баробарида олийгоҳда ўқиди. Сариоғочда тадбиркорлик билан шуғуллана бошлади. У ерда– ўзи тиккан кийимлар, тақинчоқлар, упа-элик сотадиган дўконни ишга туширди. 

2014 йилда Шимкентга кўчиб келган оила тадбиркорликни вилоят марказида давом эттирди. 2015 йилда бешинчи фарзанди дунёга келгандан сўнг тикувчилик соҳасидаги фаолиятини бошлади – Шимкентда “Art School” тикувчилик курсини очди. 

Яқинда Нилуфар Фахриддин қизи билан “Art School” мактабида учрашиб, мусоҳаба уюштирдик. Тикувчилик мактабининг шахсий икки қаватли биносида ҳам ёшлар касб сирларини ўрганишиб, шу билан бирга, касбий тикувчилар мижозларнинг буюртмасини қабул қилишаётган экан. Шимкентнинг “Восток” кичик туманидаги мактабда шогирдлар янги касб эгалари бўлиб чиқишади. 

Мендан анча ёш ва анча кўп мажбуриятларга эга, бу соҳада ишбилармонлик билан бирга, ҳамюртларига ҳунар эгаллашларига имкон бераётган аёлнинг ижобий мақсад ва ғоялари руҳиятимга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Мазкур позитив туйғуни йўқотмаган ҳолда, уни сизнинг руҳиятингизга кўчириш илинжида суҳбатни бошладим:

– Нима учун айнан тикувчилик мактабини очдингиз?

– Бир неча йил мобайнида ижарада фаолият юриб, чарчагандан сўнг умр йўлдошим Шуҳрат менга шундай ажойиб бинони барпо этиб, совға қилди, – дейди Нилуфар. – Тадбиркорлар оиласига келин бўлганлигим учунми, мен ҳам ўзимда шундай кўникмаларни шакллантиришга қарор қилдим. Айниқса, ишимизга қизиқувчилар сони ортгани мени янада илҳомлантирди. Бунда ижтимоий тармоқларнинг ҳиссаси бор. Нима учун? Зеро, бу касбга ҳар бир оилада эҳтиёж бўлиб келган ва бўлади ҳам. 

– Авваллари қизларимиз тикувчилик касбини оналаридан ўрганишарди. Ҳар бир аёл қуроқ кўрпача, кийим-кечак тикиш, кўрпа қавиш, турли пишириқларни пиширишни уддаларди. Бу ишларнинг аёллар қўлидан келмаслиги уят ҳисобланарди. Энди замон ўзгарди, ахборот асрида одамлар кўпроқ даромад келтирадиган ишлар билан банд бўлиб, аввал одатий ҳисобланган вазифаларини сотиб оладиган бўлишди. Оила ташвиши билан банд аёлларимизнинг аксариятида бичиш-тикиш ишларига вақти йўқ ёки унга нўноқ. Вақт ўтиши билан устуворликлар ўзгаряпти. Энди опа-сингилларимиз қизларини бичиш-тикиш курсида таълим олиб, ҳунар ўрганишларини, ўз ишини очиб, даромад топишларини хоҳлашяпти. Бу ҳам давр талаби. Устозларидан таълим олиб, қўли анча ишга келиб қолган тикувчилар ёшларга ўргатадиган курсларни очиб, бу соҳада ишбилармонлик кўникмаларини намоён этишмоқда. Хуллас, бу ҳунарнинг баракасини шогирдларимиз ҳар томонлама ҳис этаётганликлари кун сайин шогирдларнинг кўпайишида акс этяпти. Қизиғи шундаки, бизнинг курсларга нафақат ёшлар, ҳаётда анча довонларни ошиб, турли соҳаларда ишлаган аёллар ҳам келишяпти. Демак тикувчиликка кун сайин эҳтиёж ўсиб боряпти.

Суҳбатдошимнинг фикрича, фарзандлари бор аёлнинг вазифаси – оила ташвишлари-ю, таом пиширишдан иборат бўлиб қолмаслиги керак. Унинг муваффақияти газ плитаси олдида ўтказилган вақти билан ўлчанмаслиги даркор. Фарзандлари унинг ривожланиши учун тўсиқ бўлмаслиги керак. Аёлга нисбатан ишлатиладиган садоқатли ёр, ғамхўр она, латофатли келин каби тушунчалар қаторига уларни ҳам киритиш мумкин. Нилуфарнинг ўзи шундай курсларда тикувчилик касбини ўрганди. Ўзлари тиккан кийимларини дўконларида сотди. Мана, бир неча йилдирки, муаллимларни ишга ёллаб, хотин-қизларга касбий курсларни таклиф этяпти. Ижтимоий тармоқларда уларнинг кўплигини кўриб, хурсанд бўлдим – мактабнинг яна бир неча филиаллари яқинда иш бошлабди. 

Шимкентнинг Ҳамза даҳасида ҳам мактаб ўз филиалини очиб, уларга ўзбек тилида чеварликнинг сир-асрорларини ўргатишни бошлабди. 

Мактабдаги қулайликларда яна бири зарур ашёлар, текстиль ҳам мижозларга шу ерда тақдим этилади. Бу ерда “Сенинг услубинг” бренди билан тикилган кийимлар Алмати, Нур-Султан ҳамда Шимкентдаги дизайнерлик дўконларига юборилиб, мижозларнинг харидоргир либосларига айланиб улгурди. Бундан ташқари, Шимкент Тадбиркорлар паласи билан ҳамкорлик қилаётган ишбилармон карантин чоралари кучайтирилган паллада ҳам иш кунини камайтирмади – жамоаси билан бирга буюртмалар асосида махсус кийимлар, тиббий ниқоблар тикишди. Беш кунда 10 мингта ниқоб мижозлар қўлига топширилди. Бу вақт мобайнида 6 фарзанднинг онаси бўлиб улгурган Нилуфар фаолиятини сусайтираётгани йўқ, аксинча “Кумис алқа” учун ҳужжатларини расмийлаштиряпти.

Ҳаракатчан, интилувчан, бизнесда ўз йўлига эга кўп болали она уй ва жамоат ишларига ҳам улгураётгани кўпчиликка ибрат. Хайрия ишлари билан шуғулланиб, “Меҳрибон юрак” хайрия жамғармасини ташкил этяпти. Шимкент шаҳар “Атамекен” МТП қошидаги Ишбилармон аёллар кенгашининг фаоли бўлиб келган суҳбатдошим жорий йил бошидан Шимкент шаҳар Абай тумани бўйича Ишбилармон аёллар кенгаши раисаси. Мазкур ташкилот қошида тикувчилар ширкати ташкил этилиб, унга ҳам Нилуфарни етакчи деб кўрсатишди. 

– Ширкатда ишимни тикувчилик бизнеси йўналишида давом эттираман. Мақсадимиз – аёлларимиз фақат оила билан боғланиб қолишмасин, танлаган фаолиятида ўзларини синаб кўришсин, молиявий мустақил бўлишга ҳаракат қилишсин. Энг аввало, ҳар томонлама ривожланишга изн берадиган умр йўлдошимдан миннатдорман. Менга ривожланишдаги бундай имкониятларни тақдим этган оиламга, жамоамга улкан миннатдорчилик изҳор этаман. Уларнинг маънавий ёрдами бўлмаганида мен бу ютуқларга эришмаган бўлардим. 

Қаҳрамоним турмуш ўртоғи билан ҳамкорликда карантин чоралари кўрилаётган пайтда ҳамюртларига хайрия тадбирларини ўтказишди. Кам таъминланган оилалар, касалхоналар, қаровсиз болалар уларнинг эътиборидан четда қолмади, молиявий ёрдамини аямади. Катта оиланинг бекаси, жамоат ишларида банд бўлишига қарамасдан на энага, на уй ходимаси ёрдамидан фойдаланадиган қаҳрамоним ўғил-қизларига уй ишларини ўзлари бажариши ҳамда улгуришлари зарурлигини уқтиради. Тиғиз иш жадвалига риоя этган ҳолда, вақтини самарали бошқара оладиган суҳбатдошим барча шароитлар ва қулайликлар яратилган замонда фақат меҳнат қилишдан қўрқмаслик керак, деб болаларининг руҳиятига сингдиради. Унинг фикрича, агар бола кичиклигидан уй юмушларига фаол жалб этилса, ота-онаси меҳнатининг ҳам қадрига етади.

– Болалигимдан кундалик тутиб, ниятларимни, мақсадларимни аниқ белгилаб, ёзиб юрар эдим. Аниқ белгиланган режалар албатта, амалга ошар экан. Отам раҳматли болалигимда оламдан ўтганлиги боис, доим унинг руҳи поклари биз, фарзандлари қошида дуогўй бўлиб юрсалар керак, дейман. Онам акам билан мени муҳтожлик сездирмай, вояга етказдилар. Фақат ўзимизга ва билимимизга ишонишимиз кераклигини уқтирганлар. Менимча, онамнинг ниятлари амалга ошди, – дейди Нилуфар.

32 ёшида “Кумис алқа” соҳибаси, беш йил мобайнида 3 мингдан зиёд чевар тайёрлаган ва айни дамда ёшлар ўртасида тилларни ҳам ўргатишни йўлга қўйяётган Шимкент шаҳар Абай тумани Ишбилармон хотин-қизлар кенгаши раисаси Нилуфархон сингари нафақат ўзининг, балки атрофидагиларнинг ҳам юксак чўққиларни забт этишига имкон яратадиган фаол хотин-қизларимиз ёшларга эзгу ишлари билан ибрат. 

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2021-02-18, 04:26 166
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.