26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+1°
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
''Таза қазақстан'': Туркистонда тозалик ишлари изчил давом этмоқда

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган «Тоза Қозоғистон» умуммиллий экологик ташаббуси доирасида ўтган ҳафта Туркистон вилоятида кенг кўламли тозалаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Тадбирларда 27,3 минг киши иштирок этиб, 242та махсус техника сафарбар этилди. Натижада атроф-муҳит чиқиндилардан тозаланиб, 111 минг туп дарахт кўчатлари экилди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Нуралхан Кўшеров раислигида ўтказилган аппарат йиғилишида маълум қилинди.

Йиғилишда ҳудуд раҳбари масъул бошқармалар ва туман, шаҳар ҳокимларига тозалик ишларини жадаллаштириш, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда экологик ташаббус ижроси устидан назоратни кучайтириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берди.

Вилоят ҳокими ўринбосари Еркебулан Довулбаев «Тоза Қозоғистон» дастури доирасида ҳудудда амалга оширилган ишлар ва олда турган вазифалар тўғрисида ахборот берди. Унинг таъкидлашича, экологик ташаббусга оид Telegram чат-ботига 4 820та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 4 572таси ижобий ҳал этилган. Қолган 248та мурожаат бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Жамоат жойларида тозалик ва тартибни сақлаш мақсадида маъмурий чоралар ҳам кўрилмоқда. Полиция департаменти томонидан Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 434-2-моддаси бўйича 7 085 та баённома расмийлаштирилиб, 212,7 миллион тенге жарима қўлланилди. Шунингдек, мазкур модда доирасида 282 нафар шахсга жамоат ишлари кўринишидаги маъмурий жазо тайинланди. 505-модда бўйича эса 11 250та баённома расмийлаштирилиб, 61,7 миллион тенге жарима солинди. Қишлоқ округлари ҳокимликлари томонидан ҳам ушбу модда бўйича 6 365та баённома тузилиб, 26,4 миллион тенге жарима ундирилди.

13-14 октябрь кунлари вилоят ҳудудида рухсатсиз чиқинди ташланган жойларни аниқлаш мақсадида мониторинг ўтказилиб, 102та ноқонуний чиқинди ташлаш жойи аниқланди. Шу муносабат билан туман ва шаҳар ҳокимликларига барча камчиликларни тўлиқ бартараф этиш юзасидан топшириқлар берилди. Уларнинг ижроси доимий назоратга олинди.

Шунингдек, «Қозиғурт», «Жибек йўли» ва «Қапланбек» божхона постлари атрофида санитария тозалигини таъминлаш ишлари олиб борилиб, доимий навбатчилик ташкил этилди. «Жибек йўли» божхона постида йўл бўйидаги савдо объектлари эгаларига санитария талабларига риоя қилиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Бундан ташқари, баландлиги 2,5 метр, узунлиги 1 000 метр бўлган тўсиқ ўрнатилиб, ҳудуд тартибга келтирилди. Божхона постлари ҳудудида санитария талабларини бузиш ҳолатлари бўйича жами 35та маъмурий баённома расмийлаштирилди.

«Б. Қонисбоев» божхона постида жамоат тартибини сақлаш ва юк автомобиллари ҳаракатини тартибга солиш мақсадида 3 нафар полиция ходими, Келес тумани ҳокимлиги ҳамда Давлат даромадлари департаментининг 15 нафар масъул ходими жалб этилган бўлиб, улар доимий навбатчиликни амалга оширмоқда.

Бундан ташқари, «Атамекен», «Целинный» ва «Сирдарё» постлари атрофидаги республика аҳамиятига эга автомобиль йўлларининг 74 километрида санитария тозалаш ишлари олиб борилди. Божхона постлари ва йўл бўйидаги тозаликни таъминлаш чоралари доимий назоратда.

Вилоят ҳокими Нуралхан Кўшеров масъул раҳбарларга ҳар бир туман ва шаҳарда тозалик ишларини бир марталик акция сифатида эмас, балки кундалик ва тизимли равишда олиб боришни топширди. Шунингдек, рухсатсиз чиқинди ташлаш жойларини тўлиқ бартараф этиш, жамоат жойларининг санитария ҳолатини яхшилаш, кўчат экилган ҳудудларни парваришлаш ҳамда амалга оширилган ишлар самарадорлигини назорат қилишни кучайтириш вазифалари белгиланди.

«Тоза Қозоғистон» умуммиллий экологик ташаббусининг Туркистон вилоятида амалга оширилиши вилоят ҳокимининг шахсий назоратида.

Аппарат йиғилишида 2026-2027 йиллардаги иситиш мавсумининг бориши ҳам муҳокама қилинди. Айни пайтда вилоятдаги барча қозонхоналар ҳарорат графигига мувофиқ штат режимида ишламоқда. Истеъмолчиларга иссиқлик барқарор етказиб берилмоқда.

Ҳудуднинг иситиш мавсуми учун зарур кўмир миқдори 532,5 минг тоннани ташкил этади. Бугунги кунда бюджет ташкилотлари 100 фоиз, хусусий хонадонлар эса 99 фоиз кўмир билан таъминланган. Шунингдек, ҳудудий операторларнинг кўмир омборларида 55,1 минг тонна қаттиқ ёқилғи захираси мавжуд.

Иссиқхона хўжаликларининг 2026-2027 йиллардаги иситиш мавсуми учун зарур кўмир миқдори 271,2 минг тонна этиб белгиланган. Қишлоқ хўжалиги бошқармаси маълумотларига кўра, бугунги кунга қадар 188,8 минг тонна кўмир етказиб берилган. Бу умумий эҳтиёжнинг 70 фоизини ташкил этади.

Умуман, вилоятда иситиш мавсумини барқарор ўтказиш, кўмир захирасини тўлдириш ва қаттиқ ёқилғини ўз вақтида етказиб бериш ишлари назоратда.

Вилоят ҳокимининг матбуот хизмати, 2026-11-18, 20:21 108
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.