+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ҳурматли учрашув иштирокчилари!
Аввало, барчангизни касб байрамингиз билан самимий табриклайман!
Бу биз учун алоҳида аҳамиятга эга сана. Зеро, қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик тармоқларидан биридир.
Бугун анъанага кўра, аграр соҳа олдида турган долзарб масалаларни муҳокама қиламиз. Тадбирда мамлакатимизнинг барча минтақаларидан тажрибали мутахассислар, деҳқонлар, чорвадорлар, бир сўз билан айтганда, меҳнат аҳли иштирок этмоқда. Шу боис ушбу анжуманни умумхалқ миқёсдаги муҳим воқеа, десак муболаға бўлмайди.
Аввало, бугун сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган фуқаролар ва сармоядорларга миннатдорчилик билдираман.
Анжуманда сув захираларини тежаш, яйловлардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ меҳнаткашларининг ижтимоий аҳволини яхшилаш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Ҳукумат ва тегишли вазирлик бу масалаларнинг барчасини албатта инобатга олиши керак.
Маълумки, бугун қишлоқ хўжалиги мутахассислари қишлоқлар салоҳиятини юксалтиришга, бутун мамлакатимизнинг тараққиёти ва равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда. Сизлар азалий касб-коримизни шараф билан давом эттириб, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қиляпсизлар.
Об-ҳаво ноқулай келганига қарамай, бу йил ҳам юртимиз хирмони донга тўлди. Кузги йиғим-терим мавсумида мамлакат бўйича 24,5 миллион тонна ҳосил йиғиб олинди.
Мўл ҳосил – ҳар бир хонадон тўкинлиги, ҳар бир дастурхон файз-баракасининг гаровидир.
Бугун деҳқонларга ва қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётган барча инсонларга миннатдорчилик билдираман.
Халқимизда «Меҳнат одамни улуғлайди» деган нақл бор. Дарҳақиқат, ўз ишини ҳалол бажариб, зиммасидаги вазифага юксак масъулият билан ёндашаётган инсонлар туфайли мамлакатимиз юксалиш ва тараққиёт даврига қадам қўймоқда.
Биз – бунёдкор ва тараққийпарвар халқ сифатида доимо олға интиламиз, юртимиз келажаги йўлида юксак мақсадларни кўзлаймиз. Давлат раҳбари сифатида бу эзгу интилишларга содиқ қолишни муқаддас бурчим деб биламан.
Бу йилги Мактубимда ўз ифодасини топган «Халқ бунёдкорлиги» дастури ҳам бунинг яққол далилидир. Бу – қут-барака макони бўлган Қозоғистон замини энди кенг кўламли бунёдкорлик майдонига айланади, деганидир.
Барча ҳудудларда касалхона, шифохона, болалар боғчаси, мактаб, маданият ва спорт иншоотлари, яъни аҳоли турмуш сифатини яхшилашга хизмат қиладиган муҳим ижтимоий иншоотлар қад ростлайди. Сифатли йўллар барпо этилади, атом, гидро ва иссиқлик электр станциялари, шунингдек, маълумотларни қайта ишлаш марказлари ишга туширилади.
Буларнинг барчаси мамлакатимиз қиёфаси ва иқтисодиёт таркибини сезиларли даражада ўзгартиради. Тарихимизда ҳали барча соҳа ва ҳудудларни бир вақтнинг ўзида қамраб оладиган бундай кўламдор бунёдкорлик бўлмаган.
«Халқ бунёдкорлиги» халқимиз қўллаб-қувватлайдиган, мамлакат тараққиёти учун янги имкониятлар очадиган лойиҳага айланади. Умумхалқ аҳамиятга эга ушбу ишда саноат корхоналари ва маҳаллий тадбиркорлар ҳам фаол иштирок этади.
Янги иш ўринлари яратилади, фуқароларнинг даромади ва турмуш сифати яхшиланади. Пировардида ушбу ҳаракатнинг самарасини ҳар бир қозоғистонлик, айниқса, ёш авлод ҳис этади.
Шу боис «Бунёдкорлик ва яна бунёдкорлик!» шиорини ватанпарварлик даъватига айлантириб, ягона жамиятимиз манфаатлари йўлида Адолатли Қозоғистоннинг ҳар бир ғиштини биргаликда қалаймиз. Бунга ишончим комил
«Халқ бунёдкорлиги» деган ном дастурнинг асосий ғоясини ифода этади: у халқ манфаати йўлида бошланади ва барча фуқароларни ягона бунёдкорлик мақсади атрофида бирлаштиради. Бу – келажак авлодлар фаровонлигига қаратилган ҳақиқий умумхалқ вазифадир.
Ўзгарувчан, беқарор дунёдаги даъватларга муносиб жавобимиз ҳам шу: «Бунёдкорлик ва яна бунёдкорлик!»
Яқинлашаётган геосиёсий ва иқтисодий беқарорлик шароитида давлатимиз ва барча фуқаролар хавфсизлигини таъминлашнинг энг оқилона йўли шу, деб ҳисоблайман.
Ушбу кенг қамровли дастур доирасида қишлоқ, аҳоли манзиллари, деҳқон хўжаликлари ва агросаноат мажмуасининг бошқа иншоотлари учун зарур инфратузилма барпо этилади.
Сўнгги етти йилда қишлоқ хўжалигида салмоқли натижаларга эришдик. Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 28 фоизга ошди. Умумий қиймати 2,7 триллион тенгега тенг 1 630та сармоявий лойиҳа ишга туширилди. Агросаноат мажмуаси маҳсулотлари экспорти икки баравар кўпайиб, қарийб 7 миллиард долларга етди. Экспортда қайта ишланган маҳсулотлар улуши 52 фоизни ташкил этди.
Ўтган йили мамлакатимизда сўнгги 20 йил ичида илк бор рақамли технологиялардан фойдаланилган ҳолда миллий қишлоқ хўжалиги саноғи ўтказилди. Натижада соҳадаги ҳақиқий ҳолатни акс эттирувчи тўлиқ ва аниқ маълумотлар тўпланди.
Умуман, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг салоҳияти юксак. Асосий вазифамиз – мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва ишга зудлик билан киришиш.
Энди олдимизда турган аниқ мақсад ва вазифаларга тўхталмоқчиман.
БИРИНЧИ. ҚИШЛОҚ АҲОЛИСИ ТУРМУШ СИФАТИНИ ЯХШИЛАШ УЧУН ҚУЛАЙ ШАРОИТ ЯРАТИШ ЗАРУР.
Сўнгги йилларда аграр соҳада бир-бирини такрорлайдиган, фақат номи билан фарқ қиладиган дастурлар кўпайиб кетди.
Масалан, ҳозир «Қишлоқ омонати», «Қишлоқ – юрт бешиги», «Кенг дала», «Барака», «Яйлов», «Эзгулик», «Сыбаға» ва бошқа дастурлар амалга оширилмоқда. Албатта, ҳар бир лойиҳа соҳадаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун ишлаб чиқилган.
Бироқ бу ишлар қай даражада самара бермоқда? Бундай саволни муҳокама қилиш ўринли, деб ҳисоблайман. Бизга дастурлар сонини кўпайтириш эмас, қишлоқ хўжалигини сифат жиҳатидан ривожлантириш керак.
Ҳукумат қишлоқлар ва аграр соҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган ҳужжатларни ҳар томонлама таҳлил қилиши лозим. Ҳар бир дастурнинг ўз мақсад ва вазифалари бўлиши шарт. Энг муҳими, кўрилаётган чоралар аграр соҳа вакилларига тушунарли бўлиши ва қишлоқдаги турмуш сифатини яхшилаши керак.
Бу масала бюджет маблағларини тежаш зарурати билан ҳам бевосита боғлиқ.
Умуман, бу йўналишда кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Соҳавий вазирлик маълумотларига кўра, ўтган йили «Қишлоқ – юрт бешиги» дастури доирасида қарийб 500та қишлоқда умумий қиймати 173 миллиард тенге бўлган 921та лойиҳа амалга оширилди. Бундан ташқари, 277та аҳоли манзилида сув таъминоти тизимлари янгиланди.
Эҳтимол, энди бу ишларнинг ҳақиқий натижаларини текшириш вақти келгандир. Нега бу масалага алоҳида тўхталиб, уни чуқур ўрганмоқчиман? Чунки илгари бизга жуда мукаммал манзара тақдим этиларди. Бундан барчамиз хурсанд бўлардик.
Кейин эса аниқ статистика берилмаганини баҳона қилиб, масалани четга суриб келдик. Эндиликда, бу каби ёндашувга йўл қўйиб бўлмайди.
«Халқ бунёдкорлиги» дастури қишлоқ ҳудудлари тараққиётига янги суръат бағишлаши керак. Шу муносабат билан қишлоқларни ривожлантирадиган ва доимий иш ўринлари яратадиган корхоналарни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Аввало, йирик деҳқон хўжаликлари жойлашган туманларда муҳандислик инфратузилмасини янгилаш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур йўлларни қуриш лозим.
Яна бир муҳим масала – қишлоқда тадбиркорликни ривожлантириш.
Ҳозиргача «Қишлоқ омонати» дастурини амалга ошириш учун 150 миллиард тенге ажратилди. Бунинг натижасида қишлоқларда 22 мингдан зиёд киши иш билан таъминланди.
Албатта, бу яхши кўрсаткич. Аммо асосий савол шунда: бу 22 минг иш ўрни бугунгача сақланиб қолдими? Нима бўлганда ҳам, ушбу лойиҳани янада кенгайтиришимиз керак.
Аввал ҳам айтганман: қишлоқ аҳолиси ва тадбиркорлар рақамли савдо майдончалари, банклар ҳамда логистика компаниялари хизматларидан фойдалана олиши даркор.
Энди бу борада самарали тизим яратиш, товарларни харидорларга етказиб бериш тартибини белгиловчи аниқ келишувларга эришиш лозим.
Умуман, кичик деҳқон хўжаликлари жойлашган ҳудудларда маҳсулотларни қабул қилиш, саралаш ва совитиш марказларини ташкил этиш керак. Бундай инфратузилмадан барча ишлаб чиқарувчилар фойдалана олиши шарт.
Халққа йўллаган Мактубимда агросаноат мажмуасига рақамли технологиялар, жумладан, сунъий идрокни кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлаган эдим.
Кўплаб деҳқон хўжаликлари бугуннинг ўзида илғор ечимлардан самарали фойдаланмоқда. Масалан, Шимолий Қозоғистондаги «Ақселеу» хўжалигида ишлаб чиқариш жараёнларини бошқариш учун рақамли дастурлар ва сунъий йўлдош орқали мониторинг тизимлари жорий этилган. Бухгалтерия ҳисоби ҳам автоматлаштирилган.
Корхона қишлоқнинг ижтимоий инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда. Маҳаллий аҳоли марказлашган иситиш тизими ва сифатли ичимли сувдан фойдаланмоқда. Корхона мактаблар, спорт мажмуалари ва бошқа ижтимоий иншоотларни ривожлантиришга мунтазам кўмаклашиб келмоқда.
Шундай қилиб, рақамлаштириш қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг даромадини ошириш, рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш ва қишлоқ аҳолиси фаровонлигини юксалтириш имконини бермоқда.
Бошқа хўжаликлар ҳам ўз ҳудудларида бундай имкониятлардан фойдаланиши керак, деб ҳисоблайман.
ИККИНЧИ. АГРАР СОҲАНИ ҚУЛАЙ ШАРТЛАР АСОСИДА УЗОҚ МУДДАТЛИ МОЛИЯЛАШТИРИШНИТАЪМИНЛАШ ЗАРУР.
Бу ҳақда бир неча бор айтганмиз. Қишлоқ хўжалиги кредит корпорацияси ва «ҚазАгроФинанс»нинг амалдаги сармоя воситаларида ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатлари чўзилиб кетмоқда, тартиб-таомиллар мураккаб, рақамлаштириш даражаси эса етарли эмас.
Шу сабабли Ҳукумат «Байтерек» холдинги ва молиявий тартибга солувчи идоралар билан ҳамкорликда 2027 йил дастлабки чораги охирига қадар аграр соҳа учун ягона сармоя воситалари тизимини таклиф этиши лозим.
Иккинчи даражали банклар қишлоқ хўжалигини кредитлашда фаол иштирок этиши керак. Бу ҳақда ҳам доимо гапириб келяпмиз. Албатта, бу осон иш эмас. Чунки банклар хусусий мулк ҳисобланади.
Шу ўринда деҳқонларга кредитларни қулай шартларда ва узоқ муддатга бериш зарур.
Қарзни қайтариш жадваллари ишлаб чиқаришнинг ҳақиқий даврини ҳисобга олиши, сармоя босқичида эса асосий қарзни тўлашни кечиктириш имконини бериши керак.
Буни топшириқ сифатида қабул қилинглар. Барчамиз бир мамлакатда яшаймиз, бир ҳаводан нафас оламиз, бир замин сувини ичамиз. Шунинг учун даромадлар ўртасида ҳаддан ташқари катта тафовут бўлмаслиги керак. Молия манбаларига эришиш имкониятида ҳам фарқ бўлмаслиги лозим.
Деҳқонлар ҳосилни йиғиб олган заҳоти кредитнинг дастлабки тўловини амалга ошириш учун уни жуда арзон баҳода сотишга мажбур бўлаётган ҳолатлар кўп учрайди. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Вазирлик ва Ҳукумат бу муаммони ҳал қилишга киришиши зарур.
Айни пайтда аграр соҳа вакиллари ҳам давлатимиз ушбу тармоққа кўплаб бошқа мамлакатларга, ҳатто яқин қўшни давлатларга нисбатан жуда йирик маблағ сарфлаётганини тушунишлари керак. Боқимандаликка ўрин бўлмаслиги лозим. Ажратилган маблағлардан фақат мақсадли ва самарали фойдаланиш шарт.
Пировардида, аграр хўжаликларнинг муваффақиятли фаолият юритиши давлат ва халқ манфаатларига тўла мос келади. Биз ана шу тушунчага таянамиз.
Шу билан бирга, ариза беришдан молиялаштиришгача бўлган муддатни қисқартиришдек алмисоқдан қолган муаммони ҳам ҳал қилиш зарур. Бунинг ечими, гўёки, оддийдек кўринади, аммо яна бир бор такрорлашга тўғри келади. Бошқача айтганда, деҳқонларнинг кредитга лаёқатини баҳолашнинг рақамли тизимини жорий этиш керак.
Қишлоқ хўжалигида сунъий идрокдан фойдаланиш ҳақида кўп гапиряпмиз. Яқинда сунъий идрок соҳасидаги етакчи халқаро компаниялар раҳбарларини қабул қилдим. Улар бизга аграр соҳага сунъий идрокни жорий этиш масаласи билан жиддий шуғулланишни маслаҳат беришди. Чунки дунёда озиқ-овқат хавфсизлигининг келажагига доир тахминлар, афсуски, қувонарли эмас.
Ҳозир Эль-Ниньо каби табиий ҳодисанинг оқибатлари ҳар томонлама ўрганилмоқда. Айтиш керакки, тахминлар анча ташвишли. Аммо бу вазиятда Қозоғистонда мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, сунъий идрокни аграр соҳага жорий этиш орқали илгарилаб кетиш ва жаҳон миқёсидаги озиқ-овқат таъминотчисига айланиш учун йирик имконият мавжуд. Нега энди бундан фойдаланмаслигимиз керак? Менимча, бу вазифани, биринчи навбатда, Ҳукумат ва ушбу йўналишга масъул идоралар ҳал этиши лозим.
Бу восита кредит бериш бўйича қарорларнинг холислиги ва шаффофлигини таъминлаш, аризаларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш ҳамда маъмурий тўсиқларни камайтириш имконини беради.
Яна бир бор таъкидлайман: сунъий идрок қишлоқ хўжалиги самарадорлигини бир неча баравар оширишга қандай ёрдам бериши мумкинлигини атрофлича ўрганишимиз керак. Тан олиш лозим, бу борадаги натижалар ҳали талаб даражасида эмас.
Албатта, қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш учун молиявий воситалардан фаол ва самарали фойдаланиш лозим. Аммо ҳозирча соҳадаги унумдорлик кўнгилдагидек эмас. Буни тан олишимиз керак.
Ҳукумат халқаро молия институтлари билан биргаликда илғор жаҳон тажрибаси асосида махсус дастур ишлаб чиқиши лозим.
Дастурда узоқ муддатли шартлар асосида маблағ жалб этиш, техник ва таҳлилий кўмак кўрсатиш, замонавий технологиялар ҳамда илғор илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилиш воситалари назарда тутилиши лозим.
Яна бир долзарб масала – аграр суғурта тизимини такомиллаштириш. Қурғоқчилик, совуқ уриши каби табиий офатлар ва чорва моллари касалликлари йиллар давомида қилинган машаққатли меҳнатни бир зумда йўққа чиқариши эҳтимол.
Маҳаллий иқлим шароитига ишониб, ҳосилдан айрилиш ҳеч гап эмас. Бу самарасиз стратегиядир. Зарарни доимо бюджет ҳисобидан қоплаш ҳам муаммони ҳал этмайди.
Шунинг учун Ҳукумат Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги билан биргаликда мазкур бозорни ривожлантириш юзасидан аниқ таклифлар киритиши керак.
Шунингдек, деҳқонлар хатарларни аввалдан ихтиёрий суғурталашга рағбатлантириш чораларини ҳам кўриш керак.
УЧИНЧИ. ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ҲАМ МУҲИМ ВАЗИФАЛАРДАН БИРИДИР.
Давлат бу соҳага изчил кўмак кўрсатиб келмоқда.
Сўнгги йилларда анъанавий чорвачилик билан шуғулланадиган тадбиркорларга ажратилаётган кредитлар ҳажми ошди. Наслдор мол харид қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги фермалар ва бўрдоқичилик майдончалари қурилмоқда. Масалан, ўтган йилдан буён 71та сутчилик фермаси ишга туширилди, 33та бўрдоқичилик майдончаси барпо этилди. Энди ушбу ишлаб чиқариш корхоналарининг самарали ва барқарор фаолият юритиши учун зарур шароит яратиш керак.
Хўжаликларни сифатли ем-хашак билан таъминлаш лозим.
Тайёр маҳсулотни сотиш масаласи ҳам ҳал этилиши шарт.
Яйловлар унумдорлигини тиклаш ва экин майдонларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш даркор.
Сув манбалари ҳам деҳқон хўжаликлари учун очиқ ва қулай бўлиши керак.
Бундан ташқари, ветеринария соҳасини замонавийлаштиришга алоҳида аҳамият қаратиш зарур.
Жаҳон ҳайвонлар соғлигини муҳофаза қилиш ташкилоти хулосасига кўра, Қозоғистон оқсил касаллигидан холи ҳудуд сифатида рўйхатга киритилди. Демак, бу гўшт ва чорвачиликнинг бошқа маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш учун янги имкониятлар очилади, деганидир. Имкониятдан самарали фойдаланиш керак. Чорва молларини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириб, лаборатория ташхиси сифатини ошириш зарур.
Ҳукумат маҳсулотларни экспорт қилишга тўсқинлик қилаётган ғовларни бартараф этиши лозим.
ТЎРТИНЧИ. ДЕҲҚОНЧИЛИКДА МЕҲНАТ УНУМДОРЛИГИНИ ОШИРИШ МУҲИМ ВАЗИФА.
Мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлиги бевосита ушбу стратегик соҳага боғлиқ. Бу барчага маълум. Шу боис биз учун мўл ҳосил етиштириш ва ҳар гектарга тўғри келадиган маҳсулот таннархини пасайтириш жуда муҳим. Менимча, бу муаммони ҳал этиш йўллари аниқ.
Эслатиб ўтаман, бунга экин майдонларининг оқилона таркибини шакллантириш, сифатли уруғлик, қулай баҳодаги ўғитлар, илмий асосланган агротехник усуллар ва сувдан оқилона фойдаланиш орқали эришиш мумкин.
2023 йилдан буён ғалла ҳосилига қарамликни камайтириш, даромадлилиги анча юқори бўлган экинлар улушини кўпайтириш бўйича режали ишлар олиб борилмоқда.
Тупроқ ва иқлим шароитини, шунингдек, қайта ишлаш корхоналарининг талабини ҳисобга олган ҳолда экин майдонларини ранг-баранглаштиришни давом эттириш лозим.
Бу йил деҳқонларимиз минерал ўғитлардан фойдаланиш даражасини илк бор илмий асосланган эҳтиёжнинг 65 фоизига етказди. Бу – алоҳида таъкидлашга лойиқ натижа. Бир неча йил муқаддам бу кўрсаткич атиги 20 фоизни ташкил этарди.
Шу билан бирга, маҳаллий ўғит ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳам жуда муҳим. Ҳозир фойдаланаётган ўғитларимизнинг қарийб ярми хориждан келтирилади. Бундай ҳолатга барҳам бериш керак. Бу ҳақда кўп бора айтилган.
Ҳозир Туркистон вилоятида фосфорли ўғитлар ишлаб чиқарадиган завод барпо этилмоқда.
Манғистау вилоятида мамлакатимиздаги дастлабки аммиак-карбамид ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш режалаштирилган. Ҳукумат бундай лойиҳаларни ҳам қўллаб-қувватлайди.
Яна бир вазифа – обикор деҳқончилик самарадорлигини ошириш. Бу ўта муҳим масала ҳанузгача ўз ечимини топгани йўқ. Бу мавзу атрофида қизғин муҳокамалар давом этмоқда.
Ҳозирги кунда 700 минг гектар суғориладиган майдонда сув тежаш технологиялари қўлланилмоқда. Бу умумий майдоннинг ҳатто ярмига ҳам етмайди. 2030 йилга қадар камида 1 миллион 300 минг гектар ерни шундай технологиялар билан қамраб олиш вазифаси турибди.
Масаланинг долзарблигини инобатга олган ҳолда, Ҳукуматга бу ишни доимий кун тартибига киритишни, яъни кундалик вазифа сифатида кўриб чиқишни топшираман.
Бугунги кунда 4,6 минг чақирим суғориш каналларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бошланди. Қарийб минг чақирим канал йил охирига қадар фойдаланишга топширилади. Натижада 200 минг гектар суғориладиган ернинг ҳолати яхшиланади.
Ҳукумат ҳокимликлар билан биргаликда суғориладиган ерларни кенгайтириш режасини сув етказиб бериш имкониятлари, каналларнинг ҳолати ва электр тармоқларининг қуввати билан мувофиқлаштириши керак.
Деҳқончилик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш учун илғор илмий ёндашувлар ва замонавий технологияларни жорий этишга куч-ғайрат сарфлашимиз лозим.
Маълумки, ер хатони кечирмайди. Аммо унга меҳр ва эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлинса, улкан даромад келтиради. Буни сизлар яхши биласизлар.
Давлат она юртининг равнақига ҳисса қўшаётган, ҳамқишлоқлари манфаатини ўйлайдиган ҳалол деҳқон-чорвадорлар ва тадбиркор хўжалик соҳибларига ҳамиша кўмак беради.
Бироқ ердан даромад олаётган бўлса-да, йирик шаҳарларда ёки хорижда яшайдиган тадбиркорлар ҳам йўқ эмас. Улар ҳатто ўз хўжаликларига ҳам бормайди, кўпинча ижтимоий масъулиятни зиммасига олишни истамайди, ватандошларига бефарқ қарайди, одамларнинг дарду ташвишларини тушунишга ҳам ҳаракат қилмайди. Шу ўринда қонуний савол туғилади: ернинг қадрини билмайдиган, халқдан узоқ, қишлоқ хўжалигига фақат даромад манбаи сифатида қарайдиган одамлар бизга керакми? Менимча, жавоб аниқ. Керак эмас. Демак, бу борада қонунчилик чораларини кўриш зарур.
Бу соҳада фаолият юритаётганларнинг барчаси, аввало, қишлоқдаги турмуш сифатини яхшилаш ҳақида ўйлаши керак.
Аграр соҳа мамлакатимизнинг жаҳон миқёсидаги рақобатбардошлигига таъсир кўрсатадиган асосий омиллардан биридир. Айниқса, беқарорлик даврида унинг аҳамияти янада ортмоқда.
Ҳозир келгуси йил ва ундан кейинги ўрта муддатли даврда дунёдаги иқлим шароити қандай бўлиши ҳақида турли тахминлар эълон қилинмоқда. Иқлим кун тартиби геосиёсат ва иқтисодиёт билан чамбарчас боғлиқ.
Масалан, иқлим кескин ёмонлашаётгани ва келгусида қурғоқчилик юз бериши мумкинлиги ҳақида хавотирлар тез-тез билдирилмоқда. Қишлоқ хўжалигига сунъий идрокни жорий этиш ҳақидаги фикримда ҳам шу масалага тўхталган эдим.
Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, 2027 йил жуда иссиқ келиши эҳтимол. Об-ҳаводаги кескин ўзгаришлар қурғоқчилик, ёнғин ва сув тошқинларига сабаб бўлиши, бунинг оқибатида жаҳон озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ вазият янада мураккаблашиши, дунёвий етказиб бериш занжирлари издан чиқиши эҳтимолдан холи эмас.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва сув захираларини бошқаришда ана шу хавф-хатарларнинг барчасини инобатга олишимиз зарур. Биз бу масалага эндигина киришяпмиз. Аммо ҳаракатимиз суст. Зеро, мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифадир.
Астана шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари билан шуғулланадиган халқаро ташкилотнинг бош қароргоҳи жойлашган.
Соҳа вазирлиги ушбу ташкилот билан ҳамкорликда дунёдаги мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда Қозоғистон ва ҳамкорларимиз учун тавсиялар ишлаб чиқиши мумкин.
БЕШИНЧИ. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ МАҲСУЛОТЛАРИНИ ЧУҚУР ҚАЙТА ИШЛАШНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА АЛОҲИДА ЭЪТИБОР ҚАРАТИШ ЛОЗИМ.
Бу мавзу ҳозир кенг муҳокама қилинмоқда.
Сўнгги уч йилда мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қарийб 15 фоизга ошди. Жумладан, ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш 36 фоизга, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш эса 25 фоизга кўпайди. Бу яхши кўрсаткич. Энди ушбу суръатни сақлаб қолиб, қайта ишлаш саноати салоҳиятини имкон қадар ошириш зарур.
Озиқ-овқат саноати соҳасидаги лойиҳаларни тезкорлик билан кўриб чиқиб, амалга ошириш керак. Бу лойиҳалар озиқ-овқат таъминотида импортга қарамликни камайтириш имконини беради.
Шунингдек, янги ишлаб чиқариш иншоотларини муҳандислик тармоқларига ўз вақтида улаш ҳам долзарб масала бўлиб қолмоқда.
Умуман, Ҳукумат ҳокимликлар билан биргаликда ушбу соҳани қўллаб-қувватлашнинг ягона тартибини ишлаб чиқиши лозим. Шу билан бирга, бу борадаги аниқ дастаклар ва молиялаштириш манбаларини белгилаб, амалга ошириш муддатларини тасдиқлаш муҳим.
Бироқ бу борада ҳали ҳам қоғозбозлик мавжудлигини тан олишимиз керак.
Мактубимда давлат идоралари ва квазидaвлат компаниялари эълон қиладиган харид жараёнларида кичик ва ўрта бизнеснинг иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш юзасидан аниқ вазифа қўйганман.
Бу жараён, айниқса, озиқ-овқат саноатига янги суръат бағишлаши керак. Шунинг учун узоқ муддатли шартномалар тузиш, самарасиз талабларни қисқартириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун тенг шароит яратиш масалалари ҳал этилиши лозим.
Албатта, буларнинг барчаси маҳсулот сифати ва хавфсизлигига қўйиладиган талабларга қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилиши шарт. Умуман, давлат келгусида ҳам ушбу соҳани қўллаб-қувватлайди. Бугун белгилаб олинган мақсадлар кўлами жуда кенг.
Нима бўлганда ҳам, энг аввало, умумий манфаат йўлида бирлашиб меҳнат қилсак, барча мақсадларга эришишимиз шубҳасиз.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Кўп ўтмай халқимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлайди.
Бу – мамлакатимизнинг тарихий тараққиёт йўлидаги муҳим босқичдир.
Бу даврда биз кўплаб мураккаб синовларни енгиб ўтдик.
Аҳиллигимиз ва бирдамлигимиз туфайли кўплаб қийинчиликларни мардонавор енгдик.
Давлатчилигимизни мустаҳкамладик, халқаро майдондаги обрў-эътиборимизни оширдик.
Қозоғистонни рақобатбардош, илғор мамлакат сифатида ривожлантириш йўлида бундан буён ҳам фаол ва изчил меҳнат қиламиз.
Албатта, шу кунга қадар барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, кўп ишларни амалга оширдик.
Келажак авлод олдидаги масъулиятимизни чуқур ҳис этган ҳолда кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширдик.
Март ойида ўтган умумхалқ референдумида давлатимизнинг асосий ҳужжати – Конституциямизни қабул қилдик.
Бу халқимиз тақдирига бевосита таъсир кўрсатган тарихий қарор бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Конституцияда Эгаменлик ва Мустақилликни ҳимоя қилиш, умумхалқ бирлигимизни мустаҳкамлаш давлатимизнинг асосий тамойиллари сифатида мустаҳкамланди.
Инсон капиталини, таълим-фанни ва инновацияларни ривожлантириш конституциявий аҳамиятга эга стратегик вазифа сифатида эътироф этилди.
Конституцияда «Қонун ва Интизом» тамойилини халқимизнинг энг муҳим қадриятларидан бири сифатида белгиладик.
«Қонун ва Интизом» – мен учун Адолатли Қозоғистонни барпо этиш йўлидаги асосий тамойилдир.
Пировардида, кенг кўламли сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар айнан шу тамойилга асосланади.
Зеро, қонун устувор бўлмаса, жамиятда интизом ўрнатилмаса, ҳеч қандай ислоҳот натижа бермаслиги аниқ.
Давлат хазинасига тажовуз қилиш, Конституция меъёрларини бузиш – давлатга қарши энг оғир жиноятдир. Шунинг учун жамиятдаги барча иллатларга, жумладан, уюшган жиноятчиликка қарши ҳар томонлама ва қатъий кураш олиб борамиз.
Юксак давлат мукофотлари, юқори малака ёки катта тажриба қонунбузарлик қилиш учун ҳеч кимга имтиёз бермайди ва бермаслиги ҳам керак.
Кечаги ютуқларингиз эмас, бугунги ишингиз баҳоланади. Эгаллаб турган лавозимингизга қанчалик муносиб эканингизни аниқ натижа ва ўз вазифангизга масъулият билан ёндашиш орқали кўрсата оласиз.
Мен Президент сифатида одамларга айнан уларнинг эришган натижаларига қараб баҳо бераман.
Салоҳиятнинг мезони – аниқ натижа ва ишга масъулият билан ёндашишдир.
Мен ҳеч қандай ортиқча ёки асоссиз талаб қўймайман. Гап шахсий интизом, камтарлик, ҳалоллик ва давлат манфаатларига содиқлик ҳақида кетмоқда, холос. Бу барча мансабдор шахсларга бирдек қўйиладиган оддий ва асосли талаблардир. Уларни сўзсиз бажариш шарт.
Кўп бор айтганман, яна бир бор эслатаман: Конституцияда мустаҳкамланган «Қонун ва Интизом » тамойили ўзгармасдир ва жамиятдаги мавқеи ҳамда унвонидан қатъи назар, барча фуқаролар учун бирдек амал қилади.
Барча даражадаги раҳбарлар конституциявий қадриятларни англаши, уларга амал қилиши ва Адолатли Қозоғистонни барпо этиш ғоясини чин дилдан қўллаб-қувватлаши керак.
Деярли ҳар бир нутқимда олдинда ҳали кўп ишлар турганини таъкидлайман.
Давлат ва халқ манфаати йўлида меҳнат қилиш – улкан шараф, ҳар бир фуқарога ҳам насиб этавермайдиган бахтдир. Шунинг учун бундай ишга бепарво муносабатда бўлиш аслида миллат манфаатларига зарар етказувчи хатти-ҳаракатдир.
Интизомга қатъий риоя қилиш, «Қонун ва Интизом» тамойилига амал қилиш, аввало, ўз ишига масъулият билан ёндашишга нима тўсқинлик қилади? Бу барча хизматчилар ва ватанпарвар инсонлар учун табиий хулқ-атвор меъёри бўлиши керак. Шундагина жамиятнинг эътирофи, фуқаролар ва бутун халқнинг самимий миннатдорлигига сазовор бўласиз.
Давлат хорижий сармояларни рағбатлантириш, тадбиркорлик фаоллигини қўллаб-қувватлаш ва сармоявий муҳитни яхшилаш сиёсатини давом эттиради. Бу борада ҳеч қандай ўзгариш ёки кескин бурилиш бўлмаслиги керак.
Стратегик йўлимиз — қулай сармоявий муҳитни шакллантириш ва мамлакатда бизнесни эркин юритиш учун тизимли асосларни мустаҳкамлашдан иборат. Бу ҳақда Халққа йўллаган Мактубимда ҳам айтганман. Тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда тўсқинлик қилиш – давлатга қарши жиноятдир.
Биз муваффақият ва фаровонлик муайян шахсларга эмас, балки мустаҳкам институтларга боғлиқ бўлган давлатни барпо этмоқдамиз. Ислоҳотларимизнинг асосий мазмуни ҳам шунда: одамларнинг турмуш даражаси кимнингдир илтифоти ёки бирор амалдорнинг кайфиятига эмас, балки меҳнатсеварлик, истеъдод ва ватанпарварлик каби холис мезонларга боғлиқ бўлиши жоиз.
«Халқ бунёдкорлиги» дастури, уюшган жиноятчиликка қарши қатъий кураш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, янги бунёдкор қадриятларни қарор топтириш – буларнинг барчаси янги ва улкан йўлимизнинг бошланишидир.
Олдимизда ҳали кўплаб вазифалар ва юксак марралар турибди. Аввал ҳам айтганимдек, мамлакатимизнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги тараққиёти юзасидан ўз режа ва таклифларим бор. Халққа йўллаган Мактубимда таъкидлаганимдек, давлатимиз Эгаменлиги ва Мустақиллигини ҳимоя қилиш билан боғлиқ барча масалалар ҳали тўлиқ ҳал этилгани йўқ. Шунинг учун хотиржамликка, бепарво яшашга ўрин йўқ. Буни яхши англашимиз керак.
Тизимли ишлаш, белгиланган мақсадлардан чекинмаслик ва мамлакат тақдирига дахлдор қарорлар учун масъулиятни ўз зиммасига олиш – давлат раҳбарининг бурчи, деб ҳисоблайман.
Мамлакатимиздаги ўзгаришлар жадаллашаётгани қувонарлидир.
Шу боис юртимизга халқ фаровонлиги ва миллий манфаатларни ҳар қандай шахсий манфаатдан устун қўядиган ҳақиқий давлат арбоблари керак.
Ҳақиқий ватанпарварлик – одамлар ва келажак авлодларга қолдирадиган меросимиз ҳақида қайғуришдир.
Бойлик ва мансаб келади-кетади, аммо инсондан қилган ишлари ва яхши номи қолади. Ана шундай эзгу ишлардан бири – эртага одамлар, келажак авлод баҳраманд бўладиган ижтимоий инфратузилма иншоотларидир.
Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш учун мустаҳкам таянч керак. Бунинг учун инсонларнинг иродаси бақувват, маънавий тамойиллари мустаҳкам бўлиши лозим.
Шу боис янги жамоатчилик ғоясини шакллантириш ва «Тоза Қозоғистон» миллий дастурини илгари суриш муҳим. Чунки поклик нафақат атроф-муҳитда, балки ҳар бир фуқаронинг нияти, сўзи ва амалида ҳам намоён бўлиши керак.
Яна бир бор таъкидлайман: ҳеч ким Қонундан устун эмас.
Бу талабга, айниқса, «Халқ бунёдкорлиги» дастурининг ижросини таъминлашда қатъий риоя қилиниши шарт. Ушбу масала билан шуғулланадиган махсус комиссия фаолиятини бошлайди.
Доимо ёдда тутиш керак: жиноят содир этган ҳар бир киши қилмишига яраша жазо олади. Ўз вазифасига лоқайд муносабатдагилар эса лавозимидан озод этилади.
Юксак лавозим, аввало, юксак масъулиятдир.
Фуқаролар тақдирига таъсир кўрсатадиган қарорларни қабул қиладиган инсонлар нияти, ўй-фикри ва хатти-ҳаракатларида бенуқсон бўлиши керак.
Албатта, фуқароларнинг мамлакат олдидаги хизматларини камситмаймиз. Аммо ҳеч ким аввалги ютуқларини рўкач қилиб, эришган натижалари билан кифояланиб қолмаслиги лозим.
Мен учун инсоннинг келиб чиқиши ёки эгаллаб турган лавозими эмас, балки аниқ натижага эриша олиш қобилияти муҳим.
Умуман, ишбилармонлик нафақат давлат ҳокимияти тизимида, балки барча соҳаларда зарур фазилатдир. Халқимиз «Меҳнат инсонни улуғлайди», деб бежиз айтмаган.
Пировардида мамлакат манфаатларига фидойилик билан хизмат қилиш – энг олижаноб ишдир.
Халқ манфаати йўлида сидқидилдан ва ҳалол хизмат қиладиган фуқаролар ҳамиша ҳурмат-эътиборга сазовор бўлади. Бу – Адолатли Қозоғистоннинг ўзгармас тамойилидир.
Бугун бу ерга халқ фаровонлигини чин дилдан истайдиган, ўз ишига садоқатли инсонлар жам бўлган.
Давлат сизларни доимо қўллаб-қувватлайди ва меҳнатингизни юксак қадрлайди.
Барчангизга яна бир бор самимий миннатдорчилик билдираман.
Бугун қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшган бир гуруҳ фуқароларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги Фармонни имзоладим.
Барчангизни табриклайман!
-
2026-11-21, 02:42
Туркистонда Одил Ёқубов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган халқаро хотира кечаси ўтди 110
-
2026-11-21, 02:40
Янги завод ишга туширилди 84
-
2026-11-21, 02:15
ДАВЛАТ РАҲБАРИ ҚАСИМ-ЖЎМАРТ ТЎҚАЕВНИНГ СТРАТЕГИК ҲАМКОРЛАРНИНГ III АНЖУМАНИДАГИ НУТҚИ 99
-
2026-11-21, 02:12
Халқаро илмий ҳамкорлик уфқлари кенгаймоқда 88
-
2026-11-18, 23:05
МХҚнинг янги раисига қатор топшириқлар берилди 137
-
2026-11-18, 23:05
Сайлов – 2026: тенг имкониятлар ва адолатли рақобат муҳим 107
-
2026-11-18, 21:22
Ёш спортчилар – республика чемпионлари! 161
-
2026-11-18, 20:33
Туркистонда ''Сақшы'' лойиҳаси ғолиблари тақдирланди 127
-
2026-11-18, 20:26
Кузги ҳашар: Туркистон янада яшилликка бурканмоқда 96
-
2026-11-18, 20:21
«ТОЗА ҚОЗОҒИСТОН»: ТУРКИСТОНДА ОБОДОНЛАШТИРИШ ИШЛАРИ ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА 191
-
2026-11-18, 20:11
Туркистонда Европа даражасидаги агромажмуа қурилиши бошланди 130
-
2026-11-17, 00:40
Транспорт-транзит соҳасидаги устувор вазифалар 142
-
2026-11-17, 00:39
Президент Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг Хавфсизлик кенгаши фавқулодда йиғилишидаги баёноти 133
-
2026-11-17, 00:37
Халқ дарди тингланса, ечим топилади 106
-
2026-11-16, 20:08
Давлат ислоҳотлари ва иқтисодиёт: Янги тараққиёт босқичининг муҳим вазифалари 197
-
2026-11-24, 00:19
ҚОЗОҒИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ҚАСИМ-ЖЎМАРТ ТЎҚАЕВНИНГ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ХОДИМЛАРИ III АНЖУМАНИДА СЎЗЛАГАН НУТҚИ 66
-
2026-11-21, 02:15
ДАВЛАТ РАҲБАРИ ҚАСИМ-ЖЎМАРТ ТЎҚАЕВНИНГ СТРАТЕГИК ҲАМКОРЛАРНИНГ III АНЖУМАНИДАГИ НУТҚИ 99
-
2026-11-21, 02:12
Халқаро илмий ҳамкорлик уфқлари кенгаймоқда 88
-
2026-11-18, 23:05
МХҚнинг янги раисига қатор топшириқлар берилди 137
-
2026-11-18, 23:05
Сайлов – 2026: тенг имкониятлар ва адолатли рақобат муҳим 107
-
2026-11-18, 21:22
Ёш спортчилар – республика чемпионлари! 161
-
2026-11-18, 20:33
Туркистонда ''Сақшы'' лойиҳаси ғолиблари тақдирланди 127
-
2026-11-18, 20:21
«ТОЗА ҚОЗОҒИСТОН»: ТУРКИСТОНДА ОБОДОНЛАШТИРИШ ИШЛАРИ ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА 191
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.

