26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+1°
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Туркистонда ''Сақшы'' лойиҳаси ғолиблари тақдирланди

Туркистон шаҳридаги «Конгресс холл» мажмуасида «Сақшы» интерактив ўйини ҳамда ижтимоий видеороликлар танловининг якуний тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Танловнинг тўртта йўналиши бўйича 12 нафар ғолиб ва совриндор аниқланиб, уларга қимматбаҳо совғалар топширилди. Шунингдек, видеороликларни тайёрлашда иштирок этган 150 нафар ўқувчига ташаккурномалар ва эсдалик совғалари берилди.

Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Нуралхан Кўшеров, Қозоғистон Республикаси Молиявий мониторинг агентлиги Профилактика ва таҳлилий ишланмалар департаменти раҳбари Доврен Райимқулов, Туркистон вилояти бўйича Иқтисодий тергов департаменти раҳбари Сабирғали Балғалиев, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда таълим соҳаси вакиллари, ўқитувчилар, ота-оналар ва ёшлар иштирок этди.

Вилоят ҳокими ёшлар ўртасида қонунга ҳурмат ва масъулият маданиятини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

– Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев жамиятда «Қонун ва тартиб» тамойилини мустаҳкамлашни давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб берди. Шу боис қонунга ҳурмат, аввало, оиладан бошланиб, мактабда давом этиши ва жамиятдаги кундалик муносабатларда намоён бўлиши лозим. Туркистон вилоятида бу борада комплекс ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг ёрқин намунаси – Иқтисодий тергов департаменти ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган «Сақшы» инновацион профилактик лойиҳасидир. Унда молиявий хавфсизлик, интернет фирибгарлигидан ҳимояланиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари кенг қамраб олинган.

Бугунги кунда алоҳида эътибор қаратишни талаб этадиган долзарб муаммолардан бири – ўсмирлар ва ёшлар ўртасида буллинг ҳолатларининг олдини олишдир. Ҳаётда турли қийинчилик ва тўсиқлар учрайди. Аммо уларга таслим бўлмасдан, олдинга интилиш муҳим. Ёшлар ўртасида ўзаро ҳурмат, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва қадрлаш маданиятини шакллантиришимиз зарур. Билим олишга интилмасдан, тартибни бузиш ва безориликка берилиш келажакка болта уриш билан баробардир. Бундай салбий хатти-ҳаракатлар ота-оналарингизнинг умидларини пучга чиқариб, уларнинг қалбини оғритади.

Шунинг учун қонун ва тартибга риоя қилинг, илм-фан, санъат ва спортга интилинг! Бизнинг асосий мақсадимиз – қонунни ҳурмат қиладиган, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини биладиган, маънавий бой, рақобатбардош ва юксак масъулиятли авлодни тарбиялаш. Бу йўналишда давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари, ота-оналар ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда иш олиб бориши керак. «Сақшы» лойиҳаси ана шу мақсад йўлидаги самарали ишлардан биридир. Бугунги танлов ғолиблари ва совриндорларини чин қалбимдан табриклайман! Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик ва ижодий муваффақиятлар тилайман! – деди Нуралхан Кўшеров.

«Сақшы» лойиҳаси Туркистон вилояти бўйича Иқтисодий тергов департаменти томонидан «Қонун ва тартиб» тамойили ҳамда «Адал азамат» концепцияси доирасида ишлаб чиқилиб, ташкил этилди. Тадбирни ўтказишда вилоят ҳокимлиги ва Таълим бошқармаси кўмаклашди.

Ташаббуснинг асосий мақсади – ёш авлодда молиявий хавфсизлик кўникмаларини шакллантириш, уларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда шахсий қарорлари учун масъулиятини оширишдан иборат.

Интерактив ўйин давомида иштирокчилар кундалик ҳаётда учрайдиган молиявий хавф-хатарларни таҳлил қилиб, фирибгарлик ҳаракатларини аниқлаш усулларини ўргандилар. Жумладан, «Банк картангни вақтинча бериб тур, пул ўтказганинг учун мукофот оласан» каби шубҳали таклифлар ортида қандай хавфлар яширингани атрофлича муҳокама қилинди. Ўқувчи ва талабалар шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, банк карталаридан ноқонуний мақсадларда фойдаланишга йўл қўймаслик ҳамда шубҳали молиявий операциялардан сақланиш бўйича билимларини мустаҳкамладилар.

Лойиҳанинг яна бир муҳим йўналиши – ижтимоий видеороликлар танловидир. Унда иштирок этган ўқувчилар молиявий фирибгарлик усуллари, унинг оқибатлари ва ҳимояланиш йўлларини мустақил ўрганиб, сценарийлар тайёрладилар ҳамда ўз ижодий ишларини тақдим этдилар.

Танловнинг «Алғашқы карта» йўналишида Алимов Нурали биринчи, Нурали Кенесари иккинчи, Беркинбай Саян учинчи ўринни эгаллади. «Молиявий мониторинг» йўналишида Рустамули Мухамедқанапия биринчи, Тилеубек Мухаммедияр иккинчи, Ахметбек Алихан учинчи ўринга муносиб деб топилди.

«Ақылды сақшы» йўналишида Ордабай Айша биринчи, Оразали Перизат иккинчи, Нақипбек Айсултан учинчи ўринни қўлга киритди. «Енгил пул» йўналишида эса Мирзахожа Шуғила ғолиб бўлди. Балқибеков Бекасил иккинчи, Балтабай Жания учинчи ўринни эгаллади.

Шунингдек, лойиҳани ташкил этиш ва ўтказишга қўшган ҳиссаси учун таълим соҳасининг 5 нафар вакили ҳам тақдирланди.

Тадбир давомида мазмунли саҳна кўринишлари намойиш этилиб, концерт дастури тақдим қилинди. Унда вилоят ва мамлакатимиз санъаткорлари ўз чиқишлари билан иштирок этди.

Вилоят ҳокимининг матбуот хизмати, 2026-11-18, 20:33 98
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.