26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ў. Шўкеев: ''Сайрам туманининг тажрибасини қўллаш керак''

Туркистон вилоятининг Сайрам туманида “Парасат” дебат клуби фаолият юритади. Туман ҳокимининг қўллови билан ташкил этилган клубда маҳаллий раҳбарлар ва аҳоли доимий равишда учрашиб, долзарб масалаларни муҳокама қиладилар. Таъкидлаш жоизки, айрим масалалар ўз ечимини топмоқда. Туркистон вилояти ҳокими Ў. Шўкеев Сайрам туманига хизмат сафари чоғида ушбу тажрибани барча туман ва шаҳарларда жорий қилишни топширди.
Қорабулоқ қишлоғида Сайрам туманининг зиёлилари ҳамда маҳаллий аҳоли билан ўтган учрашувда минтақа раҳбари сайрамликларнинг таклиф ва мулоҳазаларини тинглади. Эл Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг топшириғига кўра, ғарбий ва жанубий вилоятларни ривожлантириш режаси тайёрланишини, бу ташаббус эл фаровонлигини оширишга ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади. Шу билан бирга, фавқулодда ҳолат пайтида бирлиги ва осойишталигини сақлаган Туркистон юртининг ватанпарварлигига миннатдорчилигини билдириб, бунинг барчаси маҳаллий ҳокимликлар ва жамоат аъзоларининг аҳоли билан алоқасининг яхши даражада бўлганининг белгиси эканини маълум қилди.
– Минтақа аҳолисининг якдиллиги, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот посбонлари, ҳокимликлар, жамоат фаоллари, зиёлилар ҳамда кўнгилли ёшларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатлари натижасида вилоятимизда жамоат тартибини бузиш ҳоллари рўйхатга олинмади. Тинч намойишлар ўтди, уларнинг иштирокчилари билан тушунтириш ишлари юритилиб, мулоқот ўрнатилди. Натижада, вилоятимизда фавқулодда ҳолат тартиби бекор қилинди. Кабинетда ўтираверсанг, халқ билан учрашиб турмасанг, жамиятдаги баъзи масалаларни билмай қолишинг мумкин. Шунинг учун пандемия қўлимизни бойласа-да, туман, шаҳарларга сафаримни албатта, давом эттириб, фахрийлар, зиёлилар билан учрашаман. Учрашувларга тадбиркорлар, ёшлар, жамоат фаоллари, умуман, айтадиган сўзи бор барча кишиларни ҳам қўшмоқдамиз. Гаплашиб, бир-биримизни тинглайлик, элнинг масалаларини бирга ҳал этайлик, деган фикр. Эркин фикр алмашиб, саволларингизга жавоб беришга тайёрман, – деган ҳоким сайрамликларнинг эзгу ишларини юқори баҳолади.
– Аҳоли тиғиз жойлашган Сайрамда ҳар ким ўз иши билан шуғулланмоқда. Бекорчи одам йўқ. Ўзининг ҳовлисида, қўрасида, боғида ишлаяпти. Бирлигини сақлаб, тартибсизликларда иштирок этмади. Чунки, иши бор. Иккинчидан, Сайрам туманида “Парасат” дебат клуби фаолият юритади. Клубнинг кўчма йиғилишлари ҳар қишлоқда ўтиб, долзарб масалалар муҳокама қилинади. Бирози шу лаҳзадаёқ ҳал бўлади. Энг муҳими, ҳокимият ва халқ орасидаги мулоқот майдони мавжуд. Сайрам туманининг тажрибасини барча туман, шаҳарларда қўллашимиз жоиз. Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ҳам ибратли ишлар мўл. Юқорида таъкидлаганимдек, бизда халқ ва ҳокимият орасида боғланиш яхши. Бироқ янада кўпроқ ишлашимиз даркор. Ҳар ҳоким ўзи бошқарадиган ҳудуднинг муаммосини, ҳол-аҳволини яхши биладиган бўлса, вазифасини яхши бажарса, аҳоли билан очиқ мулоқот қила олади. Мамлакат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев Ҳукуматга, ҳокимларга эл фаровонлигини оширишга йўналтирилган топшириқлар берди. Қимматчиликни тўхтатиш, нарх-навони барқарорлаштириш, ишсизлик билан курашиш, жамият билан алоқани мустаҳкамлаш, шунингдек, бошқа соҳаларда ҳам яхши ўзгаришлар бўлади ҳамда шу йўналишда ишни янада кучайтирамиз. Сизларнинг таклиф ва фикрларингиз инобатга олинади, – деди Ў. Шўкеев.
Учрашувда фахрийлар ва зиёлилар, ёшлар, маҳаллий фуқаролар жамиятдаги турли масалалар бўйича таклифларини билдиришди. Вилоят Фахрийлар кенгашининг раиси Женисбек Мауленқулов ва эл оғалари ҳам эътиборга молик масалаларни илгари суришди. Улар элнинг бирлигидан ортиқ қадрият йўқ дея, Президент ташаббусларини қўллаб-қувватлашларини маълум қилишди.
Вилоят ҳокими сафари чоғида Сайрам туман “Ёшлар имконият маркази” қошида ташкил этилган Кўнгиллилар мактаби вакиллари билан учрашди. Бу жойда 80га яқин кўнгилли мунтазам равишда турли хайрия тадбирларида қатнашмоқда. Ёшлар ташаббусини ижобий баҳолаган вилоят ҳокими уларнинг фаолиятига муваффақият тилади.
Сафар чоғида Ўмирзақ Шўкеев Қасимбек датқа аҳоли манзилидаги “МEDICAL PARK-E” тиббиёт марказининг фаолияти билан танишди. 2020 йили очилган марказда малакали шифокорлар аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишмоқда. Шу билан бирга, минтақа раҳбари аграр-техника коллежининг устахонасини кўздан кечирди. Бу муассасада қишлоқ хўжалиги соҳаси учун мутахассислар тайёрланиб, элга хизмат қилмоқда.

Вилоят ҳокимининг матбуот хизмати, 2022-01-18, 01:45 229
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.