26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Устоз малакали бўлса...

Ёшларга тўлақонли таълим-тарбия бериш, уларни келгусида зукко, билимли қилиб тарбиялаш устозларнинг малакасига кўп жиҳатдан боғлиқ. Шунингдек, уларга яратилаётган имкониятлар ҳам муҳим ўрин тутади. Сайрам туманида кейинги йилларда айниқса, ўрта таълим муассасаларини қайта таъмирлаш, эскилари ўрнига янгиларини бунёд этишга жиддий эътибор қаратилдики, натижада, бугунга келиб, қишлоқ ёшлари замонавий, шинам синфхоналарда таҳсил олишмоқда. 

Шундай таълим ўчоқларидан бири Сайрам туманининг Орис қишлоқ округидаги Саидмурод Абдураҳмонов етакчилик қилаётган “Қайнарбулоқ” ўрта мактабидир. Аслида, илк бор бу ерда Сайрам туман маслаҳатининг депутати, 100-сонли ўрта мактаб директори Муҳиддин Сидиқов бошчилигида ҳашар йўли билан бошланғич мактаб қад кўтарганди. Бундан тўрт йил муқаддам янги мактаб биноси фойдаланишга топширилди. Айни пайтда юз нафар муаллим 680 ўқувчига таълим-тарбия бермоқда. Қайд этиш жоиз, қаерда тартиб-интизом мустаҳкам бўлса, ўша жойда тараққиёт бўлади. Буни ушбу мактаб мисолида ҳам кўриш мумкин. 

Директорнинг тарбиявий ишлар бўйича муовинлари Клара Абдукаримова ва Раъно Абдуллаевалар ташкил этгани боис, дарс жараёни бўлсин, синфдан ташқари ишлар бўлсин, рисоладагидай ўтди. Санобар Тошпўлатова, Малоҳат Шомуродова, Насиба Мавлонова, Дилбар Холиқулова, Севара Шоисмоилова, Жамила Ҳотамова каби бошланғич синф ўқитувчилари ҳар бир дарсни замон талабига мослаб ўтишга ҳаракат қилишмоқда. Булар сафига яна ҳеч иккиланмай, олий тоифали муаллима Гулнора Бегалиева, Феруза Исоқова, Шуҳрат Ҳасанов, Зулфира Тўхтаметова, Паризода Раҳматуллаева, Раъно Рустамбекова, Тамара Сайдалиева, Муҳаббат Қосимова сингари ўз ишининг усталарини қўшиш мумкин. Албатта, устоз-муаллимларнинг саъй-ҳаракатлари пировард натижада ўз самарасини бермоқда. Чунончи, бошланғич синф ўқитувчиси Замира Камолованинг шогирди Камола Зокиржонова Астанада ўтган фан олимпиадасида муваффақиятли қатнашиб, махсус диплом билан мукофотланса, яна бир ўқувчи – Малика Орифжонованинг Алматидаги “Дарын” республика журналида чоп этилган мақоласи ҳам таҳсинга лойиқ, деб топилди. Ўзбек тили танловида Умида Эргашева ва Мухлиса Абдуғофировалар биринчи ва иккинчи ўринларга сазовор бўлишди. 

Ушбу мактабда ўғил-қизларнинг соғлом ва бақувват бўлиб улғайишлари учун жисмоний тарбия ва спортга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада айниқса, “Қайнарбулоқ” футбол жамоасининг қўлга киритган ютуқлари мақтовга лойиқдир. Мактаб ўқувчиларидан таркиб топган ушбу жамоага тажрибали мутахассис Ойбек Тошметов етакчилик қилади. Жамоа вилоят, республика футбол мусобақаларида кўп бор ғолиб чиққан. Семей, Қарағанди шаҳарларида ўтган футбол турнирларида совриндорлар сафидан ўрин олиш баробарида жамоа ўйинчиси Муроджон Холмонтоев ва Зикрилла Султониёзовлар “Энг яхши ҳимоячи” номинациясига лойиқ, топилди. Умуман олганда, “Қайнарбулоқ” жамоаси нафақат мактаб, балки бутун қишлоқ, шунингдек, Сайрам тумани шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда десак, янглишмаган бўламиз.

Мавриди келганда, мактаб жамоаси “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетасининг доимий обуначилари эканини тилга олиш жоиз. Ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Дилсўз Эргашева ўзининг долзарб мавзудаги мақолалари, қолаверса, нафис шеърлари билан матбуотда чиқиб туради. Бу гал ҳам ушбу мақолани тайёрлашда моҳир муаллиманинг хизматлари катта бўлганини тилга олиш ўринли. 

Хуллас, мактаб педагоглар жамоаси Элбошимиз таъкидлаб ўтганидек, ёшларни ҳар томонлама билимли қилиб тарбиялаш асосий вазифа эканини тўғри тушунишади. Зеро, келажак пойдеворини қаловчилар айнан ҳозирги ўғил-қизларимиз эканини улар яхши билишади.

И. КАРИМОВ., 2017-11-30, 19:10 791
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.