26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Адолатли Қозоғистоннинг иқтисодий йўналиши

Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг Қозоғистон халқига Мактуби

 

Ҳурматли ватандошлар!

Қадрли депутатлар ва Ҳукумат аъзолари!

Қозоғистон Республикаси Конституциясининг 59-моддасига мувофиқ, VIII чақириқ Парламентнинг иккинчи сессиясини очиқ деб эълон қиламан.

Ҳурматли депутатлар!

Барчангизни навбатдаги сессиянинг очилиши билан табриклайман! Масъулиятли хизматингизга муваффақиятлар тилайман!

Баҳорги сайловдан кейин Парламентдаги сиёсий партиялар сони ортди. Депутатлар таркиби сезиларли даражада ўзгарди. Сиёсий партиялар фракциялари, бир мандатли сайлов округларидан сайланган депутатлар ҳам фаол ишга киришди. Улар кўплаб қонун лойиҳалари ташаббускори бўлиб, долзарб масалаларни дадил кўтара бошладилар.

Депутатларимиз ёзда ҳам астойдил меҳнат қилишди. Атиги икки ойда 1200дан зиёд аҳоли манзилларини оралаб, сайловчилар билан учрашиб, аҳолининг турмуш тарзи билан яқиндан танишдилар.

Самарали хизматингиз учун барчангизга самимий миннатдорчилигимни билдираман. Ўйлайманки, янги сессияда иш суръати янада юқори бўлади.

Ҳурматли ватандошлар!

Барчангизга маълум, мен ҳар йили халққа Мактубимни Парламент сессияси очилишида эълон қиламан. Бугунги кунда бу алоҳида маънога эга ажойиб анъанага айланган. 

Сабаби, айни шу дамда ва мана шу ерда ҳокимият тармоқларининг барча вакиллари учрашади. Келгуси ўрта муддатли ишнинг йўналиши белгиланади. Аниқ топшириқлар берилади, янги вазифалар юкланади. Парламент, Ҳукумат ва бошқа ваколатли органлар янги суръат билан ишга киришади. Мухтасар қилиб айтганда, давлат девонининг мувофиқлашган ва самарали фаолият юритиши учун бу тадбир жуда муҳим ўрин тутади.

Бугунги кунда ташаббусларимнинг аксарияти амалга оширилди. Уларнинг бир қисми устида ишлар давом этмоқда. Шу муносабат билан одамларнинг ҳаёт сифатига бевосита таъсир кўрсатган айрим чора-тадбирларни айтиб ўтмоқчиман.

Хусусан, 2020 йилдан бошлаб ўқитувчиларнинг маоши икки баравар ошди. Шифокорларнинг маоши ҳам сезиларли даражада кўтарилди. Ҳозир уларнинг даромадлари мамлакатдаги ўртача маошдан анча юқори. Аҳолига пенсия жамғармасининг бир қисмидан фойдаланиш имконияти берилди. Бу лойиҳадан миллионга яқин одам фойдаланди – уй-жой муаммосини ҳал қилди, бошпана олди. “Бадастир мактаб” лойиҳаси доирасида 400га яқин мактаб барпо этилади. Ҳозир қишлоқларда 300дан зиёд тиббиёт муассасаси қад ростламоқда. “Миллий жамғарма – болаларга” лойиҳаси ишга туширилди. Шу туфайли янги йилдан эътиборан болалар ҳисоб-рақамига маблағлар туша бошлайди. Ўзлаштирилмаган ёки қонунга хилоф равишда берилган 8 миллион гектар ер давлат тасарруфига қайтарилди.

Мен амалга оширилган тадбирларнинг фақат бир қисмигагина тўхталдим. Ҳақиқатдан ҳам кўп ишлар амалга оширилди ва бу тадбирлар келажакда ҳам давом этади.

Маълумки, ўтган йилдан мамлакатимизда кенг кўламли сиёсий ислоҳотлар амалга оширилди. Бир ярим йилда кўп ўзгаришлар юз берди. Барчангиз бунга гувоҳ бўлдингиз, ислоҳотларни амалга оширишда фаол ишладингиз.

Амалга татбиқ этилган тадбирлар натижасида ҳокимият тармоқлари ўртасида мақбул мувозанат ўрнатилди. Бошқарув тизими нуфузли Парламентга эга Президентлик Республикаси шаклига ўтди. Мамлакатимизда “Кучли Президент – ​​нуфузли Парламент – ​​ҳисобот берадиган ҳукумат” тушунчаси янада мустаҳкамланди. “Халқ дардини тингловчи давлат” тамойилини ҳаётга татбиқ этишимиз зарур. Бу ўринда Парламентнинг роли беқиёс.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида муҳим қадамлар қўйилди. Қонун устуворлиги ва адолатни қарор топтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Фуқароларнинг давлат қарорларини қабул қилиш жараёнида иштирок этиш имконияти кенгайди. Жамиятнинг сиёсий маданияти сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Лекин чинакам ривожланган давлатга айланишни истасак, сиёсий ислоҳотлар билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Бу ишни батамом ва кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотга боғлаш зарур.

Дунёдаги мураккаб геосиёсий вазиятга қарамай, мамлакатимизда иқтисодий тараққиётнинг барча йўналишлари бўйича ижобий мойиллик сақланиб қолмоқда.

Ўтган йили Қозоғистоннинг ички ялпи маҳсулоти 104 триллион тенгени ташкил қилди. Мамлакатимизга 28 миллиард доллар бевосита хорижий сармоялар жалб этилди. Бу – рекорд кўрсаткич. Ташқи савдо айланмаси ҳам мисли кўрилмаган даражага, яъни 136 миллиард долларга етди. Унинг 84 миллиарди – экспорт. Ташқи жамғармамиз 100 миллиард долларга яқинлашди. Бу, аввало, иқтисодий барқарорлигимизнинг ўта муҳим кафолатидир.

Албатта, бошқа давлатлар ҳам олға интилиб, ривожланмоқда. Бир сўз билан айтганда, жаҳон иқтисодиёти ва халқаро меҳнат бозори тубдан ўзгармоқда. Технологик пойга кучайиб, захиралар учун рақобат қизиб бормоқда. Иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги ва демографик барқарор ривожланиш энг долзарб масалага айланди. Мухтасар қилиб айтганда, инсоният тарихида мисли кўрилмаган синовлар ва туб ўзгаришлар даври бошланди.

Бундай муҳим даврда бизда юксак иқтисодий тараққиёт учун барча имкониятлар мавжуд. Бунинг учун босқичма-босқич янги иқтисодий шаклга ўтишимиз керак. Бу ишни дадил олиб боришимиз керак. Асосий мақсад – қоғозда юксак марраларни қўлга киритиш эмас, балки ҳақиқатда халқнинг ҳаёт сифатини ошириш бўлмоғи жоиз.

Адолат, ижтимоий тенглик ва тежамкорлик янги иқтисодий йўналишимизнинг ўзагига айланади.

Қозоғистон иқтисодий тараққиётининг янги шакли мамлакатнинг рақобатбардош устуворликларидан самарали фойдаланиш ва ишлаб чиқаришнинг меҳнат, капитал, захиралар, технология каби асосий омилларнинг имкониятларини юксак даражада очишга асосланган.

Янги иқтисодий сиёсат доирасида уни амалга ошириш учун узоқ муддатли мақсад қўйишни белгилаш амалиётидан воз кечамиз.

Мактубда белгиланган барча мажбуриятлар уч йил ичида бажарилиши керак. Энг мураккаб вазифаларни амалга ошириш учун аниқ саналар белгиланади.

Энди мен галдаги иқтисодиёт тузилмаси билан алоқадор ислоҳотларнинг асосий жиҳатларига тўхталаман.

Ҳозирги босқичда энг муҳим вазифа – мамлакатимизнинг кучли саноат базасини шакллантириш, иқтисодий жиҳатдан ўзини ўзи тўлиқ таъминлай олишдир. Шу боис, асосий эътибор ишлаб чиқариш соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилиши керак.

Мамлакат тақдири учун алоҳида аҳамиятга молик бўлган қатор лойиҳаларни амалга оширишимиз даркор. Иқтисодиётни ранг-баранглаштириш янада муҳим вазифага айланмоқда.

Чунончи, металлни чуқур қайта ишлаш, нефть-газ ва кўмир кимёси, оғир машинасозлик, уранни қайта ишлаш ва бойитиш, автомобиль бутловчи қисмлари ва ўғит ишлаб чиқариш каби соҳаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бошқача айтганда, юқори даражада қайта ишланган маҳсулот ишлаб чиқарадиган кластер яратиш керак.

Мамлакатимизнинг туризм салоҳиятидан фойдаланиш керак. Сайёҳлик ҳам шундай дадил лойиҳалар қаторида бўлиши зарур. Афсуски, бу муҳим соҳадаги ишлар тўғри йўлга қўйилмаяпти, мамлакатимиз бошқа давлатларга нисбатан ортда қолмоқда.

Умуман олганда, камида 15та йирик лойиҳанинг аниқ рўйхати тайёрланиши керак. Бу соҳада ўтмишдаги хатоликларга йўл қўймаслик жоиз.

Лойиҳаларни самарали қўллаб-қувватлаш чоралари ва уларни амалга ошириш муддатларини аниқ белгилаш зарур. Уларни амалга оширишга хорижлик сармоядорлар ва маҳаллий тадбиркорларни жалб этиш мақсадга мувофиқдир. Иш ўзимизнинг хомашёмиз, товаримиз ва кадрларимиз, бир сўз билан айтганда, барча ички имкониятларимиздан фойдаланишни талаб этади.

Биз янги саноат сиёсати орқали янги тараққиёт шаклига ўтишимиз зарур.

Давлат йирик корхоналар билан ҳамкорликда ишлаб чиқаришнинг барча босқичлари мамлакатимизда амалга оширилишини таъминлаши керак. Бунинг учун ишлаб чиқариш соҳасини созлаш ва рағбатлантиришнинг турли усулларидан фойдаланиш зарур. Қайта ишлаш саноати етарли миқдорда хомашёни мақбул нархларда олиши керак.

Шу билан бирга, тартибга солинадиган харидларда маҳаллий товарлар ҳажмини ошириш ва улгуржи савдо тизимини тўлиқ ишга тушириш керак. Маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқарувчилар билан тузилган улгуржи савдо шартномалари улушини камида 10 фоизгача ошириш керак. Бу – йилига 2 триллион тенге демакдир.

Ўтган йили амалда бўлган тизимдаги муаммолар, муддатларнинг узоқлиги, шаффофлик йўқлиги каби масалаларни ҳал қилиш учун давлат харидларининг янги тизимини жорий этишни топширган эдим. Ҳукумат янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Ушбу ҳужжат бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш ва ҳисобот юритишга ёрдам бериши керак.

Бошқа томондан, янги тизим мамлакатимиз тадбиркорларининг янада қўллаб-қувватланиши, энг муҳими, долзарб масалаларни бюджетдан маблағлантириш орқали зудлик билан ҳал этилишини таъминлаши керак.

Харид жараёни мақбуллаштирилади, қисқартирилади, “нарх эмас, сифат” тамойилига устувор аҳамият қаратилади, яъни носоғлом рақобатнинг олди олинади ва жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилади. Илк бор давлат харидлари тизимига янгича ёндашув жорий этилади.

Шикоятларни кўриб чиқишнинг янги дастаги ва жамоат назорати институтини жорий этиш орқали шаффофликни таъминлаш керак.

Натижада, келгуси уч йилда тартибга солинадиган харидлар соҳасида маҳаллий маҳсулот ва хизматлар улушини камида 60 фоизга етказиш зарур.

Ҳозир кўплаб мамлакатлар ички бозорни ҳимоя қилиш чораларини фаол қўлламоқда. Ривожланган мамлакатлар ҳам давлатнинг ички бозорини чет эл рақобатидан ҳимоя қилиш ва товар ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорга чиқишларини рағбатлантиришга қаратилган саноат сиёсатига ўтдилар.

Жаҳон Савдо Ташкилоти маълумотларига кўра, мамлакатимизда ички бозорни ҳимоя қилиш даражаси паст, атиги 128та тарифсиз чора, холос. Шунинг учун бизга савдо сиёсатида янги ва дадил ёндошувлар керак.

Давлат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилишга мажбур. Бу бизнинг иқтисодиётимиз бошқалар учун ёпиқ дегани эмас. Иқтисодиётимиз доим бошқа давлатлар учун очиқ бўлиши керак. Лекин миллий тадбиркорлик манфаатлари ҳимоя қилиниши зарур.

Маълумки, Қозоғистонда тоғ-кон саноати яхши ривожланган. Бу тармоқ миллий иқтисодиётнинг юксалишини таъминловчи ишончли даромад манбаи ҳисобланади. Келажакда ҳам худди шундай бўлиши керак. Жаҳон бозорида кўплаб металларнинг нархи мисли кўрилмаган даражага етди. Шунга қарамай, йирик ишлаб чиқариш иншоотлари яқинида яшовчи аҳолининг норозилиги кучаймоқда. Улар атроф-муҳит ёмонлашиб, соғлик учун зарар етказилаётганидан шикоят қиладилар. Саноатда ишчиларнинг жароҳат олиши ва ўлими кўпайиб кетди. Ҳукумат корхоналар ва соғликни сақлаш тизимининг технологик ва экологик шароитларини яхшилаш бўйича қатъий чоралар кўриши керак. Шунинг учун йирик ишлаб чиқариш корхоналари ҳар 5 йилда технологик ва экологик аудит ўтказишлари зарур. Бу талаб инфратузилма соҳасидаги корхоналарга ҳам тегишли.

Геологик қидирув ишлари алоҳида эътибор талаб қилади. 2018 йилда мамлакатимиз минерал хомашё базасини тўлдириш мақсадида тоғ-кон саноатини бошқариш тўғрисида янги қонунлар қабул қилинди. Лекин қонуний талаблар тўлиқ бажарилмаяпти. Оқибатда табиий захираларга қанчалик бой бўлишимизга қарамай, узоқ вақтдан буён геологик янгиликлар кашф этилмаяпти. Вазиятни зудлик билан ўзгартириш керак.

Тоғ-кон саноатини бошқариш тизимини ислоҳотлаш зарур. Аксарият мамлакатларда бу саноат асосан хусусий компаниялар томонидан бошқарилади. Бинобарин, йирик хусусий сармояларни жалб қилиш ушбу соҳа салоҳиятини очишга хизмат қилади.

Бунинг учун солиқ ва тартибга солиш шартлари ўзгаришга мослашувчан бўлиши керак. Ўз маблағи эвазига геологик тадқиқотлар олиб борган сармоядор ер қаъридан фойдаланишда устувор ҳуқуққа эга бўлишини таъминлаш зарур. Лойиҳаларни мувофиқлаштириш бўйича тартиблар ва унинг муддатини мажмуавий давлат экспертизасини жорий этиш ва лойиҳалашни тўлиқ рақамлаштириш усулини жорий этиш орқали икки баравар қисқартириш керак. Ҳозирда мамлакатимизнинг 1,5 миллион квадрат чақирим майдонида геологик ва геофизик қидирув ишлари олиб борилган. Ҳукуматнинг вазифаси – 2026 йилгача унинг ҳажмини камида 2 миллион 200 мингга етказишдир.

“Янги давр нефти”га айланган нодир ва ерда кам учрайдиган металл конларини ўзлаштириш асосий йўналишлардан бири бўлиши керак. Бу соҳада ўз салоҳиятини очиб бера олган давлатлар келажакда бутун дунёнинг технологик тараққиёт йўналишини белгилайди.

Жорий йилнинг охирига қадар соҳани ривожлантириш борасида мажмуавий нуқтаи назаримизни белгилаб олишимиз керак. Қайта ишлаш саноатини қўллаб-қувватлаш мақсадида хорижий ва маҳаллий сармоядорлар дастлабки уч йил давомида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан озод қилиниши жоиз. Бу ишлаб чиқариш саноатига сезиларли туртки бериши керак бўлган асосий нуқтадир.

Яна бир муҳим масала – мудофаа-саноат мажмуасини ҳар томонлама мустаҳкамлаш. Бу саноат ривожланган мамлакатларнинг миллий хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Шу муносабат билан импортга қарамликни камайтириш имконини берувчи маҳаллийлашган ишлаб чиқариш мажмуасини яратиш жуда муҳим вазифадир.

Армиямиз юқори технологияли қурол-яроғ ва ҳарбий техника, жумладан, зирҳли техника, учувчисиз учиш аппаратлари, замонавий қуроллар билан таъминланиши керак.

Ускуналарни тез таъмирловчи ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, маҳаллий корхоналарни юксак даражада қўллаб-қувватлаш зарур. Бизда зарур моддий-техник база, малака ва тажриба ҳамда мутахассислар мавжуд. Фақат уларга ваколатли муассасаларнинг буюртмаси керак.

Замонавий технологияларни трансфер қилиш, янги ишлаб чиқариш корхоналарини очишни давом эттириш жоиз.

Ҳарбий-саноат мажмуасини ривожлантириш жамғармаси орқали маҳаллий корхоналаримизни бевосита молиявий қўллаб-қувватлаймиз.

Олдимизда турган яна бир вазифа – агросаноат мажмуасини юксалтириш. Қишлоқ хўжалигининг салоҳияти жуда улкан, аммо биз имкониятларимиздан тўлиқ фойдалана олмаяпмиз. Қозоғистон атрофида сифатли маҳсулотларга муҳтож йирик бозорлар мавжуд. Қозоғистоннинг стратегик мақсади – Евроосиё қитъасининг етакчи аграр марказларидан бирига айланиш. Ушбу мақсадга эришиш учун энг аввало маҳсулотни юксак даражада қайта ишлашни бошлашимиз керак. Бусиз бўлмайди. Келгуси уч йилда агросаноатда қайта ишланган маҳсулотлар улушини 70 фоизга етказишимиз керак. Бу – жиддий вазифа. Одамларни маҳсулотни қайта ишлашга рағбатлантиришимиз зарур. Бу солиқ сиёсатини қайта кўриб чиқишни талаб қилади, тадбирлар айнан қайта ишлашни рағбатлантиришга қаратилиши жоиз.

Соҳани юксалтириш йирик компаниялар учун зарур. Экспортни ошириш билан бирга ички бозорни сақлаб қолишимиз даркор. Шу боис, мамлакатимизга зарур ҳажмда сифатли маҳсулот тавсия эта оладиган корхоналар керак. Мамлакат агрофирмалари йирик компаниялар таркибига киргани маъқул. Шунингдек, ўзаро манфаатли шарт-шароитларни таклиф қилиб, халқаро корпорацияларни ҳам бу ишга фаол жалб этиш зарур.

Устуворлик гўшт, сут, ғалла маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, саноат иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш каби истиқболли соҳаларга қаратилиши керак. Шу билан бирга, мамлакатимиз агрокорхоналари салоҳиятини ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. 

Бу борада юздан зиёд йирик сут-товар фермалари барпо этилаётган Шимолий Қозоғистон вилояти ибратдир. Хўжаликларнинг касбий маҳорати, ем-хашак жамғармасининг мавжудлиги ва доимий қўллаб-қувватлаш чоралари яхши самара бермоқда. Ушбу тажрибани паррандачилик фермалари, сабзавот омборлари, гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар қурилиши пайтида амалга татбиқ этиш керак. Қишлоқни ривожлантириш учун кичик хўжаликларни қўллаб-қувватлаш жуда муҳим. “Қишлоқ омонати” дастури долзарблигини исботлади. 

Навбатдаги босқичда фақат ижтимоий насия бериш билан чекланиб қолмаслик жоиз. Хусусий томорқа хўжаликлари ўзаро бирлашишлари жоиз. Бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратилиши даркор. 

Машина-трактор паркининг эскириши жиддий муаммога айланди. Ҳозир қишлоқ хўжалиги техникаларининг 80 фоизи эскирган. Шунинг учун ҳар йили унинг 8-10 фоизини янгилаш зарур. Шу билан бирга, мамлакат техника ишлаб чиқарувчилари ва деҳқон хўжаликларнинг манфаатларини инобатга олиш жоиз. 

Ҳозир жаҳон миқёсида рақобат кучаймоқда, товар бозорида ўзгаришлар кутилмоқда. Бундай ҳолда, маҳсулотни сотиш сиёсатига алоҳида эътибор қаратишимиз долзарб. Айниқса, ички ва ташқи бозорда йиллар давомида мустаҳкамланган ўрнимизни сақлаб қолиш муҳим. Ҳукумат олдида экспорт сарҳадларини тизимли равишда кенгайтириш вазифаси турибди. Қозоғистон товарларини хорижда тарғиб ҳамда экспорт қилиш учун тегишли чоралар кўриш керак. 

Замонавий қишлоқ хўжалиги – юқори технологияли соҳа. Хўжаликларни тупроқ ҳолати ёки об-ҳаво эмас, инновациявий амалиётлар муваффақиятга етаклайди. Замонавий илм-фансиз қишлоқ хўжалиги барбод бўлади.

Агрофанни ривожлантириш юзасидан чоралар кўриш, энг муҳими, уни қишлоқ хўжалигида амалий қўллаш зарур. Миллий аграр илмий-маърифий марказини илмий тадқиқот ишларининг барча босқичларини қамраб олувчи агротехнология майдонига айлантириш зарур.

Шунингдек, хорижий машҳур агрофан марказлари билан тўлақонли илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур. Биз алоҳида илмий-технологик ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз. Таълим дастурларини қишлоқ хўжалиги талабларига мослаштирамиз.

Экинчиликда муҳим ислоҳотларни амалга ошириш даври келди. Экин турларини ранг-баранглаштириш керак. Бундан ташқари, сердаромад экинлар эккан маъқул. Кўп сув талаб қиладиган экин майдонларини босқичма-босқич қисқартириш ва фақат бир хил экинлар экишни чеклаш зарур. Деҳқонларни маҳаллий уруғлик билан таъминлаш муҳим. Шу билан бирга янги навлар етиштириш масаласини ҳал қилиш аҳамиятли.

Нархларни тартибга солиш масаласига давлатнинг ҳаддан ташқари аралашуви агросаноат мажмуаси тараққиётига жиддий тўсиқ бўлмоқда. Бу муаммони ҳам ҳал қилиш керак.

Озиқ-овқат корпорацияси вазиятни барқарорлаштиришда янада муҳим ўрин эгаллаши керак. Бу муассаса зарур бўлганда бозорга аралашиб, нарх-наво ўсишини чеклайди. Озиқ-овқат корпорацияси хусусий бозорга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотишда кўмаклашиши керак. 

Навбатдаги муаммо. Ўтган қишда мамлакатимиз иссиқлик электр станцияларида кўплаб фавқулодда вазиятлар содир бўлди. Бу ҳолат йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни очиб берди. Инфратузилманинг тўзганлиги фуқароларнинг турмуш сифатига бевосита таъсир кўрсатади. Бу индустрлаштириш суръатларини ҳам сусайтиради. Яъни, инфратузилмани янгиламай, янги иқтисодий намунага ўтиб бўлмайди.

Ҳукумат янги инфратузилмавий режасида ушбу соҳадаги барча камчиликларни аниқ кўрсатиб, уларни ҳал этиш йўлларини аниқлаши керак.

Шунингдек, энергия хавфсизлиги муаммосини ҳал қилиш даркор. Бу соҳада имкон қадар ўз захираларимизга таянган маъқул. Асосий вазифа энергетика шўъбаси зиммасига юкланган. Яқин 5 йилда камида 14 гигаваттли янги электр қуввати ишга туширилади.

Жорий йил Экибастуздаги биринчи ГРЭСнинг биринчи блогини реконструкциялаш ишлари якунланади. Станциянинг барча 8та агрегати ишга туширилди. ГРЭСни кенгайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда, учинчи ГРЭС қурилиши бошланади.

Қозоғистон электр энергиясини импорт қилмаслиги, яъни қўшни давлатларга қарам бўлмаслиги керак. Ҳозир вазият қониқарли эмас. Бу энг аввало, давлат хавфсизлиги масаласидир. Умуман олганда, бунга йўл қўйиб бўлмайди.

Албатта, қайта тикланадиган энергетика лойиҳаларини амалга ошириш давом эттирилади. Сув электр станцияларини ривожлантириш муаммосига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Электр, иссиқлик ва сув таъминоти технологик жиҳатдан чамбарчас боғлиқ бўлган интеграциялашган тизимдир. Амалдаги ёндашув аҳамиятини йўқотди. Бугун янги ечимлар керак.

Тариф сиёсатини тубдан қайта кўриб чиқиш, тарифларни белгилашнинг янги усулини жорий этиш ва сармоявий жозибадорлигини ошириш зарур. Табиий монополиянинг барча субъектлари учун 5-7 йил муддатга мақбул бозор тарифини жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Яъни нарх барқарор бўлса, сармояни аниқ режалаштириш мумкин. Молиявий институтлар ҳам насия беришда гаров бўлиши мумкин. Шу билан бирга, монополистларнинг масъулиятини сезиларли даражада ошириш зарур. Бу борада рақамли назорат усуллари жорий этилади. Шу тариқа фуқароларимиз тариф сметаси ва сармоявий дастурлари ҳақида маълумот олиш имкониятига эга бўлади.

Мамлакатни газ билан таъминлаш ҳам долзарб масала. Товар газининг захира базасини кенгайтириш Ҳукумат ва миллий газ компаниясининг асосий вазифаси ҳисобланади. Газни қайта ишловчи янги заводлар қуришни жадаллаштириш, мавжуд заводлар қувватидан тўлиқ фойдаланиш зарур.

Мамлакатимиздаги Тенгиз, Қашаған, Қарашиғанақ каби нефть-газ гигантлари мақбул баҳода газ етказиб беришлари керак. Шу билан бирга, янги газ конларини топиш ва ўзлаштириш учун сармоя жалб қилиш жуда муҳим.

Электр қуввати, иссиқлик ва сув – бадастир ҳаёт учун зарур манбалардир. Уни тежамкорлик билан ишлатиш керак. Бу янги маиший маданиятга айланиши зарур. Умуман олганда, бу нафақат уй ишлари, балки, бутун иқтисодиёт учун умумий талабдир. Энди сувни исроф қилиш мутлақо мумкин эмас. Ҳукумат энергия самарадорлиги сиёсатини тубдан қайта кўриб чиқиши керак. Унда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти андазаларини инобатга олиш керак. 

Энергия самарадорлиги ва умуман, захираларни тежаш юзасидан аниқ меъёрий талабларни босқичма-босқич жорий этиш зарур.

Мақсад – 2029 йилга бориб энергия истеъмолининг асосий кўрсаткичлари 15 фоизга камайтирилиши керак.

Биз “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш билан тизимли равишда шуғулланишимиз жоиз. Келажакда бутун дунё тоза энергияга ўтишига шубҳа йўқ. Халқаро экспертларнинг фикрича, жаҳондаги мураккаб капитал маблағларининг учдан бир қисми қайта тикланадиган энергетика лойиҳаларига тўғри келади. Қозоғистонда ҳам бу йўналишда улкан ишлар амалга оширилди. Янги Экологик кодекс ва 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш стратегияси қабул қилинди. Охирги 5 йилда қайта тикланадиган энергиянинг мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг умумий ҳажмидаги улуши қарийб 5 фоизга ошди.

2027 йилга бориб яна 1,4 гигаваттли қувват манбалари ишга туширилади. Мамлакат энергетика мувозанатининг таркиби ўзгариши аниқ. Шунинг учун энергия ишлаб чиқаришдан тортиб, уни тақсимлашгача бўлган бутун энергетика саноатини бошқариш усулларини такомиллаштириш зарур.

Водороддан энергия ишлаб чиқариш бизнесини ривожлантириш керак. Энергия ишлаб чиқариш манбалари доирасининг кенгайиши энергетика соҳасида технологиялар трансферти, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, аккумулятор саноатини яратиш учун замин яратади. Энг муҳими, элимизда хомашё захираси етарли.

Мувозанатлаштирувчи энергия манбаларини, энергия тўплаш тизимларини яратиш юзасидан янги қарорлар қабул қилиш керак. Углерод нейтраллигига ўтиш иссиқхона газлари чиқиндилари учун савдо квоталари орқали тезлашиши мумкин. Ҳукумат ва тадбиркорлик субъектлари бу борадаги имкониятлардан самарали фойдаланиши керак.

Етакчи иқтисодиётлар учун “яшил” молияни жалб қилишнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Ўтган етти йилда дунё бўйлаб “яшил” облигацияларга 2,5 триллион доллардан ортиқ маблағ сарфланди. Ушбу соҳа тамойиллари қисқа вақт ичида молиявий ташкилотларнинг одатий амалиётига айланди. Шу муносабат билан “Астана” халқаро молия маркази минтақамизда “яшил” маблағларни жалб қилишнинг асосий майдонига айланиши керак.

Атом энергетикасини ривожлантириш жуда муҳим иқтисодий ва сиёсий масалага айланди. Атом электр станциясини қуриш керакми ёки йўқми, деган саволга турли фикрлар билдирилмоқда. Қозоғистон дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчи давлат. Демак, мамлкатимизда атом электр станциясини қуришга тўлиқ ҳаққимиз бор. Айрим экспертларнинг фикрича, кичик атом электр станциялари барпо этиш керак. Бироқ кўплаб фуқаролар ва айрим экспертлар атом электр станцияси хавфсизлигига шубҳа билан қарашади.

Семей полигони халқимизга мислсиз азоб-уқубат келтирганини инобатга олсак, уларни тушуниш мумкин. Шу боис, бу борадаги жамоатчилик муҳокамаларини, атрофлича, кенг кўламли мунозараларни давом эттиришимиз керак.

Муҳим стратегик масалалар бўйича якуний қарорни референдум орқали қабул қилишимиз даркор. Бу – 2019 йилги сайлов олдидан халққа берган ваъдам. Атом электр станциясини қуриш ёки қурмаслик масаласи мамлакатимиз келажаги учун жуда муҳим жиҳат. Шунинг учун уни умумхалқ референдум йўли билан ҳал қилган маъқул, деб ўйлайман. Аниқ санани кейинроқ белгилаймиз.

Навбатдаги масала. Сув захираларининг сифати ва танқислиги мамлакатимизнинг долзарб муаммоларидан биридир. 

Аҳоли сони, иқтисодиётимиз юксалмоқда. Шундай экан, 2040 йилларга бориб Қозоғистонда сув танқислиги 12-15 миллиард куб. метрга етиши мумкин. 

Умуман олганда, биз трансчегаравий сув манбаларига қарам давлатмиз. Евроосиё қитъасидаги дарёлар ва каналлар барчамиз учун умумий табиий бойликдир. Ушбу сув манбалари халқларимизни, иқтисодиётимизни яқинлаштиради. Бинобарин, бу борада қўшни ва дўст давлатлар билан ҳамиша ўзаро тушуниш, келишувга эришиш зарур.

Сув сиёсатини оқилона олиб бориш, трансчегаравий сувдан фойдаланиш муаммоларини ҳал этиш Ҳукумат олдида турган муҳим вазифалардандир. Деҳқонлар ва саноат соҳаси вакиллари сув билан боғлиқ сифатли тажриба ва аввалдан тахмин айтиладиган таҳлилга муҳтож. Ушбу таҳлиллар ҳар йили ва ўрта муддатда сув миқдори қанча бўлишини ҳам ўз ичига олиши керак. Шунинг учун барча тадбирларни олдиндан режалаштирган маъқул. Ички сув захираларидан тежамкорона фойдаланиш ҳам жуда муҳим. Сувни тежаш технологияси жуда секин жорий этилмоқда. Сувдан оқилона фойдаланиш маданияти йўқ.

Мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида сувнинг 40 фоизи энг кўп сув истеъмол қиладиган қишлоқ хўжалигида исроф қилинмоқда. Сув хўжалиги иншоотларининг 60 фоизи эскирган. Вазиятни созлаш учун жуда зарур ва шошилинч чоралар кўриш керак.

Аввало, сувни тежовчи илғор технологияларни жорий этишни жадаллаштириш ва ундан фойдаланиш майдонини ҳар йили 150 минг гектарга етказиш зарур. Баҳорги ёмғир сувини тўплаш ва унинг далага етиб бормасданоқ қумга сингиб кетишининг олдини олиш масаласи ҳал этилиши керак. Чунки унинг ҳаммаси ички сув таъминотимиздир. Бунинг учун 20та янги тўғон барпо этиш, камида 15та сув омборини тубдан таъмирлаш, 3500 чақирим узунликдаги каналларни янгилаш ва рақамли назоратдан ўтказиш зарур. Асосий вазифа – 2027 йилгача қўшимча икки куб. чақирим сув олишга эришиш. 

Сувни тежовчи технологияларни жорий этиш жуда муҳим ва долзарб вазифадир. Шунинг учун самарали усулларни таклиф қилиш керак. Бироқ, биз ҳозирги шароитда янги тариф сиёсатини четлаб ўта олмаймиз. Жуда эскирган инфратузилма деярли самарасиз, ишламайди.

Шунинг учун янги инфратузилмани барпо этиш – ўта муҳим вазифа, ҳозирги замонавий бозор талабидир. Сувни меъёрдан ортиқ сарфлайдиганлар унинг ҳақини юқори тарифда тўлашлари керак. Хулоса қилиб айтганда, имкон қадар сувни тежашимиз керак. Бундан ташқари, сувнинг «соядаги» бозори ҳам бутунлай йўқ қилиниши шарт. 

Халқимиз: «Сувнинг ҳам сўрови бор», деб бежиз айтмаган. Сув – тежаб фойдаланилмаса, тез тугаб қоладиган, чекланган захира. Усиз хўжаликлар инқирозга учрайди. Шу сабабли бу соҳада ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмайди. Талабга бўйсунмайдиганлар қатъий жазога тортилади.

Мамлакатимиз учун сувнинг аҳамияти нефть, газ ёки металлдан кам эмас. Сув хўжалиги тизимини самарали ривожлантириш масаласи билан мустақил муассаса шуғулланиши керак, деб ҳисоблайман. Шунинг учун Сув захиралари ва ирригация вазирлиги ташкил этилади. Унинг таркибида Миллий гидрогеология хизмати қайта ишлай бошлайди.

Шунингдек, мамлакатимизнинг сув хўжалигини бошқариш соҳаси ҳам ислоҳ қилинади. Ислоҳотлар «Қазсушар», «Нұра топтық су құбыры» каби бошқа ва асосий компанияларга ҳам тааллуқли.

Умуман, ушбу соҳа кадрлар билан кучайтирилиб, моддий аҳволи яхшиланиши керак. 

Сув танқислигининг кучайиши – Марказий Осиё давлатларининг умумий муаммосидир. Сувдан тежаб фойдаланиш энергетика ёки транспорт соҳаси сингари минтақадаги ҳамкорликнинг яна бир янги йўналишига айланади. Мен Ҳукуматга қўшни давлатлар билан ҳамкорликда ушбу масалани ҳар томонлама ишлаб чиқишни топшираман.

Стратегик аҳамиятга молик вазифалардан бири – транспорт-логистика соҳаси имкониятларидан кенг фойдаланишдир. 

Ҳозир жаҳонда янги иқтисодий кенглик шаклланмоқда. Хитойдан Европа, Россия, Марказий Осиёга ва ушбу минтақалардан Хитойга юбориладиган товарлар ҳажми сезиларли даражада кўпайиши кутилмоқда.

Қозоғистон шимол ва жанубни, ғарб ва шарқни боғлайдиган дунёвий чорраҳада жойлашган. Бу мамлакатимизга улкан имкониятлар бермоқда. Шунинг учун транспорт-логистика соҳаси иқтисодиётимизни ривожлантиришнинг асосий кучларидан бирига айланиши керак. 

Ҳозирги кунда рақобат кучаймоқда. Шу муносабат билан қатор аҳамиятли масалаларни зудлик билан ҳал қилиш зарур. Энг аввало, «Достық-Мойынты», «Бақты-Аякөз», «Дарбаза-Мақтаарал» каби йўналишларда йирик темир йўл лойиҳаларини сифатли амалга ошириш зарур. Улар орасида Алматини айланиб ўтадиган темир йўл тармоғи ҳам бор. 

Транспорт соҳасида Қозоғистон Россия, Хитой билан ҳамкорликни давом эттиради. Транзит салоҳиятимизни ривожлантиришда Tранскаспий йўналиши алоҳида ўрин тутади. Ўрта муддатли истиқболда ушбу йўлак орқали ташиладиган юк ҳажми беш баравар ошиши мумкин. Бунинг учун саъй-ҳаракатларимизни Хитой, Озарбайжон, Грузия, Туркия каби ҳамкор давлатлар билан бирлаштиришимиз керак.

«Бақты» довонида янги «қуруқ порт» барпо этиш, Ақтовдаги контейнер майдони қурилишини тезлаштириш ва Қора денгиз орқали ўтадиган Ўрта йўлак бўйида турган порт салоҳиятини ошириш керак. Хитойнинг Сиань, Грузиянинг Поти шаҳарларида ўз терминалларимиз қурилиши бошланди. Бу – Хитойнинг «Бир белбоғ – бир йўл» мегалойиҳаси бизнинг миллий ташаббусларимиз билан бевосита боғлиқлигининг яққол кўринишидир.

Барча қўшни давлатлар, жумладан, Россия, Хитой, Марказий ва Жанубий Осиёдаги аҳил қўшниларимиз билан ҳамжиҳат ва дўстона муносабатларда бўлсак, мамлакатимизнинг транспорт салоҳиятидан самарали фойдалана оламиз. 

Бизга денгиз инфратузилмасини ривожлантириш юзасидан ягона режа керак. Бунда Қўриқ портига алоҳида эътибор берилиши керак. Қўриқни Ақтов порти каби тўлақонли логистика кластерига айлантиришимиз зарур.

Халқаро «Шимолий-Жанубий» йўлаги ҳам жуда муҳимдир. У орқали Форс кўрфазига чиқиш мумкин. Бу йўналишдаги темир йўлнинг ўтказиш қувватини босқичма-босқич икки бараварга ошириш керак. Авваламбор, Қозоғистондаги «Болашақ-Челябинск» темир йўлининг бир қисмини янгилашга киришиш керак.

Халқаро йўлаклар билан самарали алоқа ўрнатиш учун логистика хизматларини тўлиқ тақдим этиш муҳимдир. Астана, Алмати, Шимкент ва Ақтўбе аэропортлари мультимодаль, яъни юкларни турли транспорт воситаларида ташиш марказларига айланишлари керак. Улар рақобатбардош бўлиши учун юкларни қабул қилиш ва тарқатиш хизмати сифатли бажарилиши шарт.

Умуман, соҳани ривожлантириш учун нарх-наво ва тартибга солиш сиёсати тўғри юритилиши керак. Кўпроқ хусусий сармоя жалб қилиниши даркор.

«Қозоғистон темир йўли»ни тўлақонли транспорт ва логистика компаниясига айлантиришга оид ишларни яқин орада якунлаш зарур.

Шунингдек, автотранспорт йўлларини қуриш масаласи ҳам долзарб. Ҳозир уларнинг сифати танқиддан тубан. Тегишли ишлар ўз вақтида ва сифатли бажарилмайди. Уюшган жиноятчилик авжида, рақобат деярли йўқ. Буларнинг барчаси – ушбу соҳага чуқур сингиб кетган камчиликлардир. Шунинг учун йил охиригача аниқ чоралар қабулланиши керак. Ўз вазифаларини ҳалол бажармаган компанияларнинг барчаси қонун доирасида жавобгарликка тортилади. Мен бу масалани алоҳида назорат қиламан. Назоратни кучайтириш ва янги меъёрий ҳужжатларни қабул қилиш керак.

2029 йилгача 4 минг чақиримдан зиёд автомобиль йўлларни тўлиқ янгилаш жоиз.

Умуман, Қозоғистон Евроосиё қитъасидаги асосий транзит маркази сифатида ўз мавқеини ошириши керак. Шу тариқа, вақт ўтиши билан биз транспорт ва логистика соҳасидаги йирик давлатга айланишимиз зарур.

Транспорт-логистика соҳасини жадал ривожлантириш – стратегик вазифадир. Уч йил ичида унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши камида 9 фоизга етиши керак. Бунинг учун соҳани самарали бошқариш ўта муҳимдир. Шунинг учун Транспорт вазирлигини қайта ташкил этиш лозим. Ушбу вазирлик йўл инфратузилмасини қуриш билан ҳам шуғулланади.

Маълумингизким, мен рақамлаштириш ва инновациялар жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратаман.

Бизнинг муҳим стратегик вазифамиз – Қозоғистонни IТ давлатига айлантиришдир. Рақамлаштириш соҳасида ютуқларимиз бисёр. Биз электрон ҳукумат ва молиявий технологияларни ривожлантириш бўйича дунёда етакчи давлатлар қаторида турамиз.

Ўтган йилнинг ўзида IТ соҳасидаги экспортимиз беш баравар ўсди. Йил охирига келиб, бу кўрсаткич 500 миллион долларга етиши мумкин. Албатта, биз бу билан чекланиб қолмаймиз.

2026 йилга қадар IТ хизматлар экспортини бир миллиард долларга етказиш – Ҳукуматга топшириладиган янги вазифа. Хорижнинг йирик IТ компаниялари билан қўшма корхоналар очиш, албатта, бу фаолиятга ўз ҳиссасини қўшиши аниқ. Ҳукумат мазкур масала юзасидан аниқ таклифлар киритиши керак.

Сунъий заковатни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши зарур. Келгуси бир неча йил ичида ушбу соҳага триллион доллардан зиёд сармоя жалб этилиши кутилмоқда. Сунъий заковат уни ривожлантира олган мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулотини сезиларли даражада ошириши мумкин.

Агар биз сунъий заковат имкониятларидан тўлиқ фойдалансак, иқтисодий билимларга янги суръат бағишлаймиз. Етакчи халқаро компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатишимиз зарур. Малакали мутахассисларни тайёрлашимиз керак. Камида учта таниқли олий ўқув юрти сунъий заковат соҳаси учун зарур бўлган кадрларни тайёрлаш ва тадқиқотлар ўтказиш билан шуғулланиши жоиз.

Мамлакатимиз ҳисоблаш қувватини жаҳон истеъмолчиларига сотадиган майдонга айлана олади. Шунинг учун йирик маълумот марказларини қуришга сармоя жалб қилиниши учун турли имтиёзлар билан таъминлаш ҳамда барча қулай шарт-шароитларни яратиш зарур. Шунингдек, маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш соҳасида Қозоғистон манфаатлари илгари сурилиши зарур.

Рақамлаштиришнинг етакчи тамойилларини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш вақти келди. Мен Ҳукуматдан, таҳлилчилар ҳамжамияти ва Парламент депутатларидан ягона тармоқ ҳужжатини тайёрлаш масаласини сўрайман.

Менинг сайловолди дастуримда «Фан ва технология сиёсати тўғрисида»ги Қонунни қабул қилиш ташаббуси бор эди. Ҳозир тайёрланаётган қонун лойиҳаси иқтисодиётни илм-фан ва инновацияларга асосланган ҳолда ривожлантириш мантиғини ўз ичига олиши муҳим.

Бизга инновациявий тузилма – бизнес-инкубатор, тижоратлаштириш маркази, технопарклар, конструкторлик бюролари яратиш бўйича хусусий ташаббусларни сўзда эмас, балки амалда қўллаб-қувватлайдиган самарали чора-тадбирлар керак. Чет элларнинг илғор тажрибасидан фойдаланиш тавсия этилади.

Венчур, яъни таваккалчилик асосида молиялаштириш усули инновациявий лойиҳаларни ишга тушириш учун зарур маблағнинг асосий манбаига айланиши керак. Шу боис, юртимиздаги ва хориждаги сармоядорларнинг қизиқишини ошириш учун ҳуқуқий ва молиявий масалаларнинг ҳаммасини ҳал қилиш керак.

Навбатдаги масала. Мамлакатимизни инновациявий йўл билан ривожлантириш учун Астана ва Алматида зарур экотизимни шакллантиришга устуворлик берилмоқда. Бироқ бу билан чекланиб қолиш ярамайди.

Мен минтақаларга ташрифим чоғимда, истеъдодли ва заковатли ижодкор фуқаролар билан доим мулоқотда бўламан. Биз уларнинг ўз ижодий салоҳиятларини тўлиқ очишлари учун зарур шароитлар яратиб беришимиз керак. Минтақадаги олий ўқув юртлари базасида ягона инновациявий экотизимни яратиш зарур. Уни аниқ шўъба билан яқин ҳамкорлик қилган ҳолда амалга ошириш керак. Бу иш ҳар бир вилоят марказида бажарилиши керак. Астанадаги молиявий марказ тажрибасидан кенг фойдаланган маъқул.

Иқтисодиётни ривожлантиришга ва аҳоли бандлигини таъминлашга ҳисса қўшадиган яна бир йўналиш – бу медиа, кино, мусиқа, дизайн, таълим, ахборий технология соҳаларини қамраган заковат индустрияси.

Замонавий дунёда фуқароларнинг ижодий салоҳияти ҳамда капиталига асосланадиган «ижодий саноат» ҳақиқатдан ҳам инклюзив иқтисодиётни ривожлантириш учун манба бўлиб хизмат қилади. Қолаверса, бунёдкорлик иқтисодиёти истеъдодли ижодкор одамларни жалб этувчи йирик шаҳарлар тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда. Қозоғистонда бу соҳа ҳали ривожланмаган. Ижодий индустриянинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши бир фоизга ҳам етмайди, бандлик соҳасидаги улуши эса жуда паст. Лекин шунга қарамай, бутун дунёда ўз истеъдодлари билан танилаётган ватандошларимиз жуда кўп.

Биз юртимизда ижодий иқтисодиётни теран ривожлантириш учун барча шароитларни яратишимиз керак. Хусусан, заковат мулкини ҳимоя қиладиган ҳуқуқий меъёрлар зарур. Бу – ўта муҳим масала.

Заковат мулки деганимиз – бу ускуналар ёки технологиялар сингари оддий мулкнинг бир тури. Ҳозир ижодий индустрия марказлари 3та йирик шаҳар (Астана, Алмати, Шимкент)да жойлашган, вилоятлар эса бундан бебаҳра қолмоқда. Мазкур вазиятни ўнглашимиз керак. Иқтидорли фуқароларни жалб қиладиган масканлар, яъни ижодкорлик билан шуғулланадиган марказлар барча вилоят марказларида бўлиши керак. У ерларда ижодкорларга ўз маҳсулотларини тижоратлаштиришга ёрдам берилиши даркор.

Ижодий индустрия субъектлари ишлаб чиқариш соҳасининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурларида тўлиқ иштирок эта олмайдилар, молиявий ёрдам ҳам ололмайдилар. Мен уларни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида чора-тадбирлар жамланмасини ишлаб чиқиш зарур деб ҳисоблайман.

Энди мен ўрта бизнесни ривожлантириш масаласига тўхталмоқчиман. Сўнгги йилларда қабул қилинган чора-тадбирлар натижасида кичик ва йирик бизнес барқарор ривожлана бошлади. Бироқ ўрта бизнеснинг ривожланиш суръати ҳамон паст. Янги иқтисодий услубга ўтиши учун уни «қўл билан кўтариш»га тўғри келяпти.

Энг аввало, ўрта бизнесдаги тўсиқларни бартараф этиш лозим. Ўрта бизнеснинг асосий қисми тўлиқ ишга туширилгач, парчаланиб кетади. Чунки уларга кичик бизнес даражасида қолиш анча «қулайроқ». Ҳукумат кичик бизнесни ўзаро бирлаштириб, йирик корхонага айлантиришга рағбатлантириш учун қонун даражасида чора кўриши керак. Мамлакатимиз бозорида фаол ишлаётган муваффақиятли ўрта корхоналар кўп эмас. Улар ёрдамга муҳтож. Бундай корхоналарнинг ҳар бирига бевосита таъсир кўрсатадиган аниқ режа тайёрланиши керак. Шу тариқа, уларнинг ишлаб чиқариш қувватини ва маҳсулот ҳажмини икки-уч баравар ошириш даркор.

«Бизнеснинг йўл харитаси» ва «Оддий буюмлар иқтисодиёти» дастурларини бирлаштирган маъқул. Уларни кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлайдиган мажмуавий дастурга айлантириш керак.

Давлат қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқаришнинг технологик мураккаблиги ва бизнеснинг аниқ турига қараб табақалаштириш аҳамиятга молик. Бундан ташқари, унинг амалий самарадорлиги юқори бўлиши ҳам ўта муҳимдир. Шунинг учун, «Байтерек» холдингининг таркибий тузилишини ўзгартириб, уни кенг миқёсда рақамлаштириш лозим.

Экспортни кўпайтиришга алоҳида урғу берилиши керак. Унинг усул-услублари бор, лекин, тизимли қоидаси йўқ. Шу муносабат билан КаzаkhEхрort компанияси экспортни тараққий эттирадиган институтга айланади. Компанияга ушбу вазифани бажариши учун ваколатлар берилиши керак. Бундан ташқари, «Отбасы банк» фаолиятига ўзгартиш киритиб, асосий эътиборни вилоят марказларига эмас, туманларга, моношаҳар ва қишлоқларга қаратиш керак.

Рақобат ривожланмаса, бизнес ҳам ривожланмайди. Бу – ойдек равшан. Энди асосий соҳаларнинг кўпчилигида бир нечта йирик корхоналар устуворликка эга. Лекин бу ҳолат бозордаги ҳақиқий вазиятни кўрсатиб бера олмайди.

Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги Ҳукумат билан ҳамкорликда асосий бозорларни монополиядан чиқариш чора-тадбирларини кўриши керак.

Биз савдо-сотиқни қўллаб-қувватлаш орқали товар биржаларининг фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратдик. Лекин, тартибга солиш тадбирларининг самарасизлиги туфайли «бировларнинг таъсиридан чиқа олмайдиган» товар биржалари пайдо бўлди. Улар рақобатни бартараф этиш, импорт фойдасига харид қилиш тартиб-қоидаларини четлаб ўтиш ва самарасиз даллолчилик майдонига айландилар. Меъёр талабларини кучайтириб, камчиликларни бартараф этиш керак.

Шу билан бирга, мамлакатимиз маҳсулот ишлаб чиқарувчиларининг савдо-сотиққа оид илғор усуллардан фойдаланишининг очиқ ва ҳаммабоплигини таъминлаш муҳимдир.

Фақат Миллий савдо тизими доирасида чегараланиб қолиш ярамайди. Бизнес билан ҳамкорликда кучли минтақавий товар-хомашё биржасини яратиш масаласини кўриб чиқиш керак.

Яна бир муҳим масала бор. Ҳозир танҳоҳокимликка қарши идоранинг қонунбузарликларни тўхтатиш учун жадал чора-тадбирлар қабул қилиш имконияти йўқ. Монополияга оид ишларнинг учдан икки қисмига тергов бошланмай туриб, судга ариза тушади.

Суддаги довлар йиллар мобайнида давом этиши мумкин. Натижада ташкилотнинг фаолияти тўхтаб қолади. Шу сабабли, Ҳукумат Парламентга тегишли қонун тузатишларини татбиқ қилиши зарур.

Навбатдаги муҳим масала – давлатнинг иқтисодиётга таъсирини камайтириш. Ҳозир ноқонуний хусусийлаштирилган ва хорижга чиқарилган қатор активлар давлатга қайтарилмоқда. Биз шаффоф ва рақобатбардош иқтисодиёт барпо этмоқдамиз. Шунинг учун қайтарилган активнинг барчасини шаффоф равишда ва давлат учун самарали шарт асосида бозорга чиқариш керак.

Умуман, хусусийлаштириш ва халқ IPOсини ўтказиш жараёнини жадаллаштириш зарур. Асосий мақсад – активларни бошқаришнинг шаффофлиги ва самарадорлигини имкон қадар орттириш, “Самұрық-Қазына” жамғармаси номоддий активларининг барчаси хусусийлаштирилиши ва халқ IPOсига ўтказилиши керак.

Ҳукуматга мазкур ишни 2024 йилдан бошлаб йўлга қўйишни топшираман. Келгуси йили “Air Astana” компаниясини халқ IPOсига чиқаришга тайёрлаш керак. “QazaqGaz” корхонаси ҳам шунга тайёрланиши лозим. Йирик компаниялардаги давлат активлари савдога чиқарилиши лозим.

Яна бир муҳим масала – тадбиркорлик муҳитининг бугунги ҳолати. Ҳокимлик ва бизнеснинг ўртасида адолатли муносабат бўлиши зарур. Ҳозирги ўтиш даврида давлат идораларининг камчиликларга йўл қўйиши, баъзи ҳолатларда баҳоналарни важ қилиши сир эмас. Шу сабабли, иқтисодий кўринишга эга баъзи қонунбузарликларни жиноий ишлар тоифасидан чиқариш тадбирларини давом эттириш керак. Гап тадбиркорларга ва уларнинг иқтисодий зид ҳаракатига оид ишлари тўғрисида бормоқда. Солиқ соҳасида қонун бузганларни жиноий жавобгарликка тортишга асос бўладиган чегарани аниқлайдиган дастак татбиқ этиш зарур.

Ҳуқуқ-тартибот органларининг тадбиркорларни исканжага олишини бутунлай тўхтатиш даркор. Бу каби ҳаракатлар тақиқланган. Бироқ, шунга қарамай, бундай ҳолатлар давом этаётганидан воқифман. Бундай маълумотлар баъзида атайин тарқатилади, ҳатто, улар ёлғон бўлиши ҳам мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам, бу – эътибордан четда қолдириб бўлмайдиган масала. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, соҳани тартибга соламиз деган шиор остида қилинадиган босимни камайтириш ва рақобатбардошликни ривожлантириш масалаларини чуқур муҳокама қилиш зарур. Шу сабабли, мен яқин кунларда мамлакатимизнинг ишбилармон доираси билан махсус учрашув ўтказаман.

Навбатдаги масала. Биз макроиқтисодий сиёсатни қайта кўриб чиқиб, янгилашимиз керак. Мен юқорида иқтисодий соҳадаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларини белгилаб бердим. Уларнинг барчасини самарали амалга оширишнинг асосий шарти – макроиқтисодий барқарорлик. Бу – исбот талаб қилмайдиган қоида. Молия, солиқ-бюджет ва пул-насия сиёсатини мувофиқлаштириш зарур.

Сармоя тақчиллиги иқтисодиёт тараққиётига ғов бўлаётган асосий масала бўлмоқда. Сармоя тақчиллиги келажакда таназзулга олиб келади.

Бултур ассий капиталга жалб этилган маблағ ички ялпи маҳсулотга нисбатан атиги 15 фоиз бўлди. Бунга асосан мамлакатимиздаги банкларнинг иқтисодиётни ривожлантиришда фаол иштирок этмаслиги сабаб бўлмоқда. Бундай вазият Ҳукуматни бевосита молиялаштириши билан, кафолат ва субсидия беришга мажбурлайди. Бу услуб самарасиз, кўп маблағни талаб қилади ҳамда бозор иқтисодиёти қоидаларига зид келади.

Бундан ташқари, аниқ шўъбага бериладиган насиялар камая бошлаганда банклар истеъмол насиясига эътибор қаратишди. Ушбу ҳолат молия тизимига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг кўпайиши ва фуқароларнинг йирик миқдорда қарздор бўлиб қолишларига сабаб бўлди. 

Менинг 2019 йили 500 минг фуқаронинг кафолатсиз насиясини кечириш тўғрисидаги қарорим ва яқинда қабулланган хусусий шахсларнинг банкротлиги тўғрисидаги қонун масалани анча тартибга келтирди. Бироқ аҳволни бутунлай тузатиш учун янгидан тизимли чора-тадбирлар қабул қилиниши зарур. Фуқароларнинг молиявий саводхонлигини ошириш масаласи ҳам жуда муҳим.

Бу борада “Amanat” партиясининг “Қарзсиз жамият” лойиҳасини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шунинг натижасида мамлакатимизнинг 8та минтақасида 20 минг нафардан зиёд фуқаро молиявий саводхонлигини оширди. Уларнинг аксарияти – 10 ва ундан кўп насия олган одамлар. Мазкур лойиҳа қисқа вақтда самарадорлигини кўрсатди. Ҳукуматга “Amanat” партияси билан биргаликда унинг доирасини кенгайтиришни топшираман. “Қарзсиз жамият” лойиҳаси аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилиши керак.

Корпоратив соҳага бериладиган насиянинг етишмовчилик масаласини ҳал этиш зарур. Иқтисодиётга маблағ керак. Бултур банкларнинг соф фойдаси бир ярим триллион тенгега яқинлашди. Жорий йилнинг ярмида – бир триллион тенгедан ошиб кетди. Банклар самарали ишлаши натижасида эмас, балки, Миллий банк қадрсизланишга қарши кураш учун базавий миқдорни юқори даражада ушлаб тургани учун шундай мўл фойдага эришилди.

Ҳукумат ва Парламент бу фойдани давлат манфаатини инобатга олган ҳолда адолатли тақсимланишини таъминлаши зарур. 

Молия ташкилотларининг солиқ солинмайдиган давлат қимматбаҳо қоғозларини сотиб олишдан тушган салмоқли даромадига доир ҳам саволлар бор. Унда мантиқ ҳам, давлатнинг ўз тамойили ҳам йўқ. Ҳукумат мантиққа мос келмайдиган ушбу масалани ўрганмоқда. Шунга мувофиқ, қонунларга тузатишлар тайёрланиб, Мажлисга йўлланади. Депутатлардан уни диққат билан ўрганишларини сўранаман.

Бундан ташқари, банкларни корпоратив насия бериш ишига фаол қатнашишга, яъни уларнинг тадбиркорларни қўллаб-қувватлашларини рағбатлантириш зарур. Бизнесни насиялаш банк хизматларининг бошқа турларига қараганда эҳтиёткорликни талаб қилади, лекин фискал созлаш жиҳатидан сезиларли самарадор бўлиши керак. Бунинг осон эмаслигини, мураккаблигини тушунаман. Ҳукуматга ва молия соҳасини созлайдиган ташкилотларга бир йил ичида ушбу муҳим масалага доир ўз таклифларини киритишни топшираман.

Банклар “ҳаракатсиз турган” 2,3 триллион тенгелик активларини иқтисодий айланмага қўшиш учун аниқ чоралар қабул қилишлари зарур. Бу борада ўша активларнинг соҳибига айланишни истаган бизнес вакиллари уни олиб, иқтисодиётга қайтаришига имкон берадиган шаффоф рақамли платформа барпо этишни топшираман.

“Узоқ муддатга мўлжалланган маблағ” аниқ шўъбага имкон қадар оммабоп бўлиши учун бирлашган ва кафолатланган насия бериш услубини кенгроқ қўллаши керак. Шунингдек, саноат соҳаси вакиллари ва тадбиркорлар насиянинг барини “ютиб” қўймасликлари керак. Улар иқтисодиётимизни амалий равишда ранг-баранглаштиришни таъминлайдиган сифатли лойиҳалар тавсия қилиши лозим. Тижорат банкларининг қизиқишини ошириш учун улар стратегик лойиҳаларни молиялаштирган пайтда тараққиёт институтларининг кафолат бериш имкониятларини кўриб чиқиш зарур.

Банк соҳасидаги яна бир муҳим масала – барчаси бир нечтагина банкнинг тасарруфида. Ҳозир Қозоғистонда 21та банк мавжуд. Бироқ корпоратив шўъбага насия бериш, яъни иқтисодий лойиҳаларни молиялаштириш билан бир нечта йирик банк шуғулланади, холос. Шу сабабли, соҳадаги рақобатни кучайтириш учун мамлакатимизга хориждан ишончли учта банкни жалб этиш мақсадга мувофиқ бўлади. 

Умуман, аниқ шўъбага бериладиган насия миқдорининг йил сайин 20 фоиз ва ундан ҳам юқори даражада ўсишини таъминлаш – муҳим вазифа. 

Иқтисодиётни молиялаштириш манбалари ҳақида гап борганда Миллий жамғарманинг маблағини фойдаланиш зарурлиги ҳақида кўп айтилади. Таҳлилчилар Жамғарманинг жамғариш ва ривожлантириш ролининг алоқаси юзасидан баҳслашишади. Албатта, маблағни тўплаб, сақлаш асосий вазифа бўлиши шарт. Миллий жамғарманинг маблағи фавқулодда хавф-хатарларга дуч келганда молиявий барқарорликни таъминлашга кафолат беради. 

Шундай бўлса-да, Жамғарма маблағининг маълум бир қисмини Қозоғистоннинг келажагини белгилаб берадиган стратегик лойиҳаларни молиялаштириш учун фойдаланиш мумкин. Ҳатто, уни ҳозирдан бошлаб сарфлаш керак.

Миллий жамғарма ҳозиргача ҳам йирик лойиҳаларни молиялаштирмоқда. Афсуски, уларни саралашда тизимлилик етишмайди. Шунинг учун Миллий жамғарманинг ҳар бир тийини салмоқли даромад келтириши учун барча таклифлар ҳар томонлама таҳлил қилинишини таъминлаш зарур.

Капитални қайтариш тўғрисида қонун доирасида ташкил қилинаётган жамғарма “узоқ муддатга мўлжалланган маблағнинг” яна бир манбаси бўла олади. Тушган маблағнинг ҳаммаси юртимиздаги масалаларни ҳал қилиш учун имкон қадар самарали ва шаффоф равишда сарфланиши лозим.

Яна бир муҳим масала – жамғарма бозорини ривожлантириш. Ҳозир Қозоғистонда иккита жамғарма биржаси мавжуд. Улар ўз фаолияти давомида кўпинча бир-бирини такрорлайди, ҳатто ўзаро рақобатлашади. Давлатимизнинг молия тизими учун бу ортиқча ҳаракат. Ички бозорнинг ҳажми ва жозибадорлигини орттириш учун ушбу биржалар салоҳиятини бириктириб, бир жойдан бошқариш масаласини кўриб чиқиш зарур.

Тўлов тизимларининг барқарорлигини сақлаш ҳам жуда муҳим масала бўлиб қолмоқда. Бултур Миллий банк миллий тўлов тизимининг биринчи қисми – тезкор тўловлар тизимини ишга туширди. Бугунги кунда мазкур тизим қалдирғоч лойиҳа шаклида фаолият юритмоқда. Миллий банкка 2024 йили Миллий тўлов тизимини тўлиқ татбиқ этиш ишини тугаллашни топшираман.

Яна бир муҳим масалага, яъни бюджет сиёсатига эътибор қаратайлик. Мен бултур “бюджетни бошқарувдан” “натижани бошқариш” шаклига ўтиш орқали бюджет тизимини ислоҳотлашни топширганман. Бу масала янги кодекс қабуллангандан сўнг ҳал бўлади. Бюджет тизимининг шаффофлиги, унда иштирок этувчиларнинг масъулияти ҳамда жавобгарлиги ортади.

Шунингдек, бюджет сиёсатининг самарадорлигини ошириш учун доимо янги имкониятлар ва услублардан фойдаланиш зарур. Шу сабабли, Ҳукуматга бир неча вазирлик ҳамда минтақалар учун қалдирғоч лойиҳа шаклда тўлиқ қисмларга бўлинган бюджет лойиҳасини татбиқ этишни топшираман. 

Навбатдаги масала. Минтақаларга тегишли сиёсатда муҳим ислоҳотлар юритилди. Натижада ҳокимларни бевосита сайлаш шакли татбиқ этилиб, маъмурий ислоҳотлар амалга оширилди. Бунда бюджетлараро муносабатларни тубдан ўзгартириш ҳам муҳим вазифа. Янги иқтисодий услубга кўчганда минтақаларнинг бюджет масаласидаги мустақиллигини ошириш зарур.

Корпоратив даромад солиғидан ва бошқа тўлов турларидан тушадиган даромаднинг бир қисмини минтақаларга бериш ижобий натижа кўрсатди.

Ўтган йили минтақалар даромади 30 фоиздан ошди. Шу сабабли, ислоҳотнинг навбатдаги босқичида ушбу меъёрни бошқа солиқларга, жумладан, қўшимча қиймат солиғига ҳам татбиқ этиш зарур.

Бундаги вазифа – бюджетнинг иккинчи даражасига кам деганда икки триллион тенге қўшимча маблағ бериш.

Босқичма-босқич юритилган фискал марказлашмаган иш юритиш натижасида маҳаллий бюджет даромадининг таркибидаги республика бюджетидан ажратиладиган трансфертларнинг улуши ўрта ҳисобда 25 фоизгача пасайиши лозим (ҳозир бу кўрсаткич 50 фоизга яқин).

Шунингдек, туман ҳокимларига маҳаллий бюджетни бошқариш ҳуқуқини бергани маъқул, деб ҳисоблайман. Бу, энг аввало, шу ердаги масалаларни жадал ҳал этиш учун керак.

Бундан ташқари, маҳаллий бюджетга тушадиган солиққа тегишли имтиёзларни аниқлаш ҳуқуқини минтақаларнинг ўзига бериш масаласини кўриш зарур. Бу тадбир бизнеснинг ривожига янги суръат бағишлайди. Таклиф этилаётган ташаббус ўта муҳим. Келажакда минтақаларнинг муваффақиятли ривожланишига ўзгача таъсир кўрсатади. Шу сабабли, ҳокимлар бюджетлараро муносабатларнинг янги услубига ўтиш даврида унинг мамлакатимизга олиб келадиган фойдаси ва самарадорлиги ҳақида ўйлаши зарур.

Яна бир муҳим масала бор. Мен бундан аввал иқтисодиётнинг турли шўъбаларидаги солиқ миқдорини таҳлил қилиш тўғрисида айтган эдим. Ушбу тадбир солиқ юкламасини ишлаб чиқаришнинг мураккаблигига қараб ажратишни таъминлайди.

Тадбиркорлар қўшимча қиймат солиғини қайтариш тартиби мураккаблиги тўғрисидаги масалани тўғри кўтариб, шикоят қилишмоқда. Бундай иш мамлакатимиздаги сармоявий вазиятга салбий таъсир кўрсатади. Ҳукумат кўпдан буён ечимини топмай келаётган шу масалани зудлик билан ҳал қилиши зарур. Шунингдек, солиқ имтиёзларини бериш тартибини мувофиқлаштириш керак. Улар иқтисодий рағбатлантириш тадбирларининг мақсадли услуби бўлиши зарур. Йиғилмаган солиқ – барпо этилмаган шифохоналар, мактаблар ва йўллар дегани. Солиқ имтиёзларини қатъий таҳлил қилиб, унинг миқдорини кам деганда 20 фоизга қисқартириш лозим. Қолган имтиёзлар алоҳида лойиҳалар ва шахсларни назарда тутмаган ҳолда аниқ қоида асосида берилиши зарур.

Солиқ маъмурияти масаласига келсак, фискал идоралар ва солиқ тўловчиларнинг алоқасини рақамли хизмат кўрсатиш услубига кўчирган афзал. Асосий мақсад – жазолаш эмас, огоҳлантириш бўлиши зарур.

Солиқ назорати ишини тўлиқ рақамлаштириб, ҳисобот ишларини 30 фоизга қисқартириш даркор. Солиқнинг ва бюджетга тўланадиган бошқа мажбурий тўловлар сонини камида 20 фоизга қисқартириш керак. Сезиларли тушум олиб келмайдиган тўловларни олиб ташлаб, қолганларини бириктириш мумкин.

Чакана савдо солиғини жорий этиш масаласи зарур ташаббус. Шуни инобатга олган ҳолда, Ҳукумат унинг қўлланиш доирасини икки мартага кенгайтиради. Шунингдек, илғор солиқ солиш усулларини татбиқ этиш ишини тезлаштирган афзал.

Солиқ сиёсатини қайта қараб, ўзгартириш учун Ҳукумат билан Парламент дадил ва ҳар томонлама мукаммал қарорлар қабул қилишлари зарур.

Яна бир масалани таъкидлаб ўтмоқ жоиз. Фуқароларнинг манфаати ва талаби – Қозоғистоннинг иқтисодий ривожланиш стратегиясининг асоси. Яъни, одамларнинг эҳтиёжи доимо асосий эътиборда бўлади. Шунинг учун биз хомашёга тобе бўлишдан босқичма-босқич қутулишимиз зарур. Бу иш муттасил юритилиши лозим. 

Мамлакатимизда йил сайин 400 минг нафардан зиёд чақалоқ дунёга келади. Йил сўнггигача халқимизнинг сони 20 миллионга етади. Умр суриш узоқлиги ортиб бормоқда. Бултур бу кўрсаткич 74 ёшдан ошди. 

Қозоғистон – дунёдаги энг ёш давлатлардан бири. Фуқароларимизнинг ўртача ёши – 32 ёш. Аҳолининг учдан бири – ёшлар.

Ҳукуматнинг вазифаси – ҳозирги демографик ҳолатдан мамлакатимиз рақобатбардошлигини оширишда фойдаланишдир. 

Ҳалол фуқаро ҳамда комил инсон бўлиш асоси болаликдан шаклланади. Бинобарин, биз ёш авлоднинг хавфсиз ва беташвиш ҳаёт кечиришини таъминлашимиз керак. Мен Давлат раҳбари сифатида вояга етмаганларга зўравонликнинг ҳар қандай тури учун жазони кучайтиришни талаб қиламан. 

Йўллар, иншоотлар, кийим-кечак, озиқ-овқат, яъни барчаси болалар учун хавфсиз бўлиши керак. Шунингдек, ёш авлоднинг руҳий саломатлиги ўта муҳим масала.

 Таълим муассасаларида руҳий ёрдам хизматини институционал жиҳатдан кучайтириш зарур. Ягона ишонч телефонини ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир. Зўравонлик ва зулмга, яъни руҳий ва жисмоний зарбага мубтало бўлганларга ёрдам кўрсатиш дастурини ишлаб чиқиш керак.

Сифатли ўрта таълим ҳар бир боланинг дахлсиз ҳуқуқидир. Бу ерда асосий сўз – “сифат”. Шу боис, босқичма-босқич таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш зарур.

Барчага тенг таълим бериш учун интернет тезлиги юқори ва таълимнинг рақамли захиралари бепул бўлиши керак. Таълим тизими меҳнат бозори эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ўзгариб туриши жоиз.

Миллий иқтисодиётнинг қатор тармоқларида кадрлар танқислиги сезилмоқда. Айниқса, техник ва ишчи мутахассислар етишмайди. Шу боис ҳам ушбу тармоқларга алоҳида эътибор қаратган маъқул.

Таълим муассасалари битирувчиларга иш бера олувчи муассасалар билан узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиши керак. Иқтисодиётнинг устувор йўналишлари, ҳудудлар ва тармоқнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, самарали молиялаштириш дастагини ишлаб чиқиши зарур.

Мамлакатимиздаги демографик юксалиш таълимга талабни оширмоқда. Бироқ давлатнинг таълим соҳасида кўрилаётган тадбирларида яхлитлик, яъни тизим йўқ. 

Шу боис, беш ёшдан ошган болалар учун “Келажак” ягона ихтиёрий жамғарма тизимини жорий этишни топшираман.

Ушбу дастур давлат томонидан тақдим этилган бошланғич таълим капитали, йиллик давлат мукофоти ва сармоя даромадларини ўз ичига олиши керак. Мазкур жамғарма ва “Миллий жамғарма – болаларга” лойиҳаси биргаликда ёш авлоднинг сифатли таълим олишига хизмат қилади. 

Ҳозир меҳнат бозорида улкан ўзгаришлар юз бермоқда. Унда рақамли иқтисодиётнинг аҳамияти ортади. Платформа орқали ишга жойлаш тизимига қизиқиш ортиб бормоқда. Бугунги кунда ушбу соҳада ярим миллиондан зиёд одам иш билан банд. Бироқ уларнинг меҳнат ҳуқуқлари тўлиқ ҳимояланмаган. Шу боис ҳам ушбу тоифадаги фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини муҳофазалашнинг аниқ дастакларини ишлаб чиқиш ва иш билан таъминлаш масаласини тўлиқ тартибга солиш зарур. 

Ишлаб чиқаришдаги жароҳатларнинг кўплиги кескин муаммодир. Ҳукумат шу йилнинг охиригача хавфсиз меҳнат концепциясини қабул қилиши керак. Бу иш жойидаги касбий хавфларнинг олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган бўлиши керак.

Менинг топшириғимга кўра, Ҳукумат узоқ вақт давомида зарарли меҳнат шароитида ишлаб келаётган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастакларини ишлаб чиқди.

Бу масала узоқ вақтдан буён муҳокама қилиниб, энди ечим топди. Унинг асосий йўналишлари қуйидагича. Меҳнаткашларнинг тармоқларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ва уларнинг соғлигига етказилган зарар инобатга олиниб, уларга пенсия ёшига етгунга қадар, хусусан, 55 ёшдан бошлаб махсус ижтимоий нафақалар тўланади. 

Парламентдан Ҳукумат таклифларини тезда кўриб чиқишни сўрайман. Фуқаролар бу муаммонинг ечимини кутмоқда.

Навбатдагиси. Аввалроқ ваъда қилганимиздек, Ҳукумат энг кам иш ҳақини босқичма-босқич оширишда давом этади.

Фуқароларнинг даромадларини ошириш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб энг кам ойлик иш ҳақини 85 минг тенгега оширишни топшираман. Шундай қилиб, биз уч йил ичида энг кам иш ҳақини икки баравар оширдик. Бу чора 1 миллион аҳоли, жумладан, бюджет соҳасида меҳнат қилаётган 350 минг фуқаронинг турмуш фаровонлигини оширишга ижобий таъсир кўрсатади. 

Умуман, меҳнат бозорини ҳар томонлама ривожлантириш учун Ҳукумат 2030 йилгача мўлжалланган мажмуавий режани имкон қадар тезроқ тасдиқлаши керак.

Янги иқтисодий сиёсатнинг тамойиллари ва устувор йўналишларини аниқ белгилаш билан бирга, белгиланган ислоҳотларни сифатли ва тўлиқ амалга ошириш жуда муҳим. Унинг муваффақияти бевосита давлат хизматчиларининг малакаси, масъулияти ва сиёсий иродасига боғлиқ. 

Ислоҳотларни амалга ошириш учун, асосан, ижро ҳокимияти жавобгардир. Шунинг учун, биринчи навбатда, унинг ўзини ўзгартириш керак. Бу борадаги ислоҳотларнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат.

Биринчидан, аниқ соҳаларга оид қарорларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси, шунингдек, якуний натижа учун жавобгарлик тўлиқ вазирлар зиммасига юкланади.

Улар ўз буйруқлари билан шошилинч қарорлар қабул қилишлари керак. Бу ҳокимларга ҳам дахлдордир.

Иккинчидан, Ҳукумат иқтисодий сиёсатни амалга ошириш учун тўлиқ масъулдир. Бюрократия ва сарсонгарчиликка йўл қўймасдан, Президент маъмуриятининг аралашувисиз иқтисодиётни мустақил бошқаришнинг барча усуллари унинг қўлида бўлиши керак. 

Учинчидан, Президент Маъмурияти асосий “сиёсий штаб” сифатида бутун куч-ғайратини давлатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари, ички ва ташқи сиёсат, мудофаа ва хавфсизлик, ҳуқуқ ва кадрлар сиёсатига қаратади. Давлат девонини бюрократиядан тозалаш бўйича тизимли ишлар давом эттирилади. Давлат режалаштириш тизимини тубдан ўзгартириш зарур. Биз учун имкон қадар кичик ва қулай бўлиши жоиз. 

Шунингдек, биз топшириқларнинг ижросини назорат қилиш ва баҳолаш ишларини кўриб чиқишимиз керак. Бу жамоатчилик талаби. Бошқача айтганда, жамиятда янги усуллар, янги ғоялар, янги кадрларга талаб юқори. Шу боис, сиёсий давлат хизматчилари захираси яратилади, бунинг натижасида қўшимча “кадрлар гуруҳи“ шаклланади.

Ҳозир, кадрлар тақчиллиги долзарб масала бўлиб турган бир пайтда бундай қадам жуда муҳим. Юқори лавозимларни эгаллашни истаганлар кўп, лекин уларнинг малакаси талабга жавоб бермайди. Демак, биз кадрлар муаммосини ҳал қилишимиз, сифатли мутахассислар тайёрлашимиз керак. Бунда сиёсий партияларнинг кадрлар салоҳиятидан фойдаланиш зарур.

Вилоят маҳаллий ижро ҳокимияти қарорларини қабул қилишда фуқароларнинг бевосита иштирокини босқичма-босқич кенгайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қишлоқ, кент ва қишлоқ округи ҳокимларини аҳолининг ўзи сайлай бошлаганига икки йилдан ошди. Ўшандан буён қишлоқ ҳокимларининг тўртдан уч қисми сайланди. Энди туман ва вилоят даражасида шаҳар ҳокимларини сайлашга ҳаракат қиламиз.

Ҳурматли ватандошлар!

Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш борасидаги барча лойиҳа ва режалар аниқ ҳисоб-китоблар ва тадқиқотларга асосланган.

 Бутун иқтисодий тизимни зудлик билан тубдан қайта кўриб чиқиш ва ўзгартириш орқали мамлакатимизни ривожлантирамиз, халқимиз фаровонлигини юксалтирамиз.

Ислоҳотдан кўзланган асосий мақсад – иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини 6-7 фоизга ошириш ва 2029 йилга бориб миллий иқтисодиётимизнинг ҳажмини 2 баравар, яъни 450 миллиард долларга етказишдан иборат. Албатта, бу – залворли ва мураккаб вазифа. Лекин биз юртимиз бойликлари ва даромадларини фуқароларимиз ўртасида адолатли тақсимлашимиз керак. Нафсиламрини айтганда, ҳар бир фуқаро иқтисодий ўсишнинг афзалликларидан баҳраманд бўлиши керак. Бу жиддий масала.

Мамлакатимиз келажаги порлоқ бўлишини истасак, бу стратегик вазифани адо этишимиз даркор.

Мен доим мамлакат тараққиёти йўналиши бўйича ўз фикрларимни билдираман. Мен буни яна бир бор такрорламоқчиман.

Келажакда қандай давлат бўлишимизни аниқ биламиз.

Ҳаммага тенг имкониятлар берадиган дунёвий давлат – “Адолатли Қозоғистон”ни барпо этамиз. Қонун ва интизом, ўзаро ҳамжиҳатлик, хоҳиш ва масъулият барчасидан устун бўлган самарали давлатга айланамиз.

Жамоат тартибини бузувчи ҳар қандай фитначилик ҳаракатининг олди олиниши керак. Афсуски, ҳуқуқ-тартибот идоралари, вилоят раҳбарлари бу борадаги ишларни тўғри йўлга қўймаяпти. Бошқачароқ айтганда, қонун устуворлигини таъминлашмаяпти. Натижада жамиятимизда номақбул ҳолатлар рўй бермоқда.

Масалан, дала ва кўчаларда бузғунчилик, тартибсизликлар, айрим фуқароларимизнинг маданиятсизлиги, турли маиший низолар халқаро майдонда юртимиз шаънига путур етказади.

Яна такрорлайман: асосий мақсадимиз қонунга қатъий риоя қилиш, жамоат тартибини таъминлашдир.

Биз маданият, таълим ва илм-фанни ривожлантира бориб, замонавий очиқ дунёнинг бир қисмига айланишга интилишимиз керак. Олдимизга қўйилган юксак мақсадга эришиш осон бўлмайди. Агар биз халқ, бизнес ва ҳокимиятнинг бор куч-ғайратини бирлаштира олсак, мамлакатимизнинг бугунги тараққиёт шаклини тубдан ўзгартириб, барча тўсиқларни енгиб ўта оламиз.

Умуман олганда, дунёда вазият кескин. Бутун инсоният турли таҳдидларга дуч келмоқда. Кўпгина мамлакатлар табиий офатлар, электр қуввати ва озиқ-овқат танқислигини бошдан кечирмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, жорий йилнинг июль ойи дунё тарихидаги энг иссиқ ой бўлди. Кўпгина мамлакатларда инфляция ўсиб бормоқда ва нархлар ошмоқда.

Давлатлар ўртасида турли низолар, қуролли тўқнашувлар келиб чиқди. Қочқинлар сони 110 миллиондан ошди. Буларнинг барчаси Қозоғистонга ўз таъсирини ўтказади. Аммо биз дунёвий мавҳумлик, ноаниқлик даврида ўз ўрнимизни йўқотмаймиз. 

Албатта, тараққиёт йўлимиз доим равон бўлавермайди. Ҳеч ким четдан келиб Қозоғистонни ривожлантириб бермайди. Бунинг учун мамлакатнинг ҳар бир фуқароси замон билан ҳамнафас бўлиши керак. Умуман, бундай инқироз даврида халқимиз ҳамжиҳатлик ва бирликни сақлаши керак. Бошқа йўл йўқ. 

Агар биз адолатли Қозоғистонни яратмоқчи бўлсак, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишнинг ўзи етарли эмас. Энг муҳими, жамоатчилик онгини, фуқароларнинг хоҳиш-иродасини ўзгартиришдир. Бусиз қолган барча ишлар бефойда. Мен Миллий қурултойнинг иккинчи йиғилишида бу ҳақда фикр билдирдим.

Мамлакатимиз учун миллатнинг янги сифатини шакллантириш алоҳида аҳамиятга эга. Барча юртдошларимиз, айниқса, ёшлар энг яхши фазилатларни сингдириши керак. Буларнинг барчаси бирлашиб, ягона ижтимоий қадриятлар тизимини шакллантиради.

 Агар ҳар бир инсон ватанпарвар, билимли, меҳнатсевар, интизомли, ҳалол, адолатли, тежамкор ва меҳр-оқибатли бўлса, биз забт этолмайдиган довонлар бўлмайди.

Абайнинг “Комил инсон” таълимотидан келиб чиққан “адолатпарвар фуқаро” тушунчасининг пировард маъноси ҳам шунда.

Яна такрор айтаман: Адолатли Қозоғистон ва адолатпарвар фуқаро тушунчалари эгизак қадриятлар сифатида доимо ёнма-ён бориши керак. Дарҳақиқат, адолатпарварлик бўлмаган жойда адолат бўлмайди.

Ҳар бир инсон ҳаракати, сўзи бир жойдан чиққан адолатпарвар фуқаро бўлсагина, адолат қарор топади.

Қозоғистон – ягона ватанимиз. Унинг пойдевори мустаҳкам, иқтисоди юксак бўлиши ҳам ўз қўлимизда. Аждодларимиздан мерос бўлиб қолган бепоён заминни асраб-авайлаш ва ривожлантириш фарзандлик бурчимиздир.

Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросини ушбу муқаддас бурчга содиқ бўлишга чақираман.

Ҳамжиҳатлигимизни асраб-авайлаб, меҳнат қилсак, она заминимизни обод қилиб, уни тараққий этган давлат сифатида келажак авлодга етказсак, бу аждодлар меросига содиқликдир!

2023-09-05, 20:22 1321
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.