26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қозоғистон ифтихори

Бисолт Дециев – тўрт карра жаҳон чемпионати Кубоги (1987, 1989-1991йилларда 74 кг. вазнда)  соҳиби. У Тўлебий туманидаги Успеновка (ҳозирги Олчали) қишлоғида туғилган. 

– Қозоқ болалари билан бирга ўсдим, – дейди Бисолт. – Шунинг учун курашга қизиқдим. Классик, эркин кураш, якка кураш, самбо, дзюдо орасидаги фарқларни билмасам ҳам машҳур полвонларга тақ­лид қилардим. Баъзан қишлоқ клубида таниқли спортчилар билан учрашувлар уюштириларди, ўшанда уларга кўп саволлар берардим. 

Байрамларда Бисолтнинг отаси Ўс­мон мусобақалар уюштириб, ғолибга 10 сўм мукофот пули ваъда қиларди. Кўпчи­лик болалар ўйлаб ўтирмай, курашга тушиб кетишарди, лекин Бисолтни ҳеч ким енга олмасди. Кўп ўтмай, катта ёшдаги болалар ҳам уни йиқита олмай қолишди. Бундан хабар топган вилоят спорт мактаб-интернати раҳбарлари Успеновкага келиб, ёш полвоннинг отаси билан узоқ суҳбатлашишди ва Бисолтни олиб кетишди. 

Машғулотлар бошланиб, орадан бир ой ўтар-ўтмас, Шимкент шаҳар мусо­бақаси бошланиб кетди. Унда 44 кг. вазн тоифасида иштирок этган Б. Дециев чемпионликни қўлга киритди. Яна бир ой ўтиб, вилоят чемпионати бошланди. Бу сафар ҳам омад Бисолтга кулиб боқди ва у Янги йил арафасида  Алматида ўтадиган республика биринчилигига йўлланма олди. Шундай қилиб, 14 ёшли полвон ушбу мусобақаларда бронза медали совриндори бўлди. Мукофотни қўлига олдию, кўзи ёшланди... 

Чунки, учинчи ўринни у мағлубият деб қабул қилган эди. «Мураббийим Коше­лев­нинг ишончини оқлай олмадим», деб қаттиқ хижолат бўлди. Устоз эса шогирдининг республика чемпионатида бронза совриндори бўлганидан боши осмонда эди. Чунки, у янги шогирди би­лан атиги 3 ой шуғулланган эди, холос. Ғалабага иштиёқи кучли Бисолт маш­ғулотларда ўзини аямасди ва вақтнинг қандай ўтганини ҳам пайқамай қоларди.

У 1982 йили Иркутск шаҳрида ўтадиган СССР Ёшлар чемпионатига йўлланма олди. Ҳали 18 ёшга тўлмаган бўлса ҳам катталар тоифасида гиламга чиқ­ди ва учинчи ўринни эгаллаб, спорт устаси нормативини бажарди. Яна эри­шилган ғалабадан кўнгли тўлмади. Ора­дан икки ой ўтиб, Минскда ўтган ёш­лар спартакиадасида кумуш медалга сазовор бўлди. Шогирдининг юзида ғалаба нашидасини сезмаган устози уни койиб берди:

 – Ўғлим, бу ер сенга овулинг эмас. Бу ерда Совет Иттифоқи ёшларининг мусобақаси ўтди. 15та республиканинг энг кучли спортчилари келишган, бу ерга. Сен кумуш совриндор бўлдинг, бу жуда катта ютуқ. Қанчадан-қанча олтинлар ҳали олдинда.

Болгарияда ўтган «Дружба» Халқаро турнирида Бисолт олтин медалга сазо­вор бўлди ва СССР терма жамоасига қабул қилинди. Мусобақадан мусобақага унинг тажрибаси орта борди. У кундалик дафтарига қуйидаги сўзларни битди: «Гиламга чиқаётганингда натижани ўйлама, фақат нимага қодир эканингни кўрсат», «Рақибинг кайфиятини билиб олишга ҳаракат қил», «Кураш натижаси рақибингнинг заковатига боғлиқ эканини унутма», «Доимо мукаммалликка интил, зеро унинг чегараси йўқ. Бунинг учун кўпроқ ўқи, кўпроқ одам­лар билан муло­қотда бўл», «Ҳеч қачон ҳақиқатни ай­тишдан қўрқма, айниқса, ўзингга. Ёл­­­­­ғон яхшиликка олиб келмайди», “Ку­раш – ҳалоллик, оли­жаноблик, мард­лик, юртпарварлик сингари бебаҳо фа­зи­­­латларни ўзида мужас­­­­­­­­­­сам қилган, жисмонан ва маънан камолотга етак­ловчи қадрият бўлиб, инсон ва табиат уйғунлиги, умид ва ишонч, ор-номус, ғу­рур, бағрикенглик, матонат, садоқат тимсоли эканига амин бўлдим”. Кундалик дафтарда битилган ҳар бир сатр воқеалар, хоти­ралар билан боғлиқ.

1985 йили Қозоғистоннинг мутлақ чемпиони бўлгани, бунга қандай эришгани ҳам ушбу дафтарда батафсил баён этилган.

1986 йили Прагада ўтган «Динамиада» Халқаро мусобақасида, 1987 йили СССР ва АҚШ терма жамоалари ўртасидаги ўйинларда, 1988 йили Швейцарияда ўтган халқаро турнир ва Венгрияда ўтган Европа биринчилигида олтин медалларни қўлга киритди. Европа чемпионини энди ўз юртида ёшлар билан ўнлаб учрашувларга таклиф этишарди. 1987 йили АҚШда ўтган Жаҳон Кубоги мусобақалари унинг ҳаётида ўчмас из қолдирди. Илк бор у Жаҳон Кубоги соҳиби бўлган эди. 1989 йили у йилнинг энг кучли полвони деб эълон қилинди. 1990-1991 йилларда Дециев СССР чемпиони унвонини қўлга киритди. Сўнг АҚШ, Эрон, Италия, Норвегия, Венгрия ва Россияда ўтган «Гран-при» мусобақаларида (мураббийлари В. Хромов, А. Казенов, В. Псарев, М. Сапарбаев) иштирок этиб, олтин медалларга сазовор  бўлди. 1997 йили эса Халқаро Осиё ўйин­ларида Қозоғистон терма жамоасида унга ўрин бўлмагани учун  Қирғизистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилишга тўғри  келди ва кумуш медаль соҳиби бўлди. 

Бисолт кўнгли очиқ, одамохун йигит. Кайфияти чоғ бўлса, гитарада қўшиқ айтиб ёки рақсга тушиб бериши мумкин. Сизнинг кайфиятингизни бир қарашда билиб олади. 

Шимкентда Бисолтдан бошқа Европа чемпиони ёки тўрт карра Жаҳон Кубоги совриндори йўқ. 15 йил муқаддам унга Шимкент шаҳрининг фахрий фуқароси унвони берилди. 

Классик  кураш  бўйича Қозоғистоннинг кўп карра чемпиони, юнон-рим кураши бўйича халқаро тоифадаги  спорт устаси  Б. Дециев бугунги кунда Шимкентдаги спорт клубини бошқариб, чемпионларнинг янги авлодини тарбияламоқда. Унинг шогирдлари орасида Жаҳон, Осиё ва Қозо­ғистон чемпионатлари ғолиблари ҳам бор. Вилоят этномаданият бирлашмалари қошидаги Ёшлар маркази раиси вази­фасида ҳам кўп ишларни амалга оширди. У ўтказган тадбирлар миллий тотувлик, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни ватанпарварлик ва она заминга муҳаббат руҳида тарбиялаш  ҳамда курашни оммалаштиришга  қара­тилган.

Авазхон АБДУФАТТОҲ ўғли, 2018-01-30, 10:13 750
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.