26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Салмоқли натижалар, залворли режалар

Элбошининг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” мақоласи чоп этилганига бир йил тўлди. Бу – оз муддат эмас. Зеро, суръати сусаймаётган давр чархпалаги сония сайин янгиликлар олиб келаётгани ҳар биримизга аён. Куни-кеча Астана Миллий музейи биносида мазкур кўргазма ўтган муддатда амалга оширилган ишларга мухтасар якун ясади ва олдинда турган залворли вазифаларнинг нақадар кўламдорлигини яна бир бор намойиш этди.

Қозоғистоннинг янги давр сари одимлашида лотин графикасига кўчишнинг аҳамияти катта. Шу масала билан шуғулланаётган Семей шаҳридаги Шакарим номли давлат университети олимларини суҳбатга тортдик.

Айнур Ахтанова, қозоқ тили кафедраси профессори:

– Биз қозоқ тилининг лотин графикаси устида иш юритмоқдамиз. Қатор изланишлар туфайли уни қисқа муддатда ўзлаштириш дастакларини 

тайёрладик. Кўргазмага шу йўналишда чоп этилган асарларимиз билан келдик.

Арай Жундибаева, фалсафа фанлари доктори, қозоқ адабиёти кафедраси мудираси:

– Лотин ёзувига ўтишни бугунги куннинг энг долзарб масалалари қаторида кўраман. Жаҳон мамлакатларининг учдан икки қисми фойдаланаётган графика қозоқ адабиётининг ҳам кенг танилишига йўл очиши муқаррар. Айни вақтда ўтиш даврининг муаммоларини ўрганган ҳолда улардан беталофат ўтиш, жамиятимизни янги маърифий изларга кўчириш орқали ривожланишнинг суръатини кескин ошириш арафасида турибмиз. Кўргазмадан жой олган китобларимиз эса мазкур жараённи илмий асосланган шаклда тўкис ҳал этишга йўл очади.

Элбошининг Мактубидан келиб чиққан ҳолда Қозоғистоннинг 100 янги номини аниқлаш тадбирлари кенг эътирофга сазовор бўлди. Бутун мамлакат элимизнинг рамзий қаҳрамонларини аниқлаш бобида зўр шижоат кўрсатди. Ушбу ғояни ўзида сингдирган сайт бисотида 2 000дан зиёд билимли, илғор фикрли, шижоатли замондошларимиз хусусида маълумотлар тўпланди. Улар қаторида, шу жумладан, Шимкент ўғлонларидан Алишер Сотволдиев ҳам борлигини алоҳида таъкидлашни истардик. Овоз берган 340 мингдан ортиқ қозоғистонлик фикрини ҳисобга олиш орқали улардан 102 нафари танлаб олинди. Кўргазма иши доирасида “100 янги ном” (100esim.el.kz) сайти бош муҳаррири Белла Оринбетова шундай деди:

– Юксак унвон айни вақтда юксак масъулият талаб қилади. Номинацияларимиз ғолиблари бугунги кунда кўплаб жамоат ва хайрия тадбирларида иштирок этишмоқда. Уларнинг жамиятимизни руҳлантиришдаги хизматлари жуда катта.

Кўргазмада “100 янги ном” соҳибларидан: “Жан шуақ” мукофоти лауреати, кўзи ожиз болалар учун дунёда тенги йўқ интерфаол дастур муаллифларидан бири Саида Қалиқова, ёш тадбиркорлар ҳамжамияти раиси, меценат ва  тадбиркор Арман Тосқанбаев ва бошқалар кўргазма иштирокчилари билан учрашиб, фикрларини билдиришди. Саволларга жавоб беришди.

Маънавий янгиланишимизда янги дарсликлар ҳам муҳим ўрин тутади.

Ҳар бир талаба ўқиши лозим бўлган 100 китоб масаласи ҳал этилиш жараёнида. Янгидан чиққан китоблар эса катта қизиқишга сабаб бўлмоқда.

Маржан Ашрапбаева, Қизилўрдадаги Қўрқит ота университети талабаси:

– Ушбу кўргазмани кўриш учун қайтиш билетимни бир кун кейинга сурдим. Тез кунларда дастурларимизга киритиладиган янги китобларни қўлимда тутиш имконига эга бўлишимдан нақадар ҳаяжонланаётганимни билсангиз эди. Ўз тилида дунё донишмандлари меросини ўрганиш имконияти ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бизда эса нафақат ўтмиш, балки замонамизнинг энг оқил инсонлари асарларини таржима қилиш юзасидан улкан иш амалга оширилмоқда.

Турли нашриётлар ва илмий муассасалар томонидан ташкил этилган кўргазмада бир йил давомида чоп этилган асарлар намойиш этилди. Бугунги кунгача ушбу иш билан 90дан ортиқ олиму-олималар шуғулланмоқда. Фалсафа, социология, лингвистика ва бошқа соҳаларга оид 18та улкан иш мантиқий якунини топди. Келгусида улар қатори тобора кенгайиб бориши ва энг муҳими, уларнинг ҳар бири ўқувчисини топишига тўла ишонч бор.

Кўргазма доирасида ўтказилган илмий-амалий конференцияда Элбоши мақоласида кўтарилган муаммоларни самарали ҳал этиш юзасидан кўплаб рақамлар тилга олинди. 2017 йилнинг ўзида саховатпеша инсонлар ёрдами билан мамлакатимизда 700 дан зиёд муқаддас қадамжолар таъмирланди. Бунга 50 млрд. тенгедан зиёд маблағ сарфланди. 2018 йилнинг биринчи чораги давомида эса яна 4 млрд. тенге хайрия жалб қилинди. Жорий йил давомида яна 450дан зиёд  иншоот қуриш ва таъмирлаш кўзда тутилмоқда.

“Қозоғистоннинг муқаддас қадамжолари географияси” лойиҳаси асосида мамлакат аҳамиятига эга 185та, минтақавий аҳамиятга эга 463та зиёратгоҳ махсус рўйхатга олинди. Уларнинг виртуал харитаси тузилди ва ҳар бирига виртуал 3D турлар ишлаб чиқилди.   

2017 йил давомида мамлакатимизнинг тўрт томонига этно-маданият экспедициялари йўлланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 5та расмий тилига таржима қилинган кинофильмлар тайёрланмоқда. 2018 йилда “Бўзоқ”, “Бўтай” ва “Сарайшиқ” музей-қўриқхоналари ишга туширилади.

“Глобал оламда замонавий Қозоғистон маданияти” лойиҳасига кўра мамлакатимиз санъатини жаҳонга тарғиб қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Шундай тадбирлардан бири сифатида ЮНЕСКОнинг Париж штабида ўтган “Маънавий янгиланиш”нинг тақдимот маросимини кўрсатиш мумкин. 

2017 йилнинг ўзида dalatunes захираларига Буюк Дашт элининг 13 мингдан зиёд мусиқий асарлари, 1,2 минг нотаси ва 1,7 минг аккорд жойланди. Давлат музейларида сақланаётган нодир асарларнинг рақамлаштирилган нусхаларини яратиш бобида ҳам катта ишлар қилинди: фақат ҚР Марказий давлат музейидаги асарлардан салкам 40 мингтаси янги форматга ўтказилди.

Абдумалик САРМОНОВ, 2018-04-24, 10:59 683
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.