26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Маънавият – тараққиёт пойдевори

Бутун ер юзи кўз ўнгимизда ўзгармоқда. Жаҳонда йўналиши ҳали ноаниқ,  янги тарихий давр бошланди. Кун сайин ўзгараётган алғов-далғов дунёда онгимиз ва дунёқарашимизга обдон ўрнашиб қолган, сийқаси чиққан қоидалардан воз кечмасдан туриб, карвон бошидаги мамлакатлар билан айвонимизни тенглаб, энсамизни кўтара олмаймиз. Ўзгариш учун ўзимизни маҳкам қўлга олиб, замон оқимига мослашув орқали янги даврнинг ижобий жиҳатларини тафаккуримизга сингдиришимиз керак.

 Нурсултан  НАЗАРБАЕВ. «Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш».

«XXI асрдаги ғарбга қараб янгиланиш намунасининг бугунги замон воқелигига мувофиқ келмаслиги сири нимада? Ме­нимча, бош нуқсон – уларнинг ўзлари­гагина хос қолипи ва тажрибасини бош­қа халқлар ҳамда маданиятларнинг ўз­­­га­чаликларини инобатга олмай, ҳам­мага бирдай, ёппасига ихтиёрсиз ўтка­зишида», ёзади Элбоши «Келажакка йўл­ланма: маънавий янгиланиш» дас­ту­рий мақоласида. Дарҳақиқат, XXI аср – инсон ўзини ўзи имтиҳон қиладиган аср. Қуролнинг минглаб турлари, нур тезлигини ортда қол­­­­­­дирадиган ракеталар яратиляпти. Сез­гимиз ҳаракатидан тезроқ ишлайдиган микроқурилмалар, компьютерлар, тугма­­­­чадай гаплашиш ва ҳаракатли тасвир мосламалари кашф этилганига анча бўл­ди. Инсоният миясини турли аппарат ва микротўлқинли қурилмалар эгаллаб бўлди. Фақат юра­гимиз, ҳиссиёт ва сезгиларимизни та­­­маддун машинаси ютиб юбормасин. Бун­­­­га асло йўл қўймаслигимиз ке­рак. Давлатимиз раҳбари шуларни назарда тутиб, дастурий мақоласида: «Янгиланиш аталмиш, илга­ригидай, тарихий тажри­ба ва миллий анъа­наларга панжа орасидан қарамаслиги керак. Аксинча, замона синовидан суринмай ўтган илғор анъаналарни муваффақиятли янгиланишнинг муҳим шартларига айлан­тира билиши лозим. Агар янги­ланиш элнинг миллий-маънавий илди­зидан озиқ ола олмаса, у хато йўлга бошлайди.», деб огоҳ­лантирди. 

Шарқ – азалдан тамаддун бешиги бўлиб келган, бу – тарихдан маълум. 

Ватанимиз – Турон-замин атал­миш юрт инсоният тамаддуни ибти­доси эканлигининг тасдиғи – Шарқ­нинг ҳар қандай вазиятда ҳам руҳ гўзаллиги, тарбия, инсон қадр-қим­мати ҳамма нарсадан устунлигини уқ­­ти­риб келишидир. Шарқ ҳар доим ин­сон маънавиятининг тамаддун, бош­бош­­доқлик, хунрезлик, қирғинбарот комида азият чекишига қарши бўлиб келган. Бунга Хоразмий, Форобий, Беруний, Ибн Сино мероси, Темурийлар даври ғоялари, Амир Темур, Улуғбек, Навоий, Бобурнинг миллий ва умум­инсоний ғоялар тўғрисидаги фикрлари гувоҳ. Шарқ ҳар қачон бунёдкор ғоялар тарафдори бўлган. Халқаро миқёсда кенг ёйилган шовинизм, терроризм, тажо­вузкор миллатчилик, фашизм ғоя­ларининг вайронкор йўналишлари азалдан Ғарбга хосдир.

Давлатимиз раҳбари Нурсултан На­зар­баев Мустақилликнинг илк йилла­риданоқ жамият барқарорлигини таъмин­лашнинг ижтимоий асосларини яра­тишга киришди. Қозоғистон халқи Ас­самблеясини ташкил этиб,  миллий сиѐсатнинг амалга оширилиши ва унда этник бирликлар манфаатлари ҳимоя қилинишининг ҳуқуқий ва ижтимоий негизлари – миллатлараро тотувлик, ҳам­корлик, ва динлараро бағрикенглик  тамо­йилларини илгари сурди.

Ҳозир баъзи давлатлар кўп нарсадан огоҳ бўлса ҳам, қаёққа кетаётганини бил­маяпти. Чунки, илгари ҳаётдаги ёвузликни бир кўрганда ажрата олардик. Бугунги кунда бу ёвузлик цивилизация ниқобига ўралиб олган. Ёвузликнинг бир қўлида турли қуроллар, бир қўлида мафкура. Мафкураси аллақачон одамларнинг этини ўлдириб бўлди. Натижада, илгари биродарининг қўлига тикан кирса қал­бида оғриқ сезадиган инсонлар ҳозир оғриқдан жони халқумига келган одамни кўриб, ҳузур қилишмоқда, лаззатланмоқда. Шунинг учун спортнинг бушидо тури шинавандалари йилдан йилга ортмоқда. «Ўлим билан тугалланадиган жанг», деб ёзиб қўйса, қизиқувчилар янада ортади. Илгари ит ёки хўроз уриштириб, ху­мордан чиқадиган одамлар ҳозир пол­вонлар бир-бирининг оёқ қўлларини қан­дай синдираётганини мириқиб то­моша қи­­­­­­лишяпти. Аёлларнинг қоидасиз жанглари ҳам Ғарбнинг “кашфиёти”. Бунақасини ўр­­­­­та асрда яшаган ота-боболаримиз ҳатто тасаввур ҳам қил­маган. 

Ёвузлик хонадонларимизга қандай ки­­­риб келаётганини билмай қоляпмиз. Фар­зандларимизга қимматбаҳо теле­фон олиб бериб қўямизу, уларнинг интер­нетдан нималар олаётгани билан ишимиз йўқ. Керак бўлса, фарзандлар ота-оналарига телефонини ушлатишмайди ҳам. Натижада, Қозоғистон қонунлари тақиқлаб қўйган видеотасвирларни томо­ша қилиб ёки уларга лайк босиб юбориб, темир тўрнинг ортига кетаётган ёшлар кўпаймоқда. 

Интернетнинг ижтимоий тармоқларида ҳавасга одам ўлдираётганлар ҳам, сўйи­­шаётганлар ҳам, бўғизлаётганлар ҳам, зўрлаб, қийноққа солаётганлар ҳам, қонига белаб, калтаклаётганлар ҳам беҳисоб. Буни мен ахлоқсизлик сабоғи деб атаган бўлардим. Яъни, ахлоқсизлик бўйича маҳорат дарси. Бўридан да ёвузроқ одам­­­ларни ижтимоий тармоқларда кўплаб учратасиз. На­фис туйғулар ўрнини инсоний ҳирс ва бадбинлик эгалламоқда. Бу эса ёш­ларимизнинг йўлдан чиқишига сабаб бўлмоқда. 

Смартфон, айфон олиб бериб, фарзанд­­­­­­­ларимизни ўз қўлимиз билан ёвуз­­­­­­­­­­­­­­­­лик, разолат ва ахлоқсизлик бот қо­­­­­­­­ғи­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­га улоқтираётганимизни қачон ту­шу­­­­­­­­­­­­­­­­­­ниб етамиз? Беҳаёлик гулдай фар­­­занд­­­­­­ларимизни ўз домига тортиб, ёвуз­­­­­­­­­лик­­­­­­­­­нинг ғалаба қилаётганини қачон анг­лай­­­­миз? Ахир дунёда ёвузлик, ахлоқ­сиз­­­­ликнинг мавжудлигини бошқа йўл билан тушунтириш ҳам мумкинку, деб, ҳозир айрим тараққий этган давлатларда одамлар фарзандларини интернетдан «ажратиб» олишяпти ва китоб билан ошно қилишяпти. Чунки, бузғунчи ва ёвуз фикрлар вайронкорликни, жаҳо­латни, урушни тарғиб қилади. Улар ижтимоийлашиб, жамиятдаги муайян гуруҳлар, қатламлар онгига таъсир қилиш, ёвузлар манфаатларини ифо­да­лайдиган ғояга айланиши жамиятда бе­­­­­қарорлик муҳитини вужудга келтириб, одам­лар бошига катта кулфатлар, бахт­сизликлар солиши мумкин.  Масалан, ақи­­­­­­­­­­­­дапарастлик, агрессив миллатчилик, буюк давлатчилик шовинизми, экстре­мизм, хал­қаро терроризм бунга мисол­дир.  

Элбошимиз «Келажакка йўлланма: маъна­вий янгиланиш» дастурий мақола­сининг бир бўлимини «Билимнинг тан­тана қилиши» деб атади. Бу бежиз эмас. «Муваффақиятли бўлишнинг энг асосий, бош омили билим эканини ҳар ким теран тушуниши керак. Ёшларимиз устувор берадиган мақсадлар қаторида билим ҳар доим биринчи ўринда туриши шарт. Сабаби, қадриятлар тизимида билимни ҳамма нарсадан устун қўядиган миллатгина ютуққа эришади», деб ху­лоса қилади Нурсултан Назарбаев. Дав­латимиз раҳбарининг таклифига би­ноан «Ижтимоий ва гуманитар фан­лар бўйича “Янги гума­нитар таълим. Қозоқ тилидаги 100та янги дарслик” лойиҳаси ҳам йўлга қўйилиб, яқинда улардан 18тасининг тақдимоти ўтди. Лойиҳа савияси паст китоблар ёзиб, ёшларимизни мутолаадан бездираётган айрим «ёзувчи»ларнинг йўлини ёпишга хизмат қилади. 

***

– Оға, эллик тенге садақа қилинг, бошим оғриб турибди. Ақтўбедан кела­ётган эдим, йўлда пулимни олдириб қўйдим, – деди йўлда уст-боши расво бир йигит.

– Эллик тенгени нима қиласан? – сў­радим мен.

– Эллик тенгем бор, шунга қўшиб, «бош оғриғи»ни ёзаман, – жавоб берди у.

– Боламга китоб сотиб олмоқчи эдим, шунга эллик тенге етмай турибди, деб сўраганингда, берардим. Заҳар ют, деб, сенга 50 тенге берайми? – деб, гапни қисқа қилдим.

Бўш вақтини чойхона ва тамад­дихо­наларда ўтказиб, ўғли ёки қизига битта китоб олиб беришга пулини қиз­­­­­­­­­­­ғанадиган ота-оналарни мен ўша “ал­­­­каш”га ўхшатаман. 

***

Ўтган йили Элбоши Билим кунида Астанадаги 64-сонли мактабда ватан­парварлик дарсини ўтказди. Унда Дав­латимиз раҳбари китоб, аввало, ёш авлод онгу шуурида она тилига ҳурмат ва эҳтиром, ўзликни англаш, Ватанга муҳаббат, унинг тақдири учун дахлдорлик, фидойилик туй­­­­­­­­ғуларини мустаҳкам қарор топтиришнинг асо­сий омилларидан бири эканини таъкид­лаб, ижтимоий тармоқларга бе­ри­либ кет­масдан, Лев Толстой, Антон Чехов, Оноре де Бальзак ва бошқа ёзув­чилар ва айрим файласуф ҳамда мута­факкирларнинг асар­ларини ўқишни маслаҳат берди. 

– Инсонни икки нарса шакллантиради, – деди у. – Бири ўқиётган китоби, иккинчиси – доимий суҳбатдоши. Мен сизларга биринчи навбатда буюк рус ёзувчиси Лев Толстойнинг асарларини ўқишни маслаҳат бераман. Ундаги айрим сабоқлар ҳаётингизда, ал­батта, асқотади. Чехов асарлари ҳам ҳаётий муносабатларга асосланган. Мен ўзим файласуф Сенеканинг асарларини зўр қизиқиш билан ўқийман. 

Шунингдек, Элбоши ижтимоий тармоқ­­­­­­­­­­­­­­­ларга сарфланган вақтни китоб муто­­­­­­лаа­сига бағишлаш каттароқ фойда келтиришини таъкидлади. 

– Ижтиомий тармоқларда ўтиравергандан кўра, китоб ўқиш керак. Ҳозир бу расм бўлди, лекин ўтиб кетади. «Хиппи»лар ҳам бўлган, «стиляга»лар ҳам бўлган». Бари ўтиб кетди. Бу ҳам ўтиб кетади, – деди у. 

Дарҳақиқат, фарзанд­­­­­­­­лари­­­­­­­­мизда гўзал сўз уларнинг сез­­­­­­­­­­­гисини тарбиялашдан бош­­­­­ла­нади.

Алишер Навоий шундай ёзади:

Олибмен тахти фармонимға осон,

Черик чекмай Хитодин то Хуросон.

Не мулк ичраки бир фармон йибордим,

Анинг забтиға бир девон йибордим.

Яъни, мен қўшин тортмасдан Хитойдан Хуросонгача бўл­ган ҳамма мамлакатларни эгал­ладим. Қайси мамлакатни эгал­­­ламоқчи бўлсам, фармонга қўшиб, битта шеърлар тўпла­мимни жўнатдим, дейди На­воий. Бу бебаҳо сатрлар орқа­ли улуғ шоиримиз худди бу­гунги кунларимизни назарда тут­­­ган­­­­­дек. Чунки Президентимиз ҳар бир чиқишида, ёшлар билан  мулоқотларида ҳам китобнинг ўрни ва қадри ҳақида фикр билдираяпти.

«Абайнинг донолиги, Ауе­­­­­зов­нинг уламолилиги, Жам­бил­нинг қўшиқлари ва Қур­ман­ғазининг куйлари, аср­лар қаъридан келаётган боболар саси – бу бизнинг маъна­­­­­­­­­­­­вий маданиятимизнинг бир пар­­­­­­­­­­­­­­­­­ча­сигина», деганда Н. На­зар­баев буюк бобока­лонларимизни шу қадар меҳру му­ҳаббат, ифтихор билан тилга олдики, самимий ни­гоҳларида ёлқинланган бу туй­­­­­­ғулар ҳар биримизнинг қал­­­­­­­­­­­­­бимизга покиза чашмадан оқа­­­­­­­­ётган ирмоқ каби  қуйилди. «Ал­­­­батта, туғилган ер­нинг та­­­­­рихини билган ва ундан фахрланган яхши. Бироқ ун­­­дан ҳам муҳимроқ масалани – ўзинг­нинг яхлит буюк миллат фарзанди эканингни унутишга асло бўл­майди», де­­­­­ган сўзлари эса маъна­вий ян­гиланишнинг ўзагига айланиши керак. 

Элбошимизнинг мак­туб­ла­рида келтирилган эзгулик, бунёд­корлик, ҳамкорлик, озод­лик, эр­кинликка  қаратилган фикрлар мамлакатда осойишталик, халқ­лар ўртасида тотувлик, бар­­қа­рорликка  хизмат қилади. 

Президентимизнинг бунёд­кор ғоялари инсонни улуғ­лай­диган, унинг куч-ғайрати ва са­­­­­­­­­­­­лоҳиятини ошириб, халқи, Ва­­тани, бутун инсоният учун фой­­­­­­­­­­­­­­­­­дали ишлар қилишга са­фар­­­­­­­­­бар этадиган, ўзида тарақ­қиёт, маърифат, дўстлик, тинч­лик, адолат, ҳалоллик, пок­лик каби эзгу ниятларни мужассам этган ғоялардир. Улар мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутади. 

Н. Назарбаев «Билимли, кў­зи очиқ, дили уйғоқ бўлишга интилиш – қонимизда бор ху­су­­сият», деганларида умум­жаҳон мада­нияти тарихидан мустаҳкам ўрин эгаллаган ал­ломаларимиз ижо­дини назарда тутди. 

Масалан,  жаҳон маданияти тарихида чуқур из қолдирган Абу Наср Форобий ўнлаб тил­ларни билган ва ўнлаб халқ­лар маданияти ҳамда маъна­­­­виятини чуқур ўрганган. Бундай мисолларни жуда кўплаб кел­тириш мумкин. Энг муҳим жи­ҳати шундаки, ўша буюк аж­додларимиз жаҳон халқлари маънавиятини ўрганибгина қол­­­­май, уларни чуқур таҳлил қи­­лишди, тегишли жойларини ривожлантириб, оламшумул каш­фиётлар яра­тишди. Аждод­ларимиз тарихи жаҳон халқлари маънавиятига ҳурмат билан қараш, керакли жойларини ўр­ганиб, ижодий ривожлантириш орқалигина маънавият чўққисига эришиш мумкинлигидан гувоҳлик беради.

Бунинг учун ёшларимиз инглиз тилини мукаммал эгаллашлари керак. «Бир қараганда, ер юзи­­­­­­­­­даги миллиарддан ортиқ одам она тили билан бирга, про­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­фессионал алоқа воситаси си­­­­­­­­­фатида ёппасига ўр­ганаётган инглиз тилини биз­нинг ҳам ом­мавий равишда ҳамда жадал ўрганишимиз керак­лиги ҳеч бир исботни талаб қил­майдигандай гўё.

Европа Иттифоқининг 400 миллиондан ортиқ фуқароси она тиллари – немис, фаранг, испан, италян ёки бошқа тил­ларни ҳурмат қилмайдими? Ёки 100 миллионлаган хи­той ва индонезияликлар, малай­зия­ликлар инглиз тилини эрмакка ўрганаётирми?», дея савол қўяди Элбоши дастурий мақоласида.

 Демак, инглиз тилини ўрганиш билан бир қаторда давлат ти­лини лотин графикасига ўт­ка­­­­­­­­­зиш ҳам давр талаби эка­нини Нурсултан Назарбаев қуйи­дагича изоҳлайди:

«Биз XXI асрнинг дунёвий харитасида ҳеч кимга ўхша­­­майдиган, ўз ўрнига эга миллат бўламиз, десак, “Жаҳондаги за­монавий қозоғистонча маданият” лойиҳасини амалга оширишимиз керак.

Дунё бизни “қора олтин” ёки ташқи сиёсатдаги йирик та­шаббусларимиз билангина эмас, балки маданий ютуқларимиз орқали ҳам таниши зарур.

Ушбу лойиҳа нимани кўз­лайди? Биринчи, мамлакат ма­данияти БМТнинг олти тили – инглиз, рус, хитой, испан, араб ва француз тилларида сўзлаши учун мақсадли тамойилимиз бўлиши шарт. Иккинчи, у бугунги қозоғистонликлар яратган ва яратаётган замонавий маданият бўлиши лозим. Учинчи, маданий хазиналаримизни жаҳон жамоат­чилигига таништиришнинг мут­лақо янги усулларини топиш керак».

Инсоннинг инсон бўлиб қоли­шини белгилаш ҳам асримиз зиммасида. БМТ она сайёрамиз  тақдирини ўйлаб, минбарни кўп маротаба давлатимиз раҳбари Нурсултан  Назарбаевга бера­­ёт­­­­­­­­­­­­ганини кузатмоқдамиз. Қозо­ғис­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­тон январь ойида БМТ­­­­нинг Хавфсизлик кенгашига раислик қилиб, Элбоши ўз нутқида ушбу ташкилотнинг бос­­­­қич­ма-­­босқич ислоҳ этилиб, та­ко­­­­­­­­­­­­­мил­­­­­­лаштирилиши, Марказий Осиё­да хавфсизлик ва барқа­рор­ликни таъминлаш билан боғлиқ муаммолар тўғрисида сўз юритиб, қатор стратегик  ма­салаларга тўхталди.

Истиқ­болли ҳамкорликни давом эттириб, ер юзида тинч­­ликни сақлаш, терроризмга қарши ку­рашиш, инсон ҳуқуқ­ларини, атроф-муҳитни ҳи­моялаш каби умумбашарий муаммоларни ҳал этишда ушбу халқаро таш­килотнинг ўрни катта эканини эътироф этган Давлатимиз раҳ­ба­ри Қозоғистоннинг БМТ би­лан ҳамкорлиги, Марказий Осиёдаги бугунги жараёнлар, минтақавий хавфсизлик ва экология муаммолари, Аф­ғо­нистон можароси ва уни ҳал этиш йўлларига алоҳида тўх­­­­­талди. Президентимиз илгари сурган таклифлар мажлис иш­тирокчилари томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди.

Кўриб турганингиздек, азиз ас­­­­­­­­­­­римиз оталарнинг фар­занд­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­лар олдидаги жавоб­гар­­­­­­­­­­­ли­­­­­­ги бир неча баравар орт­­­­­ганини кўрсатиб турибди. Дун­­­­­­­­­­ёда мўъжизавий кашфиёт қи­­­­­лишдан ҳам бу муҳимроқдир. Адабиётшуносларнинг Марказий уйида «Литературная Россия» газетаси Мухтар Шахановнинг ижодий кечасини уюштириб, «Адаш­ган тараққиёт» шеърий ро­мани муҳокама қилинди. Кўп ўтмай, бу асарга олий мукофот берилди. Чингиз Айтматов ва Мухтар Шаханов ёзган «Чўқ­қида қолган овчининг оҳи-зори» китобининг ёзилишидан мақсад нима? Инсониятни кат­та хавфдан огоҳ этиш. Дунё­ни маънавият қутқаришини исботлаш. 

Бугунги кунда нафақат ёшлар, ҳатто, катталар ҳам тарбияга муҳ­­­­­­­­­­­тож бўлиб қолди. Ер юзида ра­­­­­­­­­­­­­­­золат, бадхулқлик,  ёвузликлар  ур­­­­­­­­­чияпти. Худди Содом ва Го­морра шаҳарларидаги каби. Бу  қавм Аллоҳ томонидан даҳшатли бир фалокатда ҳалок этилиб, икки шаҳарни ер ютиб кетган.  («Аъроф» сураси, 84-оят). 

Президентимиз таъкидла­ган­ларидек, «янги шароитда ян­гиланишга бўлган ички ин­тилиш – тараққиётимизнинг энг асосий қоидаси». Янги даврга мувофиқ бўлишимиз учун эса, биз ягона миллат – Тўр­тинчи саноат инқи­лоби ша­ро­­­итларида тарихий юксалиш бўсағасида турган мил­лат бўлиб жипслашишимиз керак!

Авазхон АБДУФАТТОҲ, 2018-05-03, 10:26 643
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.