26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Нигоҳимиз уфққа қадалсин...

Инсон ҳар бир аъзосининг қадри у йўқолгандагина билинади. Дарҳақиқат, бизга берилган ҳар бир неъматни асраб-авайлаш, соғлигимизга путур етмасдан аввал уни эҳтиётлаш лозимлигини англасакда, бунга қунт қилавермаймиз. Токи, ёстиқ тортиб, ётиб қолмагунча!...

Аслида ҳар бир аъзомизнинг ўрни ўзгача. Масалан, кўзимизни олайлик. Унинг нечоғли қимматбаҳо неъмат эканлигини ҳар ким ҳам билавермаса керак. Тасаввур қилиб кўринг: кўзи ожиз инсон ёруғ дунёни кўришдан мосуво, ҳаёти гўё зимистонда ўтади. Зулматда яшовчи инсоннинг аҳволи ўзига аён, мислсиз чидам, сабот-матонат талаб қилади. Лекин кўзи очиқ, соғлом кишининг бу туйғуни англаб етиши даргумон... Замонавий тиббиёт ривожланган мамлакатимизнинг деярли ҳар бир касалхонаси сўнгги урфдаги тиббий ускуна ва анжомлар билан жиҳозланиб, хасталар дардини енгиллаштиришга хизмат қилмоқда. Шаҳримиздаги ана шундай масканлардан бири – “Медик Сервис” клиникасининг врач-офтальмологи Гулнора Муҳиддинова билан қисқача суҳбатимиз юқорида тилга олинган мавзуга бағишланди.

– Жамиятимиздаги долзарб муаммолардан бири – кўз касалликлари. Бугунги кунда у ёшларда ҳам кўп учрамоқда. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

– Ота-боболаримиз қадимдан уфққа узоқ тикилиб туришни фойдали деб айтишган. Чунки нигоҳимиз қанчалик узоққа тикилса, кўзимиз шунча равшанлашаркан. Ҳозир-чи, юқори технологиялар ривожлангани сайин зиёни ҳам ортиб бораётгандек, назаримда. Бунинг фойдаси ҳам зарари ҳам мавжуд. Эслаб кўринг, авваллари ота-онамиз бизга телевизорга яқин ўтирма, деб танбеҳ берардилар. Энди эса, нафақат телевизор, ҳатто компьютер ҳам четда қолиб, телефонларимиздан кўз узолмаяпмиз. Тўғри, телефон керакли матоҳ. Лекин ёшларимиз унга муккасидан кетиб, соғликларига путур етказаётганлигидан бехабар-ку. Бу ҳам майли, ёш боласининг жим ўтиришини ўйлаб, интернетдан турли мультфильмларни қўйиб беришади. Буни кундаликда ўз уйингизда ҳам кузатишингиз мумкин. 

– Фаолиятингизда учраётган кўз касалликлари ва уларнинг сабабларига тўхталиб ўтсангиз. 

– Масалан, қандли диабетнинг кўзга таъсирини ҳамма билади. Касалликнинг бу тури айни пайтда ёшларда ҳам кўп учрамоқда. Аслида ҳар бир касаллик танамизнинг бошқа аъзолари билан узвий боғлиқ. Биз ташқи ахборотнинг 80 фоизини кўз орқали оламиз. Қолган 20 фоизи эса қулоқ, қўл, тил ва бошқа аъзоларга тегишли. Демак, кўзнинг ўрни жуда катта. 

Масалан, орттирилган касалликлар ёш болаларнинг кўриш аъзосига ташқи салбий таъсирлар ва ички ўзгаришлар ҳисобига вужудга келади. Улар болада иммунитетнинг пасайиши, керакли дармондорилар етишмаслиги, камқонлик, бошқа умумий касалликларга чалинишга сабаб бўлади. Шамоллаш ва кўз пардаларидаги яллиғланишлар (масалан, конъюнктивит, кератит), қорачиқдаги ўзгаришлар, кўриш қобилиятининг пасайиши, кўзга оқ тушиши, аллергик хасталиклар ва кўз ўсмалари шулар сирасидандир. Маълумки, катаракта, глаукома, ғилайлик каби касалликлар орттирилган ҳолатда ҳам учрайди. Катарактада кўз гавҳари хиралашуви кузатилса, кўз ичи суюқлигининг оқиб чиқиш йўллари тўсилиши натижасида бундаги ички босим кўтарилиши глаукомага хосдир. Ўсувчи хусусиятга эга глаукома касаллигининг ривожланиши оқибатида кўриш майдони торайиши ва ҳатто ожизлик юзага келиши турган гап. Болаларда кўп учровчи ғилайлик эса кўзнинг бир нуқтага қараш маромининг бузилиши, ундаги нур синдириш хусусияти нормал ривожланмагани каби ҳолатлар билан белгиланади. Кўз хасталикларини рисоладагидек даволаш, аввало, беморга тўғри ташҳис қўйишни тақозо этади. Бугунги кунда бу борада замонавий ташҳис ютуқлари, қолаверса, дардларни жарроҳлик йўли билан аритишнинг кенг имкониятларидан самарали фойдаланилаётгани ҳам эътиборга моликдир.

– Кўз учун бирор машқлар билан ўртоқлашсангиз...

– Маълумки, бугунги кунда интернетдаги турли тармоқларда кўз учун машқлар берилади. Бунинг барчаси яхши. Яширишнинг ҳожати йўқ, ҳар доим ҳам бунга қунт қилмаймиз. Энг қулайи, уйда оддий машқларни бажарсангиз ҳам бўлади. Масалан, телевизор кўриб ўтирсангиз ҳам бир нуқтага тикилиб ўтираверасиз. Аввал телевизорга сўнг эшикка, телевизорга кейин деразага қарашингиз мумкин. Узоққа тикилиб туриб, сўнг яқинга, чапга, ўнгга ёки айлана, зигзаг шаклидаги машқларни бажаришингиз мумкин. Бу машқларни кун давомида бир неча бор такрорласангиз, яна ҳам яхши. Шунингдек, сут маҳсулотларидан тайёрланган таомларни кўпроқ истеъмол қилиш ҳам фойдадан холи эмас. Фарзандларимизни ҳам шунга одатлантирсак, нур устига нур бўларди. Чунки, инсон кўзи 16-18 ёшгача ривожланади. Ёшликдан кўз гавҳаримизни эҳтиётлашимиз лозим. 

Муштарийларга маслаҳатим, соғликнинг қадрига етинглар. Кўзимизга алоҳида эътибор берайлик. Бунинг учун ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиб туриш жоиз. Бунга бефарқ бўлманглар. Чунки касални тузатгандан кўра, унинг олдини олган яхшироқдир.

– Суҳбатингиз учун раҳмат!

Шаҳноза УСМОНОВА суҳбатлашди, 2019-01-08, 10:31 723
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.