26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Боши берк кўча

Ҳар бир одам биринчи галда ўз-ўзини тарбия қилиши керак. Ҳар биримиз ўз-ўзимизни, хусусан, кўнглимизни идора қилмоғимиз шарт. 

Тоҳир МАЛИК.

Содиқнинг отаси ҳар куни маст бўлиб келар, уни ҳам, онасини ҳам урарди. Бир куни мастликда ҳамқишлоғини уриб, қамалиб кетди. Бир куни Содиқ мактабдан келса, онаси отасидан келган хатни ўқиб, йиғлаб ўтирибди. 

– Усиз яхшику, ойи,– деди бола онасига. – Ҳеч ким бизни урмайди, тепмайди, сўкмайди. 

Ойиси саволни жавобсиз қолдирди. Вақт ўтиб, онаси Содиқ учун энг яқин одамига айланди. Онаси ишдан келиб, унга овқат тайёрлаб қўяр, кейин кутубхонадан олинган китобларни бирга ўқишарди. Уларни ўқиб, Содиқ кучли ва адолатли инсон бўлишни орзу қиларди. 

Лекин бирданига ҳаммаси ўзгариб кетди. Онаси турмушга чиқадиган бўлиб қолди. Бу гапни эшитиб, Содиқ:

– Ойи, менга бошқа дада олиб келасизми? Олиб келманг, мен қўрқаман, у ҳам мени уради, илтимос, ойижон, олиб келманг, мен сизнинг ҳамма айтганларингизни қиламан, – деб ёлворди. 

Онаси уни бағрига босди. 

– Бу адолатдан эмаску, ойи. Мен у билан яшашни истамайман. 

– Ўғлим, бу – тақдир. Ҳамма иш ҳал бўлган.

Ўгай ота Содиққа ёқишга ҳаракат қилар, лекин бола уни кўрганда қайсарлиги тутиб қоларди. Синглиси туғилгач, у ўзини тамоман ёлғиз ҳис қила бошлади. Илгаргидай, мактабдан уйга шошмасди. Уйга келгани билан онасининг у билан гаплашишга вақти ҳам йўқ эди. Унинг вақти чақалоқдан ортмасди. Содиққа бу ёқмасди ва бир куни уйига келмади. Интернет клубда тунади. Шу куни мактабга дарс тайёрламай борди. Синф раҳбарига қўполлик қилди. Аълочи ўқувчисининг нега бирданига ўзгариб қолгани ўқитувчини қизиқтирмади. Содиқ кун бўйи кўчада санғийдиган одат чиқарди. Бир куни қамоқдан чиққан қўшниси билан узоқ гаплашиб ўтирди. Шу куни у уйига ароқ ичиб борди. Бу ҳол бир ҳафта такрорланди, шундагина онаси сезиб қолди.

– Ўғлим, дадангни ичкилик нималарга дучор қилганини кўрдингку, ароққа яқин йўламасанг бўларди. Сенга нима етмаяпти ўзи?

Гапга ўгай ота аралашди:

– Фойдаси йўқ, онаси, кўриб турибсанку, унинг қулоғига гап кирмайдиган бўлиб қолган. Ҳеч кимни ҳурмат қилмайди. Яқинда ичкиликка пул тополмай, уйдаги буюмларни ўғирлаб сотади, мана, кўрасан! Худди отасининг ўзи бўлади. Яхшиси, мен ички ишлар бўлимига бориб, балоғат ёшига етмаганлар нозирига ариза ёзаман. Жиноятнинг олдини олинглар, дейман.

Шу куни Содиқ тунни мижжа қоқмай ўтказди. 

– Хўш, танишиб олайлик, – деди нозир биринчи учрашувда. – Нимага чақиртирганимни биласанми?

– Биламан, ўгай отам арз қилган. Ўгай-да, ўз ўғли бўлганида таржимаи-ҳолини булғамаган бўларди. 

Улар узоқ суҳбатлашишди. Насиҳатларни тинглаб бўлгач, Содиқ деди:

– Мени шу йўл билан тарбиялай оламан, деб ўйлаяпсизми? Атрофга қаранг, одамлар жуда ёмон бўлиб кетган, ҳамма ўзим бўлсам дейди, бир-бирини ғажиб ташлашга тайёр. Ёғочнинг бўшини қурт ейди. Мен ундай бўлишни истамайман. 

– Сен қизиқ бола экансанку, – ҳайрон бўлди нозир, унинг хулосасини эшитиб. – Ўзингнинг айбингни тан олишни истамайсану, одамларни жаҳлдор дейсан. Ўзинг, яхши бўлиб, онангга нима қилдинг? Нимасига ёрдам беряпсан? Умуман, умрингда кимгадир яхшилик қилганмисан?

– Мен ўзимни яхши деётганим йўқ. Қилаётган ишларимнинг нотўғри эканини ҳам биламан. Балки, ўгай отам айтганидай, ярамас, аблаҳ, итваччадирман. У ҳақорат қилаверади, мен жавобсиз қолдиришим керакми? Бир куни, албатта, ўчимни оламан.

– У ҳолда – қамалиб кетасан. Колонияга жўнатамиз.

– Ўгай отамнинг ҳақоратларини эшитгунча, уни бир ёқлик қилиб, колонияга кетганим яхши.

Орадан тўрт йил ўтди. Бир куни уйига келса, дастурхон тўрида инспектор ўтирибди.

– Ишларинг яхшими, ука?

– Зўр!

– Унда нега судга чақиришяпти?

– Гувоҳ сифатида. 

– Яъни, ўғирликка алоқам йўқ, демоқчисанда?

– Шундай. Мен ҳеч нарса ўғирламаганман. Тергов тугади. Судга мени гувоҳ сифатида чақиришяпти. Ўзингиз бизнинг уйга нима иш билан келдингиз? 

– Ўғирлик қилмаган бўлсанг, яхши. Мен сени огоҳлантириш учун келдим. Ўғрилар гуруҳига қўшилиб олганингни биламан. Уларга кўпам ишонаверма, бир куни сотиб кетишади. Ҳатто, ўзлари ўғирлик қилиб, сени қаматиб юборишлари ҳам мумкин. 

– Хавотир олманг, мен ҳам анойи эмасман.

Ордан икки ой ўтди. 

Нозирнинг телефони жиринглади. 

– Ўғлимни полиция қамаб қўйибди, – деди Содиқнинг онаси йиғлаб. – Ўғирликда гумон қилинаётган экан. 

Нозир терговчига телефон қилиб, Содиқ Нишонов ҳақиқатан ҳам ўғирлик қилаётган пайтда қўриқлаш хизмати ходимлари ушлаб олганини айтди. 

– Ҳозир у қаерда?

– Тергов изоляторида.

Нозир рухсат олиб, тергов изоляторига келди. Содиқ унинг кўзига қарашга ботинолмади. 

– Квартира қўриқлаш хизматига топширилган экан, билмай қолибман. Бўлмаса, ушланмасдим, – деди у. 

– Давлатимизнинг мақсади – жиноятчини қамаш эмас, тарбиялаш. Яқинда Элбошимиз ўз маърузасида колония ёшларни тарбияламайди, аксинча, бузади, деди. Истасанг, сени қамоқдан олиб қоламан. Ёшлигинг, биринчи марта жиноятга қўл урганинг ҳисобга олинади. Шартли жазо беришади.

– Кераги йўқ. Озодликда қолишни истамайман. 

– Нега?

– Мен ўзимни тўхтатиб олишим керак. Акс ҳолда каттароқ жиноятга қўл уришим мумкин. Оилам ва жамият мени шундай тарбиялаган. Адолатсизликларни кўравериб, чарчадим...

– Колониядан қўрқмайсанми?

Содиқ чуқур хўрсинди. 

– Озодликда қолишдан қўрқаман. Боши берк кўчага кириб қолгандайман. 

Содиқнинг суди ўтди. У билан бирга ҳамтовоқлари ҳам сўроқ қилинди. Ўғирлик қилганлар айбни бир-бирига ағдармоқчи бўлишди. 

– Содиқжон, мана, кўрдингми, ошна-оғайниларинг қандай одамлар эканини?

– Кўрдим. Сиз айтганда ишонмаган эдим. Бошим деворга урилиб, кўзим очилгандай бўлди.

Суд тугади. Ҳакамлар ҳайъати маслаҳат хонасига кириб кетишди. Содиқ шу онда бўлиб ўтган воқеаларнинг барчаси бир зумда тушга айланиб қолишини истарди. Уйғониб кетсаю, ёмон туш экан, деб онасини қучоқлаб олса. 

Ҳукм ўқилди. Содиқ уч йилга судланди. Нозир хайрлашиш учун унинг олдига борди.

– Ойимни кўрсангиз, айтиб қўйинг, мен уни яхши кўраман. Уч йил кўрмасам, чидай олмасам керак, сиз айтинг, менинг олдимга келиб турсин. Сиз айтсангиз, йўқ демайди...

Авазхон АБДУФАТТОҲ, 2019-02-19, 10:26 868
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.